Skip to Content

КЕНИТОЗ

Фарзандим билан бирор жойга бориш мен учун ҳам, фарзандим учун ҳам катта бир муаммога айланади. Сабаби: ҳар қандай транспорт воситасига чиқмайлик, боламнинг кўнгли беҳузур бўлиб, ранги оқариб, қайт қилгиси келади. Невропатолог шифокор, конфет ва лимондан фойдаланишни маслаҳат берди. Аммо фойдаси бўлмади. Бунинг сабаби нимада? Агар бу касаллик бўлса, уни қандай даволаш мумкин? – дейди бизга телефон қилган Нигора Абдураҳмонова.
Тиббиётда бу аломат кенитоз, деб аталади, у нафақат болаларда, балки катталарда ҳам учраб туради. Мутахассислар бу ҳолатни касаллик тури деб ҳисобламайдилар. Халқ тилида эса – денгиз касаллиги деб ҳам ном чиқарган. Кинетоз – аксарият болаларда, тез таъсирланувчи одамларда ва ҳайз даврида ёки ҳомиладор бўлган аёлларда учрайди. Аёл танасида содир бўлаётган эндокрин ўзгаришлар турли чайқалиш ва тебранишларга нисбатан чидамлиликни пасайтириб юборади.
Кенитоз аломатлари:

  • бош оғриғи;
  • оқариб кетиш;
  • совуқ тер;
  • томир уруши тезлашиши;
  • бармоқлар титраши;
  • жаҳл чиқиши;
  • ич кетиши.

Бу ҳолатнинг келиб чиқиш сабаби эса, иккита. Бола транспорт воситасининг ҳидидан беҳузур бўлиши мумкин ёки машинадаги чайқалишдан. Биринчи ҳолатда бола ўтирган жойда тоза ҳаво бўлсин, аммо елкизак эмас. Агар унда иккинчи ҳолат кузатилса, демак боланинг вестибуляр аппарати (бош ва гавда мувозанатини идора қиладиган аъзо) заиф. Демак, бу аъзони қувватлантириш лозим.
Бу ҳолатни даволашдан кўра, олдини олган маъқулроқ. Бола оламни ўйин орқали танийди, дейишади кўп ҳолларда. Бу гапда жон бор. Чунки ўйин боланинг нафақат ақлий ўсишда, балки жисмоний ривожланишида ҳам катта ўрин тутади. Арғимчоқда ўчиш, катта коптокларда сакраш, ўмболоқ ошиш вестибуляр аппаратни мустаҳкамлайди. Сузиш, роликда ўчиш, велосипед ҳайдаш ва умуман фаол ҳаракатлик бола учун муҳим. Бола билан ҳар куни ҳеч бўлмаганда 15 дақиқа спорт машғулотлари (бўйин айлантириш, қуёнча каби сакраш ва ҳк.) билан шуғулланинг. Ва албатта иложи борича, кўпроқ транспорт воситасига чиқиш, кўнгили айниб бошлаганда тушиб, тоза ҳавода сайр қилинг.  Асосийси унинг кўнгли беҳузур бўла бошлаганда, унга жаҳл қилиб, уни урушманг, чунки бу билан муаммони чигаллашиб кетишига олиб келасиз. Бу ҳолат боланинг истак‑хоҳиши билан боғлиқ эмас, буни унинг тана тизимининг ўзига хос хусусияти деб қабул қилинг. Урушиш ва унга жаҳл қилиш эса, унда бутун транспорт воситаларига нисбатан қўрқув ҳиссини пайдо қилади.
Бирор жойга йўл олишдан аввал, албатта сумкангизга тоза целофан пакет ва дастрўмолча ва газсиз минерал сув солиб қўйинг. Нордон конфет, қурт ёки сақич ҳам олиб юрганингиз маъқул. Транспорт воситасига чиққач эса, уни турли ўйин ёки санаш билан эътиборини тортинг.  Аммо китоб ўқиманг, бу кўнгил беҳузур бўлишини тезлаштиради. Бола транспорт воситасининг ён ойналарига эмас, олдинга қарагани яхшироқ. Ҳадеб, “кўнглинг айнияптими?” деб сўрайверманг. Бу савол мия тарафидан ўзига хос хабар сифатида қабул қилиниши мумкин. Чуқур‑чуқур нафас олиш ҳам фойдали. Ҳозирги кунда кенитозга қарши турли дори воситалари ҳам мавжуд. Уларни қабул қилишдан олдин, албатта, қабул қилиш қўлланмаси билан танишиб чиқинг. Энг яхши восита эса, уйқу. Шунинг учун узоқ жойларга қилинадиган саёҳатларни боланинг уйқу соатига мўлжалланг. Овқат ейиш билан йўлга чиқиш орасидаги вақт ҳеч бўлмаганда 40 дақиқа бўлиши керак. Аммо оч қорин билан ҳам йўлга отланманг.  Яна қайтариб ўтамиз, боланинг бу ҳолатидан катта ечимсиз муаммо қилманг. Болалар бундай нарсаларга нисбатан таъсирчан бўлишади.
Бола ўсиши билан (6‑7 ёшдан сўнг) бу муаммолар ортда қолиб кетади. Бунга бироз вақт ва бир қанча машғулотларни такрорлаб, вестибуляр аппаратни мустаҳкамлаш талаб қилинади, холос.

Файруза МУХТОРОВА тайёрлади.