Бугун биз 15 аср аввал Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васалламнинг табобат борасида айтиб ўтган тавсиялари ҳақида ҳикоя қиламиз. Шифокорларнинг тадқиқ қилишларича, табобат жуда ҳам ривожланганига қарамай, бу тавсиялар табобат китобининг олтин зарварақларига муҳрланган. Бу тавсияларни берган инсон – Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васалламга тасанно айтиш мумкин. Ҳижратгача Мадинадаги одамларнинг кўпчилиги безгак касаллиги билан оғришгани ҳақида маълумотлар бор. Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг шаҳар атрофида 30000 хурмо дарахтини экишга бошчилик қилганлар. (Хурмо дарахти намликни камайтириб ботқоқликларнинг қуришига сабаб бўлади).
Абул Баракатнинг китобларида ёзилишича, Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида “Вабо, ўлат каби касалликлар тарқаган шаҳарга кирмангиз ҳам ва у ердан чиқиб ҳам кетмангиз” (Имом Бухорий) деган тавсияни берганлар. Улар бу билан карантинни жорий қилганлар. Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам ўзларининг тавсияларини суннат тарзида бизга ҳам умримизни гўзаллаштирадиган ҳам охиратимиз озуқаси сифатида васият қилдилар:
- Сақланган таомни еманг.
- Овқатни жуда иссиқ ва жуда совуқ ҳолда истеъмол қилманг.
- Қўлларингизни овқатдан олдин ва кейин ювинг.
- Жуда туйиб овқат еманг.
- Овқатни шошмасдан яхшилаб чайнаб енг.
- Овқат вақтида сув, чой каби суюқликни кўп ичманг.
- Қишда қувватлироқ овқат, ёзда эса енгил ҳазм бўладиган мева ва сабзавотлар танаввул қилинг.
- Ибодат қилишингизда узум, хурмо ва зайтун сизга куч беради.
- Чарчаганингизда ширинлик танаввул қилинг.
- Синган, ёрилган идишдан нарса еманг ва ичманг.
- Овқатни танҳоликда танаввул қилманг ва хурсанд ҳолда дастурхонга ўтиринг.
- Овқатдан кейин Аллоҳга шукр айтинг.
- Бир ойда бир кун бўлса ҳам рўза тутиб, танангизга дам беринг.
- Асал енг – у минг хил касалликга дармондир. Бу хилдаги тавсияларни Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам минглаб берганлар. Мусо ибн Абу Хайяннинг «Ал-Халис” китобларида Расули акрам саллалоҳу алайҳи васалламнинг томоқ оғриғи ва кўз касалликларига берган ушбу тавсиялари келтирилган: “Қузиқорин теринг ва уларни уч кун қоронғу ва нам жойда сақланг. Уларда бир қават моғор пайдо бўлади. Қузиқоринларни чўпга кийдириб, оловда ушлаб туринг. Улар совугач, устидаги моғорни олиб, кўз атрофига (кўз касалликларида) ва томоққа (ангинада) суртинг”. Ҳозирги кун олимларининг айтишларича, бу ҳар бир дорихонада топиш мумкин бўлган пеницциллин бўлиб, бу дармонни Расул саллалоҳу алайҳи васаллам ўн тўрт аср аввал тавсия этганлар. Бу яна бир бора Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васалламнинг чексиз илм соҳиби эканликларини кўрсатади. Яна Муҳаммад мустафо саллалоҳу алайҳи васаллам кўзи оғриган кишиларга кўпроқ хурмо танаввул қилишни, иситма чиққанда баданни совуқ сувда чайишни тавсия этганлар. Буларнинг ҳаммасини ҳозиргача шифокорлар тавсия этадилар. Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам даврларида йўтал, ўпка силига учраган беморларни тоғда, чўпонлар билан қолдиришган ва уларга кўпроқ сут ичишни буюришган. Бундай касаллар тоғнинг тоза ҳавосида табиий нарсалар билан даволанганларидан сўнг Мадинага қайтаришган. Набий саллалоҳу алайҳи васаллам вабо ва ўпка сили каби юқули касалликларга учраганларни одамлардан узоқлаштириш кераклигини таъкидлаганлар. Бу касалликларни қузғатувчи микроблар эканлигини олимлар 20 асрга келиб татқиқ қилишди. Карантин ҳам шу асрнинг бошларида шифокорлар тарафидан тавсия этила бошланди.