Қалб кўзининг кўрлиги
- Подробности
- Бўлим: Иллат
- Чиққан санаси: 22 Май 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Бугунга келиб айрим одамлар, айниқса аёллар фолбинпарастлик ( бу ибора ўзбек тили луғатида учрамайдиган янги сўз бўлса керак) балосига мубтало бўлганлар. Гўёки шайтон уларнинг кўзига чўп тиқиб олгану, фолбиннинг аслида қандай одамлиги, қилмишлари гуноҳи кабира эканини кўрмайдилар. Баъзилари фолбин айтган гапларнинг ичидан бир-иккита ҳаётларига тўғри келадиган, ростга ўхшаб кўринган жумлаларни топиб олишса-ку, Худо урди деяверинг, тилла топган гадойдек севиниб фолчининг ёлғонларидан хотиржамлик туйиб юраверишади. Фолбинпарастларга-ку умуман гап ор қилмайди. Фолбинлик, сеҳр-жоду, ғайб илмига даъво қилишлик гуноҳ эканини, фолбинга борган ва унинг сўзини тасдиқлаган киши муқаррар гуноҳга ботишини қайта-қайта таъкидласангиз ҳам ўзининг савдойи ақидасида мутаассибларча тураверишади. Эҳ, майли, Аллоҳ ўзи ҳидоятга бошламаса, бандаси гумроҳ қавмини қандай қилиб Ҳақ йўлига чорласин, дейсиз, шундайларнинг қалб кўзининг кўрлигидан оғринганингизда.
Қалб кўзининг кўрлиги
Кўзи кўр киши катта йўлда адашиб қолса, ўткинчилар одамийлик юзасидан қўлидан тутиб, тўғри йўлга солиб юборишади. Қалби кўр кишини тўғри йўлга бошлашга ҳарчанд уринманг, ҳаракатларингиз зое кетади!
- Бир дугонам фолбинга қатнашни ўзига машғулот қилиб олган,- дейди таниш аёл афсусланиб.- Фолбинларга бориш, уларнинг фисқу фужурига ишониш гуноҳи азим эканини айтсам, жаҳли чиққандек бўлади. “Фалончи опанинг фоллари ҳеч хато чиқмаган,- дейди у фолбин хотинга ишора қилиб.- Улар Қуръондан қараб фол очадилар. Шу пайтгача менга айтган бирор гаплари нотўғри чиқмаган. Ҳаммавақт эшикларининг тагида одамлар навбат кутиб туради”. Шу дугонамни ҳеч йўлдан қайтаролмадим. Ўша фолбину азайимхонларга ҳеч бир наф кўрмаган бўлса-да, яна фолбинма фолбин қатнашдан чарчамади...
Ҳаммаси илмсизликдан!
Аксарият ҳолларда, фолбинларга ишонадиган, уларнинг ёлғонидан ҳақиқат излайдиганлар ён-атрофида бўлаётган воқеа-ҳодисаларни, аниқроғи, асл ҳақиқатларни пайқамайдиган бўлиб қолишади. Фолбин ё азайимхонларнинг таъсирида руҳиятига ёлғонларга ишониш, ёлғонлардан паноҳ топиш ўрнашиб қолади. Эътибор беряпсизми, ёлғонга ишониш эмас, ёлғондан паноҳ топиш!
Бир аёлни биламан. Судхўрликнинг уч-тўрт сўм фойдаси кўзига жилва қилиб, ака-укаларидан қарзга пул олиб, қўшни давлатдан келиб, пойтахт бозорида савдо қилаётган аёлга фоизга берган экан. Нотаниш аёл ҳам бир-неча ой пулнинг фоизини тўлаб тургану, кейин “синиб” қолган чоғи, фоиз тугул, қарзни ҳам қайтариш хаёлига келмаган. Гумроҳа аёл бир гуноҳи касридан шунча мусибатга қолгани, жигарлари олдида субутсиз, бебурд бўлгани етмагандек, энди фолбинларга қатнаб, “мен пулимни қандай олсам экан?” деб баттароқ гуноҳга ботяпти. Унинг бежо юриш-туришига қараб ўйланаман: одам боласи бошига тушаётган мушкулотлар сабабини ўзидан, амалларидан эмас, фолбину азайимхонлардан, Аллоҳ ҳаром қилган, ўзига зарар бўлган нарсалардан излайди. Бу илмсизлик, жаҳолат озорларидан яна қачонгача оғриқ туямиз экан?..
Уларга хорлик муҳаққақ!
Тақдиримизни Яратганнинг ўзи рақам қилган. Баъзи кишилар эса Яратган тақдир қилган қисматни фолбин қандай ўзгартирарди, деб мулоҳаза қилмайдилар. Ундайларнинг кўзини шайтон беркитса керак.
Яна бир ҳолат: яшаётган кунларини фолу башоратларга қараб белгилайдиганлар ўзлари астойдил ихлос қўйиб, ишонган кишиларининг маънавий-моддий аҳволига ҳеч эътибор берармиканлар? Ўйлаб кўрармиканлар, нима учун фолбинлар ҳамиша хор ва ғарибхоналарда яшашади. Нима учун улар келажакни айтиб бериш учун ўзларида журъат топишади-ю, оёқлари остида турган конларни топиб, бойиб кетмайдилар. Майли, бу ҳам оғирдир, нега биргина лоторея қоғозини олиб, ноль бутун мингдан бир миллиметр нарида турган ёзувни ўқиб, машиналар, миллионлар ютиб олишмайди, нега?! Чунки улар келажакни ҳеч қачон била олишмайди! Аллоҳ таъоло Қуръони каримда бу илм фақат ўзида эканлигини айтган. Ғайб илми Ўзидан бошқага аён эмас! Аллоҳ билан Унинг илмини талашаётган бандалар муқаррар хор бўлгуси!..
- Маҳалламизда ўқитувчи аёл бор эди,-дейдилар айни мавзуда мақола тайёрлашимизни сўраб таҳририятга қўнғироқ қилган онахон муштарийимиз.- бундан 15 йилча аввал нима жин урдию, туппа- тузук ўқитувчилик қилиб юрган аёл фолбинга айланди қолди. Ана энди унинг қилғиликларини томоша қилинг! Ҳали бўйга етган қизларни “сен унга тегасан, бунга тегасан” қилиб юрадими-ей, одамларни “сени ишга қўяман, бошлиғингни тилини бойлаб бераман” деб пул оладими-ей, иссиқ-совуқларга ўралашиб юрадими-ей, бировнинг нарсаси йўқолса гумон билан бегуноҳ одамларнинг тинчи бузадими-ей, хуллас, Аллоҳдан буткул узоқлашди-да. Ҳатто, бир йили ўзи ишлайдиган мактабда бир ўқитувчи аёлнинг тилла занжири йўқолган экан. Бутун мактабни лойқалаб юрди ўзини фисқу фужур, жоҳилона қилмишлари билан. Бошқа бир бегуноҳ ўқитувчидан гумон қилиб, тилласини йўқотган ўқитувчи билан унинг орасига нифоқ солди. Бу шармисорлик оғиздан оғизга ўтиб, ҳатто мактабга ота-оналар шикоят ҳам қилиб келишди. Ўқитувчи-фолбиннинг қуюшқонга сиғмайдиган қилиқлари ҳақида гапирган билан тугамайди. Шу десангиз, фолбин хоним мактабга директор ҳам бўлдилар! Фолбинлик қилиб одамларни шилиб юрганлари етмагандай, мактаб таъмири учун давлат томонидан ажратилган пулларни ҳам ўзлаштириб юборибди. Хуллас, қинғир ишларининг қийиғи очилиши учун қирқ йил кутиш шарт бўлмади. Очилди. Тегишли жазосини олди. Ўқитувчи, тарбиячи, энг оғири- АЁЛ жиноий жавобгарликка тортилиб, ҳатто қамалиб кетди. Унинг фоллари билан ҳаётини бошқарадиган, иссиқ-совуғию, яна алламбалоларидан умидланиб юрадиганлар ўйлаб кўришармикан, агар у келажакдан хабардор бўлса, эртага нима бўлишини билса, шу ҳолга тушишини билмасмидию, бу қалтис ишларидан чекинмасмиди? Ёхуд қилмишларини ҳуқуқий идоралардан бекитмасмиди?! Ҳали инсоният тарихида бирорта фолбин ёки башоратчининг одамга ўхшаб яшагани, яхшилик билан шуҳрат топганини ҳеч ким кўрмаган бўлса керак. Шу ҳақиқатни била туриб ҳам нега одамлар фолбинларга ишонишади?! Нега машаққат билан топган пулларини аллақаёқдаги Худонинг қаҳрига учраган кишиларнинг фойдасига сарфлашади?!..
Дарҳақиқат,
фолбинларга азобу хорликларга мубталолик қисмати тақдир қилинган. Ҳам амалдаги қилмишлари ҳаром, ҳам “ҳунар”лари ортидан топаётган пуллари ҳаром. Ҳаромнинг охири эса муҳаққақ азоб.
Адашганларнинг бу азобларига шерик бўлиб қолмаслик учун Яратган биз бандаларини ҳидоят йўлидан, Ҳақдан адаштирмасин. Сиз нима дейсиз, биродар?
Умида АЗИЗ