Skip to Content

Ота она учун баъзи бир кўрсатмалар

“Muslima.uz”

1. Фарзандингизнинг дунёсига киринг, уни тинглашни ўрганинг. Унинг туйғуларини тушунишга ҳаракат қилинг. Унинг фикрлари, руҳ дунёси ўзгача. Шунинг учун баъзи бир мавзуларда ундан “Бу ҳақда сен нима деб ўйлайсан”, деб унинг фикри билан ҳам қизиқиб кўринг. Шунда сиз фарзандингизнинг нафақат нима еб ичаётганию, нима кияётгани ҳақида, балки қайси оламда яшаётгани ва нималар уни ўзига тортиши ҳақида, унинг олами ҳақида ҳам тушунча ҳосил қиласиз.

2. Фарзандингиз учун бир нарсага қарор берар экансиз, доимо чиройли юз ифодасини сақланг. Бу фарзандингизга ўзини ишончни ҳис эттиради, асабийлаштирмайди. Агар сизда бир асабийликни кўрса бу унга ҳам таъсир қилади.

3. Нимага саволлари ўрнига, қандай, қайси каби саволлар ишлатинг. “Нимага бундай қилдинг?, Нимага асабийсан?” каби саволларда болалар учун бир таҳдид яширингандай туюлади. Бунинг ўрнига “Нима бўлди? Қандай бўлди?” каби саволлар сўранг ва уларнинг туйғу ва фикрларини ўрганинг, муаммосида биргаликда йўл топишга ҳаракат қилинг ва “Сен нима деб ўйлайсан, шундай қилсак яхши бўлармикин?”, деган саволларни ташлаб унинг фикрларини тўла эшитинг. Шунда сиз унинг фикрларидаги нотўғриликларни ўрганасиз ва бу нотўғриликни секин аста тўғирлашга ҳаракат қилинг.

4. Фарзандингизни тингланг. Унинг учун вақт топинг, ҳислари билан қизиқинг. Ўзингизнинг ҳисларингизни тушунтиринг. Чунки у сизга баъзи бир нарсаларни тушунтира олмаслиги мумкин, ва сиз унга туйғуларингизни тушунтириб унинг сўрай олмаган саволларига жавоб беришингиз мумкин. Болалагингиз ҳақида унга сўзлаб беринг. Сизни ўша пайт қийнаган саволларни тушунтиринг. “Ўша пайт мана шу муаммони қандай қилиб ечсам тўғри бўларди сенингча?”, дея савол сўраш ҳам унинг фикрини ўрганишга бир одим. Сиз унинг фақат сўзларини эмас туйғуларини ҳам тинглашни ўрганинг.

5. Ҳар бир оилада албатта ёзилмаган, аммо ҳамма амал қиладиган қоидалар бўлиши лозим. Аммо бу қоидаларга амал қилинишига сиз ҳам ҳаракат қилинг. Агар бу қоидалар ҳар кун ўзгарса фарзандингизга бирор бир нарсага одатлантира олмайсиз. Бола сиздан кўриб, бир кун қилса бўладиган ва истаган пайтда воз кеча оладиган қоидалар амал қилишга ҳаракат ҳам қилмаслиги мумкин. Агар бу қоидаларга баъзи бир сабабларга кўра амал қилинмаётган бўлса, бунинг сабабини фарзандингизга тушунтиринг. Бу ҳар бир ишга оид. Масалан: уйга кўча оёқ кийими билан бир кун кирилиб, бир кун кирилмаса, бола ўзига қўлайини танлайди. Ёки тўшакларини бир кун йиғиб, бир кун йиғмаса, буни ҳам ўзига қўлай бўлганини танлайди. Чунки бу сиз томонингиздан эътибордан четда қолгани учун ва ҳар доимга амал қилинадиган қоида бўлмагани учун у ҳам амал қилишни лозим кўрмайди.

6. Фарзандингизни бошқа болалар билан қиёсламанг. Ҳар бир инсоннинг ўз дунёси бор, катталарга нисбатан бундай қиёслаш қилсангиз хафа бўлишади. Бола ҳам бир инсон. Унинг бошқа болалардан айри қизиқишлари, айри истеъдодлари бор. Шу сабабдан бошқа болалар билан уни қиёслаш, уни хафа қилади.

7. Агар фарзандингиз билан орангизда бир муаммо туғилса, унинг асл сабабини изласангиз муаммо ечими енгиллашади. Янглиш муожала бошқа бир муаммони чиқаради ёки бу муаммони янада катталашишига сабаб бўлади.
8. Хатоларини юзига солманг, балки биргаликда ўтириб, гаплашиб, тушунтиришга ҳаракат қилинг.

9. Фарзанд ота онасини яхши кўради ва кичик экан буни кўрсатишга уялмайди. Сиз ҳам унинг бу севгисига жавоб беринг, у ҳам сизнинг севгингизни юзингиздан кўрсин, тилингиздан эшитсин.

10. Фарзандингиз ёнида турмуш ўртоғингиз билан тортишманг, уришманг. Айниқса бола тарбияси ҳақида.

11. Фарзандингизга ўзини ҳурмат қилиш ҳиссини беринг. У ўзига ишонсин.

12. Керак бўлганда унга “Йўқ!”, дейишни ҳам билинг.