Skip to Content

Ҳусни хулқ аломатларининг баёни

Билингки, ҳар бир инсон ўз айбидан бехабардир. Агар катта гуноҳларни тарк қилгунча нафси билан озгина курашиб қолса, нафсимни покладим ва хулқим чиройли бўлди, энди курашишга ҳожат колмади, деб гумон қилади. Шунинг учун ҳусни хулкнинг аломатларини изоҳлаш лозим. Чунки ҳусни хулқ иймондир. Ёмон хулқ эса мунофикликдир. Аллоҳ таоло Ўз китобида мўминларнинг ҳам, мунофиқларнинг ҳам сифатларини зикр қилган. Шу сифатларнинг ҳаммаси ҳусни хулк ва ёмон хулқнинг самарасидир. Ҳусни хулқ зикр қилинган оятларни билишингиз учун улардан келтирамиз.

Аллоҳ таоло айтади:  “Дарҳақиқат мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир. Улар беҳуда – фойдасиз (сўз ва амаллардан) юз ўгиргувчи кишилардир. Улар закотни (адо) қилгувчи кишилардир. Улар авратларини (ҳаромдан-зинодан) сақлагувчи кишилардир. Магар ўз жуфту-ҳалолларидан ва қўлларидаги чўриларидангина (сақланмайдилар). Бас улар маломат қилинмаслар. Энди ким шундан ўзгани (зино ва шу каби шариати Исломийяда ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас ана ўшалар ҳаддан ошгувчилардир. Улар (яъни мўминлар) ўзларига ишонилган омонатларга ва (ўзгаларга) берган аҳду паймонларига риоя қилгувчи кишилардир.
Улар (барча) намозларини (вақтида адо этиб қазо бўлишдан) сақлагувчи кишилардир. Ана ўшалар Фирдавс (жаннатига) меросхўр бўлгувчи ворислардир. Улар ўша жойда мангу қолурлар". 

 (Мўминун сураси, 1-11-оятлар).

Яна Аллоҳ, таоло айтади:

«(Улар — тавба қилгувчилар Аллоҳнинг Ўзигагина) ибодат қилгувчилар, шукр қилгувчилар, рўза тутгувчилар, рукуъ-сажда қилгувчилар, яхшиликка буюргувчилар, ёмонликдан тўхтатгувчилар ва Аллоҳ белгилаб қўйган қонун-қоидаларга доимий риоя қилгувчи (мўминлар)дир. (Эй Муҳаммад), бу мўминларга жаннат хушхабарини етказинг!»

(Тавба сураси, 112-оят.)

Яна Аллоҳ айтади:

« Фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинганида қалбларига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган ва Парвардигорларигагина суянадиган кишилар (ҳақиқий) мўминдирлар. Улар намозни тўкис адо этадилар ва Биз уларни баҳраманд қилган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладилар. Ана ўшалар ҳақиқий мўминлар бўлиб, улар учун Парвардигорлари ҳузурида (яъни, жаннатда, юксак) даражалар, мағфират ва улуғ ризқ бордир».

(Анфол сураси, 2-4-оятлар).

Яна Аллоҳ таоло айтади:

«Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда тавозуъ билан юрадиган, жоҳил кимсалар уларга (бемаъни) хитоблар қилган вақтида ҳам «Омон бўлинглар», деб жавоб қиладиган кишилардир».

(Фурқон сураси, 63-оят).

Қайси бир инсонга ўзининг ҳоли мавҳум бўлса (яъни, қандайлигини билмаса), ўз нафсини юқоридаги оятларга рўпара қилсин. Унда бу сифатларнинг ҳаммаси топилиши хулқининг чиройли экани аломатидир. Бу сифатларнинг ҳаммаси йўқ бўлиши хулқининг ёмон экани аломатидир. Унда ушбу сифатларнинг баъзисигина топилиши ҳусни хулқнинг ҳам баъзисигагина эга бўлганига далолат қилади. Ундай киши бор сифатини асраб, йўқларини эса ҳосил қилиш билан машғул бўлсин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминни кўп сифатлар билан сифатлаганлар. Бу сифатларнинг ҳаммаси билан чиройли хулқларга ишора қилиб айтадиларки: «Мўмин киши ўз нафсига яхши кўрган нарсасини биродари учун ҳам яхши кўради» (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ким Аллоҳга ва Қиёмат кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин» (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари). Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисини ҳурмат қилсин», деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари). Яна Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин» (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари). Мўминларнинг сифатлари ҳусни хулқ эканлигини ҳам зикр қилиб айтдиларки: «Мўминларнинг иймонда етукроқлари уларнинг хулқда чиройлироқларидир».

Яна айтдилар: «Агар мўминни жим турган (кўп гапиришдан ўзини тийган) ва виқорли ҳолда кўрсангизлар, унга яқинлашинглар, чунки унга ҳикмат талқин қилиб турилади». Яна Расулуллоқ соллаллоҳу алайқи васаллам: «Қайси бир инсонни қилган яхшиликлари хурсанд қилса ва ёмонликлари хафа қилса, у мўминдир», дедилар (Имом Аҳмад ва Табароний ривоятлари). Яна у зот алайҳиссалом айтдилар: «Мўмин киши учун ўз биродарига азият берадиган назар билан ишора килиши ҳалол бўлмайди» (Ибн Муборак ривояти). Яна Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон киши учун бошқа мусулмонни қўрқитиши ҳалол бўлмайди», дедилар (Баззор заиф санад билан ривоят қилган). Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки: «Албатта икки ҳамроҳ Аллоҳ азза ва жалланинг омонати билан ўтиради. Уларнинг бири биродарига у ёмон кўрадиган нарсани фош қилмоғи ҳалол бўлмайди» («Суҳбат одоблари китоби»да келган).

Баъзилар ҳусни хулқ аломатларини жамлашган. Айтишларича, ҳусни хулқлилик ҳаёси кўп, азияти оз, эзгулиги кўп, тили ростгўй, сўзи оз, амали кўп, тойилиши оз ва кераксиз гапи йўқ, яхшилик қилувчи, борди-келди қилувчи, виқорли, сабрли, шукр қилувчи, рози бўлувчи, ҳалим, мулойим, покиза, шафқатли бўлмоғидир. Лаънатловчи, сўкувчи, чақимчи, ғийбатчи, шошқалоқ, гиначи, бахил ва ҳасадгўй бўлмаслик, очиқ юзли, хушмуомала, Аллоҳ йўлида яхши кўрадиган ва Аллоҳ йўлида ёмон кўрадиган бўлиш ҳусни хулқдир. Ҳотам ул-Асом айтдилар: «Мўмин фикр қилиш ва ибратланиш билан машғулдир, мунофиқ эса ҳарислик ва орзулар билан машғулдир. Мўмин Аллоҳдан бошқадан умидини узган, мунофиқ эса Аллоҳдан ўзга ҳар бир инсондан умид қилувчидир. Мўмин Аллоҳдан бошқадан қўрқмайди, мунофиқ эса Аллоҳдан бошқа ҳар бир кимсадан қўрқувчидир. Мўмин дини олдида молидан кечади, мунофиқ эса моли олдида динидан кечади. Мўмин яхшилик қилади ва яна йиғлайди, мунофиқ эса ёмонлик қилади ва кулади. Мўмин хилватни ва ёлғизликни яхши кўради, мунофиқ эса аралашишни ва кўпчиликни яхши кўради. Мўмин экади ва экинга фасод етишидан қўрқади, мунофиқ эса экинни юлиб ташлайди ва кейин ҳосил йиғишни умид қилади. Мўмин бошқариш учун буюриб-қайтаради. Шунинг учун (халқ иши) яхши бўлади, мунофиқ эса раислик қилиш учун буюриб-қайтаради. Шунинг учун (халқ иши) фасод бўлади».

Ҳусни хулқ синаб кўриладиган энг яхши нарса азиятларга сабр килиш ва зулмларга чидашдир. Ким сизга бировнинг хулқи ёмонлигидан шикоят қилса, ана шу ўзининг хулқи ёмонлигига далолат қилади, чунки хусни хулқ азиятларга чидашдир. Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кетаётган эдилар, Анас розийаллоҳу анҳу ҳам у киши билан бирга эдилар. Бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб олди ва Расулуллоҳни (яъни, тўнларидан) қаттиқ тортди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устиларида чеккаси дағал бўлган нажронийча тўн бор эди. Анас розийаллоҳу анҳу айтдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўйинларига қарадим. Қаттиқ тортганлигидан бўйинларида тўннинг чеккаси из қолдирган эди. Ҳалиги аъробий: «Эй Муҳаммад, ҳузурингдаги Аллоҳнинг молидан менга ҳам бер», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўгирилиб қарадилар ва кулдилар. Сўнгра унга молдан берилишини буюрдилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари). Қурайш қавми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга азият беришни ва уришни кўпайтириб юборган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳим, қавмимни кечиргин, чунки улар билмайдилар», деб дуо килдилар (Ибн Ҳиббон ва Байҳақий ривоятлари). Бир ривоятда бу дуолари Уҳуд жангида бўлган эди, дейилган. Шунинг учун Аллоҳ таоло мана бу оятни нозил қилди: «Албатта сиз улуғ хулқ устидадирсиз» (Қалам сураси, 4-оят).

Ҳикоя қилинишича, Иброҳим ибн Адҳам бир куни саҳрога чиқдилар. У кишига бир аскар рўпара бўлиб, у кишига: «Сен қулмисан?» деди. У киши: «Ҳа», дедилар. Шунда аскар у кишидан: «Иморатлар қаерда?» деб сўради. У киши қабристонга ишора қилдилар. Аскар у кишига яна: «Мен иморатларни сўраяпман», деди. У киши яна: «Қабристонда», дедилар. Бу сўзлар унинг ғазабини қўзгади ва бошларига қамчи билан уриб ёрди. Сўнг у кишини шаҳарга қайтариб келди. Уларни Иброҳим ибн Адҳамнинг дўстлари кутиб олишди ва: «Нима бўлди?» дейишди. Уларга аскар у киши айтган сўзларининг хабарини берди. Шунда улар: «Бу киши Иброҳим ибн Адҳам бўладилар», дейишди. Аскар отидан тушиб у кишининг қўл-оёқларини ўпди ва узр сўрай бошлади. Шу воқеадан кейин сўрашди: «Нима учун унга қулман, дедингиз?» У киши: «Чунки у мендан «Кимнинг қулисан?» деб сўрамади, балки «Сен қулмисан?» деб сўради. Унга «Ҳа», дедим, чунки мен Аллоҳнинг қулиман. У бошимга урган вақтда унинг учун Аллоҳдан жаннатни сўрадим», дедилар. Шунда у кишига: «У сизга зулм қилган бўлса ҳамми?!» дейилди. У киши: «Аскардан етган азиятдан савоб олишимни билдим. Ундан менга насиба яхшилик бўлишини ва мендан унга насиба ёмонлик бўлишини хоҳламадим», дедилар.

Абу Усмон Хирий бир меҳмондорчиликка таклиф қилиндилар. Мезбон у кишини синаб кўришни хоҳлаган эди. Унинг манзилига келган вақтларида уй эгаси у кишига «Ҳозир мулозамат учун имкониятим йўк», деди. Абу Усмон кайтиб кетдилар. У киши узоқлашмаган ҳам эдиларки, иккинчи марта чакириб: «Қайтинг, эй устоз», деди. Абу Усмон қайтиб келган эдилар, яна аввалгидек гап қилди. Абу Усмон яна қайтиб кетдилар. Сўнгра у кишини учинчи марта чақириб: «Озгина вақт ўтказиб қайтиб келинг», деди. У киши қайтиб келиб эшикка яқинлашган эдилар, уй эгаси яна аввалги сўзини қайтарди. У киши яна қайтиб кетдилар. Сўнгра тўртинчи марта келдилар. Мезбон у кишини яна қайтариб юборди, ҳатто бир неча марта шундай муомала қилишди. Абу Усмон бундан ўзгармадилар. Уй эгаси у кишининг оёқларига йиқилди ва: «Эй устоз, мен сизни синаб кўрмоқчи бўлган эдим, хулқингиз мунчаям чиройли бўлмаса», деди. У киши: «Сен менда кўрган нарса итнинг хулқидир, чунки ит чақирилса, келади. Агар ҳайдалса, узоклашади», дедилар. Яна Абу Усмондан ривоят қилинишича, у киши бир куни кўчадан ўтиб кетаётсалар, устиларига катта бир идишда кул ташлаб юборишди. У киши отларидан тушдилар ва шукр саждасини қилдилар. Сўнг кийимларидан кулни қоқа бошладилар ва ҳеч нима демадилар. У кишига «Уларни хақорат қилиб қўймадингизми?» дейишди. У киши: «Албатта оловга хақли бўлган кишига кул билан сулҳ тузилса, унинг ғазаб килиши жоиз бўлмайди», дедилар. Ривоят қилинишича, Али ибн Мусо ар-Ризо раҳматуллоҳи алайҳнинг ранглари қорага мойилроқ экан. Зеро, у кишининг оналари қора эканлар. Найсобурда у кишининг уйлари олдида бир ҳаммом бўлиб, агар унга кирмоқчи бўлсалар, ҳаммомчи у кишига ҳаммомни бўшатиб қўярди. Бир куни у киши ҳаммомга кирдилар ва ҳаммомчи эшикни беркитиб, баъзи ишларини бажариш учун кетди. Растоклик (Ҳабашистондаги бир шаҳар) бир киши ҳаммомнинг эшиги олдига келди ва уни очиб, ичкарига кирди. Кийимларини ечди. Ичкарида Али ибн Мусо ар-Ризони кўриб, ҳаммом хизматчиларидан бири деб ўйлади. У кишига «Тур, менга сув келтир», деди. Али ибн Мусо ар-Ризо турдилар ва у буюрган ҳар бир ишни бўйсуниб бажардилар. Ҳаммомчи ҳам қайтиб келиб, растоклик кишининг кийимларини кўрди ҳамда Али ибн Мусо ар-Ризо билан бўлган воқеани эшитиб қўрқиб қочиб кетди. Али ибн Мусо ташқарига чиққан вақтларида ҳаммомчини сўрадилар. У кишига «Бўлган ишдан қўрқиб қочиб кетди», дейишди. Шунда у киши: «Қочиб кетмаслиги керак эди, чунки у айбдор эмас. Гуноҳ бир қора чўри аёл боласи, яъни менга сувини таштирган (заммом ишини бажартирган) киши учундир», дедилар.

Ривоят қилинадики, тикувчи Абу Абдуллоҳ дўконида ўтирар эди. Унинг мажусий бир мижози бор эди. У мажусийга бирор нарса тикиб берса, у қалбаки дирҳамлар берарди. Абу Абдуллоҳ уни олар ва унга дирҳамлар қалбаки экан, деб айтмасди, унга қайтариб ҳам бермасди. Бир куни Абу Абдуллоҳ баъзи ишларини бажаргани кетган вақтида мажусий келиб қолди ва уни топа олмади. Шогирдига иш хақи бериб, ундан тикилган нарсаларни олди. Дирҳам қалбаки эди. Шогирд эса дирҳамларнинг қалбаки эканини билди ва уларни мажусийга қайтариб берди. Абу Абдуллоҳ қайтиб келганида шогирди бўлган ишни айтиб берди. У эса шогирдига: «Ёмон иш қилибсан. Бу мажусий менга бир йилдан бери шундай муомала қилади. Мен эса сабр қиламан. Бошқа мусулмонни мана шу дирҳамлар билан алдаб қўймаслиги учун дирҳамларни ундан олиб, қудуққа ташлаб юборардим», деди. Юсуф ибн Асбот айтадилар: «Ҳусни хулқнинг аломати ўн хил хислатдир: хилоф қилмаслик, чиройли инсоф, (бировларнинг) тойилишини истамаслик, бировларнинг билиниб қолган камчилигини яхшиликка йўйиш, узр сўрай олиш, азиятларга чидаш, ўз нафсини маломат қилиб туриш, ўзгаларнинг эмас, балки ўз айбларини билиш, катта-ю кичикка очиқ юзли бўлиш, ўзидан юқори кишига ҳам, паст кишига ҳам мулойим сўзлаш».

Саҳл Тустарийдан ҳусни хулқ ҳақида сўралди. У киши: «Унинг энг пасти азиятларга чидаш ва товон тўлатишни тарк қилиш, золимга раҳм қилиш ва унинг учун истиғфор айтиб, шафқат қилиш», дедилар. Ахнаф ибн Қайсга «Ҳалимликни кимдан ўргандингиз?» дейилди. У киши: «Қайс ибн Осимдан», дедилар. «У кишининг ҳалимликларидан нималар етиб келган?» деб сўралди. Шунда Ахнаф ибн Қайс айтдилар: «Бир куни у киши ҳовлиларида ўтирган вақтларида олдиларига қўлида товадаги қовурилган гўшт билан чўрилари келиб колди ва това шу ерда турган Қайснинг кичкина ўғиллари бошига тушиб кетди. Ўғиллари ўша заҳоти ўлиб қолди. Чўри аёл қаттиқ қўрқиб кетди. Шунда Қайс у аёлга: «Қўрқма, сен Аллоҳ таоло розилиги учун озодсан», дедилар».

Айтишларича, Увайс Қаранийни ёш болалар кўриб қолишса, у кишига тош отишар экан. Увайс Қараний уларга: «Эй биродарларим, агар тош отиш зарур бўлса, кичкинароқ тошларни отинглар, чунки оёғимни қонга белаб қўйсангиз, мени намоз ўқишдан тўхтатиб қўясиз», дер эканлар. Бир киши бир куни Ахнаф ибн Қайсни сўкди. У киши эса унга жавоб бермадилар. У орқаларидан эргашиб келарди. У киши махаллага яқинлашиб қолган вақтларида тўхтадилар ва унга: «Кўнглингда яна бирор нарса қолган бўлса, айтиб ол. Маҳалланинг беақл кишилари эшитиб қолмасин, сенга азият бериб қўйишади», дедилар. Ривоят килинишича, Али каррамаллоҳу важҳаҳу ўз қулларини чақирдилар. У жавоб бермади. Яна иккинчи, учинчи бор чақирдилар. У эса яна жавоб бермади. Олдига бордилар ва ёнбошлаб ётган ҳолда кўрдилар. Унга: «Эшитмадингми, эй бола?» дедилар. У эса: «Эшитдим», деди. «Ундай бўлса, менга жавоб бермасликка нима мажбур қилди?» дедилар. «Жазо бермаслигингизни билганим учун дангасалик қилдим», деди. Шунда Али розийаллоҳу анҳу: «Бор, кетавер, Аллоҳ таоло розилиги учун озодсан», дедилар. Бир аёл Молик ибн Динорга «Эй риёкор», деди. Шунда у киши: «Эй аёл, Басра аҳли йўқотиб қўйган исмимни топдинг», дедилар. Яҳё ибн Зиёд Хорисийнинг ёмон бир қуллари бор эди. У кишига «Нима учун уни ушлаб турибсиз?» дейишди. Шунда у киши: «Ундан ҳалимликни ўрганиб олиш учун», дедилар. Бу нафслар (яъни, юқорида зикр қилинган кишиларнинг нафслари) риёзат билан бўйсундирилиб, хулқлари мўътадил бўлган. Бу нафсларнинг ботини ёлғон, нафрат ва гина-кудуратдан пок бўлиб, уларда Аллоҳ таоло тақдир қилган ҳар бир нарсага розилик ҳосил бўлган. Бу эса ҳусни хулқнинг энг чўққисидир. Чунки Аллоҳ таолонинг ишини ёмон кўриб, Унга рози бўлмайдиган киши ёмон хулқнинг энг чўққисидадир. Айтиб ўтганимиздек, ҳусни хулқ аломатлари юқорида зикр қилинган зотларнинг зоҳирларида ҳам намоён бўлган. Кимнинг нафсига мана шу аломатлар мос келмаса, ундай киши ўзини чиройли хулқли, деб ўйлаб алданмасин. Балки ҳусни хулқ даражасига етгунча риёзат ва курашиш билан машғул бўлиши лозимдир, чунки ҳусни хулқ мукарраб бандалар ва сиддиқлар етадиган баланд даражадир.

Ихёу Улумид-Дин (Дин илмларини жонлантириш) Имом Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад Ал-Ғаззолий