Skip to Content

ҲИДОЯТГА ЧОРЛАГАН СУҲБАТ

Боязид Бистомий ҳазратлари билан бир гуруҳ румлик роҳиблар ўртасида бундай савол-жавоб бўлиб ўтди.
– Қандай илмларни биласан? – сўради роҳиблар бошлиғи.
– Раббим насиб этганларини биламан, – жавоб бердилар ҳазрат.
– Унда сенга саволларимиз бор. Энг олдин иккинчиси бўлмаган бирга, учинчиси бўлмаган иккига, тўртинчиси бўлмаган учга, бешинчиси бўлмаган тўртга, олтинчиси бўлмаган бешга, еттинчиси бўлмаган олтига, саккизинчиси бўлмаган еттига, тўққизинчиси бўлмаган саккизга, ўнинчиси бўлмаган тўққизга, ўн биринчиси бўлмаган ўнга, ўн иккинчиси бўлмаган ўн бирга, ўн учинчиси бўлмаган ўн иккига изоҳ бер.
– Иккинчиси бўлмаган бир – тенги ва шериги йўқ ягона Аллоҳ таолодир. Учинчиси бўлмаган икки – кеча ва кундуз; тўртинчиси бўлмаган уч – уч талоқ; бешинчиси бўлмаган тўрт – Таврот, Забур, Инжил ва Қуръон; олтинчиси бўлмаган беш – беш вақт намоз; еттинчиси бўлмаган олти – осмонлар ва ер яратилган олти кун; саккизинчиси бўлмаган етти – етти қават осмон; тўққизинчиси бўлмаган саккиз – қиёмат куни Аршни кўтарадиган саккиз фаришта; ўнинчиси бўлмаган тўққиз – аёлнинг тўққиз ой ҳомиладорлик муддати; ўн биринчиси бўлмаган ўн – Мусонинг (алайҳиссалом) Шуайбга (алайҳиссалом) ўн йил чўпонлик қилган вақтлари; ўн иккинчиси бўлмаган ўн бир Юсуфнинг (алайҳиссалом) ўн бир оға-иниси; ўн учинчиси бўлмаган ўн икки эса ўн икки ойдир.
– Тўғри айтдинг, – эътироф қилди роҳиблар бошлиғи. – Энди бизга ҳавода муҳофаза қилинган, ҳаво билан ҳалок этилганлардан хабар бер.
– Сулаймон (алайҳиссалом) ҳавода муҳофаза этилдилар. Од қавми ҳаво билан ҳалок қилинди.
– Тўғри жавоб бердинг. Энди бизга ким оловдан яратилгани ва ким олов ичра кўринганидан сўзла.
– Иблис оловдан яратилди ва Иброҳим (алайҳиссалом) олов ичида кўриндилар.
– Айтганларинг тўғри. Кейинги савол: ким тошдан яратилди, тош ичида ким кўринди ва тош билан ким ҳалок этилди?
– Солиҳнинг (алайҳиссалом) туяси тошдан яратилди, ғор соҳиблари тош ичида кўринди ва Абраҳанинг фил, қўшинлари тош билан ҳалок қилинди.
– Жуда тўғри. Олимлар жаннатда тўрт дарё бор: бири болдан, бири сутдан, бири сувдан, бири эса шарбатдан; аммо бу тўрт дарёнинг чиқар жойи битта дейишади. Дунёда бунинг мисоли борми?
– Албатта. Бунга мисол одамнинг бош қисми. Қулоқ ёғи, кўз ёши, бурун суви ва оғиз сўлагининг таъми айри-айри.
– Тўғри айтдинг. Яна бир савол: жаннат аҳли ейди, ичади, бироқ таҳорати бузилмайди. Бу ҳолатнинг ҳам дунёда ўхшаши борми?
– Она қорнидаги ҳомиланинг еган, ичгани ташқарига чиқмайди.
– Бу ҳам тўғри. Жаннатда Тубо дарахти бўлиб, бирор сарой, бирор кўшк йўқки, унинг шохлари тегиб турмаса. Бунга ҳам дунёдан бирор мисол келтира оласанми?
– Қуёш чиқиши айтаётганингизнинг ўхшаши эмасми?
– Энди яна бир савол: бир дарахт бор, унда ўн иккита шох, ҳар шохида ўттизта япроқ, ҳар новдада беш гул бор, улардан иккитаси ёруғликка, учтаси қоронғуликка боқади, булар нима?
– Дарахт бир йилнинг, ўн икки шох ўн икки ойнинг, ўттиз япроқ ўттиз куннинг, ҳар япроқдаги беш гул беш вақт намознинг ифодаси.
Саволлар тугагач, Бистомий ҳазратлари дедилар:
– Муҳтарам роҳиб, менинг ҳам бир неча саволларим бор. Бироқ биттасига жавоб олишни истайман.
– Сўранг, – деди роҳиб.
– Жаннатнинг калити нима? Жаннат эшикларига нима деб ёзилган?
Роҳиб жим қолди, жавоб бермади. Унинг сукути бошқа роҳибларни ташвишга солди, бирданига сўрашди:
– Нега жавоб бермаяпсиз, бунақада мағлуб бўласиз!
– Майли, жавоб бераман, аммо сизлар ҳам менга эргашасизларми?
– Инжил ҳақи, сизга эргашамиз!
– Унда эшитинг: жаннатнинг калити ва жаннат эшиклари устига ёзилган ибора “Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ”дир.
Шундан кейин бошқа роҳиблар ҳам бу муборак калимани айтиб, шаҳодат келтиришди ва мусулмон  бўлишди. Боязид Бистомий ҳазратлари бир муддат улар билан қолдилар ва Ислом динини ўргатдилар.

 

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи
тайёрлади.