Skip to Content

ГЎЗАЛ ХУЛҚЛИ МАЛАК СИЙМО БЎЛСА


Оила қуриш ниҳоятда нозик масала эканини яхши биламиз. Бунга юзаки қарайдиганлар хато қиладилар. Тўғри, ота–отанинг мақсади вояга етган фарзандини уйли–жойли қилиб, хотиржам бўлиш. Лекин масаланинг энг муҳим томони – танланаётган йигит ёки қизнинг оилага бўлган муносабатини яхши ўрганмай, уларни оилали қилиш, айниқса, қизларни узатиш жиддий иш. Ҳадиси шарифда: «Умматимдан менинг шафоатимни истаган киши қизини фосиққа бермасин» ,-дейилган. «Муршиди мутааҳҳилийн» номли китобда: «Қизини турмушга берадиган кишининг биринчи вазифаси бўлажак куёвнинг имони, амали, ахлоқи ва феъл–атворини билмоқдир», дейилади.

Бир аёл айтадики, талабалик йилларимда бўлажак умр йўлдошим ҳақида тасаввур қилолмасдим. Бу ҳақда ўйлашдан ҳам тортинардим. Фақат бир ўғлим бўлса, исмини Отабек қўйсам, дея орзу қилардим. Оила қурдим. Ўғиллик бўлдик. Менинг ўша орзуларим хотирамдан фаромуш бўлган экан. Қайнонам ҳам «шу ўғлимдан набира кўрсам, исмини Отабек қўяман», деб ният қилган эканлар. Ўғлимнинг гувоҳномасини қўлга олиб, Отабек исмини ўқигач, ўша орзуларим ёдимга тушди. Кўзларимда ёш айланди. Аллоҳ эзгу ниятларга Ўзи йўл берар экан.
Бир аёл эса: «Турмушга чиқаётган пайтимда жоҳиллигим туфайли ният нима эканини ҳам билмаган эканман. Мана, энди фарзандларимнинг тарбиясида қийналиб юрибман». Гапни бошқа бир жувон давом эттирди: «Мени турмушга мажбурлаб беришган. Ўшанда ҳеч нарсани ўйлагим ҳам келмаган. Ҳозир мени кўрганлар «жуда бахтли яшаса керак», деб ўйлашади. Аслида ундай эмас: ҳамиша кулиб юрганим билан ичимда изтироб қайнайди. Турмушга чиқишдан олдин «барибир ажраламан», дегандим. Энди эса яхши ният қилмаганимдан афсусдаман».
Қуръони каримнинг «Фурқон» сураси (74-ояти мазмуни)да Аллоҳ таоло фарзанд ва жуфти ҳалол сўраганларни бундай таърифлаган: «Улар: «Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пешво қилгин!»,-дейдиган кишилардир» .
Бир қизни биламан. Унинг руҳияти ниҳоятда гўзал. Доим тасаввуф ҳақида гапиради. Қизнинг нигоҳида Аллоҳга бўлган ишқни кўрардим. Унга совчилар кела бошлади. Лекин қизни ташвишга солган нарса – йигитнинг оила ҳақидаги фикри ва ниятлари қандайлигини билиш эди. Бир куни айтиб қолди: «Келаётган совчилар мени йигит билан учраштиришмоқчи. Унга аҳволимни қандай тушунтираман, дея ўйлаб ўтириб, хаёлимга бир фикр келди, яъни орзуларимни қоғозга тушириб унга бермоқчиман ва шу йўл билан унинг ҳам мақсадларини билмоқчиман». Қизнинг ҳаё тўла кўзларини кўриб, очиғи хурсанд бўлдим. Орадан кунлар ўтди. Тақдири бошқа жойдан кулиб турган экан, учрашув бўлмабди. Бундан қиз хотиржам, чунки бунга кўнгли ҳам тортмаган экан. Қизга бошқа жойдан совчилар келади. Аллоҳнинг мўъжизасини қарангки, йигит билан қиз учрашмай туриб, ниятларига етгандек эдилар, гўё. Негаки, йигит муаллифи аниқ бўлмаган бир ғазални (балки муаллифи ҳам ўзидир) қизга юборибди. Бундан ҳам ҳайратландик, ҳам дуонинг инсон ҳаётидаги ўрни нақадар буюк эканига янада ишондик.
Хўш, ният аслида дуо эмасми? Аллоҳ таоло ҳар бир ишнинг қатида биз билиб–билмаган ҳикматлар яширади.
Сир эмас, кўп оилалардаги кўнгилсизликлар турли бахтсизликларни келтириб чиқаради. Бу албатта, тушунмовчиликдан бўлса керак, деб ўйлаймиз. Шунинг учун ота–она турмуш қураётган фарзандларининг аввало маънавий савияларига эътибор берсалар, қолаверса, ёшлар ҳам бу масалада диққатли бўлсалар, яхши бўлармиди. Чунки оилада маънавият кўп нарсани белгилайди – зоҳиран қувноқ, руҳан эса қийналиб яшашнинг олдини олади. Халқда «Ниятинг ҳамроҳинг бўлсин», деган ибора бор. Турмуш сўқмоқлари баланд–пастлиги билан ҳар кимда ҳар хил кечади. Ҳар ким ниятига яраша юксак мартабаларга эришади.
Барчага Аллоҳ таолодан дунё ва охират хайрларини тилаган ҳолда, юқорида зикр этганимиз қизнинг орзулари туширилган битиклари ва йигитнинг унга йўллаган ғазалини ибрат учун ҳавола этмоқчимиз.
ҚИЗ:
Мен Аллоҳнинг бир бандаси бу дунёда Аллоҳ рози бўладиган ва охиратда Унинг раҳматига эришадиган покиза умр кечиришни хоҳлайман. Иложи бўлса танҳоликда Ҳақнинг ёди билан яшардим. Лекин ёлғизлик фақат Аллоҳга хос бўлганлиги, қолаверса, ота–онанинг фарзанди вояга етгач турмушга бериши азалий одатларимиз бўлганлиги учун ҳам бунга мажбурман. Мен шундай жуфт билан ҳаёт кечиришни ният қиламанки, У инсон Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари билан хулқланган бўлса; барча зарурий дунёвий–ухровий илмлардан воқиф бўлиб, маданиятли, маънавиятли эътиқодда, амалда ҳам Ислом мезонларига содиқ бўлган; мени дунё ва охиратда бахтли–саодатли ҳаёт кечиришда йўлбошчим бўлишини; охиратда шу жуфтим билан жаннатнинг энг олий мақомида ҳам бирга бўлишни; бир–биримизга жуфтлик йўлида ҳамда ҳаётнинг барча синовларида муҳаббатли бўлишимизни; мени тун ярмида таҳажжуд намозига уйғотадиган; тоатимда ёрдам берадиган; ҳар куни «бугун Қуръондан қанча оят ёд олдинг ва қанча пора ўқидинг», деган сўзлари қулоғим остида такрорланиб туришини ва гўзал овоз билан Қуръон ўқиб беришини ва унинг маъносида яшашни орзу қиламан. Чунки бундай фазилатларсиз ҳалол–пок яшашнинг иложи йўқ. Бу нафақат оилам, балки жамиятим учун ҳам жуда фойдали.
Мен яқинда тасаввуф йўлига кирдим. Ҳозирча тасаввуф ҳақида тушунчам унчалик кенг эмас. Лекин бу йўлнинг тўғрилигига аминман. Негаки, тасаввуфгина инсонни комиллик мартабасига эриштиради. Шунинг учун турмуш ўртоғим ҳам бу таълимотни яхши тушунган бўлишини ва тасаввуфга бўлган муҳаббатимни янада зиёда этиб, танлаган йўлимнинг сир–асрорларини менга англатишини истайман!

ЙИГИТ:
Ажаб ақли расо ёринг, гўзал хулқи қамар бўлса,
Тавозеъли, малак сиймо, насаб гарчи башар бўлса.
Бўлиб озода ҳовлиси, бирам уйлар саранжомлиғ,
Идишлар тозадур ўрни саришта ҳам басар бўлса.
Хато қилса, ўгит берсанг, кўзин доим тикиб ерга:
«Тасаддуқман, бегим» деб ул сўзинг чин мўътабар билса.
Табассумлиғ, қабоқ читмас, иши Аллоҳ ризосидур,
«Фидодур», дер «ширин жоним», агар ёрим сўрар бўлса.
Шариатни тутиб устун, кечиб нафси ҳавосидин,
Гапирсанг гар ҳадис, оят кўзидин ёш тўкар бўлса.
Салафларға муҳаббатлиғ, олиб ўрнак Румайсодин,
Иши вақтингни хуш қилмоқ, ғамингдан бохабар бўлса.
Кечиб зар, зебу зийнатдин, жавоб қилса Ҳумайродек,
Ҳалол жуфти билан бирга таҳажжудда турар бўлса.
Чиқиб кўчага бул тезкор замонда ташвишинг ортур,
Кулиб ҳовлида, нози юз ғамингни кетказар бўлса.
Фироқи ўртаса дилни, олур жон ғамзаси ўқдек,
Пиширган ҳар таоми ҳам асал, новвот, шакар бўлса.
Бунингдек васфга молик бўлса ёринг гар кулиб бахтинг,
Нисор айла анга жонинг насибанг шул қадар бўлса.
Сабаб бўлган кишини кўп дуо қилгил Муниб дилдан,
Худо рози бўлсин! деб илтижо айла саҳар бўлса.

Ушбу мақола ёзилганида йигит пойтахтдан узоқда, яъни вилоятлардан бирида бўлгани учун улар ҳали учрашмаган эдилар. Кейинчалик учрашдилар, кўнгилдагидек тўй бўлди (Илоҳим, ёмон назарлардан Ўзи асрасин). Ҳар икки тараф - қуда андаларнинг қувончлари чексиз. Қиз ва йигитнинг оналари билан ҳам суҳбатда бўлдик. Зиёли, қаноатли, ибодатли инсонлар экан. Ана шундай фарзандларни тарбиялаб вояга етказганлари учун улардан Аллоҳ рози бўлсин.

Иноят УБАЙДУЛЛАЕВА тайёрлади