Skip to Content

ВАЛЕНТИН КУНИ

ВАЛЕНТИН КУНИ

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи ила

Аллоҳ Таолога ҳамду-санолар, Унинг Росули соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотларимиз бўлсин!

Муҳтарам опа-сингил биродарларимиз! Аллоҳ Таолодан қалбларимизни мунаввар қилишини, бизни ҳидоятга йўллашини, бизга икки дунё саодатини насиб этишини илтижо қиламиз!

Биз авлиё Валентин куни ёки Севишганлар байрами деб аталаётган куннинг нишонланиш тарихи ҳақида сўзламоқчимиз. Севишганлар байрами Қадимги Римда бетартиб севги бути бўлмиш Жуно Фебруата (Juno Februata) ва пода бути Фавнага (Луперк — унинг исмларидан бири) бағишлаб нишонланадиган Луперкалиа (Lupercalia - http://ru.wikipedia.org/wiki/Луперкалии)фахш фестивалига бориб тақалади.

Қадим Римда болалар ўлими жуда кенг тарқалган ва миллоддан аввалги 276 йилда Рим аёллардаги хомилани тушиб қолиши ва ўлик туғилиш натижасида насл давом этиши таҳдид остида қолган. Шунда мунажжим фолбинлар бу муаммони ҳал қилиш учун янги қурбонлик қилинган хайвон териси билан аёлларни “савалаш” керак деган хабарни беради.

Ромул (Рим асосчиси) бир она бўрини эмиб қўйган жойи (шу туфайли она бўри унга куч-қувват ва ҳикмат ато этган деб эътиқод қилишган) римликлар наздида муқаддас жой ҳисобланган ва Луперкалиа фахш фестивали шу жойда ҳар йили февраль ўрталарида нишонлаганлар.

Уильям М. Купер томонидан ёзилган «Иллюстрированной истории Рода» келтирилишича Луперкалиа фестивалининг асосий қисмида бир қанча беҳаё кишилар бўлишган. Одат бўйича, ўша ер аҳолиси ўз бутларига атаб қурбонликка эчки ва ит сўйиб, қонини йигитлар баданига суртишар, сўнг эса уни сут билан ювишарди. Кейин иккиси бошчилигидаги парад Рим кўчалари бўйлаб кезарди. Уларнинг қўлларида қурбонликка сўйилган ит ва эчки териларидан кесиб олинган тасма бўлган. Бу икки йигит йўлда учраган кишини ана шу тасмалар билан савалаб борган. Римлик аёллар эса атайлаб бориб, ўзларини калтакка тутиб беришган, чунки бу тасмалар бепуштликни кетказади, деб ишонишган.

Бу байрамни нишонлаш насронийлик даврига келиб ҳам давом этди.

БУ БАЙРАМНИНГ ВАЛЕНТИН КУНИГА ҚАНДАЙ АЛОҚАСИ БОР?

Милоднинг 494 йили. Папа Геласий I бу мажусийлик байрамини таъқиқлашга ҳаракат қилди. Луперкалия фестивали ўрнига келган байрам сабабчиси қилиб рим саркардаси Клавдий иккинчи қувғинлари оқибатида 296 милодий йили ҳалок бўлган “авлиё Валентин”, олинган. Афсоналардан фарқли ўлароқ Валентин хеч қачон хеч кимни никохдан ўтказмаган, рохиблигини сақлаш йўлиги ғўв бўлиши мумкин бўлган холатди хеч кимни яширин севмаган.

Римликлар насронийликка ўтгач, улар мазкур "Севги байрами"ни нишонлашни тўхтатмадилар. Балки бутпарастча "руҳий муҳаббат" деб эмас, балки насороча талқин билан "муҳаббат шаҳидлари куни", "барча севишганлар байрами" деб аталди.

Насроний черкови пешволари бу анъана ёшларнинг аҳлоқига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деб топиб, унга қарши чиққан. Хусусан, Италияда бу байрам ман қилиб қўйилган, чунки у айнан Италияда жуда кенг нишонланган. Авлиё Валентин куни Италияда 18-19-асрларга келибгина қайта тикланган. Ўша пайтлардан бошлаб ғарб мамлакатларида «Валентин китоблари» - ишқий шеърлар ёзилган китобчалар сотила бошлаган. Бундай китобларда севги изҳор қилиш ҳақида маслаҳатлар ҳам бўлган. Севишганлар ишқий мактублар ёзишда шу китобдан фойдаланишган.

Натижада, бир қатор Ғарб давлатларида бутун бир дўкончалар пайдо бўлиб, “Валентин куни”га тааллуқли совғалар билан савдо қилиш бошланди, улар орасида “Валентин китоби” номли китобчалар эди. Уларда ишқий шеърлар битилган бўлиб, севги изҳор этишни истаганлар бу шеърлардан бирини танлаб, ўз севгилисига тақдим этиши мумкин эди. Уларда ишқий мактуб ёзиш бўйича тавсиялар ҳам бериларди.

Бу байрамга исломий муносабатга келсак, бу ҳақда ал-Азҳар Университетининг фиқҳ профессори доктор Саид Иброҳим Солиҳ шундай дейди:

Ислом –Аллоҳга муҳаббат, зуҳд ва тақво дини, солиҳ ва ҳақ ишларда ҳамкорлик динидир. Биз Қодир Аллоҳдан барчамизни Ўзининг Мутлақ Раҳмати сояси остига олишини сўраб илтижолар қиламиз. Аллоҳ Таоло Ҳужурот сурасининг 10-оятида:
«Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз», - деган.

Бу жиҳатдан қараганда, муҳаббатнинг Ислом ақидаси нуқтаи назаридан мақбул ва аксинча, номақбул кўринишлари мавжуд. Албатта, мақбул муҳаббат сифатида аввало Набийлар ва Росулларга бўлган муҳаббатни мисол келтириш мумкин. Ўз-ўзидан маълумки, Аллоҳ Таолога ва Унинг Росули ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат севгининг бошқа ҳар қандай шаклларидан устун бўлиши лозим.

Дарҳақиқат, Исломда инсонларни бирлаштирувчи, уларнинг ҳаётига файз киритадиган байрамлар ман қилинмайди. Аммо Ислом бошқа динларга, масалан ғарб динларига кўр-кўрона эргашишни, хусусан авлиё Валентин куни каби байрамларни нишонлашни ман қилади. Зеро, «авлиё Валентин куни» ҳеч қандай диний асосга эга бўлмаган янгилик, яъни бидъатдир. Ислом бундай бидъатларни қоралайди. Ислом ақидасига кўра, мусулмонлар бир-бирларини ҳар доим, умр бўйи яхши кўришлари лозим. Исломда бунинг учун йилнинг бирор кунини тайинлаб қўйиш деган нарса йўқ.

Бинобарин, мусулмонлар «Валентин куни» каби бундай «янгиликлар» ва иримларга эргашишлари мумкин эмас. Шубҳасиз, бу «байрам»да динимизга ёт бўлган урф-одатлар бор бўлиб, у кишиларни ҳақиқий севгидан узоқ бўлган, ҳатто бу «байрам»ни маънавий аҳлоқсизликка, ҳатто зинога яқинлаштирувчи ҳатти-ҳаракатларга ундайди.

Аллоҳ Таоло барчамизни ҳидоятга, ҳақ йўлга бошласин ва гуноҳларимизни кечирсин, омин!!

Валлоҳи Аълам, биссавоб (Аллоҳ билгувчидир)

Ёмонликни танидим, ёмонлик учун эмас, ундан сақланиш учун...

Аллоҳ таоло барча инсоният учун Исломни дин қилиб танлади ва Исломдан ўзга ҳеч қандай йўл Унинг ҳузурида мақбул бўлмаслигини маълум этган:

“Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир” (Оли Имрон:85).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматлари орасида кофирларнинг урф-одат ва анъаналарига тақлид қилиб, эргашиб кетгувчилар чиқишидан огоҳлантирганлар.

Абу Саъйид ал-Худрий розияллоҳу анҳу ривоят этган ҳадисда шундай дейилади: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: "Сизлар аввал ўтган қавмларнинг йўлларига қаричма-қарич, газма-газ эргашиб кетурсизлар". Савол берилди: "Ё Расулаллоҳ, яҳуд ва насороларни айтяпсизми?" Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Бўлмаса кимни?" (Бухорий ва Муслим ривояти)

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам нимадан огоҳлантирган бўлсалар, ўша бугун содир бўлди ва кўпчилик мусулмонлар орасида оммавийлашди. Аксар мусулмонлар Аллоҳнинг душманларига кўп феълларда эргашдилар ва уларнинг урф-одатлари, анъана ва байрамларига тақлид қилдилар. Оммавий алоқа воситаларининг кўпайиши натижасида эса бу баттарроқ тус олди: кофирларнинг одатлари барча дабдабаю-асъаса билан куфр ўчоқларидан мусулмонлар орасига фазовий телеканаллар, интернет тармоғи, газета ва журналлар орқали узатилди, содда мусулмонлар эса уларнинг зоҳирий зийнати таъсирига мубтало бўлдилар.

Ўз навбатида илм аҳли Аллоҳ ва Расулига насиҳат (холислик) ҳаққи, ўз зиммасидаги вазифаларини адо этмоқлари, бундай кўринишларга Исломнинг аниқ ва асосли муносабатини яширмасликлари лозим ҳамда Аллоҳ таоло наздидаги азизликнинг ягона сабаби бўлмиш соғлом ақидаларини саломат сақлашга саъй-ҳаракат қилмоқлари шартдир.

 

БУ БАЙРАМНИНГ АСОСИЙ РАМЗЛАРИ

-Бу кунни (худди бошқа байрамлари қаторида) қувонч ва хурсандчилик билан ўтказиш.

-Бутпарастларнинг “руҳий муҳаббат” ёки насороларнинг “севги” тимсоли бўлмиш қизил атиргуллар алишиш.

-Битоқа (откритка)лар юбориш. Уларнинг баъзиларида Купидон сурати тасвирланади (Купидон – қадимги Римдаги севги илоҳи, яланғоч ва хатна қилинмаган қанотли гўдак бўлиб, қўлида камон ва ўқ ушлаган). Субҳоналлоҳ! Аллоҳ уларнинг бу бўҳтонларидан юксак ва покдир!

-Ишқий сўзлар ва истаклар ёзилган хатлар ёзиш. Уларда шеърий, насрий ёки бир неча жумлалар битилган бўлади. Баъзи хатларда кулгили сурат ва ажабтовур сўзлар ёзилган бўлиб, кўпинча “be my Valentine!” (Валентиним бўл!) деган ибора билан якунланади.

-Кўпчилик Ғарб юртларида бу кун зиёфатлар ташкил қилинади, эркагу-аёл аралаш рақслар тушилади. Кўплар ўз аёли, дўсти ёки севган бошқа кишиларига атиргул, шоколад ё бошқа совға беради.

-Севги-муҳаббат (жумладан, узоқроқ ўпишиш) мусобақалари уюштирилиб, натижада оммавий зино ва беҳаё намойишлар авж олади.

Аллоҳ таоло бизларни ўз паноҳида сақласин!