
Савол: Фарзанд неъматини берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Аллоҳ таоло менга гўзал авлод берган, аммо ... Фарзандим йиғлаганда асабийлашаман, ўзимни йўқотаман ва оқибатда унга қўл кўтараман. Сўнгра виждоним қийналади, юрагим эзилади. Уни жуда яхши кўраман. У бошқалар билан ўйнайди, кулади, аммо мени кўрганда йиғлай бошлайди. Ўғлим ҳозир 1 ёшда. Ўзим ибодатли аёлман. Менга маслаҳат беринг.
Жавоб: Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Фарзандингизга муносабатингиз ҳақиқатан ҳам ачинарли. Сизга бир неча маслаҳатларни айтиб ўтамиз, Аллоҳ сизга бу насиҳатлардан фойда насиб этсин:
1. Фарзанд овқат, сув, уйқу ва тоза ҳавога муҳтож. Севги ва меҳрибонлик эса ота она унга бера оладиган энг яхши озуқа. Агар уни одатий озуқа билан жисмоний озиқлантирсангиз ва руҳий тарафига эътибор қилмасангиз унга ноҳақлик қилган бўласиз.
2. Унга ўз меҳрингизни кўрсатишингиз яхши натижалар беради. Фарзандни кўкрак сути билан ўлғайтиришни тавсия қилинади. Ва шу билан бирга бу жараён нафақат эмизиш, балки она билан болани бир-бирига меҳр кўрсатиши, бир-бирини қўчоғида ҳис қилиши ҳам керак. Замонавий илм тадқиқот она сутининг нафақат боланинг жисмоний ўсишига, балки унинг руҳий ва эмоцианал ривожига ҳам катта таъсир ўтказишини кашф қилган. Аксинча бу бахтдан маҳрум қолган болаларда баъзи бир ўзгаришлар кузатилмоқда.
Фарзандга нисбатан шиддат, ва бемеҳрлик тарқалган жамиятда жиноят ва ёмонлик ошиб боради. Социолог тадқиқотларга кўра узоқ муддатли жазо, ота-она тарафидан таъма, болани ўзига ишончини йўқотади ва оиладаги шиддатни оширади. Бу қарши туриш қийин бўлган муаммоларни келтириб чиқаради. Чунки бу шиддат жамият даражасига ҳам кўтарилиб бошқа инсонларнинг ҳаётига ҳам хавф туғдириши мумкин.
3. Фарзандларига меҳр-мурувват кўрсатмаган инсон, одам фитратига ва Шариатга қарши чиқади. Аллоҳ таоло инсонни ўз фарзандларига меҳрли қилиб яратган. Аллоҳ таоло ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам бунга чақирмаган, чунки бу инсоннинг фитратида бор бўлган, таъкидлашга ҳожати йўқ ҳис. Аксинча, Ислом фарзандларга нисбатан ота онасига ғамхўр бўлишликка ва улар чақириғига “лаббай” дейишга чақиради.
Фарзандларига мурувват кўрсатмаган, Аллоҳ марҳаматини кўрмайди.
Абу Ҳурайра разияллаҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Алининг ўғиллари – Ҳасанни ўпдилар. Шунда у ерда ўтирган Ақраъ ибн Ҳобис ат-Таймий “Менинг ўнта болам бор, улардан бирортасини ҳам ўпмаганман”, - деди. Расулуллоҳ саллаалоҳу алайҳи васаллам унга бир нигоҳ ташлаб қўйдиларда, сўнг: “Ким меҳрибонлик қилмас экан, меҳрибонлиқ кўрмайди!”, деб айтдилар”. (Бухорий, Муслим)
Оиша разияллоҳу анҳу шундай дейдилар: “Бир аъробий (бадавий) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Сизлар болаларни ўпар экансизлар, бизлар эса ўпмаймиз”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам унга жавобан: “Аллоҳ таоло қалбингдан раҳм шафқатни суғуриб олган бўлса, қандай мен уни бағрингга жо қилай?!”, деб айтдилар. (Бухорий)
4.Болани бундай тарбиялаш йўлини танлаш билан адашганингизни тушунишингиз керак.
Бу тарбиянинг салбий натижалари сизни бу дунёнинг ўзида кутади.
Ғамхўр, меҳр ва мурувватли фарзанд тарбия қилишда сиз қўллаётган тарбия ижобий натижа бериши мумкинми?
5. Бола йиғиси унинг нимадандур безовталигини кўрсатади ва сабабсиз бўлмайди. Она фарзандининг бир неча хил йиғлашини билади. Баъзи бир йиғи бадандаги оғриқдан далолат қилса, бошқаси очиққанлигини кўрсатади. Бола йиғлай бошлаганда она унга ғамхўрлик кўрсатиши ва йиғи сабабини излаши керак. Агар бола оғриқдан йиғлаётган бўлса ва сиз бу сабабни ўрганмасдан уни уриб ёки чимчилаб олишга шошманг, чунки бу бошқа муаммони ўртага чиқариши мумкин.
“Йиғи, бақириш ва шу каби ҳаракатлари бола учун ичидаги шиддат ва кескинликни чиқариш йўли”, деб ҳисоблашади психологлар. Худди шундай уйинчоқларни ёки бошқа бирор нарсани синдириш, асабийлик, ортиқча ҳаяжон ҳам ичидаги шиддатни чиқаришга ёрдам беради. Аммо юқорида санаб ўтилганларнинг сабаби эса унинг ичида йиғилиб қолган кин, адоват ва дард. Болалар буни ҳис қилмайди, деган тушунча бўлиши мумкин, аммо бу нотўғри. Бола ҳам худди биз сингари одам, унинг ҳам ҳис туйғулари, ўзининг ички олами бор. Қаноатланмаслик билан дуч келган болада агрессия уйғонади. (Масалан, сиз болани мукаммал, йиғламайдиган, ҳар бир айтганингизни қиладиган бўлишини истайсизу ва унинг ҳозирги ҳолатидан қаноатланмайсиз. Болангизни бундай бўлади, деб тасаввур қилмагансиз. Аммо ҳаёл бошқа ҳаёт бошқа. Ҳаётда ҳамма нарсага меҳнат орқали эришилади.) Бу ҳисларнинг ҳаммасини бола йиғида тўплаб чиқариб ташлайди. Бола йиғламас экан у агрессияни ичида сақлайди ва бу агрессия кейинчалик унда зоҳир бўлиши мумкин ёки унинг руҳиятига таъсир ўтказиши мумкин. Вақт ўтган сайин бола бу ҳақида унутиши мумкин, аммо бу агрессия унинг ичида қолиб кейинги ҳаётига касаллик, безовталик ёки имконият пайдо бўлганда агрессияни ишга солиш каби ҳолатларга олиб келади. Баъзан фарзандларимиз ёшлигида мўмин қобил эди, катта бўлиб ўзгарди, деган шикоятларни эшитиб қоламиз. Бу бола ичидаги агрессияни йиллар буйи сақлаганига далолат.
6. Америка тадқиқотчиларининг огоҳлантиришларича, болани ҳатто силкитиш унинг ақлий ва жисмоний ривожига зарар бериш мумкин. Қаттиқ силкитиш миянинг бузилишига олиб келади, бу баъзи ҳолларда асаб толаларини шикастлаш, ақлий оқсоқлик, кўрлик, томир тортишиши, ўқишдаги қийинчиликлар, эътибор камлиги, ва бошқа таълим қийинчиликларини келтириб чиқариши мумкин.
“Боланинг йиғиси асабга тегади, безовталикка сабаб бўлади. Аммо бола учун йиғи – ўз эҳтиёжларини ифодалашнинг ягона йўли. Шундай экан биз биринчи ўринда бу йиғининг сабабини ўрганишимиз лозим. Кўп ҳолларда эркак чақалоқларга зарар берилади. Яъни 100 фоиздан 57 % ни ўғил болалар эканлиги кузатилган”, дейди бир аёл мутахассис.
Шунингдек олимлар, бола йиғлаган пайтида уни тўшакка отиш, тепага отиш, қўлига ёки оёғига олиб қаттиқ қаттиқ силкитиш оқибатида мия бош суягига урилади ва баъзи қон томиларини ёрилишига олиб келишини таъкидлашган.
Хулоса: Аллоҳнинг фитратига қарши чиқманг ва фарзандингиз сизга омонат эканлигини ёдингизда тутинг ва Аллоҳдан қўрқинг. Гўзал юзли фарзандингизга мурувватли бўлинг ва унга бир зарар етказишдан сақланинг. Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам ва уларнинг саҳобалари ҳаётларига бир назар солинг ва улардан ўрнак олинг. Фарзандингиз учун дуода бўлинг. Оналарни дуолари қабул бўлади, дейишади. ИншаАллоҳ сиз фарзандингиз учун яхши она бўла оласиз. Биз эса Аллоҳдан уни тўғри тарбиялашингизни сўраб дуо қилиб қоламиз. ВАллоҳу аълам.
Манба