Тарбиядан мақсад одамларни яхши хулқ-одобга ўргатиб, ёмонликларга қарши ташвиқ этиш, жамият равнақи учун етук, комил инсонларни воята етказишдир.
Қуръони карим Фотиҳа сураси 2-4-оятларида «Ҳамду сано бутун оламлар Хожаси, меҳрибон ва раҳмли, жазо (Қиёмат) кунининг эгаси - подшоҳи бўлмиш Аллоҳ учундир», деб марҳамат қилинган.
Нуҳ сураси, 26-оят:
«Нуҳ айтди: Парвардигорим, ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин».
Нуҳ, алайҳиссалом, «Раб» калимаси билан Аллоҳ таолога мурожаат этди, «Ё Илоҳа» демади. Чунки Нуҳ, алайҳиссалом, «Раб» калимасини қазою қадарнинг ягона кафили деб билди. Шунинг учун оламларни яратган, камолга етказган, юксалтирган, тарбия этган ягона Раб Аллоҳ эканини ва банданинг ҳожатини раво этадиган ҳам фақат Раб эканини билиб, Унга илтижо қилди.
Ҳазрати Марям ҳақида ҳам Қуръони карим: «Рабби Марямни гўзал чечак каби яратди», дея хабар беради. Бу ўринда тарбиядан мурод Аллоҳнинг қулини ботил, эгри йўллардан қайтариб, солиҳ, яхши амалларга бошлашдир. Шу жиҳатдан жамият учун тарбия руҳининг аҳамияти катта. Тарбиячи киши (мураббий)нинг ҳаққи ота-она ҳаққидан ҳам устундир. Бир мутафаккир айтганидек, отангиз ва устозингиз сизга мухтож бўлиб қолса, аввало, устозингизга ёрдам беринг. Отангиз фақат сизни бу дунёга келтирди, устозингиз эса сизни дунё ва охиратнинг саодати учун зарур билимларни ўргатиб, камолга етказди.
Шунинг учун ўзбек халқи орасида «Устоз отангдан улуғ» деган нақл кенг тарқалган. Барча динлар комил инсонларни тарбиялашда турли-туман усуллар қўллаган. Ҳиндулар, тарбия вужудга эмас, руҳга катта эътибор беради. Бу вужудни қийновчи ҳаракатлар билан руҳни нирванага восил этмоқ йўли, яъни ўлмоқ, гўё энг юксак саодатга етишмоқ, деб билишади.
* * *
Будда динида бу хунук асослар бироз ўзгачароқ. Уларга кўра, ҳаёт изтиробдан, ёмонликлардан иборат. Бу ёмонликлар инсонлар камолотга эришгунларига қадар давом этади. Ўлим уларнинг фикрича, қалбнинг ўзгаришидир. Вафот этганлар шундай тарбия олмасалар, бу дунёга такрор келишида ҳайвон бўладилар. Бундай руҳ кўчиши усули билан инсонлар тарбия олиб, нирванага восил бўлармиш. Нирвана, уларнинг фикрича, «ҳечлик чўққиси», мақомидирки, бу вужуднинг ўлиши билан маъбуд сари тортилишидир.
Бу баёнлар вужудларни, руҳларни башарий фаолиятдан узоқлаштиради. Бунда тарбиянинг асл мақсадига эришилмайди. Ҳиндулар брахманларнинг, яъни роҳибларнинг қўлларида эди. Аёллар ўқитилмасди. Болалар ҳам дарахтлар тагида, ёмон об-ҳаволарда, бир хил усулда тарбия этиларди.
Ёзув-чизув қумлар устига чўп билан чизиб, ўргатиларди, сўнгра қуриган япроқларга қийинчилик билан ёздириларди. Оталар устидан ўқитувчиларнинг нуфузи ҳоким бўлиб, олий таълим фақат брахманларга хос эди.
Шуни айтиш жоизки, тарбиядан мақсад комил инсонни вояга етказмоқдир. Уни ҳаётий фаолиятдан тўхтатмоқ, ўқиш-ёзишдан мосуво этмоқ, ялқовликка ўргатиш тарбиясизликка йўл очиш демакдир. Аммо комил инсонни тарбиялаш муаммоси турли қавмлар ичида турли-туман шаклларда ҳал этиларди.
* * *
Римликларга кўра, турли машаққатларга бардош берган, қатъий интизомга риоя этганлар, жасур аскарларгина комил инсонлардир. Қадимги юнонларда эса бадан (вужуд) гўзаллиги тарбиянинг бош ғояси эди. Исроилликлар учун эса тарбиянинг ғояси тарки-дунёчилик эди. Фарзандларини севганлар уларни савалаши лозим, хивичларини аяганлар фарзандларига хиёнат қилган киши ҳисобланади, дер эди улар. Эркаклар ўқитилар, аёллар тамоман ўқитилмасди. Аёл фақат уй ишлари: овқат пишириш, ип йигириш билан машғул бўлиши лозим эди. Исроилликларда фикрий тарбия иккинчи даражада қоларди. Оталар ўғилларига миллат бошидан кечирган воқеаларни бирор байт шаклида ёдлатар, байт маъноси тушунтириларди.
* * *
Насронийликнинг илк асрида ҳар шаҳарчада 25 болага бир ўқитувчи таълим берадиган мактаблар ташкил этилган. Ўқитувчиларда уч хусусият - мулойимлик, сабр ва қаноат бўлиши лозим эди. Болалар учун тазйиқ бироз юмшаганидан сўнг, «болалар бир қўл билан жазоланса, иккинчи қўл билан боши силаниши лозим» деган шиор кенг ёйилди.
Хитойда эса ўтмиш тарбияси, анъаналари ўргатилар эди. Ҳамма нарса ўтмиш ёдгоридир, дейишарди улар. Конфуций номли мураббий халқни мозийга, оилага, ҳукуматга боғлаган тарбия йўлини ишлаб чиқди. Конфуций фикрига кўра, фақат ҳокимиятга итоат этиш билан фазилат соҳиби бўлиш мумкин. Ота-она ўз вазифаларини билиб адо этганларида ҳақиқий ота-она бўлади. Конфуций ва у ишлаб чиққан қонунлар Хитойда ҳурмат қозонди, ҳозиргача кучини йўқотган эмас.
Давоми бор.