Skip to Content

Шариатда фарзанд тарбияси

“Muslima.uz”Аллоҳ таоло: “...фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир" (Каҳф cураси 46-оят) – деди.
20 аср радио, телевидение, компьютер ва шу каби катта-катта кашфиётлар билан кириб келди. Аммо тараққиёт нафақат техник ва илмий кашфиётлар билан ўлчанади. У инсонлараро ўзаро ҳурмат, севги, ҳамдардлик каби ҳисларнинг жамиятга нақадар чуқур ўрнашганига ҳам боғлиқдир.
Соғлом ва ривожланган жамият биринчи ўринда инсон ҳақида қайғуради. Унда яхшиликка интилишни ва ёмонликка қарши чиқишни тарбиялайди.
Янги авлодни тўғри тарбия қилиш бу йўлдаги илк одимлардир, чунки улар бизнинг келажагимиз. Фарзанд тарбиясининг муҳимлиги Қуръони каримда зикр қилинган.
Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг”. (Таҳрим сураси 6 оят)
Юқоридаги ояти каримадан маълумки, ота онага ва ўқитувчиларга Аллоҳ таоло тарафидан катта масъулият юклатилган. Фарзандларимиз бизга берилган Аллоҳнинг неъмати ва омонатидир. Бу омонат учун Қиёмат кунида Унинг ҳузурида жавоб берамиз.
Бола кичик экан уни тарбия қилиш осонроқ. Чунки инсон шахсияти кичик экан атроф муҳит таъсирида шакллана боради. У ўлғайган сари унга таъсир кўрсатиш ва ўзгартириш қийинлаша боради. Юмшоқ шамга истаган шаклингизни беришингиз мумкин ва бу сизнинг шакл бериш маҳоратингизга боғлиқ. Аммо шам қаттиқ бўлса ундан кукундан бошқа нарса қилиш амри маҳол. Яхши тарбия маҳсулига осонликча эришилмайди ва бу узоқ сурункали меҳнат ва мурувватни, сабр, ақлни талаб қилади. Тарбия борасида қуйидаги келтирилган бўлимлар ота оналаримизга фойдали бўлишини Аллоҳдан сўраб қоламиз.

1. Диний. Бу тарбияга бола туғилгандан бошлаб, унга имон ва Ислом асосланини ўргатиб бориш киради.

Имон – Аллоҳ таолога, фаришталарга,пайғамбарларига, китобларга, Қиёмат кунига, тақдирга, яхшилик ва ёмонлик Аллоҳдан эканлигига ишонишдир.
Ислом арконларидан 5 таси – Шаҳодат калимасини дил ва тилбилан айтишлик ила имон келтириш, намоз, рўза, закот, ҳаж.
Шариат қоидалари – Аллоҳ таоло тарафидан инсонга буюрилган амаллар. Бу амаллар бир инсоннинг кундалик ҳаётидаги ҳолатларни, жамият ҳаётини, инсонлар орасидаги муносабатни ўз ичига олади.
Ҳар бир бола тоза фитратда туғилади. Бунга Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ҳар бир гўдак (Ислом) фитратида туғилади. Лекин ота-онаси уни ё яҳудий, ё насроний, ё мажусий қилади” (Мутаффақун алайҳ), деган ҳадислари ҳам исбот.
Бошқача қилиб айтганда бола она қорнини тарк қилар экан, кераксиз фикру уйлар, урф одатлардан ҳоли тарзда дунё эшикларини очади. Унинг қалби тоза бир оқ қоғоз мисол, айнан ота она уни ўраб турган олам ҳақида тасаввур беради, дин танлайди. (Маълум бир дин асосида тарбиялай бошлайди). Айнан шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ҳузурида фарзанди учун жавобгардир.

2. Аҳлоқий. Фарзанд туғилган онидан бошлаб бериб бориладиган одоб аҳлоқ арконлари киради. Бу арконлар инсон шахсиятининг асоси бўлиши керак. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен яхши хулқларни батамом қилиш учун юборилганман”, деганлар. (Бухорий)
Бошқа бир ҳадисда эса: Оиша разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, мўмин ўзининг чиройли хулқи ила рўза тутувчи ва бедор бўлувчининг даражасини топадир”, - деганларини эшитдим. (Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон, ва Ҳоким ривоят қилишган).
(Ахлоқий тарбия кўрган бола Аллоҳ ҳамма нарсани кўриб тургани ҳисси билан ўсади, ўлғаяди, ўз ҳаракатларида масъулиятни ҳис қилади. Унинг шахсияти шаклланишида одоб ахлоқ қадриятлари илдиз отади. У ота онаси, ака укаси, опа синглисига, дўстларига ҳурмат ва мурувват кўрсатади, ростгўй, вафодор бўлади.
Албатта бунга осонликча эришилмайди. Буларнинг барчасини боладан талаб қилиниши билан бирга ота онада ҳам мужассам бўлиши керак. Маълум бир вақтгача бола оламни ота она мисолида танийди, билади. Ва оилада юқорида зикр қилинган қадриятлар бўлса ва болага эътибор билан булар ўргатиб борилса, фарзанд ҳам бу қадриятлар ҳисси билан ўсади. Унда “Шундай бўлиши керак”, деган қабулланма ҳосил бўлади. Тут дарахтининг ёнидан ўсиб чиққан тут ниҳолларининг бир кун келиб олма бўлишини кўтилмайди, талаб қилинмайди. Баъзи ҳолларда биз ота оналар фарзандларимиздан шикоятчи бўлишни яхши кўрамиз. Аммо фарзанд бизга соф ҳолатида берилган эди ва ҳозирги ҳолатига биз айбдор эканлигимизни унутамиз. Бирор ким бу шикоятимизнинг асл жавобини берса, ундан хафа ҳам бўлиб қўямиз. Чунки тўғри гап баъзан инсонга хўпам ёқавермайди. Фарзандли бўлишга ҳозирланаётган келин куёвларимиз, фарзандларида кўришни истамаган ўз нуқсонларини туғирлашга ҳаракат қилишсин. Ислом инсонни ўзини ислоҳ қилишга чақиради. – таржимондан.)

3. Жисмоний. Кучли, соғлом, мард – оиласи ва жамиятига тегадиган фойдасидан завқ ва мамнуният ҳис қиладиган инсон тарбиялаш.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадисларда: «Ёзишни, сузишни ва отишни таълим бериш фарзанднинг ота-онадаги ҳаққидандир», дейилган.
Жисмоний тарбия – танани комиллаштириш, иммунитет тизимини мустаҳкамлаш, касалликлардан профилактика қилишдир. Ислом дини соғлиқнинг Аллоҳ тарафидан инсонга берилган энг катта неъматларидан бири эканлигини таъкидлайди.
Кучли мўмин кучсиз мўминдан яхшироқдир”, деганлар Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам.
Мусулмонлар саломатликларига диққатли бўлишлари ва уни жисмоний машқлар билан мустаҳкамлаш тавсия қилинади.

4. Интелектуал. Тарбиянинг бу тарафи юқоридаги бўлимдагидек муҳим аҳамият касб қилади. Интеллектуал тарбия болани атрофни ўрганишга, изланишга, илмга иштиёққа ундайди. Асосий кучни бу дунё ва у дунё саодатига элтадиган диний билимларни эгаллашга сарфламоқ лозим. Илмнинг қадри ва инсонларнинг Ислом таълимотларини ўрганиш мажбурияти ҳақида кўпгина оят ва ҳадислар бор.
...Сен: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» деб айт...”. (Зумар сураси, 9 оят)
Кимки илм олган бўлса, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламдан тўлиқ мерос олибди”, дейилган ҳадисда ҳам илм олиш кераклиги уқдирилган. (Жомеъ ас-саҳиҳ)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимгаки Аллоҳ таоло яхшиликни раво кўрса, уни дин илмидан баҳраманд қилади, илмга илм олмоқ йўли билан эришилади”, дедилар. (Бухорий).

Аммо шу билан бирга бошқа фойдали илмларни ҳам унутмаслик лозим.
Умар разияллоҳу анҳу бундай дедилар: “Илмни чуқур ўрганинг!

5. Психологик. Болада соғлом ва мустаҳкам психика тарбия қилмоқ. Бунинг натижасида бола жасур, мустақил, комилликка, яхшиликка интилиш ҳисси билан ўсади. Тўғри психологик тарбияда бола ҳасад, нафрат, қўрқув каби ҳиссиётларга берилмайди. У фақат Аллоҳдан қўрқишни, ва Унинг ризолигига интилишни истайди. Унда нафрат, ҳасад каби ёмон иллатлар кузатилмайди.

6. Ижтимоий. Бу аспектнинг вазифаси болани жамият қонун қоидаларига амал қилишни ўргатиш.
Бунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни ўзимизга ва фарзандларимизга ўрнак қилсак бўлади. Аллоҳ таоло:
...Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир”, (Аъроф сураси, 199 оят) деб буюрган.

7. Жинсий. Тарбиянинг бу соҳасида ота онадан нозикликни талаб қилади. Болага жинслар орасидаги фарқлар айтиб борилади. Болада кейинчалик бу борада саволлар ҳам туғилиши табиий ҳол. Бу ҳақда албатта ота онанинг очиқлама бериши тўғрироқ. Чунки бола бу нарсаларни барибир кўчада, мактабда ўрганиши мумкин. Аммо бу “таълим” қандай тарзда бўлиши номаълум. Шунинг учун ота оналаримиз бу борада керакли адабиётларни ўқиб ва фарзандларининг хулқ-атворларини ва қабул қилиш даражаларини ҳисобга олган ҳолда очиқлаганлари мақсадга мувофиқ.

Мадина Зарипова таржимаси