
Ҳуд алайҳиссаломнинг қавми – Од қабиласидан сўнг, Самуд қабиласидек бой-бақувват, кучли қабила йўқ эди. Самуд қабиласи Араб ўлкасининг шимолида, Мадина билан Шом орасида “Ал-ҳижр” деган жойда яшарди. Ал хижр мевазор, гўзал боғлар, кенг бепоён, барокатли ям яшил ерлардан иборат бўлиб, лаззатли хурмолар етиларди.
Самуд қабиласи бу водийда кўшку саройлар, осомонўпар бинолар қурган ва улкан қояларни ўйиб, ҳовли жойлар, қасрлар бунёд этган эдилар. Мўл кўл, роҳат фароғатли ҳаёт кечиришарди.
Орадан узун йиллар ўтди.
Ниҳоят, ўзларига бу ҳисобсиз неъматларни берганАллоҳни унутдилар, қояларни ўйиб, тошларни йўниб, бутлар ясадилар ва илоҳларимиз деб уларга сиғина бошладилар. Ўлгандан сўнг тирилишни, бу дунёда қилинган яхши ишларнинг мукофотини, ёмонликларнинг жазосини у дунёда, охиратда олишларини инкор этдилар. Ер юзида фасод чиқариб, тўғри йўлдан айрилдилар.
Аллоҳ таоло уларни ҳақ йўлига бошлаш ва ислоҳ қилиш учун ўз биродарлари бўлган Солиҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Қавмдошларнинг уни оқ кўнгил, покдомон ва яхши киши сифатида билишарди. Ҳазрати Солиҳ Самуд қабиласини яхши ишлар қилишга, зулм ва ҳақсизликдан, ёлғончи илоҳларни тарк қилиб, ёлғиз Аллоҳга сиғинишга чақирди. Зеро, уларга бу неъматларни ато этиб, уларни куч-қувватли, бой бадавлат қабила қилган Аллоҳ таоло эди.
Солиҳ алайҳиссалом бир куни қавмини йиғиб шундай деди:
- Эй миллатим! Аллоҳгна ибодат қилинг, Ундан бошқа илоҳингиз йўқ. Од қабиласидан сўнг сизларни яратиб, минглаб неъматлар берди. Шу гўзал ўлкага сизларни молик қилди. Аллоҳнинг сизларга бахш этган неъматларини эсланг. Парвардигорингизга шукр қилинг. Ер юзида бузғунчилик қилманг!
Қавми орасида мункирлар чиқиб айтишди:
- Эй Солиҳ! Бизни ота боболаримиз сиғинган бутлардан ажратмоқчимисан, улардан воз кечишимизни истайсанми?
Ҳазрати Солиҳ уларга шундай жавоб берди:
- Бу тош бутлар сизларга ҳеч нарса беришга қодир эмас. Сизларга фойда зиён етказа олмайдиган, ўзларингиз тош ва ёғочлардан ясаб олган бутларингизга қандай қилиб сиғиниб, улардан нажот кутишингиз мумкин?! Ота боболарингиз кўр кўрона сиғинган жонсиз бутларга топинмасдан, ақл ишлатиб, ўйлаб кўрмайсизларми?!
Ҳазрати Солиҳнинг бу сўзларига фақир ва яхши инсонлар имон келтириб, унга эргашдилар. Золим бойлар эса инкор қилиб:
- Эй Солиҳ! – дедилар. – Сенинг бу даъватингдан олдин, ота боболаримизнинг илоҳларини тарк этишимизни талаб қилишингдан олдин, авваллари сени яхши билиб, ҳурмат кўрсатардик. Энди сен ҳақингда фикримиз ўзгарди. Балки сен девона бўлиб, ақлингни йўқотгандирсан?!
Солиҳ алайҳиссалом уларга қарата деди:
- Йўқ, йўқ. Мен телба эмасман. Мен фақат тўғри йўлга киришингизни истайман. Сизга яхши насиҳат қиламан. Сизни яратган – сиғинишга лойиқ зот – Ягона Аллоҳга итоат қилиинг, қайсарлик қилманг. Бунинг эвазига сизлардан ҳеч бир ҳақ талаб этмайман. Менинг мукофотимни барча оламларнинг Парвардигори – Аллоҳ берур. Кўрмаяпсизларми, ораларингиздаги оқкўнгил, покдил инсонлар менга имон келтиришди, сизлар нега инкор қилаяпсизлар?!
Шунда кибру ҳаволи бойлар Солиҳ алайҳиссаломни тасдиқлаган мўминларга юзландилар:
- Солиҳнинг Робби томонидан юборилган Пайғамбар эканига чиндан ҳам ишондингизми?
- Ҳа, унга ва у орқали юборилган барча хабарларга ишондик, имон келтирдик, - дейишди мўминлар.
- Биз эса, - дея кибрланишди кофирлар, - сизнинг ишонганларингизга асло ишонмаймиз, инкор этамиз.
- Солиҳ алайҳиссалом мункирларни ҳақ йўлга даъват этишдан безмади, эринмади, зерекмади ва чўчимади. Қачон қавмига ва қавмидан бирига ё бир нечасига дуч келса, уларни Аллоҳга итоат этишга чақирди, ширин сўз билан насиҳатлар қилди. Баъзилар имон келтирар, баъзилар инкор этишарди.
Кофирлар эса нларга дуч келишлари билан шундай дердилар:
- Сизлар Солиҳнинг сўзларини тўғри деб ҳисоблайсизларми? Ўлгач, қиёматда бизни тирилтирувчи, дунёдаги ишларимизга кўра бизни ҳисобга тортувчи бир илоҳ борми?! Йўқ! Биз бунга ишонмаймиз. Биз ҳаётга бир марта келамиз. Ўлгач тирилмаймиз. Солиҳга имон келтирманглар. Тўғри, Солиҳ аввалари яхши, ақлли бир инсон эди. Лекин энди у ақлини йўқотган бир девона, сеҳрга йўлиқиб, ақлга сиғмайдиган сўзларни айтмоқда, унга ишонманглар.
Ҳазрати Солиҳ бу сўзларни эшитар, мўминларни огоҳ этарди:
- Ер юзида бузғунчилик қилувчи, бойликларига ишониб кибрланувчи инсонларга итоат этманг. Менинг ёнимга келинг. Айтганларимни адо этсангиз, Аллоҳ сиздан рози бўлади. Ўшанда сизга берган неъматларини мўл кўл қилиб, молу дунёингизни барокатлантиради.
Солиҳ пайғамбар билан мункирлар орасида баҳс давом этарди. Бир кун ишлари қавм орасида фасод чиқаришдан иборат бўлган бу мункирлар шундай дейишди:
- Эй Солиҳ! Агар сенинг Роббингга имон келтиришимизни истасанг, бизга бир мўъжиза кўрсат. Пайғамбарлар сўзларини тўғрилигини кўрсатиш учун мўъзижалар келтиришган. Агар сен ҳам бизга ана шундай мўъзижа кўрсатсанг, сенга имон келтирамиз ва итоат қиламиз.
Солиҳ алайҳиссалом Аллоҳга дуо қилиб, ҳақиқий пайғамбар эканини исботловчи бир мўъжиза беришини сўради:
- Эй Роббим! Қавмим мени ёлғончига чиқарди. Улардан озчилиги менга имон келтирди. Бошқалари мол мулкига ишониб кибрланганлар сўзига эргашди. Мени барчасини ишонтирувчи бир мўъжиза ато эт, Аллоҳим!
Аллоҳ Солиҳ алайҳиссаломга шундай марҳамат этди:
- Эй Солиҳ! Қавмингга айт, шаҳар ташқарисидаги ҳайбатли қоя атрофида тўплансинлар, уларга ўша ерда мўъжиза кўрсатурман. Қоядан улкан бир туя чиқади. Улар шу пайтгача бундай туя кўрмаганлар. Соғиш билан кўксидаги сут тугамайди. Фақат уларга шу икки шарни қўй: булоқ сувини бир куни улар, бир куни туя ичади. Туя уларнинг барчаси ичадиган миқдорда сув ичади. Иккинчи шарт: туяни бутунлай эркин қўйишсин, ҳеч ким унга тегмасин.
Ҳазрати Солиҳ қавмига бу хабарни етказди. Уларни тоққа чиқиб, мўъжиза содир бўлишини кутишга чақирди. Аллоҳга шартларига сўзсиз кўнишларини ҳам уқтирди.
Солиҳ алайҳиссаломга имон келтирган мўминлар, айниқса, бу хабардан ғоят севиндилар:
- Аллоҳ ҳақиқатни исботлаб бзага чиқаради ва бу мўъжиза билан пайғамбар ҳазрати Солиҳни ва мўминларни қуллаб қувватлайди, - дейишди.
Мункирлар ҳар доимги қабиҳ сўзларини такрорлашди:
- Булар беҳуда бир гап. Бутунлай телбаликдир. Бундай баҳайбат, шунча кўп сувни бир кунда ичадиган ва кўксидаги сути тугамайдиган туя ҳеч қайда бўлмаган, ҳеч ким кўрмаган. Биз сизларга, бу одам девона, телба демаганмидик?! – дейишди.
Бошқалари эса:
- Қани тоққа борайликчи, Солиҳ тўғри гапираяпдими ёки ёлғон сўзлаяпдими, билайлик. Ҳақиқатан, Пайғамбарми ёки телбами, бир кўрайлик, - дейишди.
Барчалари ҳазрати Солиҳ кўрсатган қоя ёнига чиқиб кута бошладилар. Аёллар туя чиқиб келар дея сут идишлари, кўза ва хумларини олиб, болаларининг қўлларидан тутиб тоққа тирмашардилар.
Ҳамма буюк бир ҳаяжон билан мўъжизани кутар экан, бирдан улкан бир туя баланд овозда пишқириб, бўқириб қоядан чиқиб келди. Оломон тўпланиб турган ерга қараб юра бошлади. Қатор тизилиб турган одамлар янада ҳаяжонланиб, шошиб, даҳшат ичида туяга қараб қолдилар. Кўкси сутга тўлалиги шундоқ кўриниб турарди.аёллар навбат билан келиб туяни соғиб идишларини тўлдиришарди. Лекин туянинг сути асло камаймас, елини яна тўлиб турарди. Кейин туя булоқ сувини бир томчи ҳам қолдирмай ичиб қўйди. Бу мўъжизани кўрган халқ:
- Солиҳнинг сўзи тўғри чиқди. Солиҳ рост сўзлабди. У Аллоҳ томонидан юборилган ҳақ пайғамбардир! Мана мўъжизаси, мана Аллоҳнинг туяси! – дея ҳайқирарди.
Кибрланиб Солиҳ алайҳиссаломни инкор қилганлар аччиқланиб, хум ва кўзларага ўтириб олдилар. Уларнинг тилларини калимага келмай, дамлари ичига тушиб кетган эди. Юзларининг ранги учиб, туслари ўзгарди. Лекин ўзларида бир ўзгариш бўлмади, яъни. Улар мункир ва фосиқликларича қолишди. Бу ҳолатга чидай олмай туриб кетишди.
Мўъжиза туя энди Самуд қабиласи орасида яшай бошлади. Сувни бир кун халқ, бир кун туя ичарди. Бунинг эвазига туя бутун халқни сут билан таъминларди.
Ҳазрати Солиҳ бу ҳолатдан ғоятда мамнун бўлиб, одамларга шундай деди:
- Бу туя Аллоҳ (томони)дан сизга бир далилдир... Унга ҳалал берманг. Қўйинг, Аллоҳнинг ерида ўтлаб юраверсин. Зинҳор унга ёмонлик қила кўрманг. Ёмонлик қилсангиз, бошингизга бало, жонингизга азоб келишини ўйланг.
Кунлар шу тарзда ўтиб борарди. Ҳар ерда бўлганидек Самуд қабиласида ҳам ўғрилик, қиморбозлик, шаробхўрлик қилиб, одамлар орасида фасод чиқарувчи, Аллоҳга мункир бўлган тўққиз киши бор эди. Улар бир кеча яширинча йиғилишиб, шаробдан сархуш бўлгач:
- Биз Солиҳ ва туясини шундай қолдирмаймиз. Бу туя бизни қийнай бошлади. Буларнинг дастидан эркинлигимиз йўқолмоқда. Сувимизнику олиб қўйди, ярминигина бизга қолдираяпди. Улардан бира тўла қутулиб қўя қолайлик. Бориб Солиҳни ҳам, туясига қўшиб, бола чақасини ҳам ўлдирайлик, - дейишди.
- Аммо Солиҳни ўлдирсак, дўсту қариндошлари ёқамизга ёпишиб, биздан ўч олишадику, - деди бириси.
Бошқаси:
- Бу ишни тун қоронғусида бажарайлик. Солиҳни, бола чақасини, туясини қоронғуда ўлдирайлик, ҳеч ким кўрмайди. Агар ақраболари сўрашса, биз ҳеч кимни уни ҳам, туясини ҳам, ҳеч нимани кўрмадик, билмаймиз, деймиз. Тўғри-да, қоронғуда уларни қандай кўрамиз. Солиҳнинг дўсту қариндоши ҳам қоронғуда қотилни таний олмайди.
Шу тариқа, тонг оқармасдан бири туяга яқинроқ бориб, ёйдан ўқ узди. Туя жон аччиғида бўкира бошлади. Буни эшитиб Солиҳ алайҳиссалом хавотир аралаш уйғониб кетди. Туя наърасини эшитганлар Солиҳ билан бирга ҳодиса юз берган жойга келдилар. Лекин тўққиз фасодчи қочиб қолишга улгурган эди.
Ҳазрати Солиҳ туянинг ўлганидан қаттиқ қайғуга тушди. Бу қилмишига яраша Аллоҳ таоло Самуд қавмини жазолашини англади.
Кейин Ҳақ таоло пайғамбари Солиҳга ўз амрини билдирди:
- Мўминларин ёнингга олиб, шаҳардан узоқлаш! Уч кундан сўнг Самуд қабиласини йўқ этгайман!
Солиҳ алайғиссалом қавмдошларига бориб, илоҳий амрни етказди:
- Аллоҳ сизлардан ғазабланди, уч кундан кейин бошингизга буюк азоб тушишини кутаверинг!
Аллоҳнинг амрига мувофиқ Солиҳ алайҳиссалом мўминлар билан бирга шаҳардан чиқиб кетишди.
Уч кун ўтгач, Самуд қабиласи тўсатдан даҳшатли чинқириқ, қўрқинчли овоз эшитишди. Мнкирлар тўдаси қўрқувдан ўзларини йўқотишди. Шиддатли азоб остида тиз чўкиб ўлим топдилар...
Эди ортда қояларида ўйилган бўм-бўш уйлар қолди. Бу харобалар уларнинг зулм ва куфрлари туфайли бошларига келган жаҳшатли азобларга гувоҳидек ҳувиллаб, яксон бўлиб ётарди ва гўё:
- Мана, Аллоҳга ишонмай, бутларга сиғинганларнинг, одамларга зулм ва ноҳақликлар қилиб, ёмон ҳаёт кечирганларнинг оқибати шу бўлади, - деяётгандай эди.
СОЛИҲ ПАЙҒАМБАРНИНГ ТУЯСИ
- Мулоҳаза қолдириш учун сайтга киринг ёки рўйхатдан ўтинг
- 307 марта ўқилган