1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Ялпиз чой бош оғриғини қолдиради

Ялпиз таркиби эфир мойлари, органик кислоталар, флавоноидлар, каротин, глюкоза, рутин, С дармондориси ва яна бир қатор фойдали моддаларга бой.
Унинг ер устки қисмидан тайёрланган қайнатмаси тиш оғриғи, оғиз караши, милк яллиғланишини даволаш учун тавсия қилинади. Ялпиз қайнатмасига қанд қўшиб тайёрланган қиёми қуёнчиқ хасталигига, ўсимлик шираси эса шақиқа ва сариқ касалига қарши жуда фойдали. Ялпиз кўкракни юмшатиб, балғамни кўчиради. Нафас йўли касалликларини олдини олишда кенг қўлланади.
Ялпиздан қайнатма тайёрлаш учун 5-20 грамм ялпиз япроғи 200 грамм сувда 15 дақиқа қайнатилади. Сўнг дока орқали сиздириб, шарбати кунига 2 маҳал овқатдан олдин ичилади.
Ялпизли суртма малҳам шиш ва оғриқдан ҳоли қилувчи воситадир. Бунинг учун 200 грамм миқдорида ялпиз гулидан олиб, шиша идишга солинади ва унга 400 грамм зайтун ёғи қўшилади. Идиш оғзи оқ мум билан зичлаб беркитилади. Сўнг уни 40 кун қуёш кури тушиб турадиган жойга қўйилади.
Ялпиз чой бир қанча касалликларни даволашда қўлланади. Гипертония, атеросклероз, стенокардия, невроз, уйқусизлик, ошқозон ва ичак касалликларида ялпиз чой фойдалидир.  Шунингдек, асабларни тинчлантириб, бош оғриғини қолдиради. Эрталаб ичилган бир пиёла ялпиз чой кун давомида инсонга тетиклик бағишлайди. Уйқудан олдин ичилса чарчоқларни ёзиб, яхши дам олишни таъминлайди. Ялпиз таркибидаги ментол моддаси артериал қон босимини туширишда ёрдам беради. Турли ичак касалликларида, шамоллаш ва гриппни даволашда ҳам ялпиз чойнинг фойдаси кўп. Тиббиётда ялпиз баргларидан асаб тизимини тинчлантиришда бир қатор дори воситалари тайёрланади.
Ибн Сино ялпиз билан ичак оғриқларини даволаган. У ялпизни овқат ҳазм бўлишини яхшиловчи, гижжа ҳайдовчи, қон тўхтатувчи, қайт қилишни қолдирувчи восита сифатида тавсия этган. Халқ табобати амалиётида ялпизли қайнатма истисқо, қўтир, бод, сариқ, ширинча, шамоллаш, йўтал ва бошқа касалликларни даволашда яхши фойда бериши аниқланган. Ялпиздан баҳорда кўкатли сомса, манти, чучвара ва бошқа таомлар тайёрланиши инсон саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.

Наргиза Угламова тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 79 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ