Skip to Content

Амир Темурнинг келини


Бирпас орага жимлик чўкди. Жимликни бузган Қутлуғ Туркон оқа сўзни узоқдан бошлади. У Хонзоданинг бу оилага келин эмас, фарзанд бўлиб қолганлиги, Соҳибқирон унинг ўғли Муҳаммад Султонни ўзига валиаҳд қилиб тайинлагани — барча-барчасини шошилмай ҳикоя қилди.

— Халқимизда қадим-қадимдан давом этиб келаётган бир анъана, удум бор, — дея сўзини давом эттирди Қутлуғ Туркон оқа, — агар аканинг хотини бева қолса, фарзандлари етим бўлиб қолмасликлари учун уни укасига никоҳ қилиб беришган.

Жимгина қулоқ солиб ўтирган Хонзода гап нима ҳақида бораётганини англаган бўлса ҳам, ўзини тушунмаганга олди. Йигирма тўрт ёшли бева аёлнинг ўн беш ёшли Мироншоҳ Мирзога турмушга чиқиши... қандоқ бўларкин? Эл-юрт нима дейди, қолаверса, амирзода Хонзоданинг орзу-армонлари, туйғуларини тушунармикин?
Шу кундан бошлаб, Хонзода туну кун Мироншоҳ Мирзо ҳақида ўйлай бошлади.

Мироншоҳ Мирзо 1366 йили Самарқандда туғилган бўлиб, Амир Темурнинг учинчи ўғлидир. Унинг онасини исми тарихий манбаларда Менглибек оғойи Жон Қурбони деб тилга олинади.

Шаҳзода ўн тўрт ёшида падари бузруквори билан Хуросон юришида қатнашган. Сўнгра эллик қўшин билан ўша вилоятнинг ноиби этиб тайинланган. Агар ҳар бир қўшин таркибида беш юзтадан навкар бўлганини инобатга олсак, элликта қўшин бир жойга жамланса йигирма беш минг кишини ташкил этган бўлади. Йигирма беш минг кишилик қўшин қўмондони эса мўйлови энди сабза уриб келаётган ўн тўрт ёшли Мироншоҳ Мирзо эди. Ҳозир у ўн беш ёшда. Ўтган йили падари бузрукворининг хоҳиши билан акаси Жаҳонгир Мирзонинг беваси Руқия Хоника бегимни никоҳига киритган эди.

Хонзода нима иш билан банд бўлмасин, нуқул шаҳзода ҳақида ўйлар, мулоҳаза қилар, лекин у бор вужуди билан бу ишга рози эмасди.

Кечки пайт Хонзода Имом Бухорийнинг «Жоме ас-Саҳиҳ» асарини варақлаб ўтирган эди, онаси Шакарбека кириб келди.

— Қизим, — деди у Хонзодани бағрига босар экан, маъюс бир оҳангда, — ҳали ҳеч ким ўз тақдиридан қочиб қутулган эмас, қочиб қутулолмайди ҳам, азалдан ҳар кимнинг пешонасига ёзилгани бўлади.
— Онажон, мен куёвингиз Жаҳонгир Мирзони севганмен, бошқа одамни севишга қурбим етмайди.
— Тушунамен, қизим, тушунамен, ахир, бир умр бева бўлиб ўтмайсан-ку, энди айни ўйнаб-куладиган вақтинг келди.
— Шаҳзода майи нобга ружу қўйган эмиш, унинг устига уйланган бўлса... Яна эски кундошим билан рўпара бўламенми? Бу қандай кўргулик? Аллоҳ қайси гуноҳим учун мени жазолаяпти экан?

***

1382 йилнинг эрта кузи. Самарқанднинг Ғарб томонида жойлашган Боғи Беҳишт. Бу боғ 1378 йили малика Туман оқа шарафига қурилган. Боғнинг марказида ҳашаматли кўшк тикланган. Унинг деворлари Табриздан келтирилган оқ силлиқ мармарлар билан безатилган. Кўшкнинг этагида ҳайвонот боғи бунёд этилган. Кўшк билан ҳайвонот боғи орасидаги йўлакка Нурота мармари ётқизилган. Йўлаклар атрофида анвойи гуллар.

Боғ атрофида гўзал сарвлар, сершох чинорлар кўкка бўй чўзган. Майин эсаётган шабада олислардан ҳил-ҳил пишган анжирлар, шафтолилар ва қовунларнинг исини олиб келади. Бугун Боғи Беҳиштда айрича тантана. Ҳовуз атрофида, мармар йўлакларда зеби-зийнатлар билан ясан-тусан қилган аслзода аёллар кезиб юришибди. Улар орасида Қутлуғ Туркон оқа, маҳди-улё Сароймулкхоним, сарой маликалари Чўлпон Мулк оқа, Туман оқа, Дилшод оқа ҳамда Умаршайх Мирзонинг ҳарами саналмиш Бек оқа, Севинч Қутлуғ оқа, Малик оқалар ҳам кўринади.

Сароймулкхоним Жаҳонгир Мирзонинг беш яшар ўғилчаси Муҳаммад Султонни етаклаб олган.
Кўшк олдида йиғилганлар интиқлик билан келин-куёвнинг келишини кутишмоқда.
Орадан кўп ўтмай Хонзода билан Мироншоҳ Мирзо махсус ясатилган отларда Боғи Беҳиштга кириб келишди. Карнай, сурнай садолари авжига чиқди. Дорбозлар, қизиқчилар, кўз боғлагичлар, раққосалар ўйинларини бошлаб юборишди.

Хонзоданинг бошида қизил, кўк рангли ёқут, лаъл, феруза, забаржад, дурлар қадалган учли қалпоқ, эгнида олтин уқалар билан безатилган енгсиз қизил рангли қабо, қабо ичида эса енгил ҳарир кўйлак. Кўйлакнинг этаги узун бўлгани учун уни бешта жория кўтариб келишди.

Мироншоҳ Мирзонинг эгнида зардўзи чопон, белида дурлар қадалган тилло камар, бошида жавоҳирлар билан безатилган тож.

Қутлуғ Туркон оқа келин билан куёвни кўшкнинг ичкариси томон бошлаётган эди. Шу пайт қизиқ воқеа рўй берди. Маҳди-улё Сароймулкхоним атрофида чопқиллаб юрган Муҳаммад Султон югура келиб, Хонзоданинг этагига ёпишди.
— Ойижон, мен сизни соғиндим. Ойижон мени ташлаб кетманг!
Кўзлари жиқ-жиқ ёшга тўлган Хонзода ўғлини бағрига босар экан, унинг қулоғига шивирлади:
— Сен ҳазрат момонг билан бирга бўлиб тургин, мен тезда сенинг ёнингга қайтиб келамен.

Воқеани кузатиб турган Мироншоҳ Мирзонинг қовоқлари уюлди. Ва ниҳоят Хонзода билан шаҳзода ёлғиз қолишди.
— Нега мундоқ очилмайсиз, маъюссиз, — деди Мироншоҳ Мирзо орага тушган жимликни бузиб. — Биламен, сиз бу ишлардан хафасиз, мени ёқтирмайсиз, мен нима қилай? Падари бузрукворимиз шу ишни хоҳлабдиларми, бўйсунишдан ўзга чорамиз йўқ.
— Бир-биримизни яхши билмаймиз, қолаверса ёшимиз ҳам...
— Биламен, ҳаммасини биламен. Кўрасиз ҳали, бир-биримизга ўрганиб кетамиз.
— Ўрганиб-ку, кетармиз-а, аммо...
— Бу энди Аллоҳнинг иродаси.

Мироншоҳ Мирзо анчага қадар нима қилишини билмай жим ўтирди, сўнгра ўрнидан туриб, уяла-уяла қаллиғининг қўлидан ушлади...