Skip to Content

Кийинишга доир масалалар

Аёллар кесилган (йиртилган) кўйлаклар кийиб, сон ва болдирларини намойиш этардилар. Аёлнинг оналик виқорини сақлайдиган тасаттур йўқ ҳисоби эди. У давр аёлларида эркакдан чекиниш, тортиниш деган нарсалар йўқ эди. Айни замонда ҳожатхоналар уйлардан ташқарида бўларди. Аёллар тун қоронғусида ҳожатга боришганида ҳур ёки жория экани фарқланмаганлигидан йўлда шилқимликлар бўлиб турарди.

Аёллар уйларидан безаниб, кийиниб чиқишар, яхши-ёмон эркаклар билан аралашиб ўтириб, суҳбатлашишарди. Мадинаи Мунавварада ҳижоб ояти тушгунга қадар бу ифлос одат давом этди.Расулуллоҳ (с.а.в.) тасаттурнинг фойдаси ва зарурлигини билганлари ҳолда, бу хусусга алоқадор ояти карима эндирилишини кутаётганлари учун ўзларича бир нима демасдилар.
Ҳақиқатан, мусулмон аёлларга ўраниш амри ҳижрий 4-йилда (милодий 624) зулқаъда ойида фарз қилинди.Тасаттур ояти нозил бўлиши билан Пайғамбаримиз асҳобга етказдилар. Саҳобалар тасаттур амрини уйидаги аёлларга айтдилар ва мусулмон аёллар газмоллардан ёпинчиқ қилдилар.

У даврда аёллар тасаттурга амал қилишгани, яъни, қандай ўранишганини ҳазрати Ойша онамиз шундай ҳикоя қиладилар:
“Валлоҳи, мен Аллоҳнинг китоби Қуръоннинг тасдиқи ва унинг индирилишига иймон жиҳатидан ансор аёлларидан фазилатлироқларини кўрмадим. «Нур» сурасидаги ўраниш ҳақидаги оят тушиши билан эркаклар аёлларига бориб, Аллоҳ юборган оятларни ўқий бошладилар. Ҳар қайсиси бу амрларни завжасига, қизига, синглисига ва барча яқинларига ўқишарди. Аёлларнинг ҳеч бири истисно этилмаслик шарти билан Аллоҳнинг Қуръондаги амрига мувофиқ жундан ва пахтадан тайёрланган ёпинчиқларга ўрандилар. Ва шу ҳолда Расулуллоҳнинг (с.а.в.) орқаларида тонг намозини ўқидилар.

Қуръонда Расулуллоҳга (с.а.в.) хитобан: “Эй пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар! Мана шу уларнинг (чўри эмас, балки озод аёллар эканликлари) танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин (воситадир). Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган зотдир». (Аҳзоб сураси, 59-оят).

“Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар. Ва авратларини (зинодан) сақласинлар! ҳамда кўриниб турадиган бошқа зийнатларини кўрсатмасинлар* ва рўмолларини кўкраклари узра тушириб олсинлар!...” (Нур сураси, 31-оят).

“Ўз уйларингизда қарор топинглар, (кўчага чиққанларингизда эса) илгари жаҳолият (даври) ясанишидек ясанмангизлар...” (Аҳзоб сураси, 33-оят).

Бу ояти карималарга кўра балоғатга етган мусулмон аёлнинг ўраниши фарздир. Буни инкор этган мутлақ кофир бўлади. Аввало шуни яхшилаб тушуниб олиш керакки, Исломда ўраниш фақат фойдаси учун эмас, энг аввал Аллоҳнинг амри бўлгани ва унинг ризосини қозониш учун фарз қилинган. Ўранишнинг фақатгина, ёлғиз фойда маъносини динимиз маъқулламайди. Ўранишдан мурод Аллоҳ розилиги бўлмоғи керак. Аслида инсоннинг яшашидан ва барча ибодатларидан мурод ҳам Ризои Борийдир, яъни, Аллоҳ ризолигидир. Намоз, рўза, закот ҳам турли фойдалар учун адо этилмайди, агар ибодатлар Аллоҳ ризосидан ташқари мақсадларни кўзлаб қилинса, мақбул эмас. Ибодатларимизни ёлғиз Аллоҳ ризолиги учун адо этсак , Аллоҳ кутилмаган жойдан неъматлар юбориб мукофотлантиради. Аёллар ҳам Аллоҳ учун кийиниб, яшасалар, ҳам бу дунёда, ҳам охиратда мукофотларини кўрадилар, иншоаллоҳ.

Аллоҳ ризоси учун кийиниш ва бошқа ибодатларнинг адо этилиши ҳеч тугамайдиган жаннатга эриштиради. Жаноби Ҳаққа бир одим яқинлашсак, у бизга ўн одим яқинлашади. Бир яхшилик қилсак, Раббимиз бизга ўн яхшилик қилади. Амалларимизнинг ҳақиқий мукофотини абадий дунёда кўришимиз шубҳасиз.

Ёпинчиқнинг яна бир фойдаси – аёлни эркакларнинг ёмон назари, зарарли энергиясидан сақлайди. Америкалик бир шифокор мутахассис ғарблик очиқ-сочиқ аёлларни тери ва таналари борасида тадқиқот ўтказган. Тадқиқотчи оврўпалик ва амриқолик аёлларнинг ёш бўлишларига қарамасдан юзларида жозиба камайиб, ажинлар кўпайганини, бўёқлари тўкилган машина капотларини такрор бўягандек бўлиб, гўзаллашиш ўрнига, аксинча баттар бузилганларини кузатган. Амриқолик тери мутахассиси Шарқ мусулмон аёллари борасидаги тадқиқоти натижаси тамоман тескарилигини, масалан, 70 ёшли мусулмон аёлнинг 35-40 ёшдаги аёлдай баданида тириш йўқлигини ва юзи ғоятда нурли эканини кўрди. Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, ўарб аёлларидаги тери раки мусулмон ўлкалардаги аёлларда йўқ даражада. Тадқиқотчи бунинг сабабини шундай тушунтиради: “Машина фараларидан таралган нурлар пашша ва қуённи қандай беҳузур қилса, эркаклар кўзидаги электромагнит тўлқинлари – альфа, бетта ва гамма нурлар ҳам аёлларнинг баданига салбий таъсир кўрсатади” .

Тадқиқотчи Шарқ жамиятидаги мусулмон аёлларнинг юз терилари кекса бўлишига қарамасдан унча буришмаганига ва терисида саратон (рак) касалликлари деярли йўқлигига тасаттур сабаб эканига, у аёллар танини қуёшнинг зарарли нурларига ва эркакларнинг электромагнит тўлқинларига тўйинган назарларига тўсиқ бўлиб хизмат қилишига ва бу ҳикматли эканига қаноат ҳосил қилибди.

Фотимахон Сулаймон қори қизи "Аёлларга хос масалалар"