Бир неча асрлар олдин Тобеинлар даврида Боғдод Ислом тараққий этган шаҳарлардан бири бўлиб, у ерда жуда кўп мусулмон уламолари, олимлари яшаган. Шу сабабли шаҳар Ислом динининг илм маркази ҳисобланган. Кунлардан бир кун Рум подшоҳи Боғдод мусулмонларига уч савол бериш амри билан ўз элчисини жўнатди. Элчи шаҳарга етиб боргач, халифага подшоҳнинг истагини билдирди. Шунда халифа шаҳар уламоларини саройга йиғишни буюрди. Элчи минбарга чиқиб:
- Мен сизларни тортишувга чақираман. Агар подшоҳимнинг уч саволига жавоб бера олсангиз, у сизларга кўп мол мулк ваъда қилмоқда. Мана саволларим: Аллоҳдан аввал нима бўлган? Аллоҳ қаерга қараяпти? Ҳозир Аллоҳ нима қиляпти?
Уламолар орасида сукунат чўмди.(Ўзингиз бу саволларга жавоб беришга журъат этармидингиз?) Тўсатдан оломон ичида майин овоз эшитилди:
- Дадажон, рухсат беринг, мен унинг саволларига жавоб берай!
Бу овоз отасига эргашиб келган ёш боланики эди. Халифадан рухсат сўралгач, болакайга гапиришга изн берилди. Рум элчиси ёш мусулмонга мурожаат қилиб, биринчи саволини такрорлади:
- Аллоҳдан аввал нима бўлган?
Йигитча саволга савол билан жавоб берди:
- Санашни биласизми?
- Ҳа, - деди элчи.
- Унда ўндан пастга қараб сананг!
Элчи “ўн, тўққиз, саккиз, дея санай бошлади ва ниҳоят “бир” деб тўхтади.
- Нега тўхтадингиз, бирдан кейин нима бор?”, - деди бола.
- Бир энг охиргиси, ундан кейин ҳеч нарса йўқ, - деди ҳайронлик билан элчи.
- Оддий бир сонидан кейин ҳеч нарса йўқ экан, қандай қилиб Якка бўлган Аллоҳдан аввал бир нарса бўлиши мумкин?! У Аввал ва Охир, Зоҳиру, Ботиндир.
Элчи бу жавобга ҳеч қандай эътироз билдира олмади ва иккинчи саволни берди:
- Аллоҳ қаерга қараяпти?
- Шам келтириб ёқинг, - деди йигитча, - энди эса унинг нури қаерга қараб таралаётганини айтинг.
- Аммо, шамнинг нури ҳар тарафга таралади: шарққа, ғарбга, шимолга, жанубга... Аниқ бир томонни айтиш мушкул, - дея ҳайрати ортди элчининг.
- Агар яратилган нур ҳар томонга қарар экан, унинг Яратувчисидан нимани кутмоқдасан?! “Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир...”(Нур, 35) хитоб қилди бола.
Элчи ўз кўзларига ишонмасди. Қаршида турган бу кичкина болакайнинг усталик билан бераётган жавоблари уни тилини тишлашга мажбур қилди. Тушкунликка тушган элчи охирги саволни беришга оғиз жуфтлар экан, йигитча унга:
“Тўхтанг, сиз менинг ўрнимга тушиб, мен эса минбарга чиқишим адолатлироқдир. Саволингизни ҳамма эшитди, энди менинг жавобимни ҳам эшитишсин, - деди.
Элчига бу таклифга рози бўлди ва минбардан тушиб учинчи саволни такрорлади:
- Ҳозир Аллоҳ нима қиляпти?
Йигитча ғурур билан:
- Аллоҳ ҳозир бу минбардан Исломни масхара қилмоқчи бўлган ёлғончини тушириб, уни ҳаммага кулги қилди. Аллоҳнинг борлигига ва бирлигига ишонган мўминни эса юксалтириб, тилига ҳикмат солиб ҳақиқатни баён қилдирди. Ҳамма нарсага Қодир Аллоҳ “... ҳар куни иш амалдадир”. (Ар-Роҳман, 29).
Мағлуб элчи бу сўзлардан сўнг иснод билан ўз шаҳрига қайтиб кетди. Бола эса Ислом оламидаги энг буюк олимлардан бири бўлиб етишди. Аллоҳ уни гўзал ҳикмат ва динни чуқур тушуниш иқтидори билан тақдирлади. Унинг исми Абу Ҳанифа бўлиб, у бутун дунёга Имоми Аъзам номи билан машҳурдир.
Ўсиб келаётган мусулмон фарзандларимизни ҳам шундай ҳикмат соҳибларидан бўлишларини Аллоҳдан сўраб дуо қилайлик.
- Ҳар ишни шошмасдан, эҳтиёткорлик билан қил.
- Беш вақт намоздан кейин Қуръон ўқиш ва зикрга вақт ажрат.
- Гаплашганда овозингни баландлатмасдан оғир сўзлаш.
- Ўзинг учун кам гапирмоқ ва оз ҳаракатни одат қил. Токи атрофдагилар сабр ва саботни сендан ўргансинлар.
- Ҳар ойда бир кун бўлса ҳам рўза тут.
- Қўлингда бўлган дунё молини ва баданнинг саломатлигига эътибор қил. Чунки қиёмат куни иккисининг ҳам ҳисобини беришинг лозим.
- Муаззин азон чақириши билан масжидда бўлишга ҳаракат қил.
- Менинг васиятларимни қабул қил. Зеро, уларда дунё ва охиратинг учун фойда бордир.
- Ҳар ишда мурувватли бўл.
- Зинҳор бахил бўлма, ҳолинг ёмон бўлади. Тамаъгар ва ёлғончилардан ҳам бўлма мурувватсиз қоласан.
- Илм аҳллари орасида бўлган суҳбатлардан мақсад обрў бўлса, бу мажлислардан узоқ бўл.
- Фисқ, мусиқа ва ҳаром аралашган мажлисларга кирма. Уларга ўртоқ бўлишинг сени ёмонликка бошлайди.
- Ота-онангни, устозингни ҳайр дуода унутма.
- Бу насиҳатимни қабул қил. Зеро буни сени ва бошқаларни ислоҳ қилиш учун васият қилдим.
тайёрлади