Skip to Content

Ислом динида тарбия (давоми)

Вал-Фажр сурасининг 15-16-оятида марҳамат этилган: «Бас, энди инсон қачон Парвардигори уни имтиҳон этиб, азиз қилиб қўйса ва унга неъмат ато этса, дарҳол: «Парвардигорим (лойиқ бўлганим учун) мени азиз қилди», дер. Энди қачон (Парвардигори) уни имтиҳон этиб, ризқини танг қилиб қўйса, дарҳол: «Парвардигорим мени хор қилди», дер». Инсонлар ишлари юришмаса, имонлари қалбларида нур сочиб турмаса, ҳаётга ва Ҳаққа нисбатан шикоятда бўладилар.

Имон маънавий ожизликка қарши курашади, бу ёруғ оламга келиб-кетишнинг ҳикматини англатади. Ҳақни танитади, инсонларни гўзал хулқ соҳиби этиб тарбиялайди.

Шу ўринда маънавий ожизлик ва ахлоқий бузуқлик қаердан келиб чиқиши хусусида қисқача айтиб ўтиш лозим. Маънавий ожизлик нафс хуружи, манманлиқдан келиб чиқади. Ўз манфаатини ҳамма нарсадан устун кўриш манманликдир. Бу хусусият кофир Фиръавнга, Абу Жаҳлларга хос бўлиб, улар Ҳазрати Мусони (а.с.), Ҳазрати Расулуллоҳни (с.а.в.) тан олмадилар. Шайтон ҳам манманлик қусури билан кибр қилиб, ўзини Одамдан (а.с.) устун қўйди ва Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлди. Маънавий ожизлик дунёни севишдан ҳам келиб чиқади. Аллоҳнинг амрларига итоатдан кўра дунёни афзал билиш маънавий ожизлиқдандир.

Вал-Одиёт сураси, 8-оят:
«Ва, шак-шубҳасиз, у (инсон) мол-дунё муҳаббатига жуда қаттиқ(берилувчи)дир». Бундай одам молини Ҳақ йўлида сарф этмайди. Фақат ўз нафси йўлида ишлатади. Бу мол Абу Лаҳаднинг моли каби қадрсиздир.

Таббат сураси, 2-3-оятлар:
«Абу Лаҳабнинг моли, касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ. Яқинда у ва унинг ўтин орқалаган, бўйнида пишиқ толадан эшилган арқон бўлган хотини (ловуллаб турган) алангали дўзахга киради».

Ўзини билимдонликда тенги йўқ деб билиш ҳам маънавий ожизликдандир. Одамлар ҳамма нарса ва ҳодисаларни ўз инсоний билимлари билан ўлчайдилар. Ҳолбуки, илмнинг ниҳояси йўқдир.

Аҳқоф сураси, 23-оят.
«У айтди: «(Азоб келар вақтнинг) билими ёлғиз Аллоҳ ҳузуридадир. Мен сизларга ўзим элчи қилиб юборилган динни етказурман. Лекин мен сизларнинг нодон қавмдан эканингизни кўрмоқдаман».
Бундай жоҳил қавмлар, замонасида пайғамбарлардан ўзларини устун қўйганлар. Ўз хатоларини англай олмаганлар, Пайғамбарларни қадрламаганлар.

Маънавий ожизликнинг яна бир тури пайғамбарлар ва валийлар ҳам аввало оддий инсон, яъни ўз уруғларидан эканини билмаслиқдан келиб чиққан. Натижада икки жаҳон Сарварига ўз қариндошларининг кўплари зулм этдилар ва юртларидан ҳайдаб чиқаришди.

Абу Толиб ҳам Расулуллоҳни (с.а.в.) етим билди, ҳимоя этди, аммо у келтирган диннинг қадрига етмади.

Айрим кекса кишилар ёши катталиги важидан билим ва ирфон соҳиби бўлган ёшларга бўйсунгилари келмайди, бу ҳам маънавий ожизликнинг кўринишидир.

Айрим бадавлат кишилар эса мол-дунёларига мафтун бўлиб, манманликка бериладилар ва шу сабаб фазилатли, маърифатли инсонларни тан олмайдилар, сўзларига беписандлик билан қарайдилар. Бу маънавий ожизликка олиб борувчи инсоний қусурдир.

Бу қусурлар инсон қалбини маънавий қашшоқликка буткул мубтало этади. Бу дардга дучор бўлганлар комил инсонларни кўролмайдилар, уларнинг яхши ва гўзал панд-насиҳатлари назокатини (аҳамиятини) ҳис этолмайдилар.

Маънавий ожизликка олиб борувчи бу қусурлар инсонларга маълум бўлсагина, улар бу камчиликлардан халос бўлиб, ҳар доим Ҳақ ва ҳақиқатнн ўрганиб, Аллоҳнинг амрларини бажариб, ҳақиқий камолотга, саодатга эришадилар.

Тарбия нима?
- саволига жавоб шундай: Инсонлар ўртасидаги муносабатларнинг гўзал шакли тарбиядир. Инсонлар ёлғиз ўзи учун эмас, жамият учун ҳам керақдирлар. Шунинг учун инсонлар тилда ва амалларда ҳеч кимнинг ҳақ-ҳуқуқига тажовуз этмасдан, барчага эзгулик тилаб яшашлари лозим. Модомики, биз одамлар орасида яшар эканмиз, жамиятимиз гўзал бўлмоғи керак. Бу маънавий гўзаллик жамиятга ҳаёт бахш этади.
Қуръони каримда ҳам бизга Ҳаққа ибодатдан сўнг халққа хизмат қилиш буюрилган. Ҳатто душманларга ҳам адолатли бўлиш амр этилган.

Тарбия қандай олинади?
Тарбия панд-насиҳатлар баёни ва яхши амаллар жараёнида такомиллашиб боради. Ҳаётий тажрибалар ҳам инсон ахлоқига катта таъсир кўрсатади. Тубан, умр бўйи яхши ибрат, маънавий тарбия олмаган инсонлар бир кун келиб, бошларини ҳар томонга урмасин, ҳаёти яхши изга тушмайди. Ҳаётий малакалар инсонга яхши ўгитдир. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Мўмин кишини бир тешикдан икки марта илон чақмайди», деганлар, яъни ғафлатда қолиб, бир бор душманнинг сўзи ва ишларидан зарар кўрган мусулмоннинг доимо ҳушёр бўлиши кераклигини айтганлар.

Боши аввалроқ чоп этилди

Ота-оналарга маслаҳатлар