Муаллифдан
Саодат йўлининг энг улуғ ва энг сўнгги раҳбари, Аллоҳ таолонинг энг севимли қули ва элчиси Ҳазрати Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам жанобларининг гўзал, баркамол, ўрнакли ҳаётларини бутун борлиғича айнан тасвирлаш, асҳобининг унга нисбатан муҳаббатини, вафодорлиу туйғуларини мукаммал кўрсатиш, душманларининг кин ва ҳасадга тўла ҳатти-ҳаракатларини тўласича ифодалаб бериш, фикримизча, ҳеч бир инсоннинг қўлидан келмайди. Масалан, Абу Бакр ҳазратларининг Жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган меҳр-муҳаббати, Абу Жаҳлдаги кин ва ҳасад уммон каби чексиз-чегарасиздир. Ҳозирга қадар айтилган гаплар ҳам, айтилажак гаплар ҳам шу уммондан бир неча қатрадир, холос.
Юз йилларча давом этган туссиз, масъулиятсиз ҳаёт, бу ҳаёт ичидаги яхши-ёмон, ибрат олиш мумкин бўлган эътиқод, ахлоқ, одат ва анъаналар... ундан кейин илоҳий амр ҳилпиратган Тавҳид санжоғи ва ҳақ билан ботил орасида юзага келган буюк кураш... Ўқиётган асарнинг биринчи бўлими Сарвари анбиё жаноблари саллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишидан то нубавват вазифасини олгунга қадар кечган ҳаётларини ва ўшандаги жоҳилият даврини акс эттиради. Ундан кейинги – нубувват ва рисолат вазифасини олгандан то Парвардигорига қовушгунларига қадар ўтган вақт “Саодат даври” дейилади. “Ойдинликлар сари” деб номланган иккинчи бўлим шу даврнинг илк паллаларидан ҳикоя қилади. Ўйлаймики, ушбу асарни ўқиганлар орасидан “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни янада яқиндан танидим, янада кўпроқ севадиган бўлдим”, дейдиган бирор инсон чиқар ва ҳузури илоҳийда ҳам шундай шоҳидлик берар. Ана шунда бу китобдан кутилган натижа-мукофотга эришган бўламиз. Асарнинг бу жилдида пайғамбарлик вазифаси келгунга қадар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг исму шарифларига “саллаллоҳу алайҳи васаллам” саловати қўшилмаган. Бироқ буни Расули Акрамга нисбатан ҳурматсизлик деб тушунмаслик керак. Асарда қўлдан келгунча ҳурматга риоя қилинган. Бугун ҳам марқади муборакларида самимият ила салоту салом айтганларга шаънларига ярашадиган даражада муомала қилишларига ишонганимиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга абадиятлар қадар ва олинган нафаслар сонича салоту саломлар айтамиз. Аллоҳ таоло сари элтувчи ягона саодат ва ҳидоят йўли бор, у ҳам бўлса, пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатган йўлдир. Инсоният эриша оладиган энг юксак ахлоқ қандай бўлиши лозимлиги Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан шахсан яшаб кўрсатилган. Бундан бошқа йўл қидирган кимса бахбахт бўлур. Уни камситган киши дунё ва охиратда хору-зор бўлур. Унга қарши чиққанлар алал-оқибат бало-қазога гирифтор бўлур. У зотга бўлган севги – ибодат, у зотнинг шарафли исмларини зирк этиш – саодат, у кишининг шафоатларидан маҳрум қолиш фалокатдир. У зоти шарифга, у зотнинг йўлларидан юрганларга, у зотга хос уммат бўлишга ғайрат қилаётганларга саломлар бўлсин. “Инсон севгани билан биргадир” ҳадиси хабар берган саодатга эришганларга салом... “Бугун бир соатгина Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни уйимда меҳмон қилсам, қандай бахтиёр бўлардим!” “Дўконга бораётганимда, олдимда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам юриб бораётганларини кўрсам, мен ўзим қандай юрган бўлардим?” “Мен қатнашаётган мажлисда Набийи Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўтирган бўлсалар, мен ўзимни қандай тутардим?” “Жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам яшаган Саодат даврида яшаганимда, у зотга ҳурматим қандай бўларди?” каби ҳаяжонли саволларни ўзига бера олувчи ва буларни азиз умрида татбиқ қилиш фурсатини топгувчи, ётарда у кишиниг севгиси ёди билан уйқуга кетгувчи, уйғонганда у зотнинг гул бўйларини ҳидлаш фикри ила турадиган мўъминларга саломлар бўлсин ...
Тилим сени сўйласин, қалбим доим сени эсласин,
Севгингга тўқнашмаган қалб кўксимда бўлмасин.
Мушк таратган тупроғинг юзларимга сурмасам,
Исён ила чириган кўзларим юмулмасин.
Аҳмад Лутфий
I
КАЪБА ЙИҚИЛАДИМИ?
Фил ва Абобил қушлари Эрта тонгдан бери анчагина йўл юриб қўйган лашкарга ҳароратнинг ошиши туфайли истироҳат берилди. Отлар, туялар қўйиб юборилди. Улови йўқ – яёвлар тўхтаган жойларига чўкиб қўя қолдилар. Атрофда биронта ҳам тиккайган дарахт ёхуд яшиллик кўринмас эди. Узаниб ётган қум саҳроси. Ора-сира учрайдиган кичик тепачалари билан гоҳ баландлашиб, гоҳ пастлашиб давом этарди. Феврал ойи охирлаб бораётган эди. Бироқ Арабичтон ярим оролида бу ойлар ҳам ёзгидек иссиқ бўлиши ҳақиқатдир. Мешлардаги сув қон каби илиқ. Бундай ҳавода ҳеч ким илиқ сув ичишни истамайди. Аммо, начора, ичмасликдан бошқа чора ҳам йўқ эди. Аскарларнинг баъзилари чўктирилган туяларга суяниб, баъзилари белбоғларини чумга ёйиб, устида ухлаб қолишган. Истироҳат берилгандан кейин уйғоқ бирор кимса қолмаган ҳисоб.
- Тур ўрнингдан, оғайни.
- Тинчликми?
- Турганингдан кейин биласан. Аскар истамай ўрнидан турди. Ўзига қолса-ку, яна соатларча ширин уйқучини давом эттирган бўларди. Узун-узун эснади.
- Бу йўл қачон тугайди, оғайни?
- Қаердан билай. Абу Риғолдан сўра.
- Сабрим тугади...
- Менинг ҳам жонимга тегди. Шу пайт юришга буйруқ берилди. Лашкар ортидан чанг-тўзон қолдириб, Макка томон силжий бошлади. Лашкар орасида тарқатилган гапларга кўра, яна икки кундан кейин Маккага етиб борилиши керак. Абу Риғол бу оқшом Матуммисга борилажагини, у ердан эса, Маккага икки қадамлик йўл қолишини сўзларди. Қоронҳу тушгунча давом этган бугунги юриш “Тўхта!” амри билан ниҳоя топди. Юклар тушурилди. Чодирлар тикилди. Абраҳа хизматчисини юбориб, Абу Риҳолни чақиртирди. Абу Риғол Абраҳанинг ҳузурига кириб ерни ўпди.
- Бу жойнинг номи нима?
- Султоним, бу жойни Мутаммас дейишади.
- Маккага ҳали узоқми?
- Етиб келдик деб ҳисоблайверинг. Бақирсангиз, овозинги етади.
- Бир кунда етиб бора оламизми?
- Бир кунга бормас, етиб келдик ҳисоби, султоним. Абраҳанинг юзида мамнунлик аломатлари пайдо бўлди. Хизматчисига:
- Бу ерда бир неча кун қоламиз. Тахтим қурилсин! – деди. Абу Риғолга кетишга изн берди-да, дам олиш учун тўшагига чўзилди. Ниҳоят, улуғ орзуси амалга ошадиган пайт етиб келган эди. Ҳафталаб юрилган йўллар ахийри поёнига етган, чекилган машаққатларнинг мукофотини олиш соатлари яқинлашган эди. Ётоғида шундай тотли хаёллар оғушида ором оларкан, шод-хуррамлик билан уйқуга ҳозирланди.
***
Абу Риғол Тоиф шаҳридан эди. Маккадаги муборак Байтни – Каъбани бузиш учун келган Абраҳа лашкари билан Тоифга ҳужум қилмоқчи бўлиб турганида, бу шағарнинг оқсоқолларидан Масъуд ибн Муаттиб бошчилигида бир ҳайат Абраҳанинг қаршисига чиқди: - Эй Малик, сен вайрон қилмоқчи бўлган Байт Тоифда эмас, Маккада. Бизнинг сенга қарши урушадиган кучимиз йўқ. Агар Тоифга ҳужум қилмасанг, сени Маккага энг қисқа йўл билан олиб борадиган етакчи берамиз – дедилар тоифликлар. Абраҳага бу таклиф хуш ёқди. Унинг мақсади ҳам урушиш эмасди. Балки Санъа шаҳрида ўзи қурган калисога рақиб бўлган ва араблар томонидан эъзозланиб келинган Каъбани бузиш ҳамда Макка халқининг муҳаббатини калисога қаратиш эди. Шу сабабли тоифликларнинг таклифини қабул қилди. Тоифликлар йўл кўрсатувчиликка Абу Риғолни бердилар. Абу Риғол Тоиф – Макка йўлиши беш бармоғидек яхши биларди. Кўп карвонларга йўл кўрсатувчилик қилган эди. Бу сафар эса, Каъбани бузиш учун кетаётган лашкарга йўл кўрсатишга тўғри келди... Ажабо, бу хизмати эвазига нима берар эканлар? Xизмат ҳаққи масаласи ҳали келишилмаган эди. Ҳақни Абраҳа берармикин ёки тоифликларми?.. тугашига бир кун қолган бу сафардан яхшигина даромат олишни умид қиларди у. Балки энг зотдор туянинг соҳиби бўлар. Олтмиш минг кишилик лашкарга йўл кўрсатувчилик қилиш чакана хизмат эмасдир ахир!.. Аммо.. бу не ҳол? Абу Риғолни тўсатдан чидаб бўлмас бир тутқаноқ тутди. Икки дақиқа мобайнида ич-ичидан келган кучли оғриқ уни типирчилатиб қўйди ва ниҳоят, ўтиб кетди. Бу оғриқ яна бир бор рўй берса, Абу Риғол бардош беролмасди. Турди, ўнгга сўлга юрди. Лашкар сафида келган Маҳмуд исмли баҳайбат хонаки филнинг ёнига борди. Улуғ ҳайвон ҳисобланган бошқа филлар бу ҳайбатли филнинг олдида болачасидек кичик кўринар эди. Абраҳа Каъбани мана шу баҳайбат филга буздирмоқчи эди. Абу Риғоя бир неча дақиқа бу филни томоша қилди. Бир парча ҳам булут кўринмаган осмонга боқди. Самодаги беҳисоб юлдузлар унга таниш кўринди. Йиллар давомида карвонларга йўл кўрсатувчилик қилган Абу Риғол бу юлдузларга қараб юрар, у юрган йўлларни кечалари ана шу юлдузлар ёритиб турар эди. У яна юрди, чодирга кирди, ўтирди. Қўққисдан тағин ичи санчди. Абу Риғолнинг вужуди шу даражада азоб бериб оғридики, тирноқлари билан беихтиёр тупроқни чангаллаб қолди. Қинидан чиқиб кетгундай бўлган кўзлари, буришган башараси, тишлариниг орасида қисилиб қолган тилини кўрган одам қўрқиб кетган бўларди. Абу Риғол ерда юмалаб, типирчиларди. Бўғзидан ўқтин ўқтин чиққан тўғиқ инграшларни ухлаб ётганларнинг биронтаси эшитмади. Беш дақиқалар чамаси вақт ўтгач, Абу Риғолнинг ҳаракатлари секинлашни ва ниҳоят, вужуди ҳаракатсиз, тинчиб қолди.
***
Эрталаб уйғонгач, юриш тараддудини кўрар эканлар, лашкарга эълон эшиттирилди. Абраҳа бир кунлик истироҳат берган эди. Сабаб – Каъбага яқинлашиб қолганликлари бўлди. Яхшилаб дам олингач, сўнгра Каъбага ҳужум қилиниши билдирилди. Ўрнидан турганлар яна такрор ётдилар. Тоза ҳаводан симириб, ҳамроҳлар ўзаро суҳбатга берилдилар.
***
Абу Риғолнинг нонуштасини келтирган одам унинг ҳали ҳам ўрнидан турмаганини кўрди. У юзтубан ётар, қўли нарироқда бир нарсани олмоқчи бўлгандек узалган эди. Келган одам уни уйғотмоқчи бўлди:
- Ўлганмисан нима бало, тур, эй Абу Риғол! Абу Риғолнинг танаси қимирламасди. Аскар ҳайрон бўлди. Сўнгра бақира кетди:
- Ўлибди, ўлибди!
- Ким ўлибди?
- Абу Риғол ўлибди, - дея титрарди ҳалиги аскар.
Бир соат ичида олтмиш минг кишилик бутун лашкар бу нохуш хабардан воқиф бўлди. Абраҳа нонуштасини битиргач, хизматкори унинг қулоғига пичирлади:
- Нима, Абу Риғол ўлибдими?
Абраҳа ишонмади:
- Алжираман, кечгача олдида эди-ку?!
- Султоним, ўлганлиги аниқ.
- Бориб ўзинг кўриб кел-чи. Бўлар-бўлмас миш-мишларга ишонаверасанми?
Хизматчи чиқди. Қайтиб келиб, биргина сўз айтди: - Ўлибди. Абраҳа “бўлиши мумкин” дегандек, бошини қимирлатди ва:
- Зотан биз ҳам қарийб Маккага келдик. – Сўнгра буюрди: - Чуқур қазиб, ўликни кўминглар!
Абраҳа филбон Асвад ибн Мақсудни чақириб, унга бир неча суворий берди ва Маккага жўнатди. Асвад Макка томонга бориб, у атрофдаги туяларни ҳайдаб келтирди. Бу туялар орасида Макка раиси Абдулмуталлибнинг икки юз туяси ҳам бор эди.
***
Макка халқи Мутаммисда тўхтаган катта лашкарнинг даҳшатидан ўзини йўқотиб қўйди. Шаҳар катталари Абдулмутталиб раислигида “Доруннадва” деб аталадиган жойда мажлисларини ўтказдилар. Бу қадар катта лашкарга қарши урушмоқ ўлиб билан баробар, дедилар. Абдулмутталиб йиғилган маълумотларни мажлис аъзоларига етказди. Мажлис аъзолари лашкар қўмондони билан учрашишга қарор қилдилар. Шу орада “Доруннадва”га Абраҳанинг элчиси келтирилди.
- Макка раиси ким, мен у билан кўришмоқчиман, - деди.
Йиғилганлар Абдулмутталибга қарадилар. Элчи унга:
- Яман ҳукмдори Абраҳа сен билан кўришмоқчи, - деди.
- Мақсади нима?
- Ҳукмдор: “Мен сизлар билан уруш қилгани келганим йўқ. Фақатгина Байтни бузмоқ учун келдим. Агар бизга қарши чиқмасаларингиз, мен ҳам қонларингизни тўкмайман”, деяптилар.
Абдулмутталиб қарорни айтди:
- Бизнинг ҳам сизлар билан жанг қилиш ниятимиз йўқ. Кучимиз ҳам етмайди. Урушиш учун сабаб ҳам йўқ.
- Ундай бўлса ҳукмдорим сени кутмоқда.
- Қани, бошла.
Абдулмутталиб ёнига икки ўғлини олиб, ҳабаш лашкари томон йўл олди. Абдулмутталиб Абраҳанинг чодирига кирди. Абраҳа умрида бундай одамни кўрмаган эди: Абдулмутталиб узун бўйли, ғоят хушфеъл, юзидан нур ёғилиб турарди. Подшоҳ бирдан юрагини тез ура бошлаганини ҳис этди. Бу одамга оддий кишилар билан гаплашгандеу муомала қила олмасди. Тахтидан тушди. Ерга ўтирди. Абдулмутталибни ёнига ўтқазди.
Таржимон воситасида сўради:
- Мендан нима истайсан?
- Одамларинг олиб кетган икки юз туям қайтариб берилишини истайман.
Абраҳа бу жавобдан ҳайрон қолди. Яна бир бор Абдулмутталибга бошдан-оёқ разм солди. Бирор камчилик тополмади. Эшитган сўзлари бу инсоннинг сўзлари эканлигига ишонмади. Ўртани сукунат қоплади. Абраҳа, боши эгик, ўйланиб қолди. Кейин таржимонга бир нарсалар дея пичирлади. Таржимон Абдулмутталибга:
- Сени кўриб ҳайбатингдан титраб кетдим. Нақадар виқорли, улуғ одамнинг рўпарасида турганимни тушундим. Аммо сўзларингни эшитиб, фикрим ўзгарди. Бир неча туянгни қайтариб беришимни сўрадинг. Ҳолбуки, мен сен ва ота-боболаринг муқаддам деб келган Байтни бузуш учун келдим. Сен бу Байтни бузмаслигимни сўрайсан, деб ўйлаган эдим. Абдулмутталиб ғоят сокинлик билан:
- Мен туяларимнинг эгасиман. Байтни эса, эгаси бор, у ўзи қўриқлаб олади, - дея жавоб қилди.
Абраҳа бу сўздан ҳайратланди:
- Ҳеч ким мени бу қароримдан қайтаролмайди. Сен ҳам, Байтнинг соҳиби ҳам...
Сўнгра ёнидагиларга:
- Бу одамнинг туяларини қайтариб беринглар, - деди.
Абдулмутталиб чодирдан чиқиб кетди. Абраҳа ҳайратлар ичида қолди. Бу одамнинг сўзлари ҳеч ҳам оддий сўзлар эмас эди. Ҳатто Абдулмутталиб бу сафар кўзига яна ҳам ҳайбатлироқ кўринди. Унинг назарида, бу одамни менсимасликнинг сира иложи йўқ; уни менсимасликка ҳаракат қилганларнинг обрўйи тўкилар эди. Абдулмутталибнинг келишидан кўра кетиши улуғвор бўлди. Ҳақиқатан ҳам бу дашт одами тоғда бўрию қушларни озиқлантиради, деганлари рост экан, деб таъсирланди Абраҳа. Абраҳа унга “Ҳеч ким мени бу қароримдан қайтара олмайди”, дер экан, Абдулмутталибнинг сўзлари уйғотган таҳликани билдирмасликка ҳаракат қилди. Катта лашкари ва баҳайбат фили бор эди унинг. Буюк Арабистон юртида унга қарши чиқиб: “Менман сен билан урушадиган!” дейишга журъат этадиган бир мард топилмас эди. Бу ўйлар туфайли ғазаби келган Абраҳа лашкарига берган истироҳат муддатини қисқартириб, эрта тонгданоқ Маккага юришни амр қилди.
***
Абдулмутталиб туяларини етаклаб Маккага кириб борди. Макка халқига Абраҳанинг мисли кўрилмаган лашкари ҳақида маълумот берди ва ҳаммага шаҳарни тарк этиб, тоғларга чиқиб кетишни буюрди. Сўнгра Қурайшнинг кайвонлари билан бирга Каъбанинг ёнига келиб, Байт эшигининг ҳалқасини тутди. Кўзларидан оқаётган ёшлар соқолига тушиб, кўксига томчилар эди. Аллоҳга юкиниб, маҳзун сас ила дуо этди: - Аллоҳим, банданг ўз ашё-рўзғорини қўриқлашга интилади. Сен ҳам ўз мулкинг – Байтингни қўриқла. Уларнинг хочлари, куч-қувватлари сенинг қудратинг устидан асло ғолиб келолмайди. Агар уларнинг хоҳиши бўйича бизни улар билан қибламиз олдида ёлғиз ташлаб қўйсанг, бу ҳам сенинг ишингдир. Адбулмутталиб шу сўзларни айтар экан, ёнидагилар ҳаяжон ичида “Омин” дедилар. Кўнгиллардан чиқаётган ниёзлар олий даргоҳга юксалар, бутун Макка халқи Абу Қубайс тепаларида қўл очиб, бу дуоларга жўр бўлишар эди. Кейин юзта туя келтирилиб, қурбонлик учун нишон урилди ва Каъбанинг ёнига қўйиб кетилди. Каъбага ҳужум қилганлар бу ҳайвонларни сўйиб есалар, бу ноҳақ ҳаракатлари учун Аллоҳ улардан интиқом олади, деган тушунча билан шу иш қилинди. Адбулмутталиб ва шериклари Каъбани асл соҳибга омонат этиб топширгач, тоғларга қараб кетдилар ва душманнинг шаҳарга келишини пойлай бошладилар.
***
Абраҳа ярим кечада уйғонди. Кўзлари чодирнинг тепасига тикилган эди. Нафас олиши тезлашди. Юраги ҳам тез ура бошлади. Зеҳнини ҳали ҳам ўша сўзлар эгаллаб олган эди: “Мен туяларнинг эгасиман. Байтни эса эгаси қўриқлаб олади”. Бу сўзларни айтган одамдаги матонат унга қаттиқ таъсир қилган эди. Араб диёрида тўплаш мумкин бўлмаган улуғ бир лашкарнинг қўмондони, Яман мамлакатининг подшоҳи бўла туриб, айтилган бир жумланинг таъсиридан ҳеч қутулолмас эди.
Бу жумла узоқдан келаётган ва яқинлашган сари кучаяётган бир портлаш каби даҳшатли эди. У яқинлашган сари Абраҳа чайқалар, қаттиқ зарбалар билан руҳини остин-устун этар эди. Ниҳоят, чидаёлмаслигини англади ва ўрнидан қалқиб, ташқарига чиқди. Муҳаррам ойининг ўн олтиси арафасида катта баркашдек оё бутун ҳашамати ила жаҳонни томоша қилмоқда эди. Инсон кўзини безовта этмайдиган энг тотли ёруғлик эди бу. У атрофга ну сочиб турарди. Бундай кечада ойнинг шундай ҳолини кўрган одам фақат ҳузур қилади ва руҳи дам олади. Абраҳа олтмиш минг кишилик лашкарини бир сидра кўздан кечирди. Бу даҳшатли куч унинг биргина буйруғи билан ҳаракатга келади.
Бу лашкар бирлан нафақат Каъбани, балки бутун Маккани вайрон этиш қийин иш эмасди. Бу лашкар билан бутун араб оламини тиз чўктирса бўларди. Кеча Абдулмутталиб: “Байтни эгаси қўриқлаб олади”, деб ўртага солган ғулғула энди ниҳоят эрталаб ариса керак. Бугунгача барча арабларнинг қалби боғланган Еаъба хароб этилажак, қарши чиққанларнинг калласи кетажак. Араб олами бугунга қадар бундай лашкарни кўрмаган эди. Бу лашкар араблар тушларида ҳам рози бўлмайдиган катта ишни бажаради – асрлардан бери муқаддам деб топиниб келинган Каъба салтанатига сўнгги нуқта қўяди. Абраҳа анчагина шундай ўйлар билан лашкарини томоша қилди.
Чодирига қайтар экан, ўзига ўзи шундай дерди: “ Сўнггги сўз эртага”. Ҳа, охирги сўзни Абраҳа айтадими ёки Байтнинг эгасими, эртага кўрамиз”. Ётди. Кўзларини юмиб, Санъа шаҳрида қурдирган калисосини севмаган инсон қолмаган эди.
Ниҳоятда баланд, кенг, ҳашамли, мустаҳкам бир калисо бўлган эди у. Бунинг учун беҳисоб давлат харжланган, сон-саноқсиз одам ишлатган эди. Аммо, ҳайҳотки, ялангоёқ араблар бу калисони мақбул кўрмай, яна ўз Каъбаларига рағбат кўрсатавердилар. Бундан ғазабланган Абраҳа бир куни Яман тужжорларидан сўради:
- Маккадаги Каъбани кўрдингми?
- Албатта султоним, бир неча маротаба кўрдик.
- Хўш, у каттами ёки меники каттами?
- Сизники катта, султоним. - Қай бири гўзал
– Каъбами ё мен қурган калисоми?
- Сизники гўзал. Каъба – тошлардан қурилган тўрт девордан иборат бир бино. Устига латта тортиб қўйилган, атрофида юзлаб бутлар йиғилган бир ибодатгоҳдир. Қуруқ ва иссиқ, атрофи тоғлар ила ўралган бир водий. Суви жуда оз. Яқиндагина Макка раиси Абдулмутталиб бир қудуқ қаздирди. Бу қудуқ илгаридан мавжуд бўлган, аммо кўмилиб, унутилган экан. У одам қайтадан очибди. Шу қудуқнинг суви жуда ширин ва битмас-туганмас. Арабларнинг бу қудуққа рағбатлари кучли.
- Хўш, менинг калисом муҳташам бўса, нега араблар ўша тош иморатга кучли муҳаббат қўйдилар?!
- Султоним, бу Байт уларга катта боболари Иброҳим пайғамбардан қолган. Ўша вақтлардан бери муқаддас ва муборак ҳисобланади. Тош учун эмас, ўша пайғамбардан қолган қудсий мерос ва омонат бўлгани учун бу Байтга шу қадар қаттиқ боғланганлар.
- Тушунарли. Демак, токи у Бaйт мавжуд бўлар экан, менинг калисомга рағбат қилинмайди, шундайми?!
Одамлар кетгач, Абраҳа отини ҳозирлашларини буюрди. Калисога бориб, уни тўйиб-тўйиб томоша қилмоқчи эди. Калисога яқинлашгач, шовқин-суронга дуч келди. Калсо хизматчилариниг юзларида қўрқув излари намоён эди. Худди улар подшоҳнинг ташрифидан норози каби. Қандай воқеа юз берагин бир дақиқа ўтгач, маълум бўлди.
Хуш бўйлар тарасин, дея атирлар, мушку анбарлар септирган калисосига бир одам ҳожат чиқариб кетибди! Буни эшитган Абраҳа дабдурустдан ўзини тушдами ё ўнгидами эканлигини билолмай қолди.
- Қўлимни тишла-чи?!
- Ие, султоним, бу нима деганингиз?!
- Тишла, қаттиқ тишла!
У одам буйруқни бажарди.
- Бўлди, етар.
Ҳа, бу туш эмас, ўнги эди. Юзи қўрқинчли даражада ўзгарди. Хизматчиларнинг ранглари оқарди ва бошлари устидан ўлим шамоли эсаётганига шабҳалари қолмади.
- Бу қандай разолат?! Сизнинг бу ердаги вазифангиз нима?! Бошлари эгилди. Жавоб бермадилар.
- Тезда қидирилсин!
Зиёратчилардан бири:
- Султоним, эрталаб Кинана қабиласига мансуб бир одамнинг бу ердан чиқаётганини кўрдим.
Унинг сўзлари тўғри эди. Ўша Кинана қабиласи кишиси бу қилгиликни қасддан қилган. Каъбанинг обрўйини синдириш мақсадида қурилган калисога нисбатан арабларнинг қараши шундай. Яъни, “араблар учун бу калисо кенг ва чиройли бир ҳожатхона бўлиши мумкин, холос” демоқчи бўлган. Абраҳа бу гапга бутун қалби билан ишонди. Чунки Яман диёрида яшовчи ҳеч бир одам бу ишни қилишга журъат этолмасди. Кинаналикни бошқалар ҳам кўришган эди. Қидирдилар, аммо тополмадилар. Топилса ҳам, фойдаси йўқ эди. Чунки у ишни бу қилмаганида ҳам, бошқа бирови қилган бўларди. Абраҳа калисодан чиқар экан, саройдаёқ зеҳнига жойлаштириб қўйган “Каъбани бузиш” режаси янада кучайди ва бу ниятимни муқаррар амалга ошираман, деб онт ичди. Бир томондан, мақсадини қўшни Ҳабаш ҳукмдорига билдириб ёрдам сўради; иккинчи томондан, ўз лашкарини юришга тайёр бўлишга буюрди. Ҳабашистондан келган ёрдамчи аскарлар билан бирга “Маҳмуд” лақабли фил ҳам бор эди. Шундай қилиб, жами ҳисоби олтмиш мингга етган аскар билан йўлга чиқди. Йўлда бир қанча қабилалар унга бўйсунди. Булардан Шаҳдон ва Нахис қабилаларининг раиси Нуфайл ибн Ҳабибни ўлдирмоқчи бўлган эди, йўл кўрсатувчилик қилиш шарти билан ўлдирмади. Узоқ давом этган сафардан сўнг Муғаммис деб аталган жойга, Абу Риғол ўлган жойга етиб келди... Абраҳа ётоғида ўтган кунларни ўйлаб ётар экан, тонг отай деб қолган эди. Енгил бир уйқу босди, аста-секин юмилган кўзлари уйқуга таслим бўлди.
***
Абраҳа яхши ухлади. Тонгга қадар паришон ҳолга келган зеҳнини охири уйқу элитиб, ором олди. Кеч уйғонди. Нонушта асносида ҳаяжонини яшира олмади. Дарҳол лашкарга юришга амр берди. Сафнинг энг олдидан улкан фил жой олди. Йўғон бақувват хартуми билан Каъбани йиқитиши кутилмоқда эди. Араблар балки у Байтни сўнгги маротаба тавоф қилиб видолашаётгандирлар. Тайёргарликлар тугади. Бу орада Нуфайл ибн Ҳабиб филга яқинлашиб:
“Эй Маҳмуд, чўк. Соғ-саломат келган жойингга қайт. Чунки сен Аллоҳ ҳаром қилган, қўл теккизилмоғи маън этилган ҳудудда турибсан” деди-да, жуда тезлик билан тоққа қараб чопиб кетди. Абраҳа ҳозирланган отига минди ва юришга буйруқ берди. Филнинг эгаси Унайс филган юришни амр қилди. Аммо фил ётган жойидан қимирламади. Унайс қўлидаги таёқ билан филни енгилгина урди, жонивор барибир қимирламади. Яна урди, яна урди, ҳеч турадиганга ўхшамади. Абраҳа отининг устида виқор ила туриб, филнинг ўрнидан қалқишини кутмоқда эди. Ниҳоят, сабри тугади:
- Тезроқ турғаз бу ҳайвонингни! – деб бақирди.
Унайс буйруқни бажармоқ ниятида таёқни бор кучи билан филга урди. Бироқ бунинг ҳам натижаси бўлмади. - Аҳмоқ, филни шунақа тарбиялайсанми? - Ҳеч бундай одати йўқ эди, султоним, унга нима бўлганини тушунолмаяпман. Ёрдамчиларни ҳам чақириб, филни биргаликда турғазмоқчи бўлдилар. Лекин на ёрдамчиларнинг ғайрати, на Унайснинг пешонасидан оқаётган терлар ва на танасига урилган зарбалар жониворни жойидан қимирлата олди. Абраҳа асаби бузилиб, жиғибийрон бўлиб, нима қиларини билолмай қолди. Борган сари ғазаби ошган Абраҳа қўлидаги найзасини филнинг бурнига санчди. Бунидан қон отилиб чиқди, ҳайвон ўрнидан сакраб турди. Бироқ олдинга қадам ташламади.
- Нариги томонга бур-чи, - деди биричи филбонга.
Шунда ўнгга ўгирилди. Абраҳа кулимсиради. Чунки фил юра бошлаган эди. Орқага юрди, чапга қайрилиб юрди. Қайсарлиги тутгандек эди. Аммо Каъба томонга йўналтирилган заҳоти фил турган жойида михлангандек бўлди-қолди. Макка томонга бир қадам ҳам қўймади. Яна ўнгга, чапга, орқага юргизиб кўрдилар, юрди. Макка томонга эса, қайрилар эди-ю, ҳеч юрмасди. Шу вақт Абраҳанинг зеҳнида чақмоқдек бир овоз чақнади: “Мен туяларнинг эгасиман. Байтни эса, эгаси қўриқлаб олади”. Демак, филнинг Макка тарафига қадам ташлай олмаётгани Байтнинг кўринмас соҳибига алоқадор бир ҳикматданмикан! Энди Абраҳанинг олдида икки йўл турарди: ё филни бу ерда ташлаб, лашкар билан Маккага ҳужум қилиш, ёки бутун лашкарни олиб ортга қайтиш. Аммо шунча азиятлар Макка остонасига келганда орқага қайтиш учун чекилдими? Бу муаззам лашкар катта мақсад билан тўпланган, ахир. Абраҳа филни шу ерда қолдириб, олға юришга қарор берди.
Шу вақт уфқда пайдо бўлган бир тўп қора нарса эътиборини тортди. Бу қора борган сари яқинлашиб келаётган қушлар тўдаси эди.
- Бу томондан ҳам келаётирлар.
Абраҳа ўгирилди. Ўнг томондан ҳам бир тўда қуш яқинлашмоқда эди.
- Қалдирғочга ўхшайди.
- Йўқ, булар абобил қушларидир.
- Қаранглар, бу тарафдан ҳам келаётирлар.
- Демак, ҳаммаси бизнинг устимиздан учиб ўтишади.
- Устимизни ишқилиб ифлос қилишмасинда....
Фил эсдан чиқиб, лашкар ҳар тарафдан учиб келаётган қушларга тикилиш билан овора эди.
- Умримда кўрмаганман бунақасини.
- Орқа томондан ҳам келаётирлар қуши қурмагурлар.
- Толеи бор биронтамизнинг бошимизга нимадир ташлаб кетар.
- Э, толеъ бизда нима қилсин...
Қушлар жуда яқинлашиб қолди. Лашкарнинг устига келди.
Шу пайт бир фарёд эшитилди:
- Онажон, вой-дод!..
Бирин кетин оҳу фарёдлар ортаверди. Қўлини ушлаган одамга қарадилар. Билаги тешик, қон отилиб чиқарди. Нўхотдан кичик, мошдек келадиган, пишган ғиштнинг ушоғи сингари қаттиқ бир тош бор эди қўлида.
- Нима бўлди, оғайни?
- Ким отди сенга?
Аммо бу саволни бердилар-у, ўзлари ҳам бақира бошладилар. Чунки қушлар тепадан ёғдираётган тошлар уларга ҳам насиб этган эди. Метин тошчалар дуч келган одамнинг вужудини тешиб юбораверди. Икки дақиқадан кейин бутун бошли лашкар нима қиларини билмай, шошилиб қолди. Ерда типирчилаётганлар, у ёқдан – бу ёққа қочаётганлар, қўлига тушган нарсани ўзига қалқон қилиб сақланишга беҳуда уринаётганлар ва жигарлари узилаётгандек бўкираётганлар сон-саноқсиз эди.
Лашкар қаерга қочишини билмай сарсон ҳолда:
- Нуфайл... Нуфайл... – деб бақирар эди.
Нуфайл худди шу воқеалар содир бўлишини олдиндан билгандек қочиб кетиб, жонини сақлаб олган эди. Нуфайл уларга қутулиш йўлини кўрсатадигандек, уни қидираётган эдилар. Лекин энди кеч. Қудрат қўли билан отилган ўқлар ёйдан чиқиб нишонга теккан эди. Каъба соҳибининг тенгсиз қудрати олдида улуғвор лашкарнинг тиз чўкишдан ва бу мусибат қаршисида фарёд чекишдан бошқа чораси қолмаган эди. Абраҳа бир оз аввал завқ билан томоша қилган қушларнинг энди қай тахлитла устларига фалокат ёғдираётганини кўриб, барча режалари пучга чиққанини, жон сақлаб қолишни чорасини излашдан ўзга йўли қолмаганини сезди. Кўз ўнгида ҳайбатли ва нуроний қария пайдо бўлгандек бўлди. У туяларини олиб кетишга келган ва Каъбани ҳақиқий эгасига топширган Абдулмутталиб эди. “Ман кўрдинг. Каъбанинг соҳиби мулкини шундай муҳофаза қилади”, дегандек бўлди унга. Отидан тушмоққа уринди. От унинг тушмоқчи бўлганини билгандек чўкди. Аммо у қушлар ёғдираётган тошлардан бир нечаси теккани учун мажбуран чўккан эди, буни Абраҳа англади. Шўрлик отга теккан тош унинг бутун вужудини тешиб ўтган эди. Абраҳа чодирга қараб чопди. Аммо тиззасида бирдан пайдо бўлган кучли оғриқ уни жойига михлаб қўйди. Бошқа бир тош эса, қўлини тешиб ўтди. Энди қутулишнинг иложи йўқлигини англаб етди. Осмон маҳшар қадар тўполон эди. Қалдирғоч катталигидаги беҳисоб қушлар тўда-тўда бўлишиб учиб ўтишарди. Ерда жон бераётганлар, ўлганлар қалашиб ётарди.
Дод-фарёдлар, инграшлар мудҳиш шовқин ҳосил қилди. Беш дақиқа ўтар-ўтмас майдонда тик турган бирон жон қолмади. Барчаси ўрилган буғдой боғлари каби ерга ёстандилар. Ҳар бирининг танаси илма-тешик бўлиб кетди. Қушлар бутун лашкарни шу тарзда маҳв этгач, аста-секин тарқала бошладилар. Аммо лашкар орасида унинг тарқалаётганини кўргувчи бирон одам зоти қолмаган эди. Аксарияти ўлган, баъзилари жон бермоқда эдилар. Бир қисм аскарларнинг тақдирига ажал битилмаган, бу мудҳиш манзаранинг шоҳиди сифатида тирик қолишлари истанилган эди. Улар Абраҳанинг бошқалар сингари бадани илма-тешик ҳолда ётганини кўрдилар. Эмаклашга ҳам ҳоли йўқ эди унинг. Қаеридан ушласалар, тўкилиб кетаман дерди. Бир матога солиб, соғ қолган туялардан бирига юкладилар ва Санъа шағри томон йўлга тушдилар.
Абраҳа ора-сира: “Ҳали келмадикми?” деб сўраб қўяр эди. Бу йўл унга дунёни етти марта айланаётгандек жуда узун кўринди. Ниҳоят, олисдан Санъа шаҳрининг хурмозорлари кўриниб, мужда берелди. Лекин Абраҳага бу хабарни эшитиш насиб этмади. Чунки ажали етиб, дунёдан ўтган эди. Аллоҳнинг Байтини вайрон қиламан, деб йўлган чиққан Абраҳа ҳаётининг сўнгги кунларини ҳеч вақт хаёлига келтирмаган шунлай сафолат ичида тамомлади. Байтуллоҳга қарши очган урушида аччиқ мағлубиятга учради. Мисли кўрилмаган катта бир лашкарнинг қўмондони ва Яман султони бўлмиш Абраҳаша қасамини амалга ошириш насиб этмади, балки мағлуб ва паришон ҳолда жасади Санъага қайтиб келди. Умрининг сўнгида илма-тешик вужуди чириб, сасий бошлаган, ўзидан ўзи жирканадиган ҳолга тушган эди у. Яшаган тақдирда ҳам, ҳаёти ўзи учун, уни олиб келганлар учун туганмас бир фалокат бўлур эди. Абраҳанинг ўлганини эшитганларнинг юзларида “Хайрият қутулдик!, деган маънода мамнуният балқиб турарди.
***
Абдулмутталиб ва яқинлари лашкарнинг келишини кутар эканлар, устларидан тўдалашиб ўтган беҳисоб абобил қушларининг қайси амрга биноат учиб кетаётганидан бехабар эдилар. Қушларнинг лашкар устида қора булутдай тўдалашиб айланишганини ва сўнгра кўп вақт ўтмай тарқалиб кетишганини кўрдилар холос. Неча кундир ҳаядон ва қўрқув ила кутилган душман аскарлари Маккага ҳужум қилмадилар. Бир неча киши яширинча хабар олиб келиш учун йўлга чиқди. Йўлда бир кўр одамга дуч келдилар. Судралиб юрар эди у. Маълумот олиш мақсадида сўроққа тутилган бу одам филбон Унайс эди. Бўлиб ўтган барча воқеаларни ундан билдилар. Абраҳага ва лашкарига берилган бу жазо барча арабларнинг Каъбага бўлган муҳаббат ва ҳурматларини янада орттирди. Унга қарши чиққанларнинг мутлақо мағлуб бўлишига энди ҳеч шубҳа қолмаганди. Абобил қушлари воситасида Абраҳа ва лашкарига муҳаррам ойининг 17-кунида (февраль ойининг охирида) берилган жазо кўп йиллар инсонларнинг хотирасида қолди. У йилга “Фил йили”, маҳв этилган лашкарга “Асҳоби фил”, руй берган бу воқеага эса, “Фил воқеаси” дея ном берилди.
Абобил қушлари учиб кетгач, осмон қузғунлар билан тўлди. Йилларча есалар ҳам тугамайдиган хазинага рўбару бўлган бу йиртқич қушлар севин ва қийқирганча роса байрам қилдилар. Бу даҳшатли манзарани маккаликлар ҳам кўрдилар. Абобил қушлари отган тошларни хотира ўлароқ олиб кетиб, фожиали манзарани кўрмаганларга кўрсатдилар. Кўрганлар ҳайрон бўлира, бу қадар кичик тошлар билан инсонларнинг бадани илма-тешик бўлганига, улуғвор лашкарнинг кун-фаякун этилганига ҳеч ақллари бовар қилмас эди. “Нима бўлганда ҳам Аллоҳнинг берган жазоси”, дея тасалли топгандек бўлдилар.
Кейин осмон қора булутларга тўлди. Чақмоқ чақди. Челаклаб қуйган шиддатли ёмғир ёғиб, селга айланди. Ёмғир ва сел ёғиб ўтгач, қузғунлар унда-бунда ётган бир-икки жасаддан бошқа жасад тополмадилар. Бу ҳодисадан таъсирланган шоирлар шеърлар битдилар. Аллоҳ номига қурбонликлар суйилди. Каъба тавоф қилинди. Асли маккалик бўлган қурайш қабиласининг бошқа қавмлар олдидаги эътибори янада кучайди. Уларни “аҳлуллоҳ” (Аллоҳнинг дўстлари) деб атай бошладилар. “Фил воқеаси” кўп йиллар мобайнида тарихнинг бошланғичи ўлароқ ҳисобланиб келинди. ** Маҳмуд лақабли баҳайбат фил жиловдори Нуфайлнинг ҳурмати учун чўкмаган эди. Унга Каъба томон қадам босмаслик буйруғи илоҳий даргоҳдан келган, Маккага борадиган йўл унга ва ортидаги лашкарга илоҳий тақдир ила беркилган эди.
Давоми бор...