Skip to Content

ОНАМГА МАКТУБ

Muslima.uz
Онажоним, доим сизни нақадар севишимни, митти юрагимдан жой олган чексиз меҳрингизни сизга айтишни истадим. Аммо буни уддалай олмадим. Чунки сиз буни англашга ҳаракат қилмадингиз. Бир куни сиз учун боғдан гул тердим. Гулдонга солиб қўйиб сизни хурсанд қилмоқчи бўлдим. Аммо гулдон қўлимдан тушиб кетиб синди. Гулдонни синдирганим учун мени роса уришдингиз. Энди мен ҳеч кимга гул бермайман!
Нега мени доим “Даданга айтаман!”, деб қўрқитасиз? Уни яхши кўришимни истамайсизми? Мен бақирмасдан бир нарса сўрасам уни бермайсиз. Бақириб йиғлай бошлаганимда эса ўша нарсани берасиз. Шунинг учун ҳам мен доим бир нарса ҳохласам йиғлаб сўрайман. Айтганингизни қилиш учун ҳам бақиришингизни кутаман.
Биласизми, сизни бақиришингиздан завқланаман. Шундай пайт менга эътибор берасиз, деб ўйлайман. Она, сизга айтадиган хушхабарим бор: мен энди овқатларимни ейман. Янада тезроқ катта бўлишни ҳохлайман. Негалигини биласизми? Сиз билан гаплашаётганда кўзларингизни кўриш учун. Сизга қарайман деб, бўйниларим оғриб кетди, она, нега сиз менга қараб эгилиброқ гапирмайсиз? Мен сизнинг меҳр тўла кўзларингизни кўришни истайман.
Онажон, ўйинчоқларни менга оласизми ёки дугоналарингизнинг болаларигами? Нега улар ўйинчоқларимни синдиришса жаҳлингиз чиқмайди? Мен синдирсам: “Сенда ҳеч инсоф борми ўзи?”, дея мени жазолайсиз. Мен бунинг ҳам чорасини топдим: ўйинчоқларни бузиб қўйсам яшириб қўяман, кейин худди бошқалар бузгандек, меҳмон келганда сизга кўрсатаман.
Она, сиз мени эшитмайсиз. Нега сизни чизган қаҳрамонларим, бузилган ўйинчоқларим, йўқолган қаламим қизиқтирмайди? Мени ҳам дугонангизни олган сумкаси, янги кўйлаги қизиқтирмайди. Бу гапларни эшитишни истамайман. Мен билан гаплашишингизни, саволларимга жавоб беришингизни истайман. Нима, фақат катталарга тегишли нарсалар муҳимми?
Она, янги энагамни ёқтирмайман. У сочларимни сиз тарагандек тарамайди. Менга олдинги энагам қарагандек меҳр билан қарамайди. Она, сиз нега менга меҳр билан қарамайсиз?
Она, уйдаги нарсаларни, кулдонлар, телевизордан сизни қизғанаман. Уларни бузиб, йўқ қилишни истайман. Шунда уларни синдиришдан қўрқмай, уй ичида бемалол югуриб ўйнай оламан. Уларни тозалаш учун ажратган вақтингизчалик менга вақт ажратмайсиз. Демак, уларни мендан кўра кўпроқ яхши кўрасиз. Она, уйда ўйнашдан зерикдим. Кўчада югуриб елиб ўйнашни, оёқларимни кўлмак сувларга тиқишни, тортни тўкиб ейишни, айронни тўкиб ичишни истайман. Она, мен ўзим истаганимча яшашни ҳохлайман.Таъқиқлар бўлмаган, меҳрга тўла, оналар фарзандларини тушунадиган бир жойни яшагим келади. Шундай ерни излаб топаман. Балки у жой бир қушнинг қанотида, балки бир гулнинг япроғида, балки бир балиқнинг аквариумида бордир...
Она, сизни яхши кўраман, сизчи, сиз мени яхши кўрасизми?

Фарзандингиз