Skip to Content

Эрнинг хотинидаги ҳаққи

Хотин, эрининг ҳуқуқларини ҳурмат қилиши кераклиги тўғрисида бир қатор ҳадислар бизга мерос (ҳужжат) бўлиб қолган.

Оллоҳ Расули буюрадилар: — Қайси хотиннинг эри ундан мамнун ҳолда вафот этса, ўша хотин албатта жаннатга киради.

Яна пайғамбаримиз буюрдилар: — Хотин беш вақт намоз ўқиб, Рамазон рўзасини тутиб, номусини ёт кишилардан асраб, эрига итоат қилса, жаннатга киради. Кўриниб турибдики, Оллоҳ Расули, Исломнинг шартлари бўлган намоз ва рўза қаторига эрга итоат қилишни ҳам қўшганлар.

Расулуллоҳ бир куни хотинлардан баҳс очиб, шундай буюрдилар: — Ҳомилали ва эмизикли хотинлар, оналар, болаларига рахм-шафқатли бўлган жувонлар, агар эрларига итоатсизлик қилмай, намоз ўқишсайди, жаннатга киришарди.
— Жаҳаннамдан хабардор бўлдим. Жаҳаннам ахлининг кўпчилиги хотинлар эканлигини кўрдим.
— Нега бундай, эй Оллоҳнинг Расули? — дедилар.
Расул буюрдилар: — Чунки кўп лаънат оладилар, эрларига нонкўрлик қиладилар.

Бошқа бир ҳадис мана бундайдир: — Жаннатга учрадим. Жаннат ахлининг озчилиги хотинлардан ташкил топган экан. «Хотинлар қаерда?» дедим, «Улар олтин, қумуш ва бошқа зийнат ашёлари билан овора!» дейишди.

Ҳз. Ойша ҳикоя қилади: — Расулуллоҳнинг олдига ёш ва кучли (бақувват) бир хотин келди. «Эй Оллоҳнинг Расули, мен ёш ва бақувват аёлман. Эрга тегмоқчиман. Лекин қўрқиб турибман. Эрнинг, хотинда қандай ҳуқуқлари бўлади?» деди.

Расулуллоҳ буюрдиларки: — Агар эринг қон-йирингга ботиб ётган бўлса-ю, унинг эрлик хоҳишига кўнмасанг, сен уни сочидан тирноғигача тозаласанг ҳам, ҳамон унинг ҳақини ўтаган бўлмайсан.

Хотин деди: — Эрга тегаверайми, эй Оллоҳнинг Расули?

Расулуллоҳ буюрдилар: — Ҳа, оила қуриш хайрли нарса.

Бошқа сафар яна бир хотин келиб: «Мен эрсиз хотинман. Оила қурмоқчиман. Эрнинг, хотинда қандай ҳуқуқлари бор?» деди:

Расулуллоҳ буюрдилар: — Хотин туянинг устида сафарга отланиб турган бўлсаю, шу пайт эркак хохлаб қолса, унинг нафсини қондириш ҳам эрнинг хотиндаги ҳақлари жумласидандир. Эрдан берухсат уйдан бир нарса бермаслик, эрдан берухсат нафила рўза тутмаслик ҳам эрнинг хотиндаги ҳуқуқи жумласидандир. Агар эрига билдирмай унинг мулкидан бировга бир нарса берса — хотинга гуноҳ, берилган садақанинг савоби эса эрга ёзилади. Эридан ижозат олмай рўза тутса қабул бўлмайди. Оддий очлик ва чанқоқлик бўлади. Хотин, эридан изн олмай уйидан чиқса, уйига қайтиб келгунча ва тавба қилгунга қадар, фаришталар унга лаънат ўқийдилар.

Оллоҳ Расули буюрдилар: — Агар мен бирон кимсанинг бошқа бир кимсага сажда қилишини буюрмоқчи бўлсайдим, эрнинг хотинда ҳақи кўплиги туфайли, хотин эрига сажда қилсин, деб буюрардим.
— Хотиннинг Раббига энг яқин бўлган пайти уйда бўлган пайтидир. Яна, хотиннинг уйдаги намози, масжиддаги (жомедаги) намозидан фазилатлироқдир. Уйининг бир гўшасида ўқиган намози, уйининг ўртасида ўқиган намозидан савоблироқдир. Ҳужра ичидаги (энг кўзга ташланмас гўшада) ўқиган намози, ҳамма дабдабали жойларда ўқиган намозидан афзалроқдир.

Буларнинг бари кўзга ташланавермаслик учундир. Шунинг учун аёл киши ўзини кўз-кўз қилавермаслиги керак.

Эрнинг хотинда ҳақлари кўп. Энг муҳимлари қуйидаги икки нарсадир:

  1. Хотиннинг ўралиб юриши, оила сирларини сақлаши, ор-номуси ва шаънини пок тутиши.
  2. Эридан нозарур нарсани талаб қилмаслиги, эрни ҳаром топиш-тутишига сабаб бўлмаслиги.

Қадимдан солиҳа мусулмон хонимлар шундай эдилар. Эркак, тижорат мақсади билан йўлга чиққан чоғида хотини шундай дерди: — Отаси, ҳаром топиш-тутишдан сақланинг! Биз очликка ҳам, бошқа етишмовчиликка ҳам чидаймиз. Лекин қиёмат куни жаҳаннам оташига чидолмаймиз!.. Қизлари ҳам оталарига шу сўзларни айтишарди.

Шом (Сурия) лик Робиа Хотун, Аҳмад ибн Абдулҳаворийга тегмоқчи эди. Лекин Аҳмад, кўп вақти ибодат билан машғул бўлгани учун, бунга ҳеч ҳам рози бўлмаган ва унга шундай деганди:
— Мен ўз ҳолимча яшаётган, ўзи билан ўзи овора бир одамман. Хотинлар билан кўп-да ишим йўқ. Робиа эса унга шу жавобни берди:
— Мен, сиздан-да кўпроқ ўз ҳоли билан овора одамман. Менда жинсий-нафсоний орзу йўқ. Фақатгина, эримдан озгина давлат қолди. Сиз, солиҳ кишиларни яхшироқ биласиз. Менга қолган бу давлатни — бу бойликни уларга улашсангиз, дейман. Шу ниятда сизни мен билан никоҳланишга таклиф қиляпман. Шундай қилсам Оллоҳга яқинроқ бўлардим.

Шунда Абулҳаворий, уйланиш масаласида Абу Сулаймон Доронийга маслаҳат солди. Дороний, Абулҳаворийга уйланишни ман этди ва шундай деди: — Бизнинг одамларимиздан кимки уйланган бўлса, ҳаммаси ўзгарди, бузилди. Уйлансанг сен ҳам бузиласан. Лекин Робианинг юқоридаги сўзлари унга батафсил айтилганда, «У (Робиа), Оллоҳнинг авлиё бандаси экан, дарҳол уйлан!» деди. Шунда Аҳмад ибн Абулҳаворий унга уйланди. Секин-секин бутун бойликни камбағалларга ва солихларга тарқатдилар.

Бу Шомли Робиа Басрали Робиага (Робиа-и Адвиййага) ўхшайди. Эрнинг моли ва бойлигини исроф қилмаслик, уларни яхши асраш ҳам хотин учун вожибдир.

Шунинг учун ҳам Оллоҳ Расули буюрадилар: — Эрининг рухсатисиз, унинг молини ҳар кимга бериш хотин учун ҳалол эмас. Фақат бузилиб қолиши мумкин бўлган овқатни бериши мумкин. Агар эрининг рухсати билан бирон кимсага бирон нарса едирса, у ҳам эри билан теппа-тенг ажр-мукофот олади. Агар эрининг ижозатисиз берса, гуноҳи унга, савоби эса эрига бўлади.

Узатиладиган қизнинг ота-онасига тушадиган вазифалар ҳам бор. Улар қизларига, эрга теккандан кейин эри билан яхши яшаш, унга гўзал ахлоқ билан муомала қилиш йўлларини ўргатишлари лозим.

Чунончи, Фазорий қизи Асмо, қизини эрга узатаркан, унга шундай ўгитлар берган экан: — Қизим, шу кунгача яшаган уянгдан чиқиб, нотаниш бир уяга, билмаган-танимаган, ҳеч қачон ҳамсуҳбат бўлмаган бир одам билан бирга яшашга кетяпсан. Сен у одамга дўст бўл, Ер (тупроқ) бўл, у одам сенга Осмон бўлсин, сени ҳимоясига олсин. Сен унга тўшак бўл, у сенга суянчиқ (устун) бўлсин. Сен унга чўри бўл, у сенга султон бўлсин. Уни ҳеч қачон хафа қилмаки, у ҳам сени хафа қилмагай.Ундан узоқлашмаки, сени унутмасин. Агар сенга яқинлашмоқчи бўлса, сен хам унга яқинлаш. Агар сендан узоқ туришни истаса (яқинлашишни истамаса), сен ҳам узоқ тур. Унинг бурнини, қулоғини ва кўзини ҳурмат қилиб асра. Сендан доимо муаттар ҳидлар анқиб турсин. Оғзи бурнингдан ёқимсиз ҳидлар келмасин. Сендан доимо ширин ва гўзал сўзлар эшитсин, қулоғига ифлос сўзлар кирмасин. Сени доимо гўзал кўрсин. Сендан совимасин, жирканмасин!..

Хотиннинг эридаги ҳаққи ҳақида ўқинг

Абу Ҳомид Ғаззолий. Мукошафат-ул қулуб