Skip to Content

Кичик вампир?..

Уни баъзилар кичик вампир, дейдилар. Вампирлар ҳақида тўла тасаввурга эга бўлмаганимиз боис, бу фикр қанчалар тўғри эканлиги ҳақида фикр юритишга ожизмиз. Аммо мақоламиз қаҳрамони ҳақида шуни айтиб ўтишимиз мумкин. Дунёда унинг 500 хил тури мавжуд, аммо бизнинг қаҳрамонимиз ўз қабиладошларидан бошқачароқ. Унинг вазни 5 гр атрофида. Унга вампирлик ишларини топширишдан аввал 3‑4 ойлик очлик парҳезида ушлаб турилади. Оғиз бўшлиғида ҳаракатланувчи 3 жағидан ташқари, устки ва пастки томонлари билан танага ёпишиб оладиган хусусиятини ҳам бор. Танадан тушиб кетмаслик учун ёпишқоқлари ёрдамида жойлашиб олган вампир, 3 жағи ёрдамида терини кесиб, ундан секин аста қон сура бошлайди. Демак, бир маънода мақола бошида келтирилган сўзлар ҳақиқатга яқин экан. Закий ўқувчи гап нима ҳақида кетаётганини тахмин қилган бўлсада, мақоламиз қаҳрамони билан сизни таништирсак.
Ўтган аср олимлари эса унинг саломатлик учун фойдали сифатларини ўрганиб чиқиб, даво учун мураккаб ва мукаммал машина, деган хулосага келишган. Табобат тилида эса уни зулук, деб номлайдилар.
Зулук ёрдамида шифо учун қон олдирилади. Бир муддат у табобат оламини тарк этган, аммо ҳозирги кунда Оврўпа ва бошқа мамлакатларнинг тиббиёт ходимларининг кўб ва хўб тадқиқот ва изланишлари қаҳрамонига айланган.
Хўш, кичик вампир қандай қилиб қон оладию, одамлар уни қўйишга қўрқмайдилармикин, деган савол туғилади.
Зулук дунёга келиши билан мукаммал тарзда қон олиш хусусиятига эга бўлади. Уларга бу хусусиятни Ҳақ таоло ато этган. Зеро, дунёдаги барча нарсалар инсон учун яратилмишдир. Шифохонага бориб қон олдириш ҳақида ўйлаган одамнинг қўрқувдан этлари жунжикиб кетиши мумкин. Аммо бизнинг қаҳрамон жуда нозик табиб, у иложи борича сизнинг жонингизни оғритмаслик ҳаракатида бўлади. Чунки унинг жағлари ўткирлигига ҳар қандай тиғ ҳавас қилса арзийди. Жилла қурса, бир ари чаққандай оғриқ сезишингиз мумкин. Тиббиёт ниналари заҳрининг олдида, ари чақиши ҳеч гап эмас. Ҳақ таолонинг тиббиёт олийгоҳини тугатган бу қаҳрамонимизнинг сўлак безларига оғриқ қолдирувчи хусусиятни ҳам яширган. У қон сурар экан, оғриқни умуман сезмайсиз.
Унинг сифатларини келтиришда давом этадиган бўлсак, инсон танасида яра бўлган жойда қон қотиб қолади. Аммо зулук қон сураркан, бундай ҳолат юзага келмайди. Унинг сўлак безларидан қонга тушган моддалар қонни суюлтиради. 20‑30 дақиқадан сўнг ишини тугатган кичик табиб ўзи юмалаб тушади. Унинг нозиктаъб табиб эканлиги хусусида кўп сўз айтсак, мақоламиздан четга чиқиб кетган бўламиз. Шунинг учун зулукнинг қон суриши инсонга қандай шифо бўлиши ҳақидаги бўлимимизга ўтсак.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қон олдириб туриш хусусидаги фикрлари ва тутган йўллари ҳадислардан бизга маълум.
Қон вақт ўтиши билан қуюқлашиб, турли токсин ва зарарли моддаларга тўлиб боради. Турли юрак касалликлари, шамоллаш ва яллиғланишлар, тромблар ва унинг натижасида келиб чиқадиган касалликлар. Буларнинг барчасини зулук ёрдамида қон олдириш билан даволаш мумкин. Унинг сўлак безларида яширинган турли ферментлар қондаги тромбларни парчалаб, уни кислородга бойитади, қоннинг юришини яхшилайди. Ундаги яллиғланиш ва токсинларни тозалайди. Жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган хасталарнинг тикланиш жараёни осон кечиши учун зулук қўйиш тавсия этилади. Даволаш билан бирга у тикиш изларини тезроқ битишини ҳам таъминлайди. Ошқозон яралари, тери касалликлари, аёлларга хос климакс, ҳайз олди оғриқлари, тухумдон ва бачадон хасталикларига ҳам яхши шифо бўлади. Эркаклардаги турли урологик касалликлар, остеопороз, қандли диабет, радикулит, жинсий ожизлик, геморрой каби касалликларни ҳам даволаш мумкин. Умуман юрак қон томир касалликларига чалиниш эҳтимоли катта беморлар қон олдириб туришлари лозимлиги кўпдан бери маълум.  
Олимлар зулукнинг сўлак безида гиолуринидаза ферментини топишган. Бу модда баъзи бир ўргимчак ва илонларнинг заҳрида учрайди. У танадаги яра ва тикиш изларини йўқотиш хусусиятига эга. Ҳозирги кунда турли косметик кремларни ишлаб чиқарувчи корхоналар ўз маҳсулотларини мана шу модда билан бойитишмоқда. Зулук сўлагида мавжуд бўлган ферментларнинг 120 таси ўрганилган, холос. Яъни унинг барча биологик актив моддалари тўлагича тиббиётга маълум эмас.
Қадимда, кўз тегиши ва сеҳр қилишга қарши восита сифатида ҳам фойдаланишган. Ҳозирги кун олимларининг таъкидларига кўра, зулук қўйиш инсон руҳиятига ҳам яхши таъсир кўрсатар экан.
Яна шуни айтиб ўтишимиз лозимки, зулукни асосан баҳор ва куз пайтида қўйиш тавсия этилади. Аммо уни албатта, мутахассис қўйиши лозим. Чунки уни қўйиш мумкин бўлган – акупунктур нуқталар бўлади. Ўзбошимчалик эса кутилмаган кўнгилсизликларга олиб келиши мумкин.
Зулукнинг фойдали жиҳатлари:

  • қонни суюлтиради;
  • томирда ивиб қолган қонни (тромб) эритади;
  • тўқималар ва аъзоларга қон етиб боришини яхшилайди;
  • қондаги кислород миқдорини оширади;
  • турли шишларга қарши даволайди;
  • асаб-мушак толаларини тиклайди;
  • қон томирларини тиклайди;
  • қондаги яллиғланиш асоратларини йўқотади;
  • иммунитетни кўтаради;
  • оғриқ қолдириш кучига эга.

Қўллаш турлари:

  • артериал қон босимининг кўтарилишида;
  • турли яллиғланиш, шамоллашда;
  • лимфа ва кўктомирларда (вена) қон юришиши қийинлашганда;
  • қон ёпишқоқлиги (вязкость) бузилганда;
  • турли яралар (язва), жароҳат, тери касалликларида;
  • аъзоларда чандиқ ҳосил бўлганда;
  • иммунитет пасайиб кетганда.

Қўллашга маън қилинган ҳолатлар:

  • Қон уюшиши билан боғлиқ касалликларда гемофилия ва гемморагик диатез каби ҳолатларда;
  • Артериал қон босимида тушиб кетганда.
  • ҳомиладорлик;
  • сурункали гемоглабин етишмаслиги;
  • хавфли ўсмалар.

Ҳозирги кунда зулук билан даволаш турли эндокрин касалликлар, семириб кетиш, қонда шакар миқдори ошиши каби касалликларда ҳам яхши натижаларга олиб келмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтишни лозим топдик: бундан 1400 йил аввал яшаган Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан қон олдириш умматга мерос қолган. Роббимизнинг эса мўъжизалари битмас туганмас. Яъни, ҳар бир дардни ўз шифоси билан бирга беради. Худди сувга тушган пашшанинг бир қанотида дарди, иккинчи қанотида шифоси билан бергани каби. Сўнгсўз ўрнида ҳайратланарли бир фактни ҳам келтириб ўтсак, агар рўзадор бўлсангиз, бу кичкина табиб қон сурмайди. Беморнинг рўза ниятида эканлигини бу кичик жонивор қаердан сезиши эса уни Яратган Одил Аллоҳга аён.

Омон бўлинг, азизлар.

Мадина ЗАРИФ