Skip to Content

Қабр ҳаёти

Muslima.uz Qabr

Қабр

Бир киши Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Инсонлар ичида зоҳидроги ким?” деди. У зот: “Қабрни ва унда чириб йўқ бўлишини эсдан чиқармаган, дунёнинг ортиқча зеб-зийнатларини тарк этган, фоний (дунё)дан боқий (охират)ни афзал кўрган, эртасини куним деб ҳисобламаган ва ўзини қабр аҳлидан деб билган кишидир”, деб жавоб қилдилар.

Ҳазрати Алидан: “Нима сабабдан қабристонга қўшни бўлиб олдингиз?” деб сўралганда, у киши: “Қабрда ётган қўшниларим энг яхши, ростгўй қўшни экан. Улар доим сукут сақлайдилар ва охиратни эслатиб турадилар”, деб жавоб берган эканлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Мен қабрдан кўра даҳшатлироқ манзарани кўрганим йўқ”, деганлар.
Усмон ибн Аффон (розийаллоҳу анҳу) бирор қабр олдида тўхтасалар, йиғлар, ҳатто йиғидан соқоллари хўл бўлиб кетар экан. Бунинг сабаби суриштиришганда: “Мен Расулуллоҳнинг: “Қабр охиратнинг илк манзилидир. Агар майит қабр(даги азоб)-дан нажот топса, қолгани янада осон кечади, аммо нажот топа олмаса, қолгани бундан-да оғирроқ бўлади”, деганларини эшитганман”, деб жавоб берган эканлар. (Термизий ва Ибн Можа ривояти)

Имом Мужоҳид айтадилар: “Одам боласига биринчи у ётган гўр гапиради ва: “Мен қуртлар уйиман; мен ёлғизлик уйиман; мен ғурбат уйиман; мен зулмат уйиман. Сенга ҳозирлаб қўйганларим мана шулар, Сен менга нималарни ҳозирладинг?” деб сўрайди маййитдан”.

Абу Зарр Бифорий (розийаллоҳу анҳу): “Шўрим қурийдиган кун қайси эканини сизларга айтиб берайми?” дедилар. Одамлар: “Ҳа, айтиб беринг”, дейишди. У киши: “Қабрга қўйилиб, ўша ерда қолдирилган куним”, деган эканлар.
Молик ибн Дийнор айтадилар:

“Бир куни ўликларни кўриб, уларнинг аҳволидан ибрат олай деб, қабристонга келдим. Қабрлар орасида айланиб юрар эканман, шеър ўқий бошладим:

Қабристонга кириб бир куни,

Қабр аҳлига қилдим бир нидо:

Казо-казо, маврурлар қани?

Амалдорлар, берингиз садо.

Ҳақ даъватин эшитган замон,

Тазарруъ-ла “лаббай” деганлар.

Эшигига фақир келган он,

Закотини адо этганлар.

Қани? Қани? Қани?

Сўнг атрофга боқдим, қарасам, қабрлар орасида телба Бахлул ибн Умар ўтирибди. Самога тикилади-да, илтижо қила бошлайди, ерга қарайди-да, ундан ўзига панд-насиҳат олади, ўнг томонига боқади-да, қиқирлаб кула бошлайди, сўл томонига боқади-да, бирдан ҳўнграб юборади.
Мен унга:

Ассалому алайка, эй Бахлул”, дедим. У ҳам:

Ва-алайкас-салом”, деди.

Ҳа, нима қилиб қабрлар орасига ўтириб олдинг?

Э-эҳ, менга озор бермайдиган, йўғимда ортимдан ғийбат қилмайдиган яхши қавмнинг ҳузурида ўтирибман”, деди у.

"Қарасам, самога тикилиб, илтижо қиляпсан, ерга қараб ибрат оляпсан, ўнгга қараб кулиб, сўлга қараб йиғлаяпсан?” деб сўрадим. “Эй Молик, қачонки самога тикилсам, Аллоҳнинг:

Осмонда эса сизларнинг ризқу-рўзларингиз (яъни ерда мўл ҳосил бўлишига сабаб бўлгувчи ёмғир) ва сизларга ваъда қилинаётган нарса (яъни жаннат) бордир” (Ваз-Зориёт, 22 оят), деган сўзини эслайман. Бу оятни эшитган кимсанинг илтижо қилмоққа ҳаққи бор. Ерга қарасам, Аллоҳнинг:

Биз сизларни (ердан) яратдик, яна унга кайтарурмиз ва (қиёмат кунида) сизларни яна бир бор ундан чиқарурмиз” (Тоҳа, 55-оят), деган сўзини ёдга оламан. Бу оятни эшитган кимсанинг ундан насиҳат уқмоққа ҳаққи бор. Ўнг томонимга боқсам, Аллоҳ таолонинг:

Ўнг томон эгалари... Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир! (Улар) тикансиз бутазорларда. Тизилган бананзорларда. Ёйилган соя (ости)да. Оқизиб қўйилган сув (усти)да. Тугаб қолмайдиган ва манъ этилмайдиган кўпдан-кўп (турли туман) мева-чева (ости)да. Баланд кўтарилган кўрпачалар (усти)дадирлар. Дарвоқеъ, Биз уларни (оху кўз ҳурларни) дафъатан пайдо қилдик (яъни улар онадан туғилмадилар, балки Аллоҳнинг қудрати билан дафъатан пайдо бўлдилар). Сўнг уларни ўнг томон эгалари учун (ёшда ҳам, ҳусну жамол ва қадду қоматда ҳам) бири-бирига тенг, эҳтиросли бокира қизлар қилиб қўйдик. (Ўнг томон эгалари бўлмиш саодатманд кишилар) аввалги (уммат)лардан ҳам кўпчилик, кейингилардан (яъни Муҳаммад алайҳис-салом умматларидан) ҳам кўпчилиқдир”, (Воқеа, 27-40 оятлар) деган сўзини ёдга оламан. Бу оятни эшитган кимсаларнинг кулмоққа ҳаққи бор. Чап томонга боқсам, Аллоҳ таолонинг:

Чап томон эгалари... Чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик)дир! (Улар дўзахдан тинимсиз эсиб турадиган, баданларни илма-тешик қилиб юборувчи) Самум (шамоли) ва қайноқ сув ичида; Bа на салқин, на фойдали бўлмаган қора тутундан иборат «соя» (ости)дадирлар” (Воқеа, 41-44-оятлар) деган сўзини эсга оламан. Бу оятни эшитган кимсанинг йиғламай иложи йўқ”, деб жавоб қилди Бахлул”.

Банда вафот этгач, унинг бошидан нималар кечади?

Баро ибн Озиб ривоят киладилар:

Бақиъул Фарқад мозоридаги бир жаноза маросимида эдик. Олдимизга Пайғамбар алайҳиссалом келиб ўтирдилар. Биз ҳам чўккалаб, худди бошига қунган қушни чўчитиб юбормаслик учун қимир этмаган кишига ўхшаб, эҳтиром билан Расулуллоҳнинг атрофларига ўтирдик. Расулуллоҳ:

“Аллоҳдан қабр азобидан паноҳ беришини сураб илтижо қилурман, - дея уч бора айтдилар, сўнг шундай деб давом этдилар: - (Солиҳ) банда охират сари равона бўлиб, бу дунёдан узилар чоғида, унинг ҳузурига осмондан юзлари қуёшдек чароғон фаришталар нозил бўладилар ва кўз қири тушадиган ерга бориб ўлтирадилар. Кўп ўтмай, ўлим фариштаси ҳозир бўлади-да, унинг бош томонига ўтириб: “Эй покиза жон. Қани чиқақол, сени Аллоҳнинг мағфирати ва ризоси кутмоқда”, дейди. Шунда мешдан бир томчи сув қандай сизиб чиқса, жон ҳам шундай осонлик билан танадан чиқади. Сўнг келган фаришталар жонни унинг қўлидан оладиларда, кафанга ўраб яхшилаб ханут сурадилар. Ундан ер юзида бўлган энг хушбуй мушкнинг ҳиди таралиб туради... Кейин жонни олиб, тепага кўтариладилар. Йўлда бирор фаришта жамоаси учраб қолгудек бўлса, албатта: “Вой, бу покиза руҳ ким экан-а?” дейишади. Улар (уни олиб кетаётган фаришталар) эса: “Бу фалончининг ўғли фалончи”, деб дунёда номланган энг чиройли исмларини айтиб таништирадилар. Шу зайлда самойи дунёнинг эшигига етиб келишади ва киришга изн сурашади, эшик очилади ва ҳар бир осмоннинг мукарраб фаришталари уни ўзларидан кейинги осмонгача кузатиб қўядилар. Улар шу зайлда Энг юқори осмонга етиб келадилар. Аллоҳ таоло айтади: “Бандамнинг китобини Иллиййинга ёзинглар, ўзини эса ерга қайтаринглар. Мен уларни тупроқдан яратдим, яна тупроққа қайтарурман, сўнг яна бир бора тупроқдан чиқарурман”. Шунда унинг руҳи жасадига қайтарилади, кейин эса олдига икки фаришта келиб ўлтиради ва:

Раббинг ким?” деб сўрайди.

“Раббим Аллоҳ”.

“Дининг нима?”

“Диним Ислом”.

“Сизларга юборилган у киши ким?”

“У киши Аллоҳнинг элчиси - Расулуллоҳдир”.

“Бу нарсаларни қаердан билдинг?”

“Аллоҳнинг китобини ўқидим, унга иймон келтирдим ва тасдиқ қилдим”.

Шу пайт самодан: “Бандам рост сўзлади, унга жаннатдан жой ҳозирланглар, (ётган жойида) унга жаннатдан дарча очиб қўйинг-лар”, деган нидо келади. Кейин ҳалиги дарчадан жаннатнинг хушбуй сафоси эсиб туради. Қабри ҳам кўз илғай оладиган ергача кенгайтириб қўйилади. Олдига хушсурат, чиройли кийинган бир йигит ёқимли ҳид таратиб келади ва унга айтади: “Сенга хушхабар келтирдим, хурсанд бўлавер. Сенга ваъда этилган кун мана шудир”. Жон булса: “Ўзинг кимсан?”, дейди.
“Мен сенинг солиҳ амалинг бўламан”.
“Эй Раббим, тезроқ Қиёматингни қойим қилақол, мени оилам ва молу давлатим (яъни, жаннат) олдига қайтар”, дейди солиҳ банда”.
Пайғамбаримиз яна сўзларида давом этдилар: “Кофир банда охират сари равона бўлиб, дунёдан узилар чоғида, унинг ҳузурига осмондан юзлари қоп-қора, қўлларига мусавваҳ ушлаган фаришталар нозил бўладилар ва (кўз қири тушадиган ерга бориб ўлтирадилар). Кўп ўтмай ўлим фариштаси ҳозир бўлади-да, унинг боши томонга ўтириб: “Эй ифлос жон. Чиқ буёққа, сени Аллоҳнинг қаҳру-ғазаби кутмоқда”, дейди. (Кейин руҳи жасадида парча-парча бўлиб кетади). Ўлим фариштаси эса уни гўё нам тортган жун матодан сафудни суғургандек суғуриб олади. Сўнг келган фаришталар жонни унинг қўлидан оладилар-да), ҳалиги мусавваҳга ўрайдилар, ундан ер юзида бўлган энг бадбуй мурданинг ҳиди анқиб туради. Кейин жонни олиб тепага кўтариладилар.
Йўлда бирор фаришталар жамоаси чиқиб қолса, албатта: “Бу ифлос руҳ ким бўлди экан-а?” дейдилар. Уни олиб кетаётган фаришталар эса: “Бу фалончининг ўғли фалончи”, деб дунёда номланган энг хунук исмларини айтиб таништирадилар. (Шу зайлда самойи дунёга етиб келишади ва) киришга изн сўрашади, аммо уларга эшик очилмайди. (Кейин Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги оятни ўқидилар:)

"Албатта, оятларимизни ёлғон деган ва улардан кибр-ҳаво билан (юз ўгирган) кимсалар учун ҳаргиз само эшиклари очилмас ва токи туя игна тешигидан ўтмас экан, улар ҳам жаннатга кира олмаслар (яъни ҳеч қачон кирмаслар). Жинояткор — осийларни мана шундай жазолагаймиз” (Аъроф, 40-оят)

Аллоҳ таоло айтади: “Бандамнинг китобини энг тубан ердаги Сижжийнга ёзиб қўйинглар”. Кейин эса унинг руҳи пастга шиддат билан улоқтириб юборилади. (Шундай деб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мана бу оятни ўқидилар:)

Ким Аллоҳга ширк келтирса бас, у осмондан қулагану, уни (бирон ваҳший) қуш (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки (қаттиқ) шамол йироқ жойларга учириб кетган кабидир" (Ҳаж, 31-оят).

Сўнг унинг руҳи жасадига қаайтарилади ва олдига икки фаришта келиб ундан:

“Раббинг ким?” деб сўрайди. У бўлса:

“Оҳ, билмадим”, деб айтади.

Шу тобда самодан: “Бандам ёлғон айтди, унга жаҳаннамдан жой ҳозирланглар ва (ётган) жойида унга дўзахдан бир дарча очиб қўйинглар”, деган нидо келади. Кейин ҳалиги дарчадан дўзахнинг ҳарорати ва қайноқ шамоли келади. Қабри эса шундай тор қилиб қўйиладики (ҳатто қобирғалари бир-бирига чалмашиб кетади). Шундан сўнг унинг олдига бадбашара, чувринди кийим кийган бир киши сассиқ ҳид таратиб келади ва унга қараб: “Шум хабар келтирдим сенга, шўринг қўргур. Сенга ваъда қилинган кун мана шу бўлади”, дейди. У: “Кимсан ўзинг? Башарангдан ёмонлик келтирувчига ўхшайсан”, деб сўрайди. “Мен сен қилган ёмон амалларингман”, дейди у. Банда: “Эй Раббим, илоё Қиёматингни қойим қилмагин”, деб қолади”.

Қабрдаги сўроқ мусулмон, кофир ва мунофиқларнинг барчасига баробарми?

Қабрдаги сўроқ, барча учун баробардир.

Аммо мусулмонга нисбатан Аллоҳ таоло айтгани кабидир:

Аллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам устивор Сўз (иймон калимаси) билан собитқадам қилур. Золимларни эса Аллоҳ (ҳақ) йўлдан оздирур. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни қилур” (Иброҳим, 27-оят).

Саҳиҳ ҳадисда келтирилишича, бу оят қабрдаги азоб ҳақида, яъни, бандадан дининг нима, набийинг ким, деб сўраладиган пайт тўғрисида нозил бўлган экан.
Кофир ва мунофиқга нисбатан эса қуйидагича:
Имом Бухорийнинг ривоят қилишларича, кофир ёки мунофиқда: “Ўзинг билмадинг, билганларга ҳам эргашмадинг”, деб айтилади ва уни темир гурзи билан урилади.

Гўдакларга нисбатан бўладиган муомала тўғрисида уламолар икки хил фикр билдиришган:

Биринчи фикр соҳибларининг айтишларича, гўдаклар бу дунёда мукаллафлик ёшига етмай вафот этганлари учун қабрда сўроқда олинмайдилар.

Бошқа фикр билдирган уламолар эса олдин гўдакларнинг ақллари расо қилиб қўйилади ва кейин сўроққа олинадилар, деб айтишади. Бунга гўдакларнинг охиратда имтиҳон қилинишлари ҳақидаги кўплаб ҳадислар далил бўлади. Зеро, улар охиратда имтиҳон қилинса, қабрда ҳам имтиҳон қилинишларига ҳеч монеъ йўқ.
Қабр азоби ҳақлигига Қуръони каримдан далиллар
Аллоҳ таоло айтади:

“(У азоб бир) оловдирки, улар эртаю-кеч ўшанга кўндаланг қилиниб (куйдирилурлар). (Қиёмат) соати қойим бўладиган Кунда эса (дўзах фаришталарига): «Фиръавн хонадонини энг қаттиқ азобга киритинглар», (дейилур)”. (Ғофир, 46-оят)

Уламоларнинг айтишларича, кофирларнинг эртаю кеч оловга кўндаланг қилиниб куйдирилишлари Қиёмат кунида эмас. Чунки Аллоҳ таоло сўзининг шундан кейинида:

Қиёмат соати қойим бўладиган кунда эса, (дўзах фаришталарига): “Фиръавн хонадонини энг қаттиқ азобга киритинглар”, (дейилур)” деб айтган.
Шунингдек, оятдан мурод уларнинг дунёда оловга кўндаланг қилинганлари эмас, чунки бу дунёда Фиръавн хонадони эртаю кеч оловга кўндаланг қилингани йук. Демак, бу оловга улар ўлганларидан сўнг ҳамда Қиёматдан олдин, яъни, қабрда рўбару булдилар. Аллоҳ таоло яна айтади:

Улар ўз хато-гуноҳлари сабабли ғарқ қилиниб, дўзахга киритилдилар. Бас, ўзлари учун Аллоҳдан ўзга ёрдам бергувчиларни топмадилар (яъни сиғинган бут-санамлари уларни Аллоҳнинг азобидан қутқара олмадилар)” (Нуҳ, 25-оят).
Уламоларнинг эътироф қилишларича, оятдаги, «фадхулу» сўзидаги "фа" ҳарфи маъносига кўра, уларнинг охиратдан олдинроқ бўладиган оловга киритилган замонни билдиради. Чунки бу ҳарф “тезда”, “дарҳол” деган маъноларни англатади. Шунингдек, бу маънони оятдаги “киритилдилар” феълининг ўтган замон сийғасида келтирилиши ҳам таъкидлайди.
Аллоҳ таоло айтади:

Албатта золим-кофир бўлган кимсалар учун бундан (Қиёмат кунидан) илгари мана шу дунёда) ҳам азоб-уқубат(лар) бордир, лекин уларнинг кўплари (буни) билмаслар!” (Тур, 47-оят).
Айтишларича, бу азоб-уқубат қабрдаги азобдир. Чунки Аллох. таоло буни қуйидаги сўзидан кейин зикр қилган:

Бас, (эй Муҳаммад) сиз уларни токи ўзлари ҳалок қилинадиган кунларига рўбарў бўлгунларича тарк қилинг!” (Тур, 45-оят)
Оятда айтилаётган кун дунёдаги энг сўнгги кундир. Демак, улар тортаётган азоб қабр азобидир.
Аллоҳ таоло айтади:

Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз”. (Тоҳа, 124-оят)
Абу Сайд Худрий ва Абдуллоҳ ибн Масъудлар оятдаги «зон-кан» яъни “танг-бахтсизлик” сўзини қабр азоби деб тафсир қилишган экан.
Абу Ҳурайра ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деб сўраганлар: “Сизлар танг-бахтсиз ҳаёт ўзи нима эканини биласизларми?” “Аллоҳ ва Унинг расули энг яхши билувчидир”, деб жавоб беришди. Шунда Расулуллоҳ айтганларки: “(Бу оят) кофирларнинг қабрдаги азоби ҳақида (нозил бўлган)”.

Қатода ва Рабиъ ибн Анаслар Аллоҳ азза ва жалланинг:
Биз уларни икки бора азоблагаймиз" (Тавба, 101-оят), деган оятини “Биринчи гал дунёдаги азоб билан, иккинчи гал эса қабрдаги азоб билан”, деб тафсир қилишган экан.

Қабр азобига суннатдан далиллар

«Саҳиҳайн»да, яъни, Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида келтирилишича, Ибн Аббос ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қабр ёнидан ўтдилар ва: “Бу иккиси азобланаётибди, лекин катта нарса сабабли эмас, бири сийдигидан покланмас эди, иккинчиси эса чақимчилик қилиб юрарди”, деб айтдилар”.

«Саҳиҳи Муслим»да Зайд ибн Собитдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Нажжор (қабиласининг) боғида хачирларига миниб кетаётган эдилар. Биз ҳам бирга эдик. Шу пайт бирдан хачир ҳўркиб кетиб, Расулуллоҳни ағанатиб юборай деди. Қарасак, олти ёки беш ёхуд тўрт кишининг қабри (дуппайиб) турибди. Расулуллоҳ: “Бу қабрларнинг соҳибларини ким билади?” дедилар. Бир киши: “Мен”, деди. Расулуллоҳ: “Булар қачон вафот этишган?” дедилар, ҳалиги киши: “Улар ширкда ўлиб кетишган”, деди. Шунда Расулуллоҳ: “Бу уммат, албатта, қабрларида жазоланадилар. Агарда сизлар (ҳам бир кун келиб) дафн этилмаганингизда, Аллоҳга мен эшитиб турган қабр азобидан сизга ҳам эшиттиришини илтижо қилиб, дуо қилган бўлардим”, деб айтдилар, кейин бизга юзланиб: “Дўзах азобидан паноҳ беришини сўраб, Аллоҳга илтижо қилингиз”, дедилар. Биз: “Дўзах азобидан паноҳ беришини сўраб Аллоҳга илтижо қиламиз”, деб айтдик. Кейин Расулуллоҳ: “Қабр азобидан паноҳ беришини сўраб Аллоҳга илтижо қилингиз”, дедилар. Биз: “Қабр азобидан паноҳ беришини сўраб Аллоҳга илтижо қиламиз”, дедик”.

«Саҳиҳи Муслим»да ва барча бошқа сунанларда Абу Ҳурайрадан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Агар сизлардан бирортангиз сўнгги ташаҳҳудни ўқиб бўлса, Аллоҳга тўрт нарсадан паноҳ беришини сўраб илтижо қилсин: жаҳаннам азобидан; қабр азобидан; ҳаёт ва мамот фитнасидан; Масиҳ Дажжолнинг фитнасидан”.

Яна «Саҳиҳи Муслим»да ва бошка ҳадис китобларида Ибн Аббосдан ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом саҳобаларига Қуръондан бир сурани қандай ўргатсалар, мана шу дуони ҳам шундай ўргатар эканлар: “Аллоҳим, жаҳаннам азобидан паноҳ беришингни сўраб, Сенга илтижо қилурман; қабр азобидан паноҳ беришингни сўраб, Сенга илтижо қилурман; ҳаёт ва мамот фитнасидан паноҳ беришингни сўраб, Сенга илтижо қилурман; Масиҳ Дажжолнинг фитнасидан паноҳ беришингни сўраб, Сенга илтижо қилурман”.
«Саҳиҳайн»да Абу Айюбдан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) (ташқарига) чиқдилар. Қуёш ботган эди. Шу тобда бир наърани эшитиб олдилар ва: “Яҳудлар... қабрларида азобланмоқдалар”, деб айтдилар”.

«Саҳиҳайн»да Оишадан (розийаллоҳу анҳо) шундай ривоят қилинади: “Мадина яҳудийларидан бўлган бир кампир олдимга кирди ва: “Қабр аҳли қабрларида азобланадилар”, деб айтди. Мен унинг гапини ёлғон ҳисоблаб, сираям ишонгим келмади. Кейин кампир чиқиб кетди ва кўп ўтмай олдимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар. Мен айтдим: “Эй Расулуллоҳ, мадиналик яҳудий кампир келиб, қабр аҳли қабрларида азобланадилар деб даъво қилди”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Рост сўзлабди, улар ҳақиқатан шундай азобланадиларки, буни барча жониворлар эшитади”. Шундан бери Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қайси намозларида кўрмай, албатта, қабр азобидан паноҳ тилаётганларига гувоҳ бўлдим”.

Умму Мубашширдан ривоят қилинади: “Ҳузуримга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Аллоҳга қабр азобидан паноҳ беришини сўраб илтижо ҳилингиз”, деганларича кириб келди-лар. “Эй Расулуллоҳ, - дедим мен. - Қабрда азоб борми?” Расулуллоҳ шундай жавоб бердилар: “Улар қабрларида шундай азоб-ланадиларки, буни бари жониворлар эшитади” (Ибн Хиббон ривояти).