Skip to Content

Уйқудаги ҳаракатлар ҳикмати

Уйқуда эканлар, (кўзлари очиқ бўлгани учун) сен уларни уйғоқ, деб ўйларсан. Биз уларни (баданларидан ерга тегиб турган томони чириб кетмаслиги учун) ўнг томон, сўл томонга айлантириб турурмиз. Уларнинг итлари эса олди оёқларини остонага ёзиб ётур. Агар уларнинг устидан чиқиб колсанг (ва кўзлари очиқ ҳолда у ёндан-бу ёнга ағдарилиб ётганларини кўрсанг) уларнинг (аҳволидан) даҳшатга тушиб юз ўгириб қочган бўлур эдинг” (Каҳф сураси, 18 оят).

Бу оятда 7 насроний ўсмир йигитлар “ғор аҳли” ҳақида сўз боради. Улар золим ҳоким истибдодидан дину иймонларини сақлаб қолиш ғорда яшириниб, у ерда уч юз йил қолиб кетишади. Ундан ташқари Аллоҳ таоло бу оятда бизга “...ўнг томон, сўл томонга айлантириб турурмиз” дея маълум қилмоқда. Аллоҳ таолонинг бу ҳикматининг сири яқинда инсонларга маълум бўла бошлади.
Инсон узоқ уйқу вақтида бир ҳолатда ётса, бу унинг соғлиғи учун қон айланиши бузилиши каби катта зарарлар келтиради. Кейинчалик эса ётавериб эзилган аъзоларда ётоқ яралари, кўкаришлар пайдо бўлади. Аллоҳ таоло баданимизнинг саломатлиги ва унинг дам олиши учун уйқу соатини ҳам бизга раҳмат қилиб қўйган. Уйқуда ётар эканмиз, У танамиз айланиб туришини таъминлаб қўйган. Бу тана оғирлигида қолган аъзоларни эзилиб қолишидан сақлайди.

Агар аъзолар узоқ вақт давомида босилиб, эзилиб қолса қон томирчалари эзилиб, аъзоларга қон ва қон билан бирга кислород ва бошқа фойдали моддалар келиши тўхтаб қолади. Бунинг оқибатида тери аста секинлик билан нобуд бўла бошлайди. Танада ярачалар пайдо бўлади. Бу “ётоқ яралари” дейилади. Агар ётоқ яралари даволанмаса, уларга турли инфекциялар тушиб оғир касалликлар келтириб чиқариши мумкин. Ундан ташқари ётоқ яралари инсон ҳаётига хавф туғдириши мумкин.

Тана ва аъзоларнинг эзилиб қолмаслиги учун инсон ҳар 15 дақиқада тана ҳолатини ўзгартириб туриши керак. Шунинг учун ўзи мустақил равишда ҳаракат қила олмайдиган одамлар учун махсус парвариш лозим. Масалан, фалаж бўлган беморни ҳар 2 соатда айлантириб, тана ҳолати ўзгартириб турилади. Тана ҳаракатининг муҳимлиги 20 асрга келибгина кашф қилинди.

20 асрга келиб очилган бу кашфиётни Қуръон мўъжизаларидан бири десак, адашмаймиз. Чунки бу ҳаракатларнинг муҳимлигини Аллоҳ таоло 14 аср аввал инсонларга нозил қилган.

islam.kg