Skip to Content

Боланинг ҳузурида нимани гапириб бўлмайди

Бир танишим айтиб бердилар:
Ўртоғим меҳмонга келди, у билан ўтириб бемалол “қайнона саргузаштлари” ҳақида суҳбат қурдик. Ёнимизда 6 ёшар қизим ўйнаб юрарди. Бир неча кундан сўнг қайнонам меҳмонга келдилар. Қизимнинг бувисига айтган биринчи “янгилиги”:
- Бувижон, биласизми, ойимнинг қайнаналари уларни роса қийнаган экан. Сиз ойимни қайнаналарини танийсизми? – бўлди.
- Ҳа, қизим танийман, ҳамда жуда яхши танийман, - дедилар қайнонам.
Ер ёрилмади, ерга кирмадим.
Кўпинча ота оналар “Бу ҳали кичкина, нимани ҳам тушунарди...” деган ҳаёл билан бола ҳузурида қўни-қўшни, қариндош ёки ўқитувчилар ҳақида турли хил гапларни бемалол гапирамиз. Қайсидир маънода бу тўғри ҳам. Бола бу суҳбатларнинг асл маъносини англаб етмайди, аммо суҳбат асносидаги қўлланган калималарни, кетатиқларни жуда ҳам яхши “ёзиб олади”. Сўнгра эса худди шу гапларни ёки муомалани бошқаларга нисбатан қўллайди.
- Ўқишларинг яхшими? – сўрайди мактабдан қайтган қизидан она.
- Яхши, лекин шу математика ўқтувчим нуқул мени турткилайверади. Қўшимча дарсга келсин деб ёки пул берсин, деб шундай қилса керак.
Ўйлаб қарасангиз бу мактаб ёшидаги қизнинг ўз ўзидан ҳаёлига келмайдиган иш. Чунки мактабда ўқиш ва ўқитуш мавзуси ўтилади. Пул ва ўқитувчи мавзуси эмас. Боланинг бундай фикрга келиши ота онаси бу ҳақда унинг ёнида “бир икки оғиз” гаплашишидан келиб чиққан. Яна бир мисол:
Икки синфдош (қўшни, дўст) тортишиб қолди.
- Сен ҳам отангга ўхшаган алкаш, (довдир) бўласан, - дея бола ўз дўстини “сийлайди”.
Бундай ҳолатга дуч келган ота ёки она уятдан қизарганча боласини бир четга тортади. Унга “бу ишнинг нотўғрилигини” тушунтиради. Аммо бола буни тушуниши қийин, чунки у фақатгина ота онасидан эшитган гапларни қайтарди, холос. Бола учун ота она оламни таниш учун бир харита. У ота онасининг ҳаётий принциплари, ҳатти ҳаракатлари асосида ўлғаяди, ривожланади, ўсади. Юқорида келтирилган бу ҳаракатлар, гапирган гаплар учун дакки эшитган бола тўғрилик ва нотўғрилик чегарасини йўқотади. Энг ачинарлиси, ота-онасидан эшитган гапларини тўғри дея қўллади ва сўнгра худди шу сўзларни нотўғри эканлигини ҳам айнан ўша ота-онадан эшитди. Бунинг натижасида у ёлғончилик ва иккиюзламачиликни ўрганади.
Бола ҳузурида ота она унинг тарбияси ҳақида ҳеч қачон тортишмасликлари керак. Агар бу борада ораларида ҳамфикрлик бўлмаса, бу келишмовчиликларни бола эшитмайдиган тарзда ҳал қилиш лозим.
Шунингдек, оилада “биз яхши, фалончи унақа, писмадончи бунақа” сиёсати остида ўсган бола учун жамиятда социал активлик қийинлашади. У дўстлашиш ва одамлар билан муносабатда ўзини чегаралайди. Чунки унинг ҳаётни қабул қилишида у “яхши”, атрофдагилар эса “ёмон” деган чегара қўйилган.
Ҳеч қачон фарзандларингиз ёнида уларнинг ўқитувчилари ҳақида ёмон қикр билдирманг!
Шундай чегаралар борки, уларни бузиш мумкин эмас. Ўзингиз ўйлаб кўринг:
Ўқитувчиси ҳақида “порахўр”, “ҳеч нарса билмайди” каби сўзларни эшитган болада қандай қилиб бу ўқитувчига нисбатан ҳурмат ва у олиб бораётган предметга қизиқиш бўлиши мумкин?! Ҳеч қачон “Сен яхши, ўқитувчининг ёмон” қабилида йўл тутманг.
Ота боболаримиз фарзандларини устоз қўлига “Гўшти сизники, суяги бизники”, дея топширишган. Бу бизга бир мерос десак ҳам бўлади.

Ҳар биримиз инсонмиз, ўзимизга яраша ютуқларимиз ва камчиликларимиз бор. Албатта бу мақола билан “болага ҳеч нарсани гапирманг” дейишни ўйламадик. Шундай ҳолатлар бўлганда унга бамайлихотир ўтириб тушунтиришга ҳаракат қилинг. Энг катта нуқсонимиз бу болаларимиз билан суҳбат қура олмаганимиздадир. Ўқитувчисидан нолиган болага ўқитувчиси ҳақида “ширин” сўз айтишдан аввал:
- Агар унинг ўрнида мен ўқитувчи бўлсам, ва сенинг ўрнингда бошқа бола бўлса ҳозирги ҳолатни қандай қабул қилардинг? – дея савол беринг. Ўз ҳаракатларини анализ қилишга унданг. Ўқитувчи унга қилаётган яхшиликларни ёдга солинг. Боланинг айби бўлса буни унга тушунтиринг, бақириб эмас, дакки бериб эмас, сўзлар билан тушунтиринг. Кечирим сўраши мақсадга мувофиқ эканлини англатинг. Шунда у сизнинг ёнингизда бўлмаган ҳолатларда ҳам воқеа ва ҳодисаларга тўғри баҳо бериб фикр чиқаришни ўрганади. Боланинг дунёси ҳам худди катталарники каби дунё. Фақат унинг танимаган билмаганлари кўп. Биз бунга ёрдамчи бўлмасак, ким уларга ёрдамчи бўлади...?!

Мадина ЗАРИПОВА