Skip to Content

Фарзандим гапирмаяпди...

Muslima.uz Farzandim gapirmaydi Баъзи баъзида оналардан “Фарзандим 2 (ёки 3) ёшга тўлди, аммо ҳали гапирай демайди” каби шикоятларнинг гувоҳи бўламиз. Уларнинг безовталигини тушунса бўлади. Чунки инсон ҳаёлига турли хил фикрлар кела бошлайди. Аммо умидсизликка тушиш ўрнига баъзи бир нарсаларга эътиборларини қаратмоқни лозим топдик.

Кеч гапириш ҳолатлари кўп ҳолларда ўғил болаларда учрайди. Докторлар кўп ҳолларда 4-4.5 ёшгача бола гапириб кетишини кутиш керак дейишади.
Гапирмаган болалар ўз ҳолатларини мимика билан тушунтиришга ҳаракат қиладилар. Ота-оналар баъзида боланинг тўполонларига жаҳл қиладилар, аммо боланинг гапирмаслиги бу қаҳрни орттиради. Иккинчи тарафдан ўз дардини тушунтира олмаган болага нимага жаҳл қиламан, деб ўз ўзини койийди ҳам. Бу улардаги агрессияни янада оширади.

Аммо катталар ҳар бир саволга ечим топа олади, тушиниб, англаб етади. Аммо болада бу шанс йўқ, у фақат туйғулари билан яшайди. Шу сабаб болага меҳрибон ва шафқатли бўлиш ота онадан энг аввал талаб қилинадиган нарсадир. Агар унга жаҳл қилаётганингизни бола сезса, у ўз оламига янада яшириниб олади ва туйғуларини яширади.

Унга жаҳл қилиш билан ҳеч нарсага эриша олмайсиз, ва бу унинг гапиришини янада кечиктириши мумкин. Бола гапириши учун бахтли бўлиши керак.

Ҳа, энг аҳамиятлиси бола ўзини бахтли ҳис қилиши керак. Унга бу бахтни ҳис қилдирадиган уйинлар, машғулотлар билан шуғулланиш керак. Ўзини англатишга ҳаракатини уйғотиш зарур. Ундаги бу ҳисни ота-она қуллаб қувватлаши керак.
Кўп ҳолларда ўғил болалар машиналарни яхши кўришади. Бу қизиқишдан унумли фойдаланиб, “машина келаяпди, машина кетди”, каби машинага оид диалоглар қўринг.

Яна баъзи бир маслаҳатлар:
- Атрофингизни ўраб турган нарсаларни номларини такрорланг, “Қара бу китоб, қара бу музлатгич”...
Ёки “Бу нима, бу қозон, бу нима, бу қошиқ, вай мана буни қара, бу нима, вой бу ўргимчакку”, каби уни қизиқтира оладиган тонда гапириб савол жавобни уйин ҳолига келтиришингиз мумкин. Болалар уйинни яхши кўришади, айниқса бу уйинни катталар болалар қоидаси буйича уйнаса.

- Қаерда, саволи ҳам уйин шаклига ўзгариши мумкин. Аданг қаерда, дея сўраб, сўнгра биргаликда адани топиб, адамиз бу ерда, дея хурсанд бўлиш ҳам фойдали. Сизнинг қаерда, саволингизга бола, бу ерда, дея жавоб беришни ўрганади.

- Боланинг жумла қуриши учун феълларни кўпроқ қайтаринг. Очди, кетди, ётди, ухлади, борди, турди, сакради, уйнади каби ҳар кунлик сўзлардаги феълларни такрорланг.

- Агар юқоридаги сўзларни сўзлашни билса, бола билан бирга осон гапларнг тузинг. Мен келдим, аданг кетди, машина тўхтади, бола югурди ва ҳоказо. Бола гапира бошлашнинг энг аввалги даврида замонларни қура олмайди. Бола кўпинча ҳамма нарсани ўтган замон тилида гапиради. Бола қизиқиши мумкин бўлган мавзуларни унга эга ва кесим қушиб сўзлаб беринг, такрорланг, биргаликда гувоҳи бўлган ҳодисалар ҳақида сўзлашишга ҳаракат қилинг.

- Бола эга ва кесимни аралашган жумлаларни қура бошлагани бу сўзлашишни бошлади, дегани. Энди бу жумлаларга ҳол қушиб гапиринг:

Мен уйга келдим, аданг ишга кетди, қошиқ ерга тушди, биз кўчага чиқдик ва ҳоказо...

- Баъзи бир ҳолатларни вақт ўтган бўлса ҳам такроланг. “Ўғлим (қизим), биз бугун қаерга бордик”, деб сўранг ва жавоб беролмаслигини билсангиз ҳам у жавоб бера оладиган вақт қадар кутинг. Сўнгра, ўзингиз жавоб беринг, “Биз бугун холаникига бордик. Холаникида нима қилдик?” (Юқорида айтилган каби бироз вақт беринг). Сўнгра жавоб беринг: “Уйнадик, конфет эдик. Холаси санга нима бердилар?” (Жавоб учун вақт беринг). “Музқаймоқ”, каби...

Кечқурун ишдан келган турмуш ўртоғингизга ҳам бола билан биргаликда бугунги кунни сўзлаб берсангиз бўлади: “Кел, ўғлим (қизим) бугун нима қилганимизни адангга айтиб берамиз. Бугун биз холаникига бордик...”

- Бола ўзини тушунтирмоқчи бўлган ҳолатларда унга ёрдамчи бўлинг. Боланинг ҳар қандай ҳолатида уни ёнигизга чақириб, “Қани энди мана мен келдимм, де-чи “ дея ёки “Кел ўтир тиззамга, энди мана ўтирдим, де-чи” дея илтимос қилинг. Ҳар бир нарсани такрорлашда эринманг.

- Оддий саволларга жавоб бериши учун шунақами, ми қушимчалари билан гапирганингиз яхши. Болага фақат саволингизнинг феъл қисмини такрорлаб жавоб бера оладиган саволлар сўранг.

“Қара мушук, кўрдингми?”, “Кўрдим, дея қол”. Боланинг берадиган жавоби “Кўрдим”.

“Бу уйинчоқ сенга ёқдими?” Жавоб: “Ёқди”.

“Бу ерга яна келамизми?” Жавоб: “Келамиз”.

- Ёшига мос рангли китоблар олиб у ердаги расмларда кўрсатилган нарсаларни кўрсатинг ва такрорланг.

Боланинг кеч гапира бошлашининг асл сабаби – у билан етарли даражада диалог қуриб гаплашмаганингиз сабаблидир. Албатта бундан бошқа сабаблар ҳам бўлиши мумкин. Баъзи ота-оналар кам гапиради, баъзилар эса тез гапирадики, бола сўзларни англаб етмайди, тушунмайди. Болага сўзларни дона дона қилиб гапириш лозим. Ёки уйда икки тилда гаплашилса бола ўзига тил танлашда қийналиши мумкин (бу баъзи ҳолларда шундай бўлади, баъзи болалар икки тилда ҳам осон гаплашиб кета оладилар ва бу уларга зарра ҳам қийинчилик туғдирмайди, балки аксинча унинг ақлий ривожига яхши ҳисса қушади).

Бола билан унинг бармоқ учлари ишлайдиган машғулотлар ўтказинг. Пластилин, расм чизиш, турли леголар уйнаш. Бу боланинг майда моторикасини ривожлантиришга ёрдам беради. Майда моторика миядаги нутқ марказига яқин жойда жойлашган. Шунинг учун ҳам моторика баъзида “нутқ орган”и деб ҳам аталади. Шунингдек у, кашфиётчилик, эътибор, кўриш ва ҳаракатланиш хотираси, координация, фикрлаш функциялари учун ҳам жавобгар. Педагог ва психологлар боланинг майда моторикасини ривожлантиришни 8 ойликдан бошлашни маслаҳат беришади.

Хуллас, бола билан гаплашар экансиз, жумлаларни дона дона қилиб қуринг ва бу сўзлашма жўшқин ва болани ўзига жалб қилувчи бўлсин. Машғулотлар асносида ва боланинг луғат бойлиги кўпайиб борган сари янги жумлалар қуринг.

Аммо ҳеч қачон болага ёки боланинг ёнида “Бу бола ҳали гапирмаяпди” каби гапирманг ва бошқаларни ҳам гапиртирманг. Бу болага нотўғри таъсир кўрсатади. У гаплаша олмайди, тушуна олади.

Бу йўлда сизга муваффақиятлар ва эринмасликни тилаймиз.