Кеч тушмоқда, ҳаво совуқ. Уйга киргим келадию, аммо қўрқаман. Уйда онам, дадам борлар. Ҳеч ким менинг уйда йўқлигимни сезмайди ҳам. Аммо бу титроқ совуқотганимдан эмас, ҳатто қоронғуликдан ҳам эмас. Уй ичидаги овозлар баландлашади. Нималардир тарақлайди. Отамни хонтахтага мушт туширганини тасаввур қиламан. Ичим зириллаб кетади.
Мен ҳали кичикман, энди 12 кирдим.
Эшик тарақлайди, қўрқиб кетдим. Худди отам ҳозир мени чиқиб дўппослайди. Аммо эшикдан отилиб икки укам қочиб чиқади. Улар ҳам ҳали кичик бири 6 ёшда иккинчиси 3 ёшда. Кичиги йиғлаб бошлайди. Мен унга ялинаман:
- Илтимос, йиғлама, ҳозир дадам овозингни эшитиб қолса, ундан баттар жаҳли чиқади. Кейин аямларниям, мениям уради. Илтимос йиғлама, - кўзларимдан ёш тирқирайди. Тезроқ тонг отишини ўтинаман, Аллоҳдан ўтинаман. Тишларим бир бирига таккилаб урилади. Укамни бир амаллаб кўндираман. Аммо бошқаси яна ҳиққилай бошлайди.
- Опа, юринг, Алишер акамларни уйларига, юринг, совқотдим.
Алишер ака қўшнимиз, баъзи баъзида биз уларникига “меҳмон”га чиқиб турамиз. Шунда Алишернинг дадаси бизнинг отамиздан кўра “фашист” ҳам яхшироқ бўлганини эшитамиз. Фашист ким ва нималигини билмаган 3 болага унинг гаплари ғалати туюлади.
Аммо ҳозир мен бу ердан кета олмайман. Нима қиламан дадам онамни ўриб ўлдириб қўйсалар, мен шу ерда бўлишим керак.
- Йўқ, дадам аямни ўлдириб қўйса нима қиламиз? Шу ерда ўтирамиз.
- Совқотиб кетдим, пиққилайди у. Ҳозир кўп йиллар ўтиб бу сатрларни ёзар эканман, ўша кичкина қизча нима билан ҳам аямга ёрдам бера олардим, деган фикр келади, ҳаёлимга.
Ўйлай бошлайман, кимни ёрдамга чақирсам экан? Вақт шунчалар чўзиладики, асрлар ўтаётгандек туюлади. Қўлимдаги кичик укам ухлаб қолди. Уни бу совуқда кўчада олиб ўтира олмайман. Уй ичидаги бақириқлар эса ҳали бери тинай демайди. Укамни кўтарганча қўшнининг ҳовлисига йўл оламан. Эшикни Алишер очади, “Ҳа, яна қувғинда юрибсизларми?”, дея “ҳазиллашади” у.
- Кир, кир, қизим, - дейди Алишернинг онаси.
- Янга, мен ҳозир кетаман, Махмуд шу ерда ётиб турса бўладими, уйга киргани қўрқдим, у эса ухлаб қолди, кўча совуқ, - дейман дийдираб.
- Олиб кир, олиб кир, ўзинг ҳам ўтир чой дамлайман, совуқотиб кетгандурсизлар, - дея уй эшигини очади аёл.
Оёқларим лой эди, ўзингиз ола қолинг, мен уйни ҳам расво қилмай.
Боя дадам мени тутиб олмасин, дея уйдан оёқ кийимимни кийишга ҳам улгурмай югуриб чиқгандим.
- Алишер, бер Мадинани оёғига бир нарса. Бор, ҳаммомга кириб оёғингни ювиб кел, - дейди аёл. Мен бу аёлни кўп эслайман. Уларнинг 5 ўғиллари бор эди. Мен худди уларнинг 6 қизлари эдим.
Укаларимни уларникига қолдириб уйга қайтдим. Бақириқлар ҳали давом этарди. Эшикни секин очиб уйга кирдим. Дадам билан аямлар ҳали ҳам бир бирига гап бермай жанжаллашишда давом этишарди. Оғзидан кўпик сачраб бақираётган дадамдан кўзимни узмай эшикдан мўралардим. Гап бермаётган онамга эса ҳаёлан гапирардим.
- Бўлди, аяжон, бўлди, гапирманг, ҳозир урадилар, яна урадилар. Илтимос гапирманг.
Мана ҳозир бу сатрлар секин аста қоғозга тушаркан, кўзларимдан ёш юмалайди. Йиллар ўтди, ўзим ҳам она бўлдим-у, аммо ҳали ҳануз ўша машъум кунларни ёддан чиқара олмайман. Ҳали ҳануз кечалари “бўлди, гапирманг, яна урадилар”, дея совуқ терга ботиб уйғонаман. Ўша пайтда онам битта гапдан қолсалару, индамасалар, отам ҳам жанжаллашишдан тўхтайдилар, деб ўйлардим. Ҳайрон бўлганим нимага онам тўхтамас эканлар, нега бу жанжални тўхтатишга ҳаракат қилмас эканлар деган саволни ўзимга қайта қайта берардим. Бунинг сабабини ҳозиргача билмайман. Онамдан эса сўролмайман.
Дадам қўлларидаги пичоқни хонтахтага зарб билан ўрадилар. Пичоқ хонтахта ўртасига санчилади.
Ҳар иккисининг ҳам овози бўғилган. Дадам ўрнидан туради, ўтирган аямнинг устига қараб бостириб бориб, тепиб юборади. Югуриб хонага кираман, унинг оёқларига ёпишаман.
- Дадажон, урманг, илтимос урманг, гапирмайдилар, аяжон, гапирманг, гапирманг.
Хона бурчагига учиб тушганимни ёки оғриқни сезмайман. Яна туриб унинг оёқларига ёпишаман.
- Дадажон, ўлдириб қўясиз, мен сизни ҳамма айтганингизни қиламан, сигирни ҳам ўзим боқиб келаман, сувини ҳам ўзим бераман, фақат сиз аямни урманг
- Йўқол, чиқиб кет бу ердан ўлдираман ҳозир сени ҳам онангни ҳам.
Нималардир тарақлайди. Кўзим онамда, унинг кичик гавдаси яна кичрайиб кетгандек. У дадамнинг оёқларига ёпишиб олган. Кўзлари кўкарган, сочлари ёйилиб кетган. Увиллаб йиғлаётганимни ва нималардир ғўлдираб гапираётганимн сезмайман ҳам. Дадам бир сакрашда менинг олдимда пайдо бўладилар, ёқамдан олиб эшикдан отади. Йиқилган жойимда тиззаларимни қўчганча илтижо қиламан.
- Художон, дадам аямни ўлдириб қўймасин, илтимос ўлдириб қўймасин. Сендан ўтиниб сўрайман.
Бу кичик олам, бу даҳшат, бу ҳаёт. Ҳеч ким, ҳеч ким менга ёрдам бера олмайди. Охирги умидим Худодан сўраш. Мана ҳозир мўъжиза руй беради-ю, дадам онамни дўппослашдан тўхтайди ва уйдан чиқиб кетади.
Совуқни ҳам, қоронғуликни ҳам, ҳамма ҳамма нарсани унутаман. Бутун диққатим дадам билан онам уришаётган хонада. Бутун олам ёдимдан чиқади. Фақат илтижо, увиллаб йиғлай ҳам олмайман. Чунки менинг овозим дадамни баттар жаҳлини чиқаради ва у онамни янада қаттиқроқ уриб бошлайди.
Эшик шарақлаб очилдида, дадам уйдан бир нималар дея бақира бақира кўчага чиқиб кетди. Мени янги қўрқинч эгаллайди. Мен ўша хонага киришга қўрқаман. Секин мўралайман, тўрт оёқлар онам томон судраламан. “Ўлиб қолган бўлсаларчи”, деган уй мени тинч қўймайди. Онам, хона ўртасида чўзилиб ётган онагинам... кўзлари кўкарган, кўйлаклари йиртилган, сочлари ёйилаб ётади. Диққат билан унинг кўкрагига қарайман, қимирлаяпдими ёки йўқ. Нафас олаяпдими? У инграйди.
Енгил нафас оламан, у тирик. Секин ёнига силжийман, сочларини силайман, юзларини силайман. Қўрқаман унинг бирон жойини оғритишга.
- Аяжон, аяжоним, мен сизни яхши кўраман, сизни ҳамма айтганингизни қиламан, - кўзларимдан ёш тирқирайди. Менинг қуролим бу кўз ёш тукмоқ, бошқа ҳеч нарса қила олмайман, ҳеч нима қилиб ёрдам бера олмайман.
Бориб укаларимни олиб келишим керак. Қўшни уйи томон йиғлай йиғлай кетаман. Атрофдаги ҳамма нима бўлганини билади. Улар менинг кўз ёшларимга ҳам ўрганиб кетишган.
Аслида бу менинг учун ҳаётимнинг энг қийин хотиралари. Уларни эслаш мен учун азоб. Аммо буган бу хотираларни саҳифага тўкишни истадим.
Ота-она уришар ёки жанжаллашар экан, болалар ҳақида унутишади. Аммо ота она жанжалидан бола жуда қаттиқ таъсирланади. Дунёдаги энг яқин бўлган инсонлари бир бирини ҳақоратлаши ёки дўппослаши эса англатиб бўлмас даражада оғир. Хонанинг бир бурчагида қимирлашган ҳам қўрқиб Худога ёлвориб турган бола... буни сўз билан тасвирлаб бўлмайди.
Ҳатто фарзандингизни уришсангиз, ва ҳатто урсангиз ҳам у шунчалик қийналмайди. Аммо сизнинг жанжалингиз кўрар экан, у катта руҳий синиш дарсини олади. Сиз ўз фарзандингизни ўз ўйламай қилган ҳаракатларингиз билан синдирасиз. У оила қўришдан, ёки турмушга чиқишдан қўрқиб бошлайди. Оила бу бир бирини тушана оладиган, бир бирини қўллайдиган жой бериши керак. фарзандларимиз бизга омонат, биз уларнинг келажак ҳаёти учун масъулмиз.
Албатта оилада эру хотин ўртасида баъзи келишмовчиликлар бўлиб туради. Аммо буларни ҳаммасини фарзандлар қўлоғига етмайдиган қилиб ҳал қилиш мумкин.
Ёзишимдан мақсад, эртага хотинингизга бақирмоқчи бўлганингизда ёки эрингизга гап қайтармоқчи бўлганингизда ёнингизда фарзандингиз турганлигини ва бу даккилар унинг қалбига ўқ мисол санчилишини унутманг. Наҳот сиз уни келажакда кечалари “Гапирманг, илтимос, уришманг”, дея совуқ терга ботиб ўйғонишини истайсиз?!