
«Бир кун туз ичган жойингга қирқ кун салом бер», деган нақлга амал қилиб талабалик давримда уйида истиқомат қилган онахон – Маҳфуза опаникига байрам баҳона ҳол сўрашга бордим. Эшикни бўйи чўзилиб, менга етай деган набиралари очди. Уйда шовқин-сурон, шўх кулги авжида эди. Маҳфуза опа эса дастурхон тўрида, умр йўлдошлари Жаҳонгир ака билан савлат тўкиб ўтирар, атрофида қизлари, набиралари парвона эди.
Мени кўриб хурсанд бўлиб кетишди. Қучоқлашиб, ҳол-аҳвол сўрашдик, у ёқ-бу ёқдан суҳбатлашдик. Кейин хонадон бекасининг қистовларига қарамай ортимга қайтдим.
Йўлда борарканман Маҳфуза опага жуда ҳавасим келди. Барча фарзанд¬лари шифокор, ўзидан тинчиган. Набиралари бағрида. Ҳамма ҳам шундай бахтни орзу қилади. Бунга осонгина эришдими у киши?
Маҳфуза опа доим бизга насиҳат қилиб: «Меҳнатдан қочманглар, ҳамма гап меҳнатда. Эртанги кунингизнинг яхши бўлиши ўзингизга боғлиқ. Оилада доимо она ҳар бир ишда жонбозлик кўрсатиши лозим. Шунда оила тинч, фарзандлар баркамол бўлади. Мен шу ёшимгача ўз ҳузуримдан кечдим. Ҳатто, яқин дугоналаримга ҳам кўп қўшилавермасдим. Турли базмларда, ўтиришларда қатнашишдан кўра фарзандларим билан бирга бўлишни афзал кўрардим. Ортларидан мактабларга, олимпиадаларгача бордим… Аллоҳга шукрки, шу ҳаракатларим зое кетмади, мана ўз натижасини берди. Қизларимнинг тўртовлари ҳам олийгоҳларга ўз кучлари билан киришди, иккитаси ҳатто олимпиада ғолиби сифатида имтиҳонсиз қабул қилинди... Улар ҳаётда ўз йўлларини топиб олдилар, ҳаммалари малакали шифокор бўлиб етишдилар», – дегандилар.
Бугун кўрганларим эса уларнинг нечоғли ҳақ эканлигининг исботи эди. Уларнинг ўз роҳатларидан кечиб қилган ҳаракатлари бежиз кетмаган, кўзлаган мақсадлари ҳосил бўлганди. Шулар ҳақида ўйлаб, битта-битта қадам босиб гавжум кґчадан ґтарканман уяли телефоним жиринглади. Турмуш ўртоғим билан бир жойга боришимиз лозим эди.
Ишларни битирганимизда соат тўртга яқинлашиб қолганди, қорин ҳам очиққан. Атрофга алангладик, «Бухоро» кафесига кўзимиз тушди. Кирдик, овқат буюрдик. Ҳали дастурхонга таом тортиб улгурилмаган ҳам эдики, ёнимиздаги столга етти-саккиз нафар аёл келиб ўтирди.
— Гап беришга жуда зўр жой танлабсан-да!
— Гап йўқ!..
— Яна иккита стул олиб келинг!...
— Тўрга ўтинг!
Шу каби гаплар асносида аёллар ўриндиқларга жойлашдилар. Хона бир зумда шовқин-суронга тўлди.
Бамайлихотир овқатланарканман уларни аста кузатдим. Борган сари ҳайратим ортарди. Улар оз-оздан бир нималар тамадди қилишдида, кафе хизматчиси ҳозиргина олиб келиб столга қўйган спиртли ичимликни ича бошлашди. Ярим соат ўтар-ўтмас столлари устида уч ёки тўртта бўш шиша пайдо бўлди. Шу аснода суҳбатга бепарда сўзлар қўшилди. Бу орада даврада ўтирганлардан бирининг ўн беш-ўн олти ёшлардаги ўғлими, набирасими келиб, бугун ана шу зиёфатни бераётган аёлга бир даста пул ташлаб кетди.
Аянчли манзара... Эрталабки зиёрат чоғида Маҳфуза опам тимсолида ўзбек аёлининг фидойилиги, оқилалигини кўриб кўнглим тоғдек юксалган бўлса, бу хунук манзара дилимни вайрон қилди. Юрагимга оғриқ турди.
Миямда жавобсиз саволлар тинимсиз ғужғон урарди: улар ҳам онами?! Уларнинг бундай хунук ҳолатлари фарзандларига салбий таъсир кўрсатмаслигига ким кафолат бера олади? Ширакайф онани кўрган фарзанднинг ҳолатини бир тасаввур қилин-га! У эртага онасининг гапига қулоқ тутармикан, ҳурмат қилармикан? Фарзандини тарбия қилиш лозим бўлган пайтда оналар ўзларининг ҳузурини ўйлаб, кайфи-сафо қилиб юрсалар ёки заҳри қотил туфайли хиралашган онг билан тўғри йўл кўрсата олмасалар келажакда уларнинг фарзандлари ҳаётда нимага эришади?
Эркаклар кийимини кийиб, эркаклардек гап-гаштаклар уюштиришиб, ўз вазифасини унутиб, вақтини кайфу сафо билан ўтказаётган баъзи бир аёллар наҳот она деган муқаддас номнинг масъулиятидан қўрқмасалар!?
Фарзандининг тарбияси билан шуғулланиши, уни оқ-қорани танишга ўргатиши, яхши йўлга бошлаб, ёмонликдан қайтариши лозим бўлган пайтда базму жамшидларда вақтини беҳуда ўтказаётган айрим аёллар зиммаларидаги вазифаларини қачон бажарадилар? Умуман, бу каби гуноҳ ишлар билан андармон бўлиб юрган енгилтабиат аёлларини она деб атаб бўлармикан?
Ҳа, бугун аёлларимиз ўзларига янги-янги одатларни яратишмоқда. Ўзини «замонавий» деб ҳисоблаган айрим хотин-қизларимиз тўй, чарлар, гап-гаштак каби маросимлардан бўшамаяптилар. Уларнинг бу ҳолатлари кишини ажаблантиради. Яна бир ҳақли савол туғилади: адашган аёллар билиб-билмай қилаётгандир бу ишни. Оила бошлиғи забардаст эркакларимиз қаёққа қараяпти? Нега бундай ишларга томошабин бўлиб турибди? Ахир Қуръони азиму шаънда: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) bқоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир...” (Нисо, 34) дейилган-ку!
Эркаклар ўз масъулиятларини ҳис этсинлар. Аёли қаерга бораётгани, нима билан шуғулланаётганидан хабардор бўлсинлар. Ҳаттоки, уларнинг ибодатига ҳам эътиборлироқ бўлсинлар. Чунки баъзи бир аёлларимиз кечки пайтлар ҳам турли йиғинлар баҳонасида тўпланиб вақтларини беҳуда сарфламоқдалар. Ваҳоланки, кечки пайт аёл кишининг ўрни оила даврасидадир.
Кези келганда шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, айрим аёлларимиз ибодатларини масжидларда ўтказишни одат қилиб олдилар. Тўғри жамоат намозининг савоби улуғлиги ҳақида кўплаб ҳадислар ворид. Масжидга бориш учун босилган ҳар бир қадам учун савоб қозонилиши айтиб ўтилган. Лекин бу эркакларга тааллуқлидир. Эркаклар масжидга борганда қанча савоб олса, аёллар уйида ўқиганда шунча совобга ноил бўлади. Қолаверса, диёримизда эътиқод қилинадиган Имом Аъзам мазҳаби уламолари фикрига кўра, аёл кишининг масжидга бориши кариҳ кўрилган амаллардандир. Аёллар томонидан адо этилган намознинг энг афзали уйнинг энг ичкари қисмида ўқилгани экани ҳақида шундай дейилади: «Умму Хумайд Сайдия разияллоҳу анҳо деди: Эй, Аллоҳнинг расули мен намозни сизнинг имомлигингизда адо этишни хоҳлайман». Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Сенинг уйингнинг энг ичкари бурчагида ўқиган намозинг, ёпиқ хонасида ўқиган намозингдан аълороқдир. Ёпиқ хонасида ўқиган намозинг эса уйнинг ҳовлисида ўқиган намозингдан афзалдир. Ҳовлида ўқиган намозинг эса яқиндаги масжидда адо этган ибодатингдан афзалдир...». (Имом Аҳмад, Имом Табароний, Имом Абу Довуд раҳматуллоҳу алайҳлар ривояти)
Муаррихларнинг келтиришича, иккинчи халифа Умарул Форуқ разияллоҳу анҳу ва Оиша разияллоҳу анҳолар ҳам аёлларнинг масжидга боришига қарши турганлар. Ҳатто Умар ибн Хаттоб халифалик чоғларида аёлларга масжидга боришни, айниқса кечки пайтда, тақиқлаганлар. Шунда аёллар Оиша разияллоҳу анҳонинг ёнларига келиб, халифанинг бу ишидан норизо эканликларини билдиришганида ул зоти карима: «Агар Аллоҳнинг расули биз билан бўлганларида у зот Умар разияллоҳу анҳу томон бўлардилар ва сизларга уйингиздан масжидга чиқишга рухсат бермаган бўлардилар», – деган эканлар.
Хўш, нега энди биз савоби кўп амалдан юз ўгириб, савоби камроғига югурамиз. Нега уйда қилинган ибодатга бериладиган улуғ савобдан қочиб, камроқ савоб бериладиган масжид ибодатига шошилаяпмиз!? Аслида ибодатдан мурод савоб қозонмоқ экан, нега биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам башорат берган улуғ савобдан йироқлашяпмиз?! Ахир уйда намоз ўқиб кўпроқ савоб қозониш, яна фойдага қолган вақтни болалар тарбиясига сарфлаш мумкин-ку!
Уйга қайтарканман бугун кун бўйи дилимдан кечган кўплаб саволларим жавобсиз қолди. Қалбимда эса жамиятимизнинг айрим аёлларига нисбатан ачиниш, оғриқ ҳисларини туйдим. «Бир кун келиб афсус ва надомат чоҳига йиқилмаслик учун азиз опахонлар, сингилжонлар бугун аёллигингизни унутиб қўйманг!», дегим келди.
АЁЛ ЭКАНИНГИЗ ЁДИНГИЗДАМИ?
Нигора МАМАСАИДОВА
- Мулоҳаза қолдириш учун сайтга киринг ёки рўйхатдан ўтинг
- 308 марта ўқилган