РАМАЗОН ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТИ

Аллоҳ таоло айтади:
" (У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган..." (Бақара сураси, 185-оят).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Менинг исмим зикр қилинганида, саловот айтмаган киши хор бўлсин. Ота-онасининг икковининг ҳам ёки бирортасининг тириклиги-да хизматини қилиб, розилигини олмаган фарзанд хор бўлсин. Ва шунингдек, Рамазон ойи келиб, бу муборак ой охирида мағфиратдан бебаҳра қолган киши ҳам хор бўлсин". Чунки Рамазон ойи мағфират ва раҳмат ойидир ("Зубдатул воизийн").
Пайғамбаримиздан саллаллоҳу алайҳи васаллам ривоят қилинди: "Кимки Рамазон ойи кириб келишидан хурсанд бўлса, Аллоҳ унинг жасадини жаҳаннамга ҳаром қилиб қўяди".
Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Рамазон ойининг биринчи кечаси бўлса, Аллоҳ айтади: "Ким бизни яхши кўрса, Биз ҳам уни яхши кўрамиз. Ким Бизни талаб қилса, Биз ҳам уни талаб қиламиз. Ким Биздан мағфират сўраса, Биз унинг гуноҳларини Рамазон ҳурматидан кечирамиз".
Аллоҳ таоло Рамазон ойи келганида амалларни ёзиб турувчи фаришталарга: "Уларнинг фақат яхшиликларини битинглар, гуноҳларини ёзманглар", деб буюради. Сўнг инсонларнинг ўтмиш гуноҳларини учириб юборади".

Ривоят қилишларича, Иброҳим алайҳиссалом саҳифалари Рамазон ойининг биринчи кечасида нозил бўлган. Таврот Иброҳим алайҳиссаломнинг саҳифаларидан етти юз йил кейин Рамазоннинг олтинчи кечасида тушган. Забур Тавротдан беш юз йил кейин Рамазоннинг ўн иккинчи кечасида нозил бўлган. Инжил эса, Забурдан бир минг икки юз йил кейин Рамазоннинг ўн саккизинчи кечасида инган. Қуръони карим Инжилдан олти юз йигирма йил кейин Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасида нозил бўлган.
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу бундай деганлар: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Агар умматларим Рамазондаги фазилатларни билганларида эди, йилнинг ҳаммаси Рамазон бўлишини орзу қилардилар", деганларини эшитдим". Чунки Рамазондаги тоатлар мақбул, дуолар мустажоб, гуноҳлар мағфират, жаннат рўзадорларга муштоқдир.
Ҳафс ал-Кабир Довуд ат-Тоийдан ривоят қилганларки: "Рамазон ойининг биринчи кечасида уйқу ғолиб келиб, ухлаб қолдим. Тушимда жаннатда дур-ёқутлардан бўлган бир анҳор олдида ўтирган эмишман. Тўсатдан кўзим ҳурларга тушиб қолди. Улар юзларидан нур таратар, гўё қуёшга ўхшар эди. Шунда мен: "Ла-а илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ", дедим. Улар ҳам дарҳол "Ла-а илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ", деб сўзимни қайтаришди ва: "Бизлар Рамазон ойида рўза тутадиганлар, ҳамд айтадиганлар, рукуъ ва сажда қиладиганлар учунмиз", дейишди".
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад салаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Жаннат тўрт нафар кишига муштокдир. Қуръон ўқувчиларга, тилини ёмон сўзлардан тийганларга, очларни едириб-ичириб, туйдирганларга ва Рамазон ойида рўза тутганларга" ("Равноқул мажолис").
Хабарда келишича, Рамазон ойининг ҳилоли кўринганда, Арш, Курси ва уларни кўтариб турувчи фаришталар: "Муҳаммаднинг умматига жаннат бўлсин", деб ҳайқирадилар. Аллоҳ ҳузурида тайёрлаб қўйилган кароматларни кўриб, қуёш, ой, юлдузлар, ҳаводаги қушлар, сувдаги балиқлар, шайтонлардан бошқа барча жонзотлар Муҳаммад салаллоҳу алайҳи васаллам умматлари учун Аллоҳдан мағфират сўрайдилар. Ўша кечада бирор киши мағфиратсиз тонг оттирмайди. Аллоҳ таоло малоикаларга: "Рамазондаги ҳамма саловоту тасбеҳларингизни Муҳаммад алайҳиссалату вассалам умматига бағишланглар", дейди.

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилганлар: "Сизлардан биронтангиз Рамазон ойида уйқусидан уйғониб, тўшагида у ён-бу ёнига ағдарилса, бир фаришта унга: "Тур, Аллоҳ сенга барака берсин", дейди. Шунда банда намоз ўқиш ниятида ўрнидан турса, унинг ҳақига тўшаги дуо қилиб: "Эй Парвардигор, бунга жаннатнинг баланд-баланд тўшакларидан (кушкларидан) ато қил", дейди. Кийинганида кийими: "Эй Аллоҳ, унга жаннат кийимларидан ато эт", деб дуо қилади. Кавушини кийса, кавуши: "Эй Аллоҳ, унинг қадамини сирот кўпригида собит қил", деб илтижо этади. Таҳорат олса, сув: "Эй Аллоҳ, уни гуноҳ ва хатолардан пок қил", дейди. Намоз ўқишга киришса, уйи: "Эй Аллоҳ, унинг қабрини кенг ва нурли қил", деб айтади. Сўнг Аллоҳ унга раҳмат назари билан қарайди. Дуо қилаётганида Аллоҳ айтади: "Эй бандам! Сендан дуо, Мендан ижобат! Сендан сураш, Мендан бериш! Сендан истиғфор Мендан эса мағфират!"
Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиздан саллаллоҳу алайҳи васаллам ривоят қилганлар: "Қиёмат кунида менга инсонларнинг энг яқини менга саловот айтувчиларидир". Зайд ибн Робеънинг ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким менга ҳар жума куни юз маротаба саловот айтса, Аллоҳ унинг гуноҳини денгиз кўпигидек кўп бўлса ҳам, мағфират қилади", деганлар.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: "Ким Рамазон ойида таровеҳ намозининг савобига ишониб, ихлос билан адо этса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади".
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилганлар: "Рамазон ойининг биринчи куни Арш остидан Мусира деган шамол эсади, у жаннат дарахтларининг баргларини ҳаракатлантириб туради. Ундан бир садо эшитилади-ки, ундай товушни ҳеч ким эшитмаган! Ҳурлар унга қараб: "Эй Аллоҳ, бизни шу ойда бандаларингга келин қилиб қўй", дейишади. Шунда Аллоҳ ҳар бир рўзадорга чодирдаги ҳурлардан келин қилиб беради. Чунончи Аллоҳ қадим каломида бундай марҳамат қилган: "Улар чодирларда асралган ҳурлардир". Ҳар бир ҳурнинг етмиш қават кийими бор, ранги бир-бириникига асло ўхшамайди. Ҳар бирининг қизил ёқут ва дурлар билан ўралган сўриси бор, у сўрида етмиш қават тўшаги бор ва ҳар хил таомли етмиш хил дастурхони бор, буларнинг ҳаммаси фақат Рамазон ойида рўза тутганлар учундир. Шундай экан, ҳар бир мўъмин бу ойни эҳтиром қилиши, ёмон ишлардан ўзини тийиши ва тоат-ибодат билан машғул бўлиши зарурдир.

Аллоҳ таоло Мусога алайҳиссалом: "Эй Мусо! Мен уммати Муҳаммадга икки нурни бердимки, уларга икки зулмат зарар бермасин", деди. Мусо алайҳиссалом: "Эй Раббим, у икки нур нима?" деб сўрадилар. Аллоҳ: "Биринчиси Рамазон, иккинчиси Қуръон нуридир", деди. Мусо алайҳиссалом: "Эй Раббим, икки зулмат нима"? деб сўрадилар кейин. Аллоҳ айтди: "Биринчиси қабр зулмати, иккинчиси Қиёмат кунидаги зулмат".
Анас ибн Моликдан қилинган ривоятда бундай дейилган: "Рамазон ойида илм мажлисига ҳозир бўлган кишининг ҳар бир босиб келган қадамига Аллоҳ бир йиллик нафл ибодатини битади ва у Арш соясида бўлади. Ота-онасига Рамазонда яхшилик қилган фарзандга Аллоҳнинг раҳмат назари тушади. Рамазонда эрларининг розилигини истаган хотинларга Марям ва Осиёнинг савоби берилади. Аллоҳ Қиёматда Рамазон ойида биродарларининг битта ҳожатини чиқарганнинг мингта ҳожатини чиқаради".
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу қуйидагиларни Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим деганлар: "Рамазон ойида масжидда чироқ ёққан киши учун шу чироқ қабрда нур бўлади. Малоикалар ва Аршни кўтариб турганлар, токи чироқ шу масжидда ёниб тураркан, у кишининг ҳакига тинимсиз истиғфор ва саловотлар айтадилар" ("Заҳиратул обидийн").
Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилингандирки: "Рамазон ойининг биринчи кечасида шайтонлар-у жинлар занжирбанд қилинадилар. Дўзах эшиклари ёпилади ва ана шундан кейин бирортаси очилмайди. Жаннат эшиклари очилади ва бирортаси қайта ёпилмайди. Рамазон кечасининг ҳар бирида Аллоҳ таоло уч марта: "Сўровчилар борми, сўраганини бераман. Тавба қилувчилар борми, тавбаларини қабул этаман. Истиғфор айтувчилар борми, мағфират қиламан", дейди".
Шак кунида рўза тутиш етти хил бўлади. Улардан уч хили карохият ила жоиз. Яна учтаси карохиятсиз жоиз ва биттаси асло дуруст эмас. Биринчи учлик: биринчиси, шак куни Рамазон ниятида рўза тутиш; иккинчиси, у кундаги рўза билан бошқа бир вожиб рўзани ният қилиш; учинчиси, иккиланиб рўза тутиш, яъни, агар бугун Рамазон ойининг биринчи куни бўлса, бу рўзам Рамазондандир, агар бугун шаъбон ойидан бўлса, бу рўзам шаъбонники бўлсин, дейиши. Иккинчи учлик, яъни, кароҳиятсиз бўлиш: Шак кунида нафл нияти билан рўза тутиш; шаъбон нияти билан рўза тутиш; Мутлақ рўза нияти билан рўза тутиш. Учинчиси эса, асло дуруст булмайдиган суратдир: шак кунида "агар бугун Рамазон бўлса, мен рўзадорман. Агар Рамазондан бўлмаса, унда мен рўзадор эмасман", дейилганлигидир. Бундай ният мутлақо дуруст эмасдир ("Фатовойи Қозийхон").

Усмон ибн Ҳасанибн Аҳмад Шокир Хубарийнинг

"Дурратун насиҳийн" (Насиҳатлар дури) китобидан олинди.

AttachmentSize
u1292f17747l.jpg56.83 KB