Ҳақиқат таълимоти
- Подробности
- Бўлим: Ислом дини
- Чиққан санаси: 24 Май 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Дунё машҳурларидан бири Лев Толстой ёзади: "Яхшиям қуён ботир эмас, агар у ботир бўлганида ер юзида қуён қолмасди". Дарҳақиқат, қуён қўрқув билан тирик. Қуённинг тириклигини мана шу оний қўрқувгина муҳофаза қилиб туради. Қўрқув - қуён учун яратганнинг олий неъмати!
Буни қарангки, теранроқ ўйлаб кўрсак, инсонни ҳам инсоний мезонда тутиб турувчи куч - қўрқувдир! Яъни, Аллоҳдан қўрқиш ҳисси! Мозийга бирров назар ташланг: инсоният қўлбола илоҳларга сиғинган пайтларида қанчалар тубанлашди. Аллоҳдан қўрқмайдиган замонларда ҳақсизлик ва умидсизлик гирдобида қолди. Уни инкор қиладигая тузумларда бошига не-не шўриш савдолар ёғилди. Шунинг учун ҳам пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бир муборак ҳадисларида марҳамат қилдиларки: "Ҳикматнинг боши қўрқувдадир".
Меҳрибон Аллоҳ инсоннинг ер юзида яшашини ирода этганидан сўнг одамларни ёмонликка жазо, яхшиликка мукофот борлигидан огоҳлантириш учун вақти-вақти билан Ўз элчиларини юбориб турди. Инсонлар ичидан танлаб олинган бу Хослар ўз замон ва маконига муносиб, қавмининг ақлу фаросатига лойиқ шаръий ҳукмларни жорий қилдилар. Қўлларидан келганича Аллоҳ таолонинг буйруқларини одамларга етказиб, уларни яхшиликка даъват этдилар. Вақт ўтиши билан бу илоҳий ҳукмлар бирин-кетин маънодан узилиб, бир-бирини тўлғазиб, соддаликдан мураккаблик томон силжиб бораверди. Таъбир жоиз бўлса, Аллаҳ таоло инсониятни чақалоқликдан то камолот ёшигача ўзига хос тарзда тарбиялаб борди. Ва ниҳоят, улғайган инсониятга ривожланиб бораётган ижтимоий ҳаётнинг барча талабларига жавоб берадиган, то қиёматгача дастуриламал бўладиган ва айни пайтгача жорий этилган илоҳий динларни ўз ичига олган бир динни тақдим этди. Бу - муқаддас Ислом дини эди.
Бу илоҳий дин пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тимсолида намоён бўлди. Аллоҳ таоло бу пайғамбарни ва у зот келтирган шаръий тўпламни маълум бир қавмларга, халқларга ёки арабларнинг ўзигагина жўнатмади. Муҳаммад алайҳиссалом бутун оламларга раҳмат бўлиб келди.
Бу ҳакда Қуръони каримда шундай мужда берилади: "(Эй Муҳаммад), дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат (яъни Аллоҳнинг раҳмати-жаннатга етакловчи) қилиб юбордик" (Анбиё сураси, 107-оят).
Бу улуғ зот Аллоҳ таолодан Ислом шариатини жорий этиш ҳақидаги буйруқни олганларида дунё зулмат ва ҳақсизлик ботқоғига ботиб ётган эди. Одамиятнинг ақлу идрокини ларзага солган бу таълимот қайсидир халқ ўзидан чиққан шоҳга сажда қилаётган бошқа бири оташга сиғинаётган, яна кимдир ўзи ясаган бутларга илоҳ деб топинаётган бир пайтда майдонга келди. Кўнгиллардан илму маърифат, оқибату офият кўтарилган, ҳақ билан ботилнинг мезонлари бузилиб кетган бир пайтда инсониятнинг энг улуғи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу оламшумул таълимотни эълон қилди. Шунинг учун ҳам инсоният то қиёматгача ҳотамул анбиё, саййидул мурсалин Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам қошида ҳар доим қарздордирлар.
Инсоният бу буюк зот қаршисида нега қарздор бўлмасин, ахир у зот жонсиз санамларга, оташларга, осмонларга сиғиниб, ўзининг кимлигини унутиб қўйган одамзодга покиза тавҳид ақидасидан дарс берди. Одамлар бу муборак дарсни тингламасларидан илгари инсоний туйғулардан мосуво эдилар. Улар ўзларининг кимлигини, нима учун яшаётганини билмаганлари туфайли жоҳил ва шафқатсиз эдилар.
...Ҳали Рисолат келмаган, дунёни зулмат пардалари қоплаган ана шу рутубатли кунларнинг бири эди. Бир ота олти ёшлар чамасидаги қизчасини олиб Маккадан ташқарига йўл олди. Улар анча йўл босиб, хилват бир жойга келдилар. Ота елкасидан белкурагини олди-да чуқур қазий бошлади.
- Нима қилаяпсиз, отажон? Нега қазияпсиз бу чуқурни? - деб эндигина тили бийрон бўлган қизчаси отанинг атрофида гирдикапалак бўларди.
- Сени шу ерга кўмаман, - деди ота қизалоққа.
Шўрлик қизчанинг ранги оқариб кетди. Лекин отасининг кўмишига ишонмади. Ахир қандоқ ишонсин, у отажонини яхши кўради-ку! Бироқ шундай бўлса-да, қизалоқнинг митти юраги бир шумликни сезгандек бўлди.
- Отажон мени ўлдирманг, - деди у йиғлаб. Сўнгра ортига қараб юра бошлади. Шу пайт чуқурни қазиб бўлган ота югуриб келиб қизининг қўлидан тутди. У қизалоқни судраб келди-да, чуқурга улоқтирди. Сўнгра шошибпишиб қизчанинг устига тупроқ торта бошлади.
- Отажон, мени кўмманг, мен сизни яхши кўраман, мени ўлдирманг, мени ўлдирманг!
Қизчанинг бу нолаю афғонлари отани ахдидан қайтаролмади. Ахир қавмининг ичида бинойидай обрўси бор кишининг уйида қиз боланинг ўсиши иснод эмасми? Мана шу ақида отанинг юрагини тошга айлантирган эди. Бечора қизча охирги марта "отажон", деб чинқирди-ю овози бошқа эшитилмади.
Биласизми, мана шу шафқатсиз ота ким эди? Бу -Ислом оламидаги энг улуғ зотлардан бири Ҳазрати Умар эди! Дунёга Ислом қуёши чиқмаган замонларда Ҳазрати Умардек зотлар ҳам ана шундай ҳаёт тарзида яшар-дилар. Жоҳилликлари ва илмсизликларидан турли хурофотларга берилиб, ўз жигарларини ўлдириш билан ҳам фахрланар эдилар. Ислом дини келиб, Ҳазрати Умар ҳидоятга ноил бўлган кунларнинг бирида ўз қизчасини қандай қилиб тириклайин кўмганини Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам гапириб берадилар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Умардан бу қайғули ҳикояни эшитиб йиғлаганидан муборак соқоллари ҳўл бўлиб кетиб: "Эй Умар, агар ислом келмасидан аввалги гуноҳлар учун жазо йўқлиги айтилмаганида, мен сени жазолардим", деган эканлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам такдим этган тавҳид таълимоти инсонларга инсоний мақомини қайтариб берди.
Эътибор қилсангиз, бутун дунёнинг энг ривожланган мамлакатларида мусулмон бўлмаган одамлар яшайдилар. Бироқ бу мамлакатлар ҳар қанча ривожланган бўлмасин, кундан-кунга муаммолар гирдобига шўнғиб бормокда. Бу жамиятларда наркомания, фаҳшият, ваҳшийлик йилдан-йилга оммавийлашиб бораётгани кузатилмокда. Нима учун? Сабаби: кишиларнинг қалбини муолажа қиладиган соғлом эътиқоднинг йўқлиги, тавҳиднинг йўқолганидир.
Сўнгги йилларда бу ҳақиқатни ғарбликларнинг ўзлари ҳам билиб-билмай тан олмокдалар. Яқинда амриқолик машҳур олим Майк Харт "Инсоният тарихининг юзта энг буюк шахслари" номли китобини чоп эттирди. Номидан ҳам кўриниб турибдики, бу асарда инсониятнинг юз нафар буюк намоёндаси ҳақида сўз боради. Ушбу рўйхатнинг бошида пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари қайд этилган. Нега Майк Харт ўз китобида таълимотлари Европа ва Америкада жуда машҳур бўлган Будаа ёки Конфуцийни пайғамбаримиздан кейинги ўринларга қўйди? Унинг фикрича, Муҳаммад алайҳиссалом инсоният тарихида нафақат янги дин, янги таълимотга, балки янгича давлат тузумига ҳам асос солдики, бу ҳол у зотнинг мутлақо ўзига хос салоҳиятидан дарак беради.
Дарҳақиқат, шунинг учун ҳам пайғамбаримиз шахсияти ва таълимоти айни пайтда ҳам дунё олимлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмокда. Майли, улар ўргансинлар. Шояд, қуруқ саҳродангина иборат бўлган бир маконда пайдо бўлган дин, ҳаққи рост бўлгани туфайли дунёни забт этганини англасалар, тан олсалар.
Инсоният бу буюк зот қаршисида нега қарздор бўлмасин, ахир у зот инсониятни умидсизлик ва тушкунлик ботқоғидан тортиб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга тавба эшикларини кўрсатмагунларича улар ўзлари тўқиб олган чўпчакларга ишониб ёхуд айрим бузуқ динларнинг ақидалари таъсида умидсизликка берилган эдилар. Улар ҳатто кийимларимиз билан Каъбани зиёрат қилолмаймиз, чунки бу кийимларнинг ичида гуноҳ ишларни қилганмиз, деган ақида билан "Аллоҳнинг уйи"ни қип-яланғоч ҳолда тавоф қилардилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган таълимот кишилар кўнглида ўлиб бораётган умидворлик ҳиссини тирилтирди.
Бугун психология олимлари ҳар қандай беморга энг яхши муолажа "эртанги кунга ишонч ҳисси" эканини таъкидлар экан, бу нуқтаи назар муборак Ислом таълимотидан кўчирма эканини биладиларми? Билмасалар билсинларки, бундан ўн тўрт аср бурун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсониятни мана шу йўл билан даволаган эдилар. Олам бир беморхона эди. Тушкунлик ва ноумидлик эпидемияси одамларни карахт қилиб қўйганди. Шунда Ул буюк халоскор Аллоҳ таоло тарафидан инсонлар кўнглига малҳам ўлароқ хушхабар келтирди: "Сен менинг тарафимдан: "Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг Ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир", деб айт" (Зумар сураси, 53-оят).
Инсоният бу буюк зот қаршисида нега қарздор бўлмасин, ахир у зот турли халқлар, миллатлар, ирқлар аро бўлиши мумкин бўлган энг катта ихтилофнинг олдини олди. Яъни, Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга Аллоҳ таоло тарафидан муҳим бир хабарни айтди: "Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан ўзаро танишишингиз учун турли халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва огоҳ зотдир" (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Бутун халқлар аро тинч-тотувликни, илму маърифат, маданият алмашинувини муайян бир мезонга солиб туриш учун турли хил муассасалар, марказлар фаолият юритмокда. Лекин улар бу муассасаларининг низоми Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган таълимотдан кўчирма эканини биладиларми? Билмасалар билсинларки, Ислом дини ҳеч бир инсонни миллати, ирқи, жинсига биноан табақага ажратмайди. Унинг буюк хитобларидан бири тинчлик ва биродарликдир!
Бугун инсоннинг ҳуқуқи ва ҳуррияти энг олий қадрият экани ҳақида оғиз кўпиртираётганлар мусулмон оламида бу қадрият бундан ўн тўрт аср бурун ҳаётий мезонга айланганини биладиларми? Билмасалар билсинларки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган таълимотнинг асосида инсон манфаатлари, инсон ҳақлари, инсоний ҳақиқатлар мужассамланган.
Инсоният бу буюк зот қаршисида нега қарздор бўлмасин, ахир у зот инсониятга унинг улуғлиги илму маърифат билан ўлчанишини англатди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган таълимот ҳар бир эркак ва аёлга илм олмоқни фарз қилди. Бу даъват инсоннинг ўзини англаш йўлидаги инқилобий ҳаракати эди. Бугунги дунё илм-фанининг тараққиёти айнан мана шу даъватнинг натижасидир. Чунки бу оламшумул эълондан сўнг Ислом оламида илм олмоққа рағбат уйғонди. Айниқса, китобат ишлари авж олиб кетди. Бу ҳакда Доктор Густав ле Бон бундай деб ёзади: "Ҳали оврупаликлар китоб нима, кутубхона нима эканини билмаган бир пайтда жуда кўп Ислом мамлакатларида китоб ва кутубхоналарнинг саноғи йўқ эди".
Маълумотларга қараганда ўша пайтларда биргина мусулмонлар қўл остидаги Испанияда йилига етмиш мингдан саксон минг жилдгача китоб чоп қилинар экан. Бағдоддаги Хорун ар-Рашид томонидан қурдирилган "Байт ул-ҳикма", Андалусдаги "Ал-ҳикма" кутубхоналари ҳақида ўқимаган зиёли бўлмаса керак. Мўғул истилочилари Бағдодни босиб олгач, кутубхоналардаги барча китобларни Дажла дарёсига улоқтиргани, натижада китобларнинг бўёғи сувга чиқиб дарё бир неча ой тим қора бўлиб оққани ҳақида ким ўқимаган дейсиз. Мусулмонлар устига салб юришлари пайтида миллионлаб нусхада ўғирлаб кетилган китоблар ҳақида кўпчилик билсалар керак.
Бугун бу тарихий ҳақиқатлар устида мушоҳада қилар экансан, айнан мусулмон ўлкаларида ўтқазилган "дарахт", ўзгалар боғида мева берганига амин бўласан. Лекин улар бу ҳақиқатни тан олармикинлар?! Эҳтимол тан олмаслар, лекин шуниси аниқки, одамзод бундан кейин то қиёматгача Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган маърифатдан-да ҳаётийроқ, хайрлироқ, адолатлироқ таълимотни тополмаяжак.
Бугунги замон тараққиётидан баҳраманд бўлаётган инсоният улуғ пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олдида шунчалик қарздор экан, сизу биз мусулмонлар у зотнинг олдида яна-да масъулиятлироқмиз. Бу масъулият Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб уммат бўлмокдир. Муносиб бўлиш эса амал билан тасдиқланади. Энди айтинг-чи, биз қандай умматмиз?
Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қуллари Савбон розияллоҳу анҳу юзлари қизариб, титраб кириб келдилар. Унинг бу ҳолатини кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Эй Савбон, сенга нима бўлди, бетобмисан?" деб сўрадилар. Шунда Савбон розияллоҳу анҳу жавоб бердиларки: "Бетоб эмасман, аммо озгина вақт сизни кўрмай қолсам, даҳшатга тушаяпман. Ҳозиргина охиратни эсладим. Шубҳасиз сиз жаннатда пайғамбарлар билан бирга бўласиз. Мен эса гарчи Аллоҳ раҳматига ноил бўлиб жаннатга кирсам ҳам сиз билан бўлолмайман. Ахир сизнинг мақомингиз юксак. Агар жаннатга киролмасам, сизни ҳеч қачон кўра олмайман. Шуни ўйлаб, титраб кетаяпман", дедилар.
Пайғамбар алайҳиссалом боқий дунёга риҳлат этган кунларнинг бирида бир аёл келиб, Оиша онамиздан Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларини кўрсатишларини илтимос қилибди. Оиша онамиз муборак қабрни кўрсатганларида, у аёл қабр ёнига борибди-да, изтиробнинг зўридан жон таслим қилибди.
Машҳур Билол Ҳабаший розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин азон айтолмай қолибдилар. Ҳар сафар "Ашҳаду анна Муҳаммадур Расулуллоҳ" дейишлари билан ҳушдан кетаверар эканлар.
Ҳижрат асносида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Савр тоғидаги бир ғорга бориб яшириниб, у ерда уч кеча-ю уч кундуз жон сақлашди. Шу кунларнинг бирида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрнинг розияллоҳу анҳу тиззаларига муборак бошларини қўйиб ухлаб қолдилар. Аллоҳ таолонинг имтиҳонини кўринг: шу пайт Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг оёғидан чаён чақиб олди. Бироқ у зот қимир этмадилар. Тишини-тишига қўйиб чидадилар. Ахир оддий бир чаённинг чақиши шундай улуғ зотнинг оромини бузишга арзирмикин? Аммо ҳар қанча уринмасин, оғриқнинг зўридан кўзларидан дувиллаб ёш оқа бошлади. Бу садоқат ёшлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларига томди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғониб кетдилар.
- Сизга нима бўлди, эй Абу Бакр? - дедилар.
- Оёғимдан чаён чақиб олди. Сизнинг уйқунгиз бузилмасин деб жим ўтирган эдим, - дедилар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳижолатомуз.
Пайғамбаримиз чаён чаққан жойга муборак тупукларини суриб қўйдилар. Оғриқ шу онда тўхтади.
Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббат мана шундай самимий ва рост бўлади! Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Аллоҳга қасамки, мени ота-онангиз, фарзандларингиз ва молу дунёларингиздан ҳам яхшироқ кўрмагунларингизча, ҳақиқий мўмин бўла олмайсизлар".
Демак, бирдан-бир вазифамиз қалбимизда Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббат ҳиссини шакллантирмоғимиз, ҳаётимизни буюк Ислом таълимоти асосида қурмоғимиздир. Бу йўлда Ўзи мададкор бўлсин!
Алишер Назар