Йиллардир 4 фарзанди тарбияси билан биргаликда, оила юкини ташиган елкалари чўкканди, чарчаганди. Турмуш ўртоғининг ҳар оқшом, фарзандларининг ёнида уни ерга уриши, ҳақорат қилиши эса дардига минг дард қушар, қалбига оғриқ олиб кирарди. У бир нарса гапирса, эри унга терс гап гапирар, ҳеч бир нарсада келиша олишмасди.
Эрининг сўзларига кўра у уйда “тайёрини еб ўтирган” қавли уни азобини ўн чандон орттирарди. (Кўп эркаклар шундай тушунишмайдими?). “Шундай экан мен ҳам ишлай”, деган таклифига эса “Уйда нимани қойиллатингки, ишга чиқмоқчисан?” дея мазах этишарди.
Афсуски, кўп ҳолларда юқорида айтилган ҳолатлар оилаларда кўп учраб туради. “Мен эркакман”, дея ўзини аҳамиятли, аёлини эса иккинчи даражали кўрган эркаклар ҳам кунимизда учраб туради.
Гўё уй ўз-ўзидан саранжом саришта бўлади. Овқатлар ҳозирланади, кийимлар ювилади. Кечки овқат ўзи ҳозирланиб, дастурхонга тортилади. Бу орада болалар ҳам ўзлари туғилиб, ўзлари катта ва одобли бўлишади. Буларнинг барчасини ким қилади? Ўша эркакнинг қабили билан айтганда уйда “тайёрини еб ўтирган” аёл эмасми?
Нега унинг бу меҳнатлари кўзга кўринмайди? Нега у раҳмат, миннатдорчилик ўрнига таҳқиқ эшитади? Ва энг ачинарлиси уни тушуниши, қўллаб-қувватлаши керак бўлган умр йўлдоши, жон дўсти, сирдошидан аччиқ сўзларни эшитади? Уни доим ерга уриб, хор кўриб юрагини қонатади? Юрагини сиқиб йиғлатади?
Ажабо, бу ҳаёт бир-бирини хафа қилиб вақт сарфлашга арзийдиган қадар узунми? “Сен-мен” можаросини бошлаганлар энг унумли нарсаларини ёддан чиқариб бир-бирларини қиёматда ҳақдо қилиб қўяётганларини тушунмайдиларми? Бу қадар қисқа умр дастурхонида севги табоғидан таомланиб, севги гулларини териш бор экан, шамолларни руёбга келтириб гулларни суғуришнинг маъноси нима?
Нега кўзлардан ёш оқизамиз?
Нега тоза кўнгилларни яра қилдик?
Нега лим-лим тўлдирдик юракларни?
Аёл эркакка берилган бир омонат ва бир ота-онанинг жигарпораси эмасми? Омонат шундай сақланадими? У жигарпорадан ҳар кун бир парчадан кесиб олиниб ёқиладими? Аллоҳ таоло “...Улар сизларнинг либосингиз, сизлар улар учун либоссиз (яъни эр-хотин бир-бирига киши либосга муҳтож бўлгани каби муҳтождирлар)” , дея амр этди. (Бақара 187)
Қайси оқил инсон ўз либосини йиртади? Кирлатади? Парчалайди? Авратини ёпиб туришлиги учун уни асраб авайламайдими? Ибодатида тозаликни сақлаши учун кирланишидан сақламайдими? Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўлим тўшагида ётар эканлар «Сизларнинг энг яхшиларингиз хотинларига яхшиларингиздир» дея васият қилдилар. (Термизий ривояти). Ўлим онида ҳам бу сўзни қайта қайта такрорладилар Расулимиз саллаллоҳу алайҳи васаллам.
Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васалламга уммат бўлганлар нима дейсизлар?
Истасангиз бугун уйингизга бир кичик ҳадя билан келинг. Кўзингиз хунук нарсаларни кўрмасин, қўлоғингиз ёмон сўзларни эшитмасин, тилингиз кўнгил оғритувчи нарсаларни айтмасин.
Уйингиз гул боғчаси бўлсин, аёлингиз униннг султони.
Жаннат йўлини бирга тутинггу, сиз унинг ёрдамчиси, у сизнинг ёрдамчингиз бўлсин. Кўнгиллар оғримасин ва оғритилмасин.
Қани, айтингчи, у куни сизнинг зарарингиз нима бўлади?
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расуллулоҳдан бошқа оиласига
меҳрибонрок бирор кишини кўрмадим». (Муслим)
«Сен Аллоҳ таоло розилигини истаб қилган ҳар қандай харжинг учун ажр оласан. Ҳатто хотининг оғзига солган таоминг учун ҳам сенга ажр бор», Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам. (Бухорий, Муслим)