Skip to Content

Гулдан нозик аёллар

Кўп ҳолларда тухумдонлар яллиғланиши узоқ вақт давомида аломатсиз кечиши мумкин. Шунинг учун ёш аёллар ва қизлар шифокор мутахассис назоратидан ўтиб туришни канда қилмасликлари керак. Кўп ҳолларда аёллар турли инфекцияларни ўз билганларича даволашга ҳаракат қилишади. Оқибатда, инфекция аёлнинг тўғиш тизимига ҳам ўтиб, касаллик сурункали турга ўтиб кетади.
Тухумдонлар шамоллаши ўткир ва сурункали бўлиши мумкин. Касалликнинг келиб чиқиш сабабларидан асосийлари совуқ қотиш, асабийлашиш ва турли инфекцион касалликлар. Яллиғланиш камдан‑кам ҳолатларда мустақил касаллик сифатида ривожланади, балки бачадон найчалари шамоллаши билан бирга кеча бошлайди.  Касалликни қўзғатувчи инфекцияларга стафилакокк, стрептококк, гонококк, ошқозон ва сил таёқчаси киради. Инфекциялар турли йўллар билан тухумдонларга тушади. Масалан, стафилакокк ва сил таёқчаси асосан қон айланиш тизими ёрдамида танага тарқалади. Бола олдириш ёки туғруқ натижасида ҳам инфекциялар тананинг бошқа аъзоларига ўтиб кетиши мумкин.  
Касаллик аломатлари қўзғатувчи микроб ва тананинг умумий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда намоён бўлади. Касаллик гонококк вируси сабабли ривожланаётган бўлса, қовуқнинг пастки қисмида тортиб белга қадар қаттиқ оғриқ пайдо бўлади. Иситма кўтарилади, юрак уриши тезлашади. 
Ҳайз тизими бузилиб, кўп қон кетиш ёки умуман йўқолиб кетиши кузатилади. Ич қотиб, пешоб чиқариш қийинлашади. Шу билан бирга яллиғланиш йирингли ҳолга ҳам ўтиб кетиши мумкин.
Ўткир ҳолда кечаётган касаллик вақтида даволанмаса, 1‑1 ҳафтадан сўнг оғриқлар бироз енгиллашиб, касаллик сурункали ҳолатга ўтади. Баъзи ҳолларда эса биринчи кундан бошлаб сурункали ҳолатга ўтиб кетиши ҳам мумкин. Охирги пайтда бу ҳолат кўпроқ кузатилмоқда, бунга эса пала‑партиш равишда антибиотиклар қабул қилиш сабаб бўлмоқда. Шунинг учун, касаликка мутахассис шифокор ёрдамида тўғри ташхис қўйиш муҳим.
Касалликни даволаш унинг қай босқичда эканлигига ва қўзғатувчи инфекцияга қараб белгиланади. Ташхис натижасида касаллик ўткир ҳолатда эканлиги аниқланганда, инфекцияга таъсирчанлиги юқори бўлган антибиотик дори воситалари белгиланади. Шу билан бирга тананинг умумий саломатлигини қувватловчи дорилар ҳам қабул қилиш маслаҳат берилади.
Касаллик сурункали ҳолатга ўтган бўлса, уни даволаш бироз мушкул кечади. Жинсий аъзолар тизимининг бузилиши тикланади, эндокрин ва бошқа тизимларга ҳам эътибор берилади.  
Касалликнинг сурункали тури совуққотганда, ўта чарчаганда, ҳайз даврида, жарроҳлик амалиётларидан кейин қайталаниб туради. Оғриқ кучайиб, ҳарорат кўтарилади.
Даволашни албатта, шифокор мутахассис белгилаши лозим. Асосий даволанишга ёрдамчи тарзда халқ табобатида тухумдонлар яллиғланишини қарши турли гиёҳлардан ҳам фойдаланишингиз мумкин.
Ични равон ушлаб туриш, узоқ вақт сийдик тутиб юрмаслик, аччиқ ва шўр овқатлар истеъмол қилишдан сақланиш керак.
Иситма кўтарилганда кўп суюқлик ичиш лозим.
Беморга енгил бадантарбия машғулотлари, тоза ҳаво, сервитамин ҳўл мева, сабзавотлар ва ошкўклар тавсия этилади.
Касалликни қайталанишидан сақланиш учун танани совуққотишдан сақлаш, зах ва нам жойларда ўтирмаслик, иссиқ кийинган маъқул.
Шахсий гигиенага аҳамият бериш лозим.
Ўз‑ўзини даволаш, қорин бўшлиғига турли иситувчи (грелка) воситалар қўйиш мумкин эмас.
Қашқарбеда – 3 ош қошиқ, оққалдирмоқ – 2 ош қошиқ, тирноқгул – 3 ош қошиқ, мармарак – 2 ош қошиқ, шарсимон эвкалипт – 2 ош қошиқ. Гиёҳларни ҳаммасини янчиб аралаштирилади. Бир литр сувга йиғмадан 3 ош қошиқ солинади ва дамлаб қўйилади. Сузиб олиб, кунига 6 маҳал, овқатдан 20 дақиқа аввал илиқ ҳолда ичилади.
Бўзноч, қайин барглари, ертут барги, жўхори попуги, туятовон (мать‑и‑мачеха) барглари, ялпиз, бўйимодарон, қичитқи, наъматак, четан – гиёҳларни барчасини аралаштириб, 2 ош қошиқ аралашмани 0,5 литр қайнаган сувда дамлаб қўйиш лозим. Кун давомида овқатдан аввал 3‑4 марта истеъмол қилиш лозим. Даволаниш курси 2‑3 ой.

 

Файруза МУХТОРОВА тайёрлади