Skip to Content

Ислом динида тарбия

Катталарга ҳурматда, кичикларга иззатда бўлиш, ҳаммага шафқат кўрсатиш, ҳар бир сўзда тўғри, ростгўй бўлиш, одилона ҳаракат қилиш қатъий амр этилди.

Фарзандларига гўзал тарбия бериш, уларни ҳой-ҳавасдан қайтариш ота-она зиммасидаги биринчи вазифадир. Шу сабабли Ислом динимизнинг моҳияти ҳақида сўзлаётиб, Аллоҳнинг ягоналиги ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг ҳақ расули эканини баён этиб, исломиятга оид гўзал илм ва юксак ахлоқни ўргатиш, ман этилган ёмонликлардан фарзандларни узоқлаштириш бу муборак диннинг тиргаги ҳисобланади.

Фарзандларнинг динсиз бўлиб ёки куфр йўлларига кириб қолишига аввало ота-она айбдор бўлади. Шунинг учун ота-она фарзанди дунёга келган кунидан бошлаб исломий тарбия талқинида бўлиш лозим. Бу хусусда Набий, алайҳиссалом:
«Ҳеч бир ота-она фарзандларига гўзал тарбия ва яхши одобдан юксакроқ туҳфа инъом этолмайди», деб марҳамат қилганлар. Демак, фарзандлар учун энг буюк туҳфа уларга диний тарбия бериш, яхши амалларга ташвиқ этиш, ёмонликдан ва гуноҳлардан асраш, уларни солиҳ инсонлар қилиб вояга етказишдир.

Фарзандларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш уларнинг куфр йўлига оғиб кетишларига сабаб бўлади. Тарбия бўлмаса, фарзанд бир кичкина ирмоқ каби йўлида дуч келган ҳар бир фалокат ўзанига бурилиб кетади ва умри беҳуда завол топади.

Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.): «Фарзандларингизни ўз ҳолига ташлаб қўйманг, уларга гўзал тарбия беринг», дея марҳамат қилганлар. Тарбиядан мақсад юксак, гўзал маънавиятли инсонни шакллантирмоқдир. Инсон фойдали илми, касб-ҳунари ва гўзал тарбияси билан хаётда шубҳасиз муваффақият қозонади.

Моддий ахлоқнинг шакллантирувчиси маънавий тарбиядир. У руҳиятга куч-қувват бериб, яхшиликка етаклайди ва етукликка олиб боради. Шу сабабли маънавият маданиятнинг руҳоний йўлбошчисидир.
Ҳар қандай саодатнинг руҳий-маънавий калити бўлади. Инсон маънавий тарбия олганидагина юксак инсоний хис-туйғу ва қадриятларни англайди. Тарбиянинг моҳияти ҳам шундадир. Маънавият Ҳак ва ҳакиқатга бўлган ишончнинг калбдаги имон нурига қувват ва ойдинлик бериши нисбатидир. Одам бу дунёда ана шу нур билан етук инсон ва юксак камолот соҳиби бўлиш учун йўл топади.

Аллоҳ куч-қудратда тенги йўқ Зотдир. У оламнинг ҳар заррасини тадрижий тартиб билан яратди, ривожлантирди ва шубҳасиз, камолга етказди. Бу тарбия умумий тарбиядир. Бу биз кўриб, ҳис этиб турган борлиқ ҳаббадан қуббага (заррадан энг улканига) қадар жонли ва жонсиз, барча мавжудот бу оламнинг Раббиси томонидан яратилган ва мақсадга тўғри йўналтирилган. Бу ҳақиқат Қуръони каримда очиқ баён этилган.

Умумий тарбия билан бирга ўзига хос тарбия ҳам борки, у Пайғамбарлар воситасида халққа етказилган имон-эътиқод, гўзал амаллар натижасида юзага келган бир тарбиядир. Набиийларни табибларга ўхшатишган. Улар инсонларнинг маънавий хасталикларини, қусур-камчиликларини кўрсатиб, жаннатга олиб борувчи яхши амаллар ва гўзал ахлоқни тавсия этиб, омонликка, саодатга етаклайдилар. Бу тарбия мўминлар учун саодатга элтувчи йўлдир. Аллоҳ таоло бирор воқеа-ҳодисанинг, нарсанинг бўлмоғини истаса, «Бўл» дейди! ва у дарҳол содир бўлади. («Ёсин» сураси, 82—83-оятлар), Махлуқотлар ва фаришталар Унинг қудрати туфайли мавжуддирлар. Барча нарсанинг инон-ихтиёри Ўзида бўлган Аллоҳ пок ва улуғдир. Барча У зотга қайтиб боради. Ҳеч ким бу қонуниятни бузишга қодир эмас. Ҳар нарса Унинг амри билан яралди ва йўқ бўлади, тирилади ва ўлади. Ҳар нарса Унинг амри билан вожиб бўлади. Аммо Пайғамбарлар воситаси билан билдирилган, қўшимча амалларни бажаришда бандаларга ихтиёр берилган.

Қул (банда) Аллоҳ Расулига (с.а.в.) ишонади ва ундан Ҳақнинг амрларини ва нахий (ман этилган амаллар)ни ўрганади. Улар бу билан саодатга, яъни жаннатга эришадилар. Инсонларнинг энг етуги, фозили бўлиб камол топадилар. Ҳар бир замон учун Пайғамбар йўлини чуқур ўрганган фозил одамлар у зотга ворис бўлиб, инсонларни камолотга етаклайдилар. Улар валийлардир. Жаноби Ҳақ Бақара сурасининг 257-оятида: «Аллоҳ мўминларнинг дўстидир. Уларни қоронғу зулматлардан ёруғлик, нурга чиқаради. Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлардир. Улар кофирларни ёруғлик - нурдан қоронғу зулматларга чиқарадилар ва унда абадий қолажаклар» дея хабар берган.

Асл тарбия имон билан вожибдир. Аллоҳга ишонганлар ва Унинг йўлига кирганлар ҳеч шубҳасиз, Аллоҳга имони, набиийларга хос одоби, ахлоқи билан инсонийликнинг энг юксак даражаларини эгаллайдилар. Бундай кишилар ўз нафсларининг ҳокимидирлар.

Аъроф сураси, 196-оятида: «Зотан, менинг эгам шу Китобни нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳ бандаларга ёр бўлур», дейилган.

Буюк фозиллар фикрича, табиб бўлишни истаган шубҳасиз, етук табибнинг ёнига, элчи бўлишни хохлаган тажрибали элчининг олдига, мухандис бўлишни истаган шу соҳани ўргатувчи билим юртига бориб таҳсил олади. Шундагина у чуқур билим олиб, тажриба ўрганиб, инсонларга фойдаси тегадиган мутахассис бўлиб етишади. Темирга ишлов берилмаса, ҳеч вақт унинг қиймати ўз-ўзидан ошмайди. Унга бирор темирчи ишлов берганидан сўнггина қилич ҳолига келади.

Бундай маънавият дунёсига эга, хос бандалар қўлларида тарбия олган инсонлар юқоридаги ояти каримада баён этилгани каби комиллик даражасига етадилар. Ер юзининг энг пок инсонлари ҳассослик билан набиийларнинг одобу ахлоқидан ўрнак олиб, бундай даражаларга юксаладилар. Уларнинг табиатида инсонларга ёмонлик қилувчи ҳеч бир қусур қолмайди.

Бир саҳоба бу мақомга эришганлар ҳақида сўраганида Расулуллоҳ (с.а.в.): «Улар инсонларга Ҳақ йўлни кўрсатганлари -яхши амаллар қилишни насиҳат этганлари учун (бундай мақомга) етишдилар», дея марҳамат қилганлар. Улар инсонларга гўзал сўзлар айтаб, ибратли насиҳатлар қилиб, Ҳақни танитадилар, ёмонликлардан қайтарадилар. Аммо инсонлар кўп ҳолларда залолатга ботиб, маънавий ожизлик қилиб, бундай етук, қалби гўзал инсонларни қадрламайдилар.

Давоми бор.

Ота-оналарга маслаҳатлар