1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Чекувчилар учун

ТИББИЙ ХУЛОСА: 15 ЁШЛИ КАШАНДА ҚИЗ...

ёхуд чекишнинг ташқи ҳамда ички хавфи ҳақида бир неча оғиз сўз

Ичкиликка муккасидан кетаётганлардан чекувчилар ҳам сира ортда қолаётгани йўқ. Орамизда чекиш у қадар катта бахтсизлик келтирмайди, дегувчилар ҳам топилади, албатта. Майли, ўз саломатлиги билан ўзи ҳисоблашадиганлар яна бир бор диққатингизни қаратсангиз, фойдадан холи бўлмас...

“Энг осон нарса – бу чекишни ташлаш” (Марк Твен)

СТАТИСТИКА: қайд остидаги зарар

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳар йили дунёда 5 миллионга яқин киши тамаки чекиш билан боғлиқ касалликлар туфайли вафот этади. Аксарият ҳолларда буларнинг ярмини 35 дан 69 ёшгача бўлган одамлар ташкил этади. Бу кўрсаткич сил, ОИТС ва безгак касалликлари сабабли жами вафот этганлардан ҳам кўпроқ. Ташкилот мутахассисларининг ташвишланиб таъкидлашича, кашандалар сони тобора ортмоқда ва шу тахлит давом этадиган бўлса, 2020 йилга бориб чекиш қурбонлари сони йилига 10 миллионни ташкил этиши мумкин. 2030 йилга бориб эса чекиш бевақт ўлимнинг энг асосий сабабларидан бирига айланади ва барча ўлимларнинг 10 фоизига яқинини ташкил этиш эҳтимоли бор..

ЎЗБЕКИСТОНДА-ЧИ?..

Афсуски, чекувчилар сони юртимизда ҳам ортмоқда. Айниқса, ўсмирлар ва ёш аёлларнинг ҳам тамакига ружу қўяётгани ачинарли ҳолдир. Республика саломатлик ва тиббий статистика институти маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳар йили 30 мингга яқин киши айнан чекиш билан боғлиқ касалликлар туфайли ҳаётдан кўз юммоқда. 2020 йилга бориб эса бу рақам икки бараварга ортиши мумкин.
Тадқиқотлар натижасидан...
•    Юртимиздаги жами эркакларнинг 23 фоизи ва аёлларнинг 1 фоизи чекувчилардир.
•    Кашандалар айниқса, шаҳарларда кўп.
•    Чекувчи эркакларнинг асосий қисми 25-29 ёшда,
•    Аёллар орасида 15-19 ёшли қизлар орасида чекувчилар куп.
•    Чекувчи эркакларнинг 47 фоизи кунига 5-20 дона сигарет чекади.

ТИББИЙ ХУЛОСА

Тамаки тутунида 4000 дан зиёд кимёвий унсурлар мавжуд. Шуларнинг 43 дан ортиғи ўсма касалликлари келиб чиқишига сабаб бўлса, 400 дан ортиғи токсик (заҳарли) моддалар ҳисобланади. Текширувларда аниқланишича, ўпка саратонига чалинганларнинг 90 фоизи кашандалардир. Шунингдек, чекувчилар орасида нафас аъзолари ва юрак-қон томир касалликлари ҳам кўп учрайди.
Тамаки тутуни сузиб юрган хонада бир соат қолиш 4 та сигарета чекилгандаги заҳарланишга тенг!
Шунингдек, тамаки чекилиб, чекувчи тутунни ичига тортаётган вақтида унинг учидаги ҳарорат 600 градусгача етади. Чекканда нафас йўлларига тахминан 6 мг соғлиқ учун зарарли ва хавфли бўлган моддалар тушади.

ФАКТ: Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, 700 миллион, яъни жаҳондаги болаларнинг қарийб ярми иккиламчи тутун таъсири остидадир. Бу эса болаларда респиратор касалликлар, пневмония, астма келиб чиқиш эҳтимолини кучайтиради. Тамаки тутуни таъсирида бош оғриғи, кўз конъюнктивасининг зарарланиши, бош айланиши, йўтал, томоқ қичиши, кўнгил айниши каби ҳолатлар келиб чиқади.

СИГАРЕТА УМРНИ ҚАНЧАГА ҚИСҚАРТИРАДИ?

Америкалик олимларнинг таъкидлашича, битта сигарета умрни 5,5 дақиқага қисқартиради.
Касалликлар назорати ва олдини олиш маркази мутахассислари маълумотига кўра, ўртача кашанда кунига 14-18 дона сигарета чекади ва шу туфайли умрининг 13-14 йилидан мосуво бўлади.
Одатда, битта сигаретада 8-9 мг никотин бўлади, сигараларда эса 100-200 мг.гача етади. Бешта сигаретадаги никотин одамни ўлдиришга етади, лекин заҳарли модданинг асосий қисми чекиш пайтида ёниб кетгани учун одам организмига тушмайди.

КЎЗИНГИЗНИ “ОКУЛИСТ”ДАН АСРАНГ!

Унинг аломатлари: Нигоҳларда толиқиш, кўз атрофи қизаради, кўз олдингизда енгилгина туман қопланади, кўз сабабсиз ёшланади, у ачишиб, худди қум тиқилгандек ҳолатни ҳис этасиз, киприк қоқишингиз тезлашган, нарсалар иккита кўриняпти, кўз ва унинг атрофида тез-тез оғриқ қўзғалади, мужгонларингизда оғирлик сезиляпти, нарсаларни кўришда мўлжалдан адашиб кетяпсиз...
Айтингчи, шу ҳолатда ўзингизни рулда тасаввур қила оласизми???
Ушбу аломатларнинг икки ёки учтасини ўзингизда сезаётган бўлсангиз, демак кўзингизнинг толиқиши ўрта даражада. Бироқ бу аломатлар тўртта ёки ундан ортиқ бўлса, кўзингизнинг толиқиши хроник тус олган ва бу ҳолатда сизга фақатгина тезда чекишдан воз кечишингиз ҳамда мутахассис шифокорга учрашишингизни маслаҳат берамиз.

ХОРИЖ ТАДҚИҚОТИДАН

Ҳозирда чекиш муаммоси кўпроқ дунёдаги ривожланишнинг энг баланд нуқтасига етган мамлакатлар аҳолисини ташвишга солмоқда. Чунки аксарият хориж давлатларида ҳатто мактабнинг биринчи синфига ҳали қадам қўймаган болалар ҳам айрим “билағон” катта ёшли кашандалар томонидан ўргатилмоқда. Шунинг учун ҳам бу давлатлар бугунги кунда ўз қонунлари орқали бу ҳолатга қарши курашмоқдалар. Германияда чекувчиларнинг сони кескин тушиб кетишига сабаб, белгиланмаган жойларда чекилса, катта миқдордаги жаримага тортилиши бўлса, АҚШ да эса ҳар қандай қонун-қоидаларга ҳам қарамасдан, чекувчиларнинг сони барқарорликни сақлаб турибди...
Экспертлар хулосасидан кўчирма: Дунё олимларининг сўнгги тадқиқотлари натижасига кўра, битта машинадан чиқаётган заҳарли тутундан кўра, сигарета тутунидан инсоннинг зарарланиши беш марта кўпроқ.

ЧЕКИШНИ ТАШЛАЙ ОЛАСИЗМИ?

Бу савол кўпчилик кашандаларни ҳам қийнаб, ҳам қизиқтириб келади. Аммо чекишни ташлаш осон эмас. Бунинг учун аввало, мустаҳкам ирода зарур, қолаверса кашандаликка қай даражада боғланиб қолганлик ҳам муҳимдир.

- Сигаретадан яхшиси, аста-секин эмас, бирданига воз кечинг.
- Чекишни ташлашга қарор қилгач, чекиладиган жойларда камроқ бўлинг.
- Ўзингизни овутинг, масалан, спорт машғулотлари билан шуғулланинг.
- Бир ой давомида спиртли ичимликлар ва қаҳва ичмасликка ҳаракат қилинг, чунки улар чекишга иштиёқ уйғотар экан.

ЧЕКИШ ҲАҚИДА ҚИЗИҚАРЛИ ФАКТЛАР

•    Янги Зеландияда умумий жойларда чекиш таъқиқланганидан сўнг, охирги чекилган сигарет қолдиғи Интернет аукционда 5300 долларга сотилган.
•    Дунёда тамаки тобелигидан тузалишнинг 120 тури мавжуд (амалда эса фақатгина 40 га яқин тури ишлатилади).
•    1588 йилда Виржинияда яшовчи Томас Харриет организмни умумий соғломлаштириш сифатида ҳар кунлик чекишни тарғибот қилган. Афсуски, унинг ўзи маълум вақт ўтгач, бурун ракидан оламдан ўтган.
•    Бир пайтлар Мальборо сигаретининг рекламаси бўларди: от устида ковбой, оғзида Мальбро сигарети. Сўнгги маълумотларга кўра, реклама қаҳрамони чекиш туфайли ўпка саратонига учраб, сигарет компаниясини судга беради. Ундирилган бир неча минг доллар товон пули ҳам бечорани сақлаб қололмайди.
•    95 фоиз чекувчилар миокард инфарктини бошдан ўтказганларидан сўнг, шу заҳоти чекишни ташлайдилар. Ҳеч қандай лекция ва тарғиботларнинг ҳожати йўқ, касаллар бунга ўзлари қарор қиладилар.

СЎНГГИ СЎЗ

Британиялик миллионер ишбилармон, "Virgin Atlantic" ҳаво ширкати ва "Virgin Trains" темир йўл ширкати соҳиби Ричард Брэнсон: "Мен ўз фарзандларим ва набираларим келажакка эга бўлишларини хоҳлайман, вақт зиқ ва бундан буёғига кутиб тура олмаймиз", деганди. Бундан юз йил кейин ҳам “тоза ҳаво” деган сўз муомаладан чиқиб кетмаслиги учун нима қилиш керак?.. Бу саволга сиз ҳам ўзингизча жавоб топиб кўринг-чи.
Бугун экология долзарб муаммога айланган бир вақтда бизнинг ҳар қандай хатоимиз келажак авлодлар олдидаги сўроғимизнинг кўпайишига сабаб бўлади. Албатта, хулосалар ҳар доим ҳам бизнинг фойдамизга ҳал бўлавермайди. Инсон учун соғликнинг ўзи энг буюк мўъжиза эканлигини англаганлар эса бунга бефарқ бўлмас, деган умиддамиз. Хулоса чиқарилди, саҳифалар ёпилди. Ортиқ сўзга ҳожат йўқ. Сизда-чи?..

Сарвар Сафаров тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 24 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ