1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Оилада нега фақат келин иш қилавериши керак?

Хўш, савол бераётган хоним, менга айт-чи, сен нима учун турмушга чиқдинг? Чунки чиқмасликнинг иложи йўқ, қиз бола, ҳатто у биттагина фарзанд бўлса ҳам, бўйига етгач, ота-онасиникида ортиқчадай туйила бошлайди. Ёшига ёш қўшилган сари бетоқатлик билан уни узатишга ошиқадилар, шундаймасми? Демак, сен узатилишинг шарт, яъни ўзга жойдан ватанли бўлиш бошингда бор нарса. Ватан, бу — бошпана, ватан — тинадиган, ором оладиган, ҳеч ким жойингдан жилдиролмайдиган, хоҳлаган ишингни яйраб қиладиган, охирги йўлга кетгунингча ўз-ўзингники бўлган ўлан тўшагинг! Четдан келган сен қизга шундай имтиёзни бериб қўйганлари, жонларидан бўлган қизларини атрофга тарқатиб юбориб, уйларини абадийга сенга бўшатиб бераётганлари учун ҳам, юрак-юрагингдан чиқариб бу даргоҳнинг хизматини қилсанг ярашмабдими? Бу — бир!

Нега рўзғор тутдинг?

Кўнглинг чопиб-чопмай турса ҳам, рўзғор тутдинг, нега? Чунки инсон боласига яшаш учун битта ҳамроҳ зарур, бу илоҳий тақдир! Чунки онанг йўлда қолади, отанг йўлда қолади. Қувватинг ҳам эскирадиган нарса. Бола-чақанг ҳам суягинггача шилиб, томиринггача қуритиб, сўнг ўзи билан ўзи бўлиб кетадиган ширин душ¬ман. Шайтон бор, у тинмай сенга эргашади, чалғитмоқчи бўлади, у ёлғиз одамни тез енгади, умр йўлдошинг эса сенга туну кун тайёр қўриқчидир. Сен бу уйга келгунингча бу йигитнинг боши онасининг бағрида эди. Онаси уни кунда бир ҳидларди, ёнига ўтқизиб овқат едирар, унга кунда ўн бор термулар эди... Куёвинг энди сенга юзланди, отанг-онангнинг ўрнини боса оладиган меҳрибонинг, боқувчинг, ўрни келса тарбиячинг, кечирувчинг, овутгувчингга айланди. Шундоқ жуфтга ва уни сенга тутқазиб қўйганларга хизмат қилишга оғринишдан уялмайсанми? Жуфтингга қанча эътиборли бўлсанг, - у ҳам сенга шунча эгилади. Уни қанча меҳр ва меҳнатинг билан эритсанг, шунча яйраб яшайсан! Демак, аёллик ишларини ким ихлос билан жой- жойига қўйибди, ўзи ўшанча ютибди! Бу - икки!

Нега турмушга чиқдинг?

Хўш, ойим, нега турмушга чиқдинг? Чунки яшаши учун инсонга ҳаво керак, сув керак, нон керак. Ундан кейин албатта зурриёд керак. Тўлақонли яшаш шу! Сен оналик мақомига эришиш учун, султон хоним бўлиш учун турмушга чиқдинг. Сен она бўлдинг. Сен Яратганнинг хоҳиши билан ўзингдан янги одам яратиш қудратига эга бўлдинг. Болангга жонингни ҳам беришга розисан, тўғрими? Гоҳида болангнинг дийдори дунё баҳосидан ҳам қимматга ўхшаб кетади, тўғрими? Болангни бағрингга босганингда симобдай эриб
кетасан ва бундай маза заминий эмаслиги, кўкдан тушаётган тафт эканлигини етмиш икки томиринг билан туйиб турасан, шундай эмасми? Номард болам, ўшандай пайтларда бу лаззатни онангнинг уйидан эмас, жуфтингнинг хонадонидан топаётганинг ёдингда турсин! Бу роҳатни сенга фақат шу остона бераётгани учун дарҳол унинг ёмону яхшисидан бир айланиб, ўргилиб қўй! «Нега келин иш қилавериши керак?» эмиш! Сен боланг яшайдиган, боланг улғаядиган жойга оро бермай, хизматини қилмай қаернинг хизматини қилишинг керак? Бу уйдан қимматроқ нарса йўқ сен¬га! Худодан тилаб олган неъматларинг шу ерда ахир! Худди шу ернинг ҳар бир бурчагини, ҳар бир одамини сева-сева, қўлинг олти, оёғинг етти бўлиб ишларини қилмасанг, армонда кетмайсанми? Бу - уч!

Меҳнат билан бино бўлар бахтхона...

Ҳой қиз сен қайси «иш»ни малол оляпсан ўзи? Овқат қилишними, тозаликка қарашними, жуфтингни-ю, болангни покиза кийинтиришними? Хўш, бу юмушларни қўлингдан олсак, сенга нима қолади? Пардоз-андозу оёғингни чалиштириб телевизор кўришми? Унда сен учун яшашнинг қизиғи қолмайди, болам. Аёл мазали овқат қилиб яйрайди, уйини ярақлатиб енгил тортади, қайнона-қайноталарини хурсанд қилиб семиради, жуфтининг кўнглини олиб умрлари узаяди!
Келиннинг меҳнати унинг қулчилиги эмас, бахт пойдеворини қуришдаги тадбиркорлигидир. Қолаверса, келин қўшнининг ишини қилаётгани йўқ, бу ўзининг уйи: тозалаган гиламининг бир четида ўзи ўтиради, пиширган таомидан ўзи ҳам маза қилиб ейди, ҳовлиси тоза бўлса, боласининг диди яхшиланади, уйидагиларнинг кўнглини олса, уни ёмон кўрадиган одам бўлмайди, ен¬гил нафас олиб, бемалол яшайди.
Билиб қўй, болам, дунёда аёлнинг қўли тегинмаган гўзаллик йўқ. Уйни бахтхонага айлантиришда асосий муаллиф ҳам аёл бўлади. Бундай беқиёс мақомга эса аёл фақат меҳнати билан эришади.
Эрли, уйли, рўзғорли бўлганинг ҳаққи, гуриллаб турган ёшлигинг, билагингда димиқиб ётган ғайратинг билан умрингни чаманзорга айлантириб юбормайсанми, онажон!

Турсуной СОДИҚОВА

Ҳозир сайтимизда 70 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ