Skip to Content

САБР АЗОБИ

Ҳар бир сониянинг жони бор. Жон бериш азоби дақиқалар учун ҳам осон кечмагай. Буни ҳис этиш учун эса, этга чипқон чиқиши керак.Тананинг бирор ери лат еса, бутун вужуд зирқираб оғригани каби, бирор жонга иллат ё зиллат етса бутун жаҳон оғримоғи даркор. Бу оғриққа бардош топилмагай , унинг олдида ўлим ҳеч нарсадек.
Йуқса, Ҳазрат Алишер Навоий:
“Сабр бор ерда айрилиқ ўтида куйганларга ўлишдан ғам йўқ.
Иштиёқ эгаларига ҳажр ўтида куйишдан алам йўқ”, демас эдилар.
Аллоҳим, дўзах таърифини ўқиб, бандаларинг кўз ёш тўкурлар, шунчалар қўрқинчлими бу еринг? Унга ҳеч кимни туширмагайсан.
Аммо Раббим менга шундай мусибат билан жавоб этдики, ҳар кимнинг ўз жойи ва ҳар жойнинг ўз харидори борлиги учун бу дунёда дўзахга ҳам талабгорлар тайин этилганини англадим.
Модомики, ер остида қабр азоби ҳақ экан,ер устида ўша азобнинг муқобили сифатида сабр азоби ҳам мавжуд. Бандага ё униси ё буниси.

Ҳазрат Навоий:”Сабр саҳросида роҳат қилиш изтироб чекиш билан баробар; Сабир даштида дам олиш югуриш билан тенг”, дейдилар.
Қалбимдаги ўт ҳар нени куйдиргудек ловуллайди, юрагим отнинг гуштидек титилади. Унга «Ла ҳавла...”ни сув қилиб сепиб, “Алам нашрах”ни пуркасам (тиловат қилиш маъносида), бир оз ўчгандек бўлади. Ҳақиқий тақво эгаларининг таналари дўзах оловигв ҳаром қилинган бўлса, мазлумларнинг юрагида ловуллаб ёнаётган олов учун ҳаром луқманинг ўзи топилмайди: дунё бор буйича унга ҳалолдир. Чунки Расуллуллоҳ(с.а.в) марҳамат этганлар:”Мазлум музаффардир”.
Иброҳим Халилуллоҳни куйдириш учун Намруд ёққан оловни ўчириш мақсадида тумшуғида сув ташиган қалдирғоч каби умиддаман. Иброҳимни оташ бағридан соғ, омон чиқазган, Юнусга балиқ қорнида нур берган, Аййубга соғлиги, бойлиги, дину дунёсини қайтарган зот Сабр эгаси бизнида Дунё қамоқхонаси ғамхонасидан озод этгусидир.
Ҳазрат Алишер Навоийдан йироқ кетгум йўқ:
“Сабр ҳажр шомидек қоронғу ва узун, аммо сўнги висол тонги; сабр ҳаж йўлидек қийин ва йироқ аммо ниҳояти иқбол каъбаси”
Юсуф(а.с) зиндондан қутилиб чиқар чоғида эшик устига уч оғиз сўз ёзиб қолдирмиш эди:”Бу жой тирикларнинг қабридур; душманларни суюнтирур, дўстлар синалғусидир”
Сабр азоби ҳақ, лекин у жуда ширин неъмат. “Сабр қилувчилар билан биргаман”, дея марҳамат этилар экан, ундан тотлик нарса топиладими?!
Ва кўнгилда кўмилиб ётган туйғуларни изхор этиш билан сабр тугуни бўшамагай.

Нақшидил