Шаҳодат калимасини тил билан айтиб, қалб билан тасдиқ этган киши Аллоҳга ишониб, мусулмон бўлган ҳисобланади. Калимаи шаҳодат ушбудир: «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳ».
Яъни:
«Мен Аллоҳнинг бирлигига, Ундан бошқа илоҳ йўқлигига шаҳодат келтираман ва Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг қули ва расули эканига имон келтираман», демакдир.
Шу қисқа, муборак калимани тил билан айтаб, дил билан тасдиқ этган киши мусулмон ҳисобланади.
Бу калима «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ» шаклида ҳам айтилади. Бу ҳам: «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад (алайҳиссалом) Унинг расулидир», деганидир. Бу маъно: «Аманту биллаҳи ва малаикатиҳи ва кутубиҳи ва русулиҳи вал йавмил ахири вал қодари хойриҳи ва шарриҳи...» шаклида ҳам айтилади.
Имоннинг 6 шарти мавжуд. Мусулмон киши бу 6 шартни адо этиши, тил билан айтиб, дил билан тасдиқ этмоғи лозим.
Бу 6 шарт қуйидагилардир:
1. Аманту биллаҳи - Мен Аллоҳ таолога ишонаман.
2. Ва малаикатиҳи - Мен Аллоҳнинг фаришталарига инондим.
3. Ва кутубиҳи - Аллоҳнинг юборган китобларига имон келтирдим.
4. Ва русулиҳи - Аллоҳнинг элчилари, расулларга имон келтирдим.
5. Вал йавмил ахири - Бу дунёдан сўнг бўладиган қиёмат кунига инондим.
6. Вал қодари хойриҳи ва шарриҳи миналлоҳи таала вал баъси баъдал мавт - яхшилик ҳам ёмонлик ҳам Аллоҳ таолонинг тақдири билан бўлишига, ўлгандан сўнг қайта тирилишга имон келтираман, дейишдир. Ушбу тарзда тасдиқ этганлар мусулмонлардир.
Мусулмонмисан? - дея бериладиган саволга:
Алҳамдулиллаҳ, мусулмонман, - деб жавоб қилинади. Бундай улуғ неъмат бергани учун Аллоҳга ҳамду сано айтилади.