Skip to Content

Ривоятлар

Шайх Ҳотами Асом, Балх шайхларининг улуғларидан эди. Бир куни Ҳотам ҳазратлари аёлига:
- Мен тўрт ойлик сафарга кетгайман. Шу тўрт ойлик муддатга қанча нафақа истайсан? - деб сўради. Аёли:
- Тирик қолишимга етгулик нафақа қолдиринг, - деди. Ҳотам:
- Тириклигинг ва ўлиминг менинг қўлимда эмас, Ҳақ таолонинг қўлидадир, - деди. Шунда аёли:
- Ундоқ бўлса, менинг ризқим ҳам сизнинг қўлингизда эмас, жаноби Ҳақнинг қўлидадир, - деди.
Ҳотам бу сўзни хуш кўрди ва уни дуо қилди. Қўшни хотинлар келиб аёлга: «Ҳотамдан нечун нафақа сўрамадинг?» дедилар.
Жавобан:
- Ул киши ҳам мен каби ризқ егувчидир, бергувчи эмасдир, - деди.

* * *

Жунайд Бағдодийнинг бир муриди бўлиб, уни жуда севар, бошқа муридлар уни ёқтирмас эди. Муридларнинг бу ҳоли Шайх ҳазратларига маълум бўлди.
Хизматкорига буюриб, йигирмата қуш келтириб, ҳар бир муридига биттадан берди.
- Ҳар бирингиз бу қушларни ҳеч кимса кўрмайдиган, хилват бир жойда бўғизлаб келтиринг! - деди.
Ҳаммаси қушларни кимсасиз бир жойда сўйиб, келтиришди. Ёлғиз ўша мурид қушни сўймасдан шундоқ келтирди. Жунайд:
- Нечун бўғизламадинг? - деди.
- Султоним, сиз қушларни ҳеч кимса кўрмайдиган ерда сўйишни буюрдингиз, мен кимсасиз бир жой топа олмадим. Ҳамма жойда Ҳақ таолони ҳозиру нозир кўрдим, - деди. Жўнайд:
- Кўрдингизми, қандоқ фаросати бор! - деди. Барча муридлари унинг фазилатига иқрор бўлдилар.

* * *

Ҳасан Басрий бир кун Дажла дарёси қирғоғига келди. Нариги томонга ўтиш учун кема топа олмади. Ҳабиб келди.
- Эй устод! Бу ерда не қилурсиз? - деди.
- Бир жойга бормоғим керак, аммо ўтмоққа кема йўқ, - деди Ҳасан Басрий.
- Устод! Илмингиз кўп бўлса, ҳасадни кўнглингиздан кетказинг, дунёдан жирканиб, балоларни ғанимат тутинг, барча ишларни Ҳақдан билинг. Қачон шундоқ бўлсангиз, оёғингизни сувга урингда, ўтиб кетаверинг, - деди. Ҳабиб оёғини Дажла дарёсига босиб, сувдан ўтди. Ҳасан Басрий йиғлади. Ҳушидан кетиб йиқилди. Ўзига келгач, ундан:
- Ё Имом! Сизга не бўлди? - деб сўрашди.
- Ҳабиб менинг шогирдимдир. Мени маломат қилди. Сув устидан ўтди, мен қолдим. Эртага сирот кўпригидан ҳам бутун халқ ўтиб, мен қолсам, ҳолим не бўлур! - деди. Сўнг Ҳабибдан сўради:
- Бу мартабани қайдан топдинг?
- Устод! Мен кўнгил оқартираман, сиз қоғоз қоралайсиз. Илмингиздан бошқаларга фойда тегар, ўзингизга тегмас - деди.

Фаридиддин Атторнинг
«Тазкират - ул Авлиё» китобидан