Фарзандларимизга Аллоҳга иймон ҳақида гапирайлик:
Ҳеч бир нарса ўз-ўзидан пайдо бўлган эмас. Еру кўк, ер ва осмонлардаги барча мавжудртларнинг яратувчиси Аллоҳдир. Жамики борлиқни йўқдан бор қилган Аллоҳдир. Яратиб, улғайтирган Удир. Аллоҳ яккааю ягонадир. У туғилмаган, туғдирмаган, фарзанди йўқдир. Ҳамма нарса Аллоқники ва яна Унга қайтади. Унинг асло ўхшаши йўқ. У азалий ва абадийдир.
Биз Аллоҳни кўролмаймиз, аммо Уни хос сифатлари билан таниб, имон келтирамиз. Аллоҳ таолонинг сифатлари қисқача айтилса, қуйидагилардир:
Аллоҳ доим бор бўлган, Унинг аввалию охири йўқ. У ягонадир, ўхшаши ва шериги йўқ, ҳеч нарсага муҳтож эмас, яратган нарсаларига ўхшамайди, ибтидоси йўқ, яратилмаган. Ундан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқ, Унинг биз каби макон ва замонга эҳтиёжи йўқ ва Аллоҳ хар жойда ва ҳар доим ҳозиру нозир. Уни асло мудроқ босмайди ва ухламайди. еру-осмонлар ва улар орасидаги бор нарса Аллоҳдинг иродаси билан мавжуддир. У улуғларнинг энг улуғи ва буюкларнинг энг буюгидир.
Мусулмон киши Аллоҳ таолони шу тарзда билмоғи, танимоғи лозим.
Аллоҳ таоло тирик ва тириклигининг аввалу охири йўқоир. Жами яратилганларга жон берган Удир. У яширин ва ошкор ҳамма нарсани билади. У барча махфий сир-асрордан воқиф, ошкор айтилмаган гап-сўзларни ҳам эшитади. У қоронғу ва ёруғда, узоқ ва яқиндаги ҳамма нарсани кўради. Бу оламда барча нарса ва ҳодисалар Аллоҳнинг хоҳиши билан бор бўлади. «Бўл» дейиши билан дарҳол содир бўлади.
Аллоҳ ҳамма нарсага қодир, ўликларга жон бериб, тирикларни ўлдира олади. Дунёни бир онда маҳв этади, йўқдан бор эта олади. У ниманики мурод этса, яратади, тирилтиради. Истаса ўлдиради, истаса ризқ беради.