
Жамиятимизнинг аёлларга бўлган ғамхурлиги уларнинг қадрини янада юксалтирди. Бундан руҳланган аёл-қизларимиз ҳар жабҳада илгаригидан-да зиёда фаолият кўрсатмоқдалар. Лекин масаланинг бошқа жиҳати борки, у бизни қийнайди. Бу ҳам бўлса покликдир. Маълумки, моддий ва маънавий хасталиклар асосан нопокликдан (яъни таҳорат ва ғуслсизлик) келиб чиқади. Ваҳоланки, ҳар қандай эзгу амал зоҳир ва ботин поклиги билан бўлса, янада гўзалдир. Бу эса хотин-қизларимиздан, айниқса, оналаримиздан катта масъулиятни талаб қилади.
Сайтнинг аввалги саҳифаларида эълон қилинган «Покиза инсонга шайтон яқинлашмас» мақоласини ўқиб, шу мавзуга оид бир воқеани эсладим.
Бундан бир неча йил олдин Тошкентдаги Аския бозори ёнида бир аёл билан танишганим ҳеч эсимдан чиқмайди. Ўшанда қўлида хамир қорадиган тоғора кўтариб олган 35-40 ёшлар чамасидаги жувон тез-тез юриб борарди. Уни қандайдир безовталик қийнаётгани сезилар, шундай бўлса-да, юзидан нур ёғиларди. Ана шу нурли чеҳра мени ўзига мафтун этиб, аёл билан танишишга ошиқтирди.
Исмини Хумо деди. Турмуш ўртоғининг хизмат сафари сабаб Америкадан келишган экан. Миллати ўзбек бўлгани учун бемалол гаплашдик. Иккимиз тезда яқин биродарлардек бўлиб қолдик. Америкалик муслима Тошкентда бир ҳафта бўлиб, юртига қайтди. Шу бир ҳафта мобайнида яна икки-уч бор учрашиб, суҳбатлашдик. Пайтдан фойдаланиб, бозордаги безовталигининг боисини сўрадим.
Хумо хоним Ўзбекистон халқига нисбатан тасаввури бошқача эканини, лекин бу ерга келиб, баъзи бир оилалардаги аҳволдан қониқмаганини айтди. Ўзбекистоннинг бир нечта вилоятларида бўлиб, охири Тошкентга келишган экан. Улар қаерда бўлишмасин, танишлари уларни меҳмонхонада тунашларига йўл қўймай, хонадонларига таклиф қилишган, бироқ тақводор аёлнинг фаросати баъзи бир нохуш ҳолатларни илғайди. Бундан қийналган Хумо хоним, Тошкентга келгач, алоҳида ижара ёллашади. Аския бозорида учратиб қолган куним, ҳали-ҳануз ўша нохуш кайфиятдан чиқиб кета олмаган экан.
-Бизни меҳмон қилган инсонларни жуда ҳурмат қиламиз, - дейди Хумо опа.– Улар кўнгли очиқ, самимий кишилар эди. Буни уларнинг қўярда-қўймай меҳмон қилишларидан ҳам билса бўлади. Лекин мусулмонман дейиш бошқа-ю, мусулмончиликка амал қилиш бошқа. Бу гапларни айнан танишларим учун айтаётганим йўқ. Бир ойдирки ўзим кузатган қолаверса, ҳали таҳорат ва ғусл ҳақида тасаввури бўлмаган баъзи бир аёлларга нисбатан айтаяпман. Ана шундай хонадонларда меҳмон бўлганимда тўғриси, дастурхонга тортилган таомлардан кўнглим тўлиб тамадди қила олмадим. Шубҳа-гумонга бормасликка қанча ҳаракат қилсам ҳам, барибир безовта бўлавердим.
Безовталигим орта боргач, баъзилари билан мени қийнаган мавзуда суҳбатлашдим... Шундан кейин ҳафсалам янада пир бўлди.
Хумо хоним ҳақ эди. Менга унинг гаплари таъсир қилди ва Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мўминнинг фаросатидан қўрққин, чунки у Аллоҳнинг нури билан боқади» деган ҳадисларининг мазмунини тушунгандек бўлдим.
Ўйлаб кўрсам, хорижлик муслима аёл билан деярли шу мавзуда гаплашган эканмиз. Айниқса, унинг қалбни поклаш йўлидаги жидду-жаҳди менга ўтмишдаги орифа аёлларимизнинг ҳаёт тарзини эслатган эди. Бунга ҳам қарийб 7-8 йил бўлган бўлсада, Хумо опанинг «Буларни ҳамма билиши керак», дея жовдирашлари кўз ўнгимдан кетмайди. Бироқ ватанимиздаги баъзи мусулмонлар ҳақидаги олган таассуротларини эсласам, ҳали-ҳануз дилим оғрийди.
Бу мавзуларда фикр юритиш, балки ножоиздир, лекин начора. Бизни қийнаган нарса айни пайтда (масалан, шу мавзулар ва уларнинг фойда ва зарарлари ҳақида кўплаб диний манбалар бўла туриб) бу масалаларга нисбатан эътиборсизлигимиз.
Бир қиз ҳикоя қилади: «Кутилмаганда бошим қаттиқ оғриб, ётиб қолдим. Руҳиятимда вазминлик пайдо бўлди. Айниқса, ибодатларимни ихлос билан бажара олмаётганлигимдан изтиробда эдим. Бу ҳолат деярли бир ҳафта давом этди. Инсон одатда шубҳали таом еса ёки гуноҳ иш қилса, ана шундай аҳволга тушади, дея тинимсиз истиғфор айтардим. Ногаҳон кўнглимдан «уйингдагилардан кимдир ғусл қилмайди, бу аҳволингнинг сабаби шундан» деган фикр ўтди. Олдинига эътибор бермадим. Кейин балки бу бежиз эмасдир, қолаверса, ҳовлида келинлар ҳам яшайди. Буни онамга айтсам яхши бўлади, дедим. Ёшлигимдан буён биламанки, онам бу масалада жуда эҳтиёткор. Айниқса, келин туширсалар, бутун диққатлари уларда бўлади. Мабодо, келинларининг тирноқларида турли бўёқлар кўргудек бўлсалар, уларнинг кўнглига озор бермасдан айтишга уринардилар: «Тирноқдаги лак билан таҳорат олган одамнинг таҳорати (бу ерда ғусл ҳам демоқчи бўладилар) қабул бўлмас экан. Таҳоратсиз (ғуслсиз)ликдан эҳтиёт бўлиш керак...< /b>
Онам гапимни эшиттилару, ҳеч нима демасдан ўринларидан туриб кетдилар. Ҳаял ўтмай...
Шундан билдимки, демак баъзан нохуш ҳолларга тушиб қолганимизда атрофимиздагиларнинг ҳам таъсири бўлар экан».
Худди шунга ўхшаш, лекин унинг зоҳири бўлган мисолни бир опахон айтганди: «+ўшнимиз уйига меҳмон чақирганида, келин ёки қизларининг палапартиш қилаётган ишларини кўриб қолгудек бўлса борми - у идиш-товоқ ювишми, таом тайёрлашми қатъи назар - дарҳол қайтадан қилдиради. Уларга малол келса ўзи қилади ва «Меҳмонларга зиёфат беришда ҳар томонлама эҳтиёт бўлинглар. Мен одамларнинг ҳалқумини ҳаром қилишдан Аллоҳдан қўрқаман», дерди.< /em>
Кўпинча таҳорат ва ғусл ҳақида сўз борса, хижолат бўламиз. Аксинча, уни ўрганмоқ керак. Зеро, «Билмаганни сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим», дейди халқимиз.
Демоқчимизки, бугун биз Американинг фан ва техника ютуқлари ҳақида бонг уряпмиз. Маданияти эса айримларнинг ҳаётига чуқур кириб боряпти. Ҳатто очиқ-ойдин тақлид қилишгача етдик. Аммо ана шу мамлакатда яшаб, ўз дини-эътиқодини сақлаб қолган миллатдошимизнинг маънавий ҳолларида биз учун ҳам муҳим ибратлар борлигини унутмайлик.
МЎМИННИНГ ФАРОСАТИ
Лола МАНСУРХОНОВА
- Мулоҳаза қолдириш учун сайтга киринг ёки рўйхатдан ўтинг
- 407 марта ўқилган