Муоз ибн Жабал Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Агар сўзлаганда ёлғон ишлатмасалар, омонатга хиёнат қилмасалар, берган ваъдаларини бузмасалар, сотиб олаётганларида ерга урмасалар, сотаётганларида кўкка кўтариб мақтамасалар, берарлари бўлса, чўзмасалар, оларлари бўлса, қийнамасалар, ана унда, энг яхши касб савдогарларнинг касбидир”.
Бу айтилганлар Аллоҳ белгилаган ҳудудларга риоя қилиб, уларни сақловчиларнинг хислатларидир. Ҳадисда зикр этилган шартларга ризқи Аллоҳ томонидан кафолатланганини билганлар, қалбида ризқи етмай қолиши хавфи бўлмаган, ризқи қаердан ва қандай келишини яхши билган инсонларгина вафо қилади. Бу кишилар “тақводор” сўзига муносибдир. Тақво туфайли эса ризқ кутилмаган жойдан етади. Чунончи, Аллоҳ таоло Китобида шундай марҳамат қилади: “Ким Аллоҳдан қўрқса, У зот унинг учун (барча ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур”. (Талоқ сураси, 2-3 оят)
Баъзида бандалар ризқни келтириб чиқарувчи сабабларга алданиб қолиб, ризқининг манбаи қаердан эканини унутиб қўяди ва бу билан Аллоҳга осий бўлади. Шунинг учун ҳам, мол сотса хиёнат қилади, ундаги йўқ сифатларни айтиб мақтайди. Бу ишни у кўнглини тўқ қилиш учун қилади ва ризқи шундай келади, деб ўйлайди. Қанчалаб унинг каби гўлларни шайтонлари лақиллатди. Бир куни тўсатдан ўлимга йўлиққанда, ушбу топганлари ўзига манфаат етказмайди, меросхўрларига қолиб кетади. Унга эса бу моллари бало бўлади. Кошки, бу банда тирикчилиги ва ризқи хусусида ёмон гумонларга бормасдан, буларнинг бари Аллоҳдан эканини билганида! Шунга ўзи ҳохлаган нарсасини бермагани учун Роббидан норози бўлмасди ва Аллоҳ ҳам унга раҳмати ила покиза ризқ ато этган бўлар эди. Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энг афзал иш ўзингга белгиланган тақдир учун Аллоҳ таоло ҳақида ёмон гумонларга бормаслигингдир”, деганлар.
Ризқ сабабларигагина боғланиб қолган кишининг қалби хотиржам эмас, нафси ахлатхонадан ахлатхонага учиб юрадиган пашша сингари оч. У дунёнинг барча кирларини тўплайди, сўнг эса уни ортида қолдириб кетади. Бу инсон жони узилганда Робби ҳузурига заиф имон билан боради. Кимга Аллоҳ таоло ҳидоят эшигини очиб қўйган бўлса ва у Роббини комил имон билан таниган бўлса, қалбидан ризқ ташвиши соқит бўлади. Унинг ўрнига қалбини Аллоҳдан қўрқув эгаллайди.
Кимга ҳидоят эшиклари очилмаган бўлса, унинг қалби Аллоҳ ҳақидаги ёмон гумонлардан чарчайди, ҳар бир тана аъзоси худди безаниб олган фоҳишанинг ортидан югураётгандек бўлади. Бу қалб энди унинг асирига айланганда, фоҳиша унинг олдидан қочиб қолади. У эса аҳмоққа ўхшаб ортидан қараб қолаверади. Бу ҳолат Аллоҳдан, Унинг инъомларидан юз ўгирганларининг жазосидир, дунё қолдиқларини тўплашга берилиб кетиб, ҳаром, шубҳали ва ҳалолнинг фарқига бормасдан Аллоҳга осийлик қилиб, шаҳватлари ва ҳохиш-истаклари йўлида Робби белгилаб қўйган чегарадан ташқарига чиқиб, исроф ила сарфлаганларнинг “мукофот”идир.
Нафси борига қаноат қилган, ортиғига кўз тикмаган ва Аллоҳнинг унга қилаётган ҳукми ва тадбирларига рози бўлган кимсалар ҳақида Аллоҳ таоло айтади: “Эй, хотиржам (сокин) жон! (Ато этилган неъматлардан) рози бўлган (ва Аллоҳ томонидан) ҳам рози бўлинган ҳолингда, Роббинг (ҳузури)га қайтгин! Бас, (солиҳ) бандаларим (сафи)га қўшилган ва жаннатимга киргин” (Фажр сураси 27-30 оят).
Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга суянса, Аллоҳ унинг ризқини ўзи кутмаган жойдан етказади”. Бунга шубҳа йўқ.
Ризқ Аллоҳдан
Иброҳим
- Мулоҳаза қолдириш учун сайтга киринг ёки рўйхатдан ўтинг
- 122 марта ўқилган