Skip to Content

Жажжилар билан суҳбат

Гоҳида узоқ яқиндан сафардан қайтганимизда катталар билан ҳол сўрашиб кичикларни унутамиз. Қайдан биламиз, балки, бизни энг кўп кутган, аслида улардир. Уларнинг мурғак қалбини гоҳида писанд ҳам қилмай, йўлига: “Катта бўляпсизми?..” деймиз, қўямиз. Улар билан суҳбатлашишга, баъзан, вақт ҳам ажратмаймиз.

Катталарга қилган одатий муомалани уларга қилиб бўлмайди, чунки бари-бир улар бундай муомалани тушунишга ҳали ёшлик қиладилар. Лекин, шундай бўлса-да, бунинг йўлини топса бўлади.

Улар билан гаплашишнинг энг яхши ва осон йўли бу уларга бирор нарса совға қилиш. Уларга боқиб, аввал, очиқ чеҳра билан жилмаясиз, қўлингиздаги совғани уларнинг нозик қўлчаларига аста тутқазиб, кейин: “Яхшимиз, катта бўляпсизми?” дейсиз. Бу дегани “Соғликларингиз яхшими?” дегани бўлади. “Яхши ўйнаяпсизми“ дейсиз, буниси “Ишларингиз бўляптими, бизнеслар юряптими” дегани бўлади, менимча. “Кимлар билан ўйин ўйнаяпсиз” дегани, “Бир иш чиқиб қолди, таниш билишларингиз борми?” дегани бўлса керак...

Қисқаси уларни кузатиш, уларни ўрганиш, уларнинг дунёсига киришга ҳаракат қилиш лозим. Назаримда, бу мурғак қалбли яқинларимизнинг беғубор юраги яхшилик ва ёмонликни биздан кўра яхшироқ ҳис қиладигандек туюлади менга.
Жажжигина ҳали тўрт ёшга тўлмаган жиянчам Саидахон билан гаплашаман. Болаларча оҳангда ундан: “Яхшимиз, катта бўляпсизми?... Вой мени жиянгинам-эй...” дея уни бағримга оламан ва оппоқ ва дўмбоқ юзларидан секин ўпиб қўяман.

- Ҳҳ... - деб, ўнг кўрсатгич бармоғини лабига босганча аста бош ирғайди.
- ...

Саволлар кетидан саволлар... Уларга муносиб антиқа жавоблар...
Қолимдан келганча суҳбатимизни қизитишга, унинг мурғак кўнглига йўл топишга ҳаракат қиламан. У бўйнимга осилади. Унинг нозик вужудини бағримга босарканман, димоғимга фақат гўдаклардангина келадиган аллақандай муаттар ҳид урилганини ҳис қиламан.

Бир пайт укам келиб қолади. У мендан саккиз ёш кичик. У талаба. Ҳозирда иккинчи курсда ўқийди. Энди у билан бироз “дағалроқ” ўзини тилида гаплашишга мажбурман...

- Ўқишларинг қалай, яхшими? Айтгангандай, мен айтган одамга учрадингми? – дейман, у билан ҳол-аҳвол сўраш асносида.
- Ҳали учрашганимча йўқ - дейди у.
- Бунақа пайсалга солиб юрма. Ҳали кўрасан хаш-паш дегунча вақт ҳам ўтиб кетади, сезмаям қоласан. Бир нарса эсингдан чиқарма. Чет тилларини ва компютерни яхшилаб ўрганиб олмасанг, битирганингдан кейин иш топишинг қийин бўлади. Бундан ташқари, одамлар билан қандай муомала қилишни, иш юритиш сирларини ўргангин. Буям жуда муҳим... - дейман, унга насиҳат қилгандай бўлиб.
- Айтмасангиз ҳам ўзим яхши биламан. Шунга ҳаракат қиляпман - дейди у.
Ҳозир кўп ҳурматлик бир инсоннинг ҳузурига кириб боряпман-у, юрагимда алланечук ҳаяжон бор. Ҳар сафаргидай у кишининг салобатлари босяпти мени. Телефонда бир чиройли гаплашсам-да, олдиларига борганда, баъзан тилимга гап келмай қолади. Улар билан гаплашишнинг ҳам ўз одоби бор, албатта.
Ана шунақа гаплар.

Фарҳод СОҲИБНАЗАР