Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Ҳар бир инсон исломий фитрат билан туғилади, аммо ота-оналари таъсирида насроний, яҳудий ёки мажусий бўлади», дея хабар берганлар.
Демак, она етакчи мураббиядир. Болани яхши-ёмон йўлларга ташвиқ этиш, тарбия этиш онадан бошланади, шу жиҳатдан бола устида онанинг ҳаққи кўпдир.
Шу сабабли инсонлар қиёматда ҳузури илоҳийда тўпланган вақт фарзандлар ота-оналари ҳаққидан сўраладилар. Агар яхши тарбия этилган бўлсалар, ота-оналарга даражот берилади, ёмон тарбия олган бўлсалар, азобга мустаҳиқ бўладилар.
Солиҳа аёл фарзандига фақат тарбия эмас, оқ сут бергани учун ҳам қадрли инсондир. Ҳалол еб-ичган солиҳа аёлнинг фарзандига энг катта тарбияси ҳалол сут эмизишидир. Сутнинг бола ахлоқига таъсири жуда ҳам катта.
Расулуллоҳ (с.а.в.) бир ҳадиси шарифларида: «Бола уни эмизган онанинг ахлоқи билан хулқланади», дея марҳамат қилганлар. Шу сабабли ҳалол сут эмдириш учун солиҳа аёл топиш мусулмонлар зиммасидаги вазифадир. Сут эмганида бола ахлоқининг ўзгариши муқаррар. Агар солиҳа ва юксак маънавиятли аёл топилмаса, касаллиги бўлмаган сигир сути бериш афзалдир. Зеро, сигир сути ахлоқи ёмон, ҳайвоний туйғуларга берилган аёл сутидан яхшидир. Аёл ҳомиладорлигида назари шаҳватга тўлса, бола руҳиятига ёмон таъсир ўтказади. Шу сабабли аёллар нафсоний, шайтоний ҳислардан ўзларини сақламоқлари лозим.
Расулуллоҳ (с.а.в.): «Болага она сутидан яхшироғи йўқдир», дея марҳамат қилганлар. Она солиҳа аёл бўлса, бола учун катта неъматдир. Шу жиҳатдан исломият аёлларнинг гўзал хулқ билан тарбия топишларини, ғазаб, беҳаёлик, ҳаром луқма ейиш каби иллатлардан, нопок туйғулардан сақланишларини талаб қилади.
Тасаттур инсонга шу руҳни сингдиради. Ёмон ҳис-туйғу, беҳаё ҳаракатлар, куфр сўзлар ва ёлғонларни ўргатиш онанинг болага берадиган энг ёмон тарбиясидир. Чунки бола онада нима кўрса, шу ишни қилишга ва ундан эшитганини тўтиқуш каби сўзлашга уринади.
Бола исломий фитрат, пок қалб билан дунёга келади. Улар жаннат аҳлининг тимсолидир. Чунки улар пок қалб эгасидирлар. Зеро, жаннат аҳли қалбларидаги барча ёмонлик таҳур шароби билан ювилади, фақат Аллоҳ севгиси, пок туйғуларга тўлади. Шу сабабли Исо алайҳиссалом гўдакларга қараб: «Булар жаннат аҳлининг мисолидир», деганлар.
* * *
Бола туғилиши билан ўнг қулоғига азон ўқиш, чал қулоғига такбир айтиш Ислом таблиғининг соф қалбларға берадиган илк талқинидир. Бу азалдан Аллоҳнинг бирлигига ишониш, руҳ оламидан вужуд оламига келган илк дақиқада қалбга тавҳидни сингдиришдир. Шунингдек, бу фоний дунёдан кетишда ҳам кўнгли ва тилида талқин, илк нафасдагидек, Аллоҳнинг ягоналиги ва Муҳаммад (с.а.в.) рисолатининг тасдиқи бўлсин деган ниятда, гўдак қулоғига азон ва такбир калималарини эшиттириш мусулмон ота-она зиммасидаги буюк вазифалардандир.
«Аллоҳуммажаал бирран ва анбатҳу минал Ислами набатан ҳуснан».
Маъноси: «Аллоҳим, бу фарзандимни ота-онасига нтоатли ва Ислом йўлида қадамларини баракотли қилгин». Ота-онанинг фарзанд ҳақига қилган дуоси пайғамбарлар дуоси каби ижобат бўлгай. Фарзанди ҳақига хайрли дуо қилиш ота-онанинг муҳим вазифаларидан биридир.
* * *
Саҳиҳ ҳадисларга кўра, ҳар туғилган бола учун ақиқа қурбонлиги сўйилади. Бу қурбонлик Аллоҳ берган неъмат – фарзанд учун шукр қилиш маъносидадир. Ҳадиси шарифларда айтилишича, вақтида ақиқа беролмаган киши кейинчалик қурбонлик сўйиши ҳам мумкин.
Ривоятларга кўра, Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам кейинчалик қурбонлик сўйганлар. Набиралари Ҳасан ва Ҳусайнлар учун алоҳида-алоҳида ақиқа қурбонлиги сўйилган. Вояга етмай вафот этган фарзандлар ота-оналарига шафоатчи бўлиши айтилган. Баъзи ривоятларда қурбонлиги сўйилмаган фарзандлар вафот этсалар, ота-оналарига шафоатчи бўла олмайдилар, дейилади.
Қурбонлик учун қўй, эчки каби ҳайвонлардан сўйиш мумкин. Хўроз қурбонликка ярамайди. Хўрозни қурбонлик қилиш динимизда йўқ. Бу мажусийликдан қолган ботил бир одат.
* * *
Ота-онанинг фарзанд олдидаги яна бир муҳим вазифаси унга чиройли исм қўйишдир. Мусулмон одам фарзандига динимизга мос энг гўзал исмларни қўйиши лозим. Шафоатда бу исмларнинг ҳам таъсири борлиги қайд этилган.
Қиёмат куни ҳар ким исми билан чақирилади, пайғамбарлар исмини олган мўмин ўша исм баракоти билан жаннатга киради, дейилган. Бир ҳадиси шарифда эса: «Мен қиёмат куни «Муҳаммад» исмли ҳар умматимни шафоат қиламан», дея марҳамат қилинган. «Муҳаммад» исми жамики самовий китобларда баён этилган, Аллоҳга жуда кўп ҳамд-мақтов айтувчи» маъносини беради. Қуръони каримнинг тўрт оятида Жаноби Ҳақ Расулуллоҳни (с.а.в.) шу исм билан зикр этади.
Расулуллоҳ (с.а.в.) имон келтирган саҳобийларнинг ботил исмларини чиройли исломий исмлар билан алмаштирганлар. Жоҳилият даврида Абдушамс, яъни «қуёшнинг қули» каби исмларни Абдуллоҳ - Аллоҳнинг қули деб ўзгартирганлар, Қуръони карим ҳукмларига, ҳадиси шарифларга асосланиб муқаддас динимизнинг кўрсатмаларига мувофиқ фарзандларга гўзал исмлар қўйиш ота-онанинг вазифасидир.
Ота-оналарнинг вазифаларидан бири ўғил фарзандларни суннат (хатна) қилдиришдир. Иброҳим, алайҳиссалом, (Аллоҳнинг амри билан 95 ёшларида суннат қилинганлар). Шундан сўнг барча пайғамбарлар ва умматлари суннат бўлдилар. Ҳозир ҳам яҳудийлар жуда кичик ёшдаёқ, мусулмонлар эса 3 ёшдан 12 ёшгача суннат қилинадилар. Суннат қилиш дин ҳам, фан ҳам фойдали деб топган амалдир.
Қиз фарзандларга Ислом асосларини, Қурьони каримни; ўргатиш, дунёвий ишларга оид фойдали билимларни ўргатиш ҳам муҳим вазифалардандир. Оналар фарзанд қалбига исломий туйғуларни, Аллоҳнинг яккаю ягоналиги, ўхшаши йўқлиги, Расулуллоҳ (с.а.в.) рисолати бўлган «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ» калимасини сингдиришлари лозим. Таҳорат, намоз, ғусл, рўзага оид билимлар болага ўргатиш лозим бўлган илк исломий талқинлардир. Фарзандлар тарбияси устида ота-оналар хассослик билан шуғулланишлари, шафқат ва адолат юзасидан иш тутишлари зарур. Фарзандларни бир-биридан ажратиб муомала қилиш ярамайди. Яъни, айримларини камситиш, мероснинг барчасини фақат бир фарзандга бағишлаб, бошқаларни бундан маҳрум этиш асло тўғри эмас.
Қиз фарзандларга паст назар билан қараш мумкин эмас. Жоҳилият замонида туғилган қиз боладан юз ўгиришар, ҳатто тириклай кўмиб юборишар эди. Қадимдан эркаклар афзал кўрилиб, хотин-қизлар пастга урилар, таҳқирланар, яхшиликлардан маҳрум этиларди. Исломият бу жоҳилона фожиага барҳам берди. Қиз боланинг мўл ризқ сабабчиси бўлишини муждалади.
Расулуллоҳ (с.а.в.): «Зинҳор қизлардан юз ўгирмангиз. Мен қизларнинг отасиман», дея марҳамат қилганлар.
Расулуллоҳ (с.а.в.) бу муборак сўзлари билан ботил қарашларга барҳам бердилар. Динимиз талабига кўра ота-оналар қизларига катта аҳамият беришлари, уларга фойдали иш, ҳунар ўргатишлари, динимиз ҳукмлари асосида тарбиялаши, соғлом турмуш, яхши (соғлом) оила қуришида бош бўлишлари зарур. Бу билан буюк вазифаларини адо этган бўладилар.
Қизларга исломий илм ва яхши тарбия бермаслик бир қанча фожиаларга олиб келиши мумкин. Исломий тарбия фарзанднинг ҳар турли ёмонликлардан сақланишига сабаб бўлади. Ўғилми-қизми, солиҳ ва солиха фарзандлар инсонлар қолдирадиган садақаи жория бўлади.
Бундай ота-оналарга ўз вафотларидан кейин ҳам яхшилик, савоб етиб туради. Зеро, солиҳ-солиҳа фарзандлар уларни ҳайрли дуолар билан эслайдилар.
Ҳамма фарзандларига адолат билан муомала қилган, уларни бир хил кўзда кўрган ота-оналар нақадар яхши инсонлардир! Ҳа, фарзандлардан бирини эркалаб, бошқасига эътиборсизлик қилиш зулмдир. Барчасига бирдай меҳр-шафқат кўрсатилиши лозим.
Фарзандлар кўзи ўнгида ёмон ишлар қилиш, беҳуда, беҳаё сўзлар айтиш уларни ахлоқсизликка етаклайди. Болаларга меъёридан ортиқ, исён қилар даражада қаттиққўл бўлиб, тазйиқ ўтказилса, улар маънан ожиз бўлиб қоладилар.
Ўн ёшга тўлган ҳар бир фарзанд учун алоҳида хоналар тайёрлаш исломий одобдандир.
Хулоса шуки, Ислом динимиз руҳларга нозик хитоб этади, тарбияда хассос бўлиб, ахлоқий-ҳаётий хис-туйғуларни такомиллаштирувчи вазифаларни юклайди. Ота-оналарнинг бундай вазифаларга эътиборсиз бўлиши, фарзандларни дунё ва охират азобларига дучор қилади. Барчамиз келажак учун ҳозирланганимиз каби, фарзандларимизни ҳам келгуси хаётга тайёрлашимиз, фойдали илм ва яхши тажриба ўргатишимиз лозим. Ҳазрати Али (р.а.) бу хусусда: «Фарзандларимизни келажакка муносиб этиб улғайтирайлик, зеро, улар бугунги замон учун эмас, келгуси ҳаёт учун яратилганлар» дея марҳамат қилганлар, Ҳар бир солиҳа аёл юқорида айтилган вазифаларни сидқидилдан адо этиб, фарзандларини тўғри йўлда улғайтирипш лозим. Шундагина болалар керакли диний билимларга эга бўлиб, ҳаёт синови ва машаққатларидан яхши ўтадилар.