Қадимги туркларда тарбиянинг руҳи дин билан боғлиқ эди. Қадимги туркларнинг илк дини Будда эди. Бу дин талқинига кўра: ҳар доим фазилатларингизни яширинг, хатоларингизни очиқ тан олинг, инсонларни севинг, ўзгаларнинг эътиқодларини тахқирламанг, каби қоидалар амал қилар эди. Шу сабабли эски турклар ғоят меҳмондўст бўлиб, барча халқлар билан иззат-ҳурматда яшаган.
Эроннинг қадимги дини зардуштийликда ҳам тарбия ўзига хос бўлган. Уларга кўра, Ҳурмуз яхшилик маъбуди, ёмонлик маъбуди эса Ахриман. Ҳар бир эронлик Ҳурмузга ўхшаб, Аҳримандан сақланиш йўлини тутарди. Шу тарзда эзгуликка, ўзларини вужудан ва ахлоқан камол топтиришга интилардилар. Бу тартиблар тарихнинг энг қоронғу даврларидан буён Шарқ халқлари учун таъсир кучини йўқотмаган. Аммо бу дин аёллар маънавиятига буткул эътиборсиз бўлган.
* * *
Юнон файласуфи Афлотун инсонларни қуйидаги тоифаларга бўлган: деҳқонлар ва санъаткорлар, ҳарбийлар ва хизматчилар. Биринчи тоифанинг тарбияси учун ҳеч ким масъул бўлмаган. Фақат санъатни ўрганиш ва ўргатиш билан кифояланар эдилар. Ҳарбийларнинг тарбиясида икки нарса муҳим эди: мусиқа ва гимнастика. Хизматчиларга фалсафа ва риёзиёт ўргатилар эди. Ҳукумат раислари бирор роҳиб қўлида олим, файласуф бўлмоғи лозим эди. Унга кўра яхши тарбия, руҳан ва вужудан бор имконият билан яхшилик қилишдир. Бир томондан болаларга мулойим бўлиб, уларни меҳнатсеварликка ундалса, бошқа томондан фарзандларига тазйиқ ўтказишдан бош тортган ота-оналарга қаршилик кўрсатилар эди. Яна юнон файласуфи Аристотел ота-оналарнинг ақл соҳиби, мураббий бўлганларини баён этар экан, дейди: «Ота-оналар фарзандларини ўзларининг бир бўлаклари сифатида севадилар».
Афлотун оила муносабатларини мустаҳкамлашга аҳамият берган. Бу робита, қариндошлар ҳаёти ижтимоий борлиғининг асосидир, дейди у. Унинг фикрича: ҳукумат тарбия масаласи билан шуғулланиши керак, у фақат боланинг туғилишигагина эмас, етти ёшдан бошлаб ўқиши, юксак фазилатлар эгаси бўлиб ўлғайиши учун маъсуддир, дейди. Юнонлар фарзандларини қаттиққўл мураббийларга топширганлар ва шундай қилиб, ёмон таъсирларга берилишларига йўл қўймаганлар.
* * *
Римда тарбия борасида юнон фалсафаси нуфузли эди. Римликлар ўзларини «илоҳлар» билан ўралган деб ҳисоблашарди. Парилар болаларни бошқариб юради, уларга еб-ичиш режасини ўргатади, деб ўйлардилар. Римликлар юнонларга эргашиб, бола тарбиясида ўнта қоидани ҳақ деб билишди. Бунгача улар Спарта тарбия усулини қабул этишган эди. Сўнг императорлар даврида Афина тарбияси ҳоким бўлди. Илк мактаблар милоддан уч аср аввал ташкил топган. Бунгача римликлар учун ота-оналар ва табиатдан бошқа муаллим йўқ эди. Тарбия фақат диний ва аскарий эди.
Бундай усул замирида жасур, ватанпарвар кишини тарбиялаш ғояси турарди. Бу ғоя Римга итоатли, ёвқур аскарларни етиштириш учун хизмат қиларди. Аммо Римда Юнонистондаги Афлотун ва Аристотелга ўхшаш машҳур мураббийлар етишиб чиқмади. Чунки римликлар амалий-ҳуқуқий билимлар билан шуғулланмас эдилар. Шу сабабли римликлар усули тарбия борасида амалий натижа бермади. Милоддан юз йил сўнг бу ишлар билан шуғуллана бошлаган Рим котибларидан бири шундай ёзади: «Тарбиямиз илк нафасданоқ бошланади, бизнинг биринчи мураббийларимиз оналаримиздир. Шу боис оналарга доим ғамхўрлик қилиш даркор».
Шубҳасиз, бола ўсиш даврларининг ҳар бир босқичида маълум тарбиявий усулларни қўллаш лозим. Инсонни бу дунёда оқ ювиб, оқ тараган, дастлаб унга оқ-қорани ва яхши ёмонни ўргатган ҳам онадир. Демак, тарбия бешикдан бошланади. Тил, дин, фан, тарих дейсизми, барчаси ҳақидаги дастлабки фикрларини бола онаси тилидан олади. Бундай дастлабки талқинлар (таъсирлар) бола руҳиятига кучли таъсир қилиб, хотирасига муҳрланиб қолади.
Мутафаккир Кентимен бунга назарий ёндашиб, шундай дейди: «Болага сингдирилган илк сўз таъсири баланинг қалби ва руҳиятига юксак тарбиявий гўзаллик бахш этади».
Фақат Кентимен болага уч ёшидан таълим-тарбия беришни тавсия этган. У яна ёзади:
«Болалар ортиқ даражада тазйиқ остида тарбия этилса, бу уларнннг асабларига ёмон таъсир қилади. Мен шундай ҳассос фарзандни хоҳлайманки, қабоҳатга нафрат бнлан боқиб, кўзи нам бўлсин. Бола яхши ўқиши керак. Мураббий ҳам бола дунёқарашидан воқиф бўлиши шарт. Йўқса бола руҳияти мунтазам қўрқувдан сиқилади. Кучли меҳр, яъни тазйиқдан икки ҳисса ортиқ севги, ҳурмат билан бола руҳиятини юксалтириш мумкин. Чунки қўрқув қалбни яралайди, ранжитади, севги эса маънавий ипларни боғловчи муҳим бир робитадир. Бола тарбиясида сабр-тоқатлилик, камтарлик, шафқат ва марҳамат кўрсатишни ўргатиш жуда муҳим. Чунки сабр сувни тутган кафт, камтарлик эса ахлоқнинг тузи кабидир. Шафқат, марҳамат инсон руҳиятини безайди. Ушбу уч фазилатга эга бўлиш камолот сари қўйилган илк қадамдир». Мутафаккир муаллим Марк Орол бунга шундай муносабат билдиради: «Менга бобом сабрни, отам камтарликни, онам шафқат-марҳаматни ўргатганлар.
Фарзандни бу дунёга келтирган онадир, унга энг шафқатли назар билан боққан ҳам она, дастлабки билимни берган, илк тарбия қилган ҳам она. Бола унинг тарбияси ва шафқатли қанотлари остида улғаяди, воята етади»
Давоми бор.