Skip to Content

Сенинг онанг меникидан яхшироқми?

Болага таълимни ҳамма бериши мумкин лекин тарбияни онадан бошқа ҳеч ким бера олмаса керак.
90- йилларнинг бошларида “қиз боланинг илм олиб, мактаб кўриши шарт эмас”, деген ғайриоддий бир қарашга гувоҳ бўлган эдим. Бундай фикрдагилар ҳозир ҳам йўқ эмас. Баъзан ҳатто 2-4-синф маълумотига эга қизлар учраб туради. Бугунги тараққиёт шиддати қаршисида бу жуда паст албатта. Ваҳоланки, биз ўқиши шарт эмас, деган қизлар эртага миллатга она бўлғуси!
Бундан юз йил муққаддам Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратлар: “Тараққий этган миллатларни оналари ўқутур экан, биз аввал оналаримизни ўқутиб, аларга тил ўргатмоғимиз керак. Чунки бизнинг илм ва тилсизлигимиз алардандир”, бонг урган. Бу бонг ҳанузгача ўз жаранггида қолмоқда.
Миллатимизнинг етук намоёндалари ҳаётига назар ташласак, уларни айнан оналари илмли қилиб тарбиялаганларини кўрамиз: Муқумий онаси Ойшабибидан, Мунаввар қори онаси Хосият отиндан, Фитрат онаси Бибижондан, Исҳоқхон Ибрат онаси Ҳурбибидан тарбия ва илк илм сирларини ўрганишган.
Дарвоқе, миллатимиз оналари бу феълни кимдан ўрганишган?!
Албатта, салафларнинг фарзанд тарбиясидаги намуналаридан. Бунга тарих гувоҳ: Зубайр ибн Аввомнинг илк устози, онаси София бинт Абдулмуталлиб (р.а) эдилар.Али ибн Абу Толиб (р.а) нинг тарбиялари ортида Фотима бинти Асад сўнг эса мўъминлар онаси Хадича бинти Хувайлид бор эди.
Муовия ибн Абу Суфённинг устози оналари Ҳинд бинти Утба бўлиб, уларга, “Муовия улғайса, қавмига саййид бўлади”, дейилганда Ҳинд: “Фақатгина ўз қавмига саййид бўлса, бу боланинг боридан йўғи яхши, бу бола дунёнинг саййиди бўлиши керак”, деган эди.
Умар ибн Абдулазизнинг ортида онаси Умму Осим бўлса, “Фиқҳ денгизи” Муҳаммад ибн Идрис Шофеиъй эмизикли пайтларидаёқ оталари вафот этиб, оналари қўлида қолган эдилар.
Амирул мўминин Абдураҳмон Носир бир урушда 70 қўрғонни фатҳ этиб, францияликлар, швецияликлар қалбида номлари абадий сақланиб қолган эди. Ул зотни етим ҳолда ўстирган ёлғиз онаси бор эди.
Абдулла Авлоний: “Тарбияни кимлар қилур? Қайда қилинур?”, деган саволга, “Биринчи уй тарбияси. Бу иш она вазифасидур», дея жавоб берган эдилар.
Ўтмишда оналаримиз фарзанд тарбиясига миллат тарбияси, дея қараган бир маҳалда биз тақлид қилаётган Европанинг аҳволи шу даражада ачинарли эди: “IХ-ХII асрларда Ғарбнинг 95 фоиз аҳолиси ўқиш ёзишни мутлақо билмас эди. Европа подшоҳлари, амалдорлари ҳам саводсиз эдилар. Машҳур подшоҳ Буюк Шарл қарилик чоғида ўқиш-ёзишни ўргангани ҳаммага маълум. Монастирлардаги роҳиблар ва диний ходимлар қўлларига қалам тутишни ҳам билмас эдилар” ( “Аллоҳнинг нури Европани ёритур” номли китоб, 393 бет).
Бу бизнинг эмас бир Овруполик олимнинг эътирофи, албатта. Лекин жоҳилият ботқоғига ботган ана ўша Оврўпонинг бугунги кунга келиб эришган муваффақияти фақат ва фақат илм, ўқиш ўрганиш билан бўлди.
Мадомики, бугун қизлар ўқимас илм олмас экан, аёлларимиз фарзанд тарбиясига иккиламчи вазифа сифатида қараб, ёйинки уни бошқаларга топшириб, маъсулиятсизлик кўрсатар экан, миллатимиз пуразоб дардга гирифтор бўлиши турган гап. Бола онадан тарбия олмас экан, уни ҳеч бир муаллим йўлга сола олмайди.
Бизга бугун ер юзининг исталган бурчагида Усмон Носир мисрасини баралла айттира оладиган маънавий ҳақ даркор.

Нақшидил