Skip to Content

Аллоҳ расулига муҳаббат

Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. озод қилган қуллари Савбон р.а. Расули Акрамни қаттиқ яхши кўрар, фироқларига сабр қилолмас эди. Бир куни Савбан Расули Акрам ҳузурларига юзлари қизарган ва титраган ҳолда кириб келди. У зот Савбоннинг бу ҳолатини кўриб сабабини сўрадилар. Шунда Савбон: “Бетоб эмасман, аммо озгина вақт сизни кўрмай қолсам, даҳшатга тушаяпман. Мана ҳозиргина охиратни эсладим. Шубҳа йўқки, сиз жаннатда пайғамбарлар билан бирга бўласиз. Мен, гарчи Аллоҳ раҳмат қилиб жаннатга кирсам ҳам, сиз билан бўлолмайман. Чунки сизнинг манзилингиз баланд. Агар жаннатга киролмайдиган бўлсам, кейин сизни ҳеч қачон кўра олмайман. Охиратда ҳолим не кечишини ўйлаб титраб кетаяпман”, деди. Шунда ушбу оят нозил бўлди: “Кимда ким Аллоҳ ва Пайғамбарига итоат этса, ана ўшалар Аллоҳ инъомларига сазовор бўлган зотлар – пайғамбарлар, сиддиқлар (ҳақ рост имон эгалари), шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга бўлурдар. Ана ўшалар энг яхши ҳамроҳлардир”. (Нисо сураси, 69 оят)
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ с.а.в. даражаларига ҳеч ким ета олмайди. Лекин раҳмати кенг, авфи улуғ Аллоҳ суюкли Расулига илҳом берди. Аллоҳнинг ҳабиб Расули эса бу хушхабарни умматларига етказди. Анас ибин Моликдан ривоят қилинади: Бир аъробий Пайғамбар с.а.в. ҳузурига келиб сўради: “Қиёмат қачон бўлади?”, “У кун учун нима ҳозирладинг?”, дедилар Расули Акрам.
“Аллоҳ ва Расулига муҳаббат!”, дея жавоб берди аъробий. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Жаннатда ҳам яхши кўрганларинг билан бирга бўласан!”, дедилар. (Муттафақун алайҳ)
Демак, айни муҳаббат туфайли биз Аллоҳ таолонинг дийдорига, Пайғамбаримиз с.а.в. билан абадий бирга бўлиш саодатига эришамиз. Шундай экан, савол туғилади: “Бу муҳаббат қандай ҳосил бўлади, қандай кучаяди?...”
Келинг мазкур ҳадисга яна бир бор мурожаат қилайлик. Аъробий Аллоҳ Расулидан қиёмат вақтини сўради. Расулуллоҳ ажиб бир ҳикмат билан бизга ибрат бўладиган тарзда сўровчининг эътиборини сўралаётган нарсадан муҳимроқ ишга қаратдилар.
Дарвоқеъ, кўп маълумотлар тўплаб, кўп билгандан кўра, оз билиб, кўп амал қилган фойдалироқ. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг расули умматга беҳуда сўзни унуттирдилар, хайрли рағбат уйғотдилар. Зеро, ҳақиқий муҳаббат амалда зоҳир бўлади, амалда синалади, амал билан кучаяди. Бугун биз пайғамбарлар ҳақида ўқияпмиз. Тарихларини ўрганаяпмиз. Сийратлари билан танишаяпмиз. Ҳар куни билганларимизга нимадир қўшилади, билимимиз ошади. Даъволаримиз ҳам шунга яраша. Фахр бор, аммо фаҳм йўқ. Ақл жойида, аммо афсуски хуш йўқ. Дунёнинг бебақолиги-ю, чивининг қанотича қадри йўқлиги хусусида соатлаб мажлис қўрамиз, саҳобалар ҳолатидан ҳайратланиб тонглар оттирамиз. Афсус, эрталаб умримизнинг энг ғайратга тўла дамларини охират учун эмас, дунё учун мусобақалашиб ўтказамиз. Энг керакли пайтда қани биз ўрганган тақво? Қани у биз билган ғам? Наҳотки барчаси ёлғон?! Балки бугун қорин тўқу, кўзлар оч. Ноз неъматлар бисёру, барака йўқ. Жамоат жаму, файз кам бўлиши шунданмикин?
Расулуллоҳ с.а.в. шундай дедилар: “Аллоҳга қасамки, мени ота онангиз, фарзандларингиз ва мол дунёларингиздан кўра яхши кўрмагунингизча ҳақиқий мўмин бўла олмайсизлар”.
Саҳобалар ҳақиқий мўмин бўлиш иштиёқида муҳаббатни намойиш қилиш билан эмас, балки муҳаббат билан банд эдилар. Бунга мисол кўп.
Уҳуд жангида Муҳаммад ўлдирилди”, деган гап тарқалди. Баъзилар Мадинага қараб қочди. Пайғамбар с.а.в. суйган ансория аёллар “Расулуллоҳ қаерда?”, дея у зотни қидира бошлашди. Улар ҳатто “ўғлинг шаҳид бўлди”, “отанг ўлди”, “эринг ҳалоқ бўлди”, деган гапларга эътибор беришмади. Муҳаммад Мустафо с.а.в.ни излашди.
Пайғамбар с.а.в. дунёдан ўтганларидан кейин бир аёл келиб Оиша онамиздан Расулуллоҳ қабрларини кўрсатишларини илтимос қилди. Оиша онамиз муборак қабрни кўрсатганларидан кейин у аёл қабр ёнига борию, қабрни ўпган ҳолда жон таслим қилди...
Билол ҳабаший Расулуллоҳ вафотларидан кейин азон айта олмадилар. “Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ”, дейишлари билан ҳушдан кетавердилар...
Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббат қалб сиридир... бу сир қанча ичкарида бўлса, муҳаббат шунча кучли бўлади. Амаллар бу сирни яширади. Сўзлар ошкор қилади. Аллоҳ учун қилаётган амалимизни Ўзи билса бас. Чунки Пайғамбар с.а.в. шундай деганлар. У зотга муҳаббатимиз чин бўлса, суннатлари билан яшаб, сийратлари билан сифатланайлик. Аллоҳ бизни ҳам Расулини севганлар билан бирга жаннатда бирга қилсин.