
Оламлар робби Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Тақводорлар имоми, хушуъ қилгувчилар пешвоси, Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад Мустафога, у кишининг аҳлига ва саҳобаларига саломат ва саломлар ёғилсин.
Намоз Исломнинг биринчи амалий устуни, имоннинг энг катта қалқони ва муҳофазасидир. Шунингдек, қиёмат куни банда энг биринчи сўраладиган амал ҳам намоздир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида банданинг амалларидан биринчи ҳисоб берадигани намоздир...” дея хабар берганлар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жуда кўп ўринларида намоз ҳақида тўхталган ва бандаларига бу ибодатни тўкис адо этишни буюрган. Жумладан, Анъом сурасининг 72-оятида айтади: “Намозни қойим қилинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар”.
Эътибор қилинадиган бўлса, Каломи шарифдаги намозга тегишли оятларнинг деярли барчасида уни ўқиш ҳақида эмас, балки қойим қилиш, тўкис адо этиш кераклиги айтилган. Араб тилида “намоз ўқиш” деган ибора мавжуд, аммо оятларни уни ўқиш эмас, қойим қилиш ҳақида сўз бораётган экан, демак, бу таъбир бежизга эмас. Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам намозни: “Кўзимнинг қувончи”, дея улуғлаганлар. У зот саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша – неъматга етишганларида, қийинчиликка рўбарў келганларида, мушкул вазиятга тушиб қолганларида, муаммолар туғилганда, душманга йўлиққанларида ва ҳоказо ҳолларда намозга турганлар ва намозни қойим қилиш ила Роббиларидан мадад сўраганлар. Улуғ саҳобалар, тобиеинлар ва уларнинг муносиб издошлари ҳам ҳар бир намозни байрам янглиғ кутиб олишган, ҳаёт-мамот яхшиликларини намозда билишган, ундаги биргина арзимас камчилик учун нафсларини маломатлар қилишган.
Аммо Аллоҳнинг бугунги мўмин-мусулмон бандалари-чи? Биз-чи? Албатта, ҳолимиз ўзимизга маълум. Шундай экан, ҳар биримиз кечаги ва бугунги кунларимизни яхшилаб ҳисоб қилмоғимиз, тақвони кучайтирмоғимиз, Аллоҳнинг расули Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобалари каби намозни қойим қилишга, улардан ҳар томонлама ўрнак олишга интилмоғимиз керак. Чунки намоз фақат ётиб-туриш дегани эмас. Унда руҳ, жон, қувонч бор, Аллоҳга итоат, ёлвориш, юкиниш бор, шайтонга, куфрга исён бор, эзгуликка шошилиш, ёвузликдан қочиш бор...
Албатта, намозни Аллоҳ буюргандек тўкис ва мукаммал тарзда адо этиш, уни байрамсифат кутиб олиш анча қийин иш. Аллоҳ таоло ҳам: “Албатта, у (намоз) оғир ишдир”, деб айтган. Қолаверса, нафсимиз орзу-ҳавасни, енгил-елпиликни, кайфу-сафони хуш кўради, оғирликдан, машаққатдан қочади. Яратувчига бўйин эгиш, ақлнинг имига юриб, намозни қойим қилиш гоҳида унга оғир келади.
Иккинчи тарафдан эса, шайтони лаин ҳам бандаларни фитнага солиш ва алаштириш учун берган ваъдасини адо этишга шай туради. Унинг: “...Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг тўғри йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтирурман. Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнгу сўлларидан келиб (тўғри йўлдан оздирурман) ва (оқибатда) уларнинг кўпларини (берган неъматларингга) шукр қилган ҳолларида топмайсан», дегани (Аъроф сураси 16-17 оятлар) маълум. Шу ваъдасига кўра, иблис бандани намозга туришдан, уни қойим қилишдан чалғитади.
Хўш, унда нима қилиш керак?
Аллоҳ таоло мана шу машаққатли йўлда бандаларига неъмат қилиб қалб хушуъсини беради. Бу неъматни ўзида пайдо қила олган нафс шикаста, хокисор, кибр ва шаҳват ўтларини ўчирган нафсга айланади. Унга намоз заррача оғирлик қилмайди, балки қувончли бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади: “Сабр ва салот (намоз ўқиш) билан мадад сўранглар. Албатта у (намоз ўқиш) оғир ишдир. Магар ўзларининг Парвардигорларига рўбарў бўлишларини ва шубҳасиз, унга қайтажакларини биладиган шикастанафс зотларга (оғир эмасдир)” (Бақара сураси, 45-46 оятлар).
Шунинг учун ҳам хушуъ намознинг руҳига қиёс қилинган. У бандага намозни севдиради, машаққатларини кетказади, енгил қилади. Аксинча, хушуъсизлик бориб-бориб намознинг ҳам йўқолишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳ этадилар: “Бу умматдан биринчи кўтариладиган нарса хушуъдир. Ҳатто унинг ичида биронта хушуъ қилгувчини тополмай қоласан” (Табароний ва Ҳайсамий ривояти). Ҳузайфа ибн Ямон разияллоҳу анҳу ҳам ўзларидан кейингилар хушуъни бой бериб қўйишидан огоҳлантириб айтадилар: “Динингларда биринчи йўқотадиган нарса хушуъдир, охиргиси намоздир. Намозхонларнинг кўпчилигида яхшилик йўқ. Яқинда масжидга кириб, намозхонлар орасида хушуъ қилганларини кўрмай қоласан”. Суфёни Савриф разияллоҳу анҳу эса: “Ким хушуъ қилмаса, намози бузилади”, дейдилар.
Хушуъли қалб ихлосли қалбдир. Хушуъ билан ўқилган намоз хайрли бўлади. Хушуънинг намоздаги мавқеи жоннинг жасаддаги мавқеи кабидир. Хушуъ билан мўминлар нажот топадилар. Аллоҳ таоло Мўминун сурасининг аввалида таъриф келтириб айтади: “Дарҳақиқат мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир”.
Хушуънинг бугунги кундаги аҳамияти ҳамда кўпгина биродарларимизнинг намозда хушуъ тополмаётганлари ҳақидаги шикоятлари ушбу мавзуда гапиришга эҳтиёж туғдирди. Мақолада аллома Исмоил ибн Касирнинг тафсиридан, Имом Ғаззолийнинг “Иҳёи улумиддин” китобидан, Имом Нававийнинг “Риёзус-солиҳийн” асаридан, “Хушуънинг ўттиз уч сабаби”, “Унинг баҳоси – жаннат” китобчаларидан, Имом Бухорий ва Имом Термизийларнинг ҳадис тўпламларидан фойдаланилди.
Ушбу битикларнинг нафсимизга фойда беришини Яратгандан сўраймиз. Муваффақ этиш Аллоҳдандир.
Хушуъ нима?
Хушуъ луғавий жиҳатдан “бўйсуниш, итоат қилиш”, деган маъноларни англатади. У кўпинча “хузуъ” сўзи билан ёнма-ён ишлатилади ва уларнинг маънолари деярли бир хилдир. Аммо бу рисолада “хушуъ” сўзи ёлғиз қўлланди, чунки Китоб ва суннатда шундай истифода этилган.
Энди хушуънинг истилоҳий маъносига тўхталадиган бўлсак, Ибн Аббос разияллоҳу анҳу уни қўрқув ва сукунат дея таърифлаганлар. Али разияллоҳу анҳу: “Ҳақиқий хушуъ қалбнинг хушуъсидир”, деганлар. Фақиҳ Муҳаммад ал-Жавзиййа: “Хушуъ қалбнинг Парвардигори ҳузурида хокисорлик билан бўйин эгиб туришидир”, деб айтганлар.
Аллома Ибн Касирнинг таърифига кўра, намозда виқор ва тавозуъ билан сокин, хотиржам туриш хушуъ саналади. Аллоҳдан қўрқин, Унинг кўриб турганини ҳис қилиб ибодатда бўлиш бандани хушуъга ундайди.
Улуғ тобеинлардан Муҳаммад ибн Сирийннинг хабар беришларича: “Улар намозда хушуъ қилувчилардир”, ояти тушишидан олдин саҳобалар кўзларини осмонга, кейин эса, назарларини сажда қилидиган ўринга қайтаришган экан. Шунингдек, бу ҳол Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламда ҳам бўлганини ИБн Жарир ва Ибн Ҳотимлар Ато ибн Абу Рабоҳдан ривоят қилишган.
Хуллас, хушуъ намозда, яъни, Аллоҳнинг ҳузурида хотиржам, сокин, тинч турган тиниқ сувдек, Аллоҳни кўриб тургандек ёки Унинг кўриб турганини ҳис қилиб, қўрқув ва умид билан туриш, демакдир.
Хушуънинг ўрни
Хушуънинг макони қалбда. Меваси эса, аъзоларда. Хушуъли қалбгина Раббига эгилади. Қалб эгилсагина, аъзолар ҳам унга эргашиб, Парвардигорига бўйинсинади. Чунки қалб танада подшоҳдир, қолганлари унга аскар... “Нажот топган мўминларнинг хушуълари қалбдарида, шунинг учун ҳам улар кўзларини тийдилар ва гуноҳлардан сақландилар”, дейди Ҳасани Басрий ҳазратлари. Кимнинг қалби хушуъ билан безанса, унга Аллоҳдан улуғ бир неъмат етибди. Чунки хушуъ ихлоснинг аломатидир. Хушуънинг намоздаги мавқеи руҳнинг жасаддаги мавқеи каби, дейилди. Демак, хушуъсиз намоз ўлик намоз. Ундан намозда хайр, яхшилик йўқ. Бугун намозхонлар орасида баъзан мункар ва бузуқ ишлар содир қилинётганига сабаб ҳам хушуъсизлик бўлса ажаб эмас. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло: “...Албатта намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур...” (Анкабут сураси 45 оят), деб хабар берган. Аллоҳ таолонинг сўзи рост, намоз аниқ гуноҳ ва ёмонликлардан тўсади. Фақат нафсимизда, намозларимизда камчилик бор. Шунинг учун ҳам бугун бизга хушуъ жуда зарур. Чунки энг буюк ибодатнинг маъмуни, ундан олинадиган савоб хушуъга, унинг даражасига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Хушуънинг икки хили
Юқорида таъкидлаганимиздек, хушуъ қалбга ўрнашади, сўнгра вужуд аъзоларида зоҳир бўлади. Аммо баъзан хушуъ қалбда бўлмагани ҳолда аъзоларда кўриниши ҳам мумкин. Бундай хушуъдан Аллоҳ сақласин, чунки у нифоқ хушуъсидир.
Айрим саҳобалар: “Нифоқ хушуъсидан Аллоҳдан паноҳ сўрайман”, деб дуо қилишар, “Нифоқ хушуъси нима?” деб сўрашса, “Қалбда бўлмаган хушуънинг жасадда кўриниши”, деб жавоб беришар экан. Ҳузайфа ибн Ямон разияллоҳу анҳу: “Нифоқ хушуъсидан сақланинглар, у қалб хушуъ қилмагани ҳолда жасаднинг хушуъли кўринишидир”, деб огоҳлантирганлар. Фузайл ибн Иёз: “Кишининг қалбидагидан кўпроқ хушуъли кўриниши ёмондир”, дейдилар. Бир солиҳ киши елкаси ва бадани хушуъли кўринган оламга: “Эй фалончи, хушуъ елкада эмас, мана бу ерда бўлади”, деб кўкракка ишора қилган экан.
Демак, хушуъ икки хил бўлади имон хушуъси ва нифоқ хушуъси.
Имон хушуъси қалбга ёндошган хушуъдир. Қалб унинг туфайли Парвардигорининг ҳузурида тиниқ сувдек тинч ва хотиржам туради, намоздан ором олади. Имон хушуъси кишига Аллоҳни, расули саллаллоҳу алайҳи васалламни, ибодатни севдиради, намозни кўз қувончига айлантиради. Нифоқ хушуъси эса, сохта, ясама,риёкор, сунъий бўлади. Намозда турган киши қалби қайнаётган сувдек бўлгани ҳолда ўзини ясама равишда хушуъли кўрсатишга уриниши риёкорлик аломатига ўхшаб кетади. Бундай хушуъдан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз.
Хушуънинг мисол Баъзи Солиҳ салафларимиз намозни султонга бериладиган ҳадяга менгзашади. Айтишадики: “Намоз подшоҳга совға қилинадиган чўри қизга ўхшайди. Унга шол, ғилай, кўр, қўл-оёғи кесилган ёки ногирон, мажруҳ, хунук қизни ҳадя қилган одам ҳақида нима деб ўйлаш мумкин? Худди шунингдек, касал, руҳсиз намозни Парвардигорига тақдим этутуриб, яна ўша намози билан Эгасига яқинлашишни истайдиган банда ҳақидачи?! Аллоҳ покдир, фақат пок нарсани қабул қилади. Руҳи бўлмаган намоз эса, қабул бўлишдан йироқдир”.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам эҳмон ҳақида сўралганларида: “Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилишингдир. Сен Уни кўрмаётган бўлсанг ҳам, У сени кўриб туради” (Имом Бухорий ривояти) деганлар.
Хушуънинг аҳамияти
Хушуъсиз намозда яхшилик йўқ экан, унингсиз намоз ўликка айланиб, бандага оғирлик қиларкан, демак, бу ҳол ўз-ўзидан хушуънинг заруратини кўрсатади.
Қолаверса, юқорида зикр этилган оятларда, Суннати набавияда қуш дон чўқигандек тез-тез сажда қилган ва рукуъда қаддини тўла ростламасдан саждага кетган, хотиржам бўлмас, шошиб намоз ўқиган кишининг қайтадан намоз ўқишга буюрилгани, Абу Довур ва Термизийлар томонидан: “Аллоҳ таоло беш вақт намозни фарз қилди. Ким уларнинг таҳоратларини чиройли қилса ва вақтида ўқиса, рукуъ ва хушуъларини мукаммал бажарса, Аллоҳ таолонинг зиммасида уни мағфират қилиш аҳди бўлади. Агар ундай қилмаса, Аллоҳнинг зиммасидаги унинг учун аҳд йўқдир, хоҳласа, уни кечиради, хоҳласа азоб беради”, “Намоз икки ракъат – икки ракъатдандир. Ҳар икки ракъатда бир ташаҳҳуд бордир ва хушуъ, тазарруъ, сокинлик бордир ...” дея ривоят қилинган ва бошқа ҳадиси шарифлар хушуънинг намоздаги аҳамиятига далолат қилади.
Хушуънинг аҳамияти, фазилати ҳақида сўз кетар экан, ўз-ўзидан уни уйғотадиган сабаблар хусусида фикр айтиш зарурати туғилади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан, саҳоболардан, уламолардан хушуъни пайдо қиладиган, кучайтирадиган ва уни кетказадиган амал ва ҳолатлар ривоятқ илинган. Хушуънинг сабаблари икки хил:
- Хушуъни уйғотадиган ва кучайтирадиган нарсаларни жалб этиш;
- Уни кетказадиган амал ва ҳолатларни даф қилиш.
Дастлаб, хушуъни уйғотадиган ишлар хусусида.
Намозда хушуъ топиш уун, аввало, унга гўзал суратда тайёрланиш керак. Бунда чиройли ва мукаммал таҳорат қилинади, яъни, мисвок билан тишлар тозаланади, таҳоратнинг фарз, суннат ва мустаҳабларини тўла бажариб, макруҳларидан сақланилади, таҳорат олиб бўлингач, дуолар ўқилади, азон жим туриб эшитилади, лафзлар англаб такрорланади ва жаво берилади, сўнг дуо қилинади. Бу ишлар сидқидилдан қилинса, албатта, намозга эътибор кучаяди ва қалбда хушуъ уйғонишига дастлабки туртки вазифаси ўтайди. Имом Бухорий ва Имом Насоий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким чиройли таҳорат олиб, сўнг қалби ва юзи билан иқбол қилган ҳолда (бир ривоятда “ўзи билан гаплашмасдан”) икки ракъат намоз ўқиса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”.
Шунингдек, намозга миройли тайёргарлик кўриш зийнатланиш билан ҳам юзага чиқади. Аллоҳ таоло:
“Эй Одам болалари, ҳар бир сажда чоғида зийнатланингиз ...” (Аъроф сураси, 31 оят), дейди.
Банда намозда Аллоҳга юзланади, ғайбий бир мулоқотга киришади, ҳожатларини сўрайди, зотан Ундан улуғ, Ундан буюк зот йўқ оламда. Киши Унинг ҳузурида тураркан, Унинг марҳаматидан умидвор экан, албатта, бу триши шу улуғворликка муносиб бўлиши зарур. Оддий бир меҳмонга ёхуд байрамга борилаётиб, ясан-тусан қилинганда, нега энди мана шундай улуғ даргоҳга юзланган маҳал зийнатланмаслииги керак, ҳолбуки, зийнатланишга энг ҳақли зот Аллоҳ таолодир. Жойнамозга чиройли, покиза кийимларни кийиб келиш, албатта, намозга бўлган ҳурматдан. Яхши кийимлари бўлатуриб, ухлаганда ёки ишлаганда киядиган кийимлар билан намоз ўқиш олобсизлик саналади. Уламолар, кўчага кийиб чиқишга уялмайдиган кийимлар билан намоз ўқилади, дейишган. Қолаверса, салафи солиҳларнинг ҳаётига назар ташлайдиган бўлсак, улар фақат намоз учун алоҳида кийим ажратиб қўйганларини кўрамиз.
Либосларнинг қай бири афзаллигини эса, бизга Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги ҳадислари билан хабар қиладилар: “Либосларингизнинг оқини кийинглар, чунки кийимларингизнинг яхшисидир. Ва ўликларингизга ҳам унда (оқ либосда) кафанланглар...” (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можжалар ривояти).
Хуллас, чиройли таҳорат олиб, покиза кийимларни кийиб намозга бориш хушуъни пайдо қиладиган дастлабки омиллардир.
Хушуънинг қийматини билиш
Намознинг савоби хушуънинг даражасига қараб бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Банда намоз ўқийди ва унга намозининг ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, еттидан бири, олтидан бири, бешдан бири, тўртдан бири, учдан бири, иккидан бири ёзилади” (Аҳмад ривояти).
Ҳадисларда беш вақт намоз улар ўртасидаги гуноҳларга каффоррат бўлиши ҳақида ҳам кўплаб хабарлар келган. Лекин у каффорат бўладиган намознинг сифати қандай? Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Бир мўъмин киши фарз намозига ҳозир бўлиб, у намознинг таҳоратини, хушуъсини ва рукуъсини чиройли қилса, олдин ўтган гуноҳларига каффоратдир, модомики, катта гуноҳ қилмаган бўлса. Ва бу иш ҳамма вақт шундайдир” (Имом Муслим ривояти).
Намозга интизорлик
Инсон зотида соғинч деган бир туйғу бор, у туйғу фақат яхши кўрган нарсаларига аталган. Масалан, киши узоқ вақт кўрмаган дўстини соғинади, қачон келар экан, деб интиқ бўлади. Тансиқроқ таом тайёрланаётган бўлса, пиша қолсайди, деб тоқатсизланади. Ойнаи жаҳонда қизиқ филм ёки кўрсатув қўйиладиган бўлса, қачон бошланаркин, деб интизор бўлади. Ҳатто маош бериладиган кунни соғинади... Ана шу соғинчлар ичра хушули мўмин банданинг яна бир соғинчи бор. У намоздир. Албатта, намозда бир марта ҳаловат топган киши яна яратган Эгасининг ҳузурида тавозеъ ва ихлос билан бўйин эгишни, дунёнинг бутун ташвишларию, машаққатларидан узилиб, хотиржамлик топишни, тўйиб-тўйиб саждалар қилишни, қўрқиб-қўрқиб йиғлашни, Парвардигори билан ёлғиз қолишни соғинади, кейин яна соғинади, соғинаверади. Ҳирс ўтида ёнган нафс бойлик топгани сайин, яна топсам, кўпроқ йиғсам, дейди. Эгасини топган қалб эса, тағин Унга сиғинсам, муножот қилсам, пойида чўксам, дейверади. Васлига етишгунга қадар бу ҳол кучайиб бораверади...
Намозни соғинадиган бундай бандаларга Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам хушхабар бериб: “Икки намоз орасини соғиниб ўтказганлар жаннатидирлар" (Имом Термизий ривояти), деганлар.
Намозни соғиниш, унга интизор бўлиш кишини обид бандага айлантиради, кутиб турган ҳар бир лаҳзасига намоз ўқиётганнинг савобини олади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Сизлардан биронтангиз намозга мунтазир бўлиб ўтирар экан, намозда турган ҳисобланади. Таҳоратини бузмаган ҳолда масжидда ўтираркан, фаришталар унинг ҳаққига: “Аллоҳ, уни мағфират қилгин, Аллоҳ, унга раҳм этгин”, деб дуо қилиб туради” (Имом Термизий ривояти). Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтадилар: “Қай бирингиз намоз ўқийман деб кутиб турсангиз, намоз ўқиётган ҳисобида бўлгайсиз” (Имом Бухорий ривояти).
Суфён ибн Уйайна масжидга кетаётиб ўзларига ўзлари айтар эканлар: “Азон айтилмагунча масжидга бормайдиган ёмон бандага ўхшамагин, нидодан олдин намозга келгин”.
Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам намозга интизор бўлганларнинг гуноҳлари афв этилиши хушхабарини берганлар. У зот бир куни: “Сизларга Аллоҳ унинг туфайли хатоларингизни ўчирадиган, даражаларингизни кўтарадиган амални айтайми?”, дедилар. “Ҳа, айтинг, эй Расулуллоҳ”, дейишди саҳобалар. “Таҳоратни мукаммал олинглар, масжидга боришни кўпайтиринглар, бир намозни адо этиб, кейингисига интизор бўлинглар. Мана шулар боғичдир, мана шулар боғичдир” (Муслим ривояти) дедилар у зот саллаллоҳу алайҳи васаллам.
Демак, намозни кутиш, соғиниш улуғ иш. Бу иш қалбни хушуъ билан зийнатлайди, вужудни гуноҳ ва хатолардан поклайди.
Намоз ҳақидаги оятларни билиш
Аллоҳ таоло ўзининг китоби илоҳийида эликка яқин ўринда бандаларини намозни тўкис адо этишга чақиради ва намозга эътиборсизлик кўрсатган, уни адо этишга дангасалик қилганларни огоҳлантиради. Албатта, бу оятларни тафаккур-тадаббур қилиш кишига кўп фойда беради.
Аллоҳ таолонинг: “...Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо қил!” (Тоҳа сураси, 14 оят) деган каломи ҳақида имом Ғаззолий айтадилар: “Намоз зикр учун бўлса, қандай қилиб яна У намозда унутилади?! Аллоҳ таоло: “...Токи гапираётган гапларингизни билишингиз учун маст ҳолингизда намозга яқин келманглар...” (Нисо сураси 43 оят), деган, энди нима деганини билмайдиган одам қандай намоз ўқийди?! Ҳолбуки, Аллоҳ бундай намоз ўқишдан қайтарган. Маст одамнинг ақли ўлик бўлади, ўзича валдирайверади, ғофил ҳам ақлсиз ҳолатда намоз ўқийди, у ҳам маст киши кабидир!”
Моида сурасининг 55-ояти каримасида айтилади: “Сизларнинг дўстингиз фақат Аллоҳ, Унинг пайғамбари ва таъзим-тавозеъ қилган ҳолларида намозни тўкис адо этадиган, закотни (ҳақдорларга) ато этадиган мўминлардир”. Демак, дўст тутишга ҳақли зотлар Аллоҳ таоло, Унинг расули Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда мўминлардир. У мўминлар тилидагина имон келтирган бошқа бандалардан ҳамиша Аллоҳга бўйсунишлари, намозни тўкис адо этишлари, закотни ҳақдорларга беришлари билан ажралиб турадилар. Намоз, бошқа бир оятда келганидек, уларни бузғунчи, фағш, мункар ва ёвуз ишлардан қайтаради. Намоз уларни эзгуликка чақиради, ҳақиқатга, сабрга, вафога, тўғриликка, ҳурриятга ундайди.
Яна Бақара сурасининг аввалида баён қилинади: “Ҳақ эканлигига) ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган ушбу Китоб ғойибга ишонадиган, намозни тўкис адо этадиган ва биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладиган тақволи кишилар учун раҳбар – йўлбошчидир” (2-3 оятлар).
Ҳа, Қуръон ҳидоятдир, тўғри йўлга солувчидир. Аммо барчага бирдек эмас. Балки ғайбга ишонган, намозни қойим қилган, инфоқ-эҳсон берган мўминларгагина нажот йўли, ҳидоят маёғидир. Бу оятдан илоҳий каломнинг ҳидоятига мушарраф бўлиш, уни тўғри тушуниш, тадаббур эта олиш учун ҳам намозни тўкис адо этиш кераклигини англашилмоқда...
Намоз ҳақида оятларни ўрганиб, уларга амал қилган киши мана шу сингари ҳикматларни англайди, ибодатнинг моҳиятини ҳис этади ва табиийки, шу зайлда унинг қалбида хушуъ пайдо бўлади.
Шунингдек, мунофиқларнинг намозга муносабатларини эслаб туриш ҳам намозда сергакликни, огоҳликни, хушуъни кучайтиради.
“Ва қачон намозга турсалар дангасалик билан, хўжакўрсинга турадилар ва Аллоҳни камдан-кам ёдга оладилар” (Нисо сураси, 142 оят);
“Қилган инфоқ-эҳсонлари (Аллоҳ даргоҳида) қабул қилинишидан тўсган нарса фақат уларнинг Аллоҳ ва унинг пайғамбарига иймон келтирмаганлари, намозга фақат эринган ҳолларидагина келишлари ва ўзлари истамаган ҳолларидагана инфоқ-эҳсон қилганликларидир” (Тавба сураси 54 оят);
“Сўнг уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди у (ўринбосарлар) албатта ёмонликка (яъни ёмон жазога) йўлиқурлар” (Марьям сураси 59 оят);
“Бас, намозларини «унутиб» қўядиган кимсалар бўлган «намозхон»ларга ҳалокат бўлгайки.” (Моъувн сураси 4-5 оятлар).
Албатта, бу раббоний эслатмалардан мўминлик даъвоси бўлган, нифоқдан қўрққан, охиратда яхшилик умид қилган бандалар ибратли хулоса чиқаради, намозда ва ундан ташқарида мунофиқларга ўхшаб қолишдан, бепарво бўлишдан сақланади, Парвардигорларининг амрига итоат этиб, хушуъ қилади, намозни тўқис адо этади.
Батаҳқиқ, тавфиқ Аллоҳдандир.
Хушуъни Аллоҳдан сўраш
Хушуъли қалб Аллоҳнинг неъмати, у ҳам Яратгандан сўралади, сўраб олинади.
Қалб ўз номи билан қалб. Ҳар қандай ҳолатда қалқиб кетиши, инқилоблар рўй бериши ёки дунёвий арзимас бир нарсаларга берилиб, боғланиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам қалбнинг иши, Аллоҳнинг ўзи сақламаса, қийин иш. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига ана шу қийинчиликларни енгиб ўтишнинг, Аллоҳдан мадад олишнинг калити – дуоларни ўргатиб кетганлар.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Эй Аллоҳ, қалбларни тасарруф этгувчи (бошқариб турувчи) Зот, қалбларимизни Ўзингга итоатли қил” (Имом Муслим ривояти).
Шокал ибн Ҳумай разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан бир дуо ўргатишларини сўраганида у зотнинг ўргатган бир дуолари: “Эй Аллоҳ, мен қўлоғимнинг ёмонлигидан, тилимнинг ёмонлигидан, қалбимнинг ёмонлигидан, маниййимнинг ёмонлигидан Сендан паноҳ тилайман” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Иброҳим алайҳиссаломнинг тиллари орқали баён этган дуо ҳам мўмин киши учун бағоят қимматлидир: “Парвардигоро, мени ва зурриётимдан (бўлган болаларимни) намозни тўкис адо этувчи қилгин. Парвардигоро, дуоимни қабул айлагин” (Иброҳим сураси, 40 оят).
Хушуъни қозонишда ҳам ҳаракат, ҳам дуо уйғунлашса, ИншаАллоҳ, муродлар ҳосил бўлгусидир.
Салафларнинг намоздаги ҳолатини эслаб туриш
Албатта, бу иш ҳам хушуъни зиёда қиладиган сабаблардандир.
“Мана, Аллоҳ бизларга марҳамат кўргузди ва бизларни самумдан (яъни баданларни илма-тешик қилиб юборадиган дўзахий шамолдан) сақлади” (Тур сураси 27 оят), оятини ўқиб йиғлар эдилар. Ўша оятни такрорлайвердилар, чўзилиб кетди. У киши эса ҳамон ўша-ўша эдилар. Бозорга бориб, ишларимни битириб келмоқчи бўлдим. Хуллас, ҳожатларимни тугатиб келсам, у киши ҳали ҳам ўша оятни такрорлар, йиғлар ва дуо қилар эдилар”.
Бу зотлар намозда ҳалоқат топганлари боис ундан ташқарига чиқишни ҳечам истамаганлар, фақат қарилик, куч-қувватнинг кетиши узоқ ибодат қилишларига бир озгина ҳалал берган.
Бу хабарлар Имом Ғаззолийнинг “Иҳё”сидан, Исмоил ибн Касирнинг “Ал-бидоя ван-ниҳоя” асаридан, Имом Аҳмаднинг “Зуҳд” китобидан, “Сияр”, “Сифатус-сафва” номли рисолалардан олинди. Ҳаммаси хушуъ қилган зотларнинг мисоли муболағасиз ёритилган.
Намозда хотиржам туриш
Аллоҳ таоло инсонга фикр юритиш, хаёл суриш неъматини ҳам берган. Оқил киши булардан ўз ўрнида фойдаланади, албатта. Шунингдек, намозга турганда фикру хаёлини жамлаб, Аллоҳнинг зикрига боғлаб, хотиржам бўлган ҳолда Яратганга юзланиш ҳам комил мусулмонларга хос фазилатдир. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам намозда ниҳоятда хотиржам турганлар. Бошқаларни ҳам шунга буюрганлар.
Хотиржамликнинг намозда ўзига хос ўрни бор, хушуъ билан у эгизак. Бирисиз бошқасининг бўлиги даргумон.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни: “Энг ёмон ўғри намозидан ўғирлаган ўғридир”, дедилар. Абу Қатода розияллоҳу анҳу сўрадилар: “Эй Расулуллоҳ, намозни қандай қилиб ўғирлаш мумкин?”. Шунда у зот: “Рукуъ ва саждаларини тўла адо этмасдан”, деб жавоб бердилар.
Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам мунофиқнинг намози ҳақида хабар бериб айтдилар: “Мунофиқнинг намози улдирки, ўтириб қуёшни кузатади, шайтоннинг икки шохи орқасига киргандан кейин туриб, худди дон чўқигандек, тўрт ракъатни ўқийди. Аллоҳни унда жуда кам эслайди” (Имом Термизий ривояти).
Бу ҳадисдаги қуёш шайтоннинг икки шохи орасига кириши кун ботаётганига киноядир. Суютий эса, бу мажоз эмас, ҳақиқат эканини таъкидлаб айтади: “Ботаётганда ва чиқаётганда шайтон қуёшнинг ёнида туради, токи, қуёш ботаётганда сажда қилаётганлар шайтонга сажда қилишсин”.
Ҳузайфа ибн Ямон бир кишининг шошиб намоз ўқиётганини кўриб ундан: “Қачондан бери намоз ўқийсан?” деб сўрадилар. “Қирқ йилдан бери”, деди у. “Демак, қирқ йилдан бери намоз ўқимабсан. Агар шу намозинг билан ўлсанг, Муҳаммадникидан саллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа фитратда ўлган бўласан, дедилар Ҳузайфа разияллоҳу анҳу (Бухорий ривояти).
Абу Воил айтадилар: Ҳузайфа бир кишининг рукуъ ва саждаларини қиёмига етказмай намоз ўқиганини кўриб, у намозини тугатгач: “Сен намоз ўқимадинг”, дедилар. Кейин назаримда бояги кишига: “Ўлсанг, Муҳамма саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини бажармай ўлган бўласан”, дедилар ҳам шекилли (Имом Бухорий ривояти).
Хуллас, намозда қалби хотиржам бўлмаган кишининг хушуъ қилиши ҳам мушкул. Тез ўқиш, қуш дон чўқигандек тез-тез сажда қилиш кишини савобдан маҳрум этади.
Тажвид ва тадаббур
Қуръони каримни тажвид қоидаларига риоя қилиб, оятлар маъносини англаб, тафаккур-тадаббур билан чиройли ўқиш ҳар бир Қуръон ўқувчи учун, айниқса. Намозда қироат қилаётган киши учун ниҳоятда муҳимдир. Чунки Қуръон лафз ва маънолари билан бирга инган. Бирини иккинчисидан ажратиш мумкин эмас. Аллоҳ айтадики: “(Эй Муҳаммад, ушбу Қуръон барча одамлар) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун Биз сизга нозил қилган бир муборак Китобдир” (Сод сураси, 20-оят).
Шу маънода муфассир Ибн Жарир Табарий: “Қуръон ўқиб, унинг таъвилини (яъни тафсирини) билмаган одамнинг қироатдан лаззат олишига ажабланаман”, дейдилар.
Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам оятларин дона-дона қилиб, чиройли тажвид билан ўқиганлари, ҳатто сура узундан-узун бўлиб кетгани ҳақида ривоятлар бор. Чунки ана шундагина тафаккур ва хушуъ пайдо бўлиши мумкин. Шошилиб ўқиш эса, бунинг аксини келтириб чиқаради.
Тиловатда овозни чиройли қилиш ҳақида Сарваримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг биз умматларига васиятлари бор. У зот айтадиларки: “Қуръонни овозларингиз билан зийнатланглар, албатта, чиройли овоз Қуръоннмнг чиройини зиёда қилади” (Ҳоким ривояти).
Ҳадиси шарифдаги “овозни зийнатлаш”дан Қуръонни қўшиққа ўхшатиб, мусиқавий оҳангларга солиш тушунилмаслиги керак. Қироатни чиройлиси овознинг ғамнок, маҳзун бўлганидир. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айни масала юзасидан қуйидагича ўгит берадилар: “Қуръонни чиройли овозда ўқиган одам сиз унинг қироатини эшитганингиздауни Аллоҳдан қўрқаяпти деб ўйлаган кишингиздир", (Имом Ибн Можжа ривояти).
Уламолар оятларнинг маъносини тафаккур қилишни вожиб даражасига кўтаришган. Ушбу фикрга Ато ибн Абу Рабоҳнинг қуйидаги ривояти ҳам далил бўлади. У киши айтадилар: Убайда ибн Умайр билан Оиша разияллоҳу анҳонинг ҳузурларига кирдик. Ибн Умайр: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзингиз кўрган ажойиб бир нарса гапириб беринг”, деди. Шунда Оиша йиғлаб юборди ва айтдики: “У зот бир кечаси туриб: “Эй Оиша, мени холи қўй, Раббимга ибодат қиламан”, дедилар. Мен: “Аллоҳга қасамки, мен сизнинг ёнингизда бўлишни яхши кўраман ва шунингдек, сизни қувонтирган нарсани ҳам яхши кўраман”, дедим. Сўнгра у зот туриб, таҳорат олдилар, кейин намоз ўқишга қойим бўлдилар. Шунда тинимсиз йиғлайвердилар, ҳатто ер хўд бўлиб кетди. Кейин Билол намозга азон айгани келди. У зотнинг йиғлаётганларини кўриб: “Эй Расулуллоҳ, сиз йиғлаяпсиз, ҳолбуки, Аллоҳ сизнинг аввалгию охирги гуноҳларингизни кечирган-ку?” деди. У зот: “Шукр қилувчи банда бўлмайинми? Бу кеча менга шундай оятлар индирилдики, уларни ўқиб, улардаги нарсани тафаккур қилмаган одамга вайл бўлсин”, дедилар ва: “Осмонлар ва ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир яратувчи ва бошқариб тургувчи зот мавжуд эканлигига) оят-аломатлар борлиги шубҳасиздир. Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни эслайдилар ҳамда осмонлар ва ернинг яралиши ҳақида тафаккур қилиб (дейдилар): «Парвардигоро, бу (борлиқ)ни беҳуда яратганинг йўқ! Сен (беҳуда бирон иш қилиш айбидан) поксан! Ўзинг бизни жаҳаннам азобидан асрагил!” (Оли Имрон сураси 190-191 оятлар) оятларини ўқидилар” (Ибн Ҳиббон ривояти).
Намозда ўлимни эслаш
Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Намозингда ўлимни зикр қил. Чунки киши намозида ўлимни эсласа, намозини чиройли қилишга интилади ва бундан бошқа яна намоз ўқийман, деб гумон қилмайдиган одамек бўлиб намоз ўқийди "(Суютий ривояти).
Ҳеч ким ўлимдан қочиб қутула олмайди. Эртами-кечми ўлим ҳаммага етади. Аммо унинг қачон келиши номаълум. Ҳар бир намоз охиргиси бўлиб қолиши мумкин. Демак, банда эътибор берсин, мабодо, ўлиб-нетиб қолса, Аллоҳнинг ҳузурига олиб борадиган намози қай аҳволда бўлади. Пайғамбаримиз Абу Айюб Ансорийга берган насиҳатларида ҳам шу нарсани бежизга таъкидламаганлар: “Агар намозга турсанг, видолашаётган одамнинг намози каби намоз ўқи” (Имом Аҳмад ривояти).
Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳунинг ўғилларига қилган насиҳатлари ҳам ҳар бир хушуъ истаган кишига, ИншаАллоҳ, манфаат берур: “Эй, ўғлим, агар намоз ўқисанг, видолашаётган каби намоз ўқи, яна намоз ўқийман, деб ўйлама. Билгинки, мўмин икки яхшилик ўртасида ўлади, биттаси қилгани, биттаси ҳали улгурмагани”.
Бакр Музанний: “Агар намозинг сенга фойда беришини истасанг, бошқа намоз ўқимайман, деб ўйла”, деганлар.
Суфёни Сарвий разияллоҳу анҳу Мансур ибн Муътамарнинг намозлари ҳақида: “Агар унинг намоз ўқиганини кўрсанг, ҳозир ўлиб қолса керак, деб ўйлайсан”, деганлар.
Ҳозирда бизда одат бўлган ишлардан бири шуки, кўпинча киши, намоз ўқиб бўлиб фалон ишни қиламан, деб режалаштиради, ҳатто намозини ўша ишни қандай амалга оширишни ўйлайди. Шу билан хаёли чалғийди, бошда пайдо бўлган озгина хушуъни ҳам бой беради. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар бераётган ўгитларидан хулоса қилинадиган бўлса, намоздан кейин фалон ишни қиламан деб қатъий ишонмаган маъқул. Чунки ҳали у юмушга ета оладими, йўқми, Худо билади. У ишдан кўра, унга ўлим яқинлиги аниқроқ. Шундай экан, киши кўпрок ўлимни ўйласа, энг сўнггиси бўлиб қолиши мумкин бўлган намозининг сифати ҳақида қайғурса, қалбида гўзал бир хушуъ топажак, ИншаАллоҳ.
Аллоҳнинг жавоб қилишини билиш
Намоз Аллоҳ билан роз айтишувдир. Банда оятларни ўқир экан, Аллоҳ, албатта, унинг ўқиганларини эшитиб туради. Буни унутмаслик лозим, балки ич-ичдан ҳис қилмоқ керак. Аллоҳ таоло нафақат бандани кўриб-эшитиб туради, шунингдек, унинг ўқиганларига жавоб ҳам қайтаради.
Ибн Можанинг “Сунан”ида ривоят қилинади. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло: “Намозни Ўзим билан бандам ўртасида иккига бўлдим, бандам сўраганини олади”, дейди. Агар банда: “Алҳамдулиллаҳи Раббил ъаламийн” (Оламлар Рабби Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб ўқиса, Аллоҳ: “Бандам Менга ҳамд айтди”, дейди. “Ар-роҳманир-роҳийм” (Меҳрибон ва раҳмли), деса: “Бандам Менга сано айтди”, дейди. Агар: “Малики явмиддин (Қиёмат кунининг подшоҳи), деса: “Бандам Мени улуғлади”, дейди. “Иййака наъбуду ва иййака настаъийн” (Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз), деса: “Мен билан бандам ўртасидаги нарса шу ва бандам сўраганини олади”, дейди. Агар: “Эҳдинас-сиротол-мустақийм, сиротал лазийна анъамта ъалайҳим ғойрил мағзуби ъалайҳим валлаззо-оллийн” (бизни солиҳ бандаларингга инъом қилганинг тўғри йўлга бошлагин, ғазабга дучор бўлган ва адашганларнинг йўлига эмас), деса, Аллоҳ: “Мана шу бандам учун ва бандамга сўрагани”, деб айтади”.
Бу буюк ҳадисни ким ёдида тутса ва ҳар намозда дилидан ўтказса, етук бир хушуъга эришади, қалбида Фотиҳа сурасининг катта таъсирини топади. Чунки у Парвардигорининг ўзига хитобини, сўраганларига жавобини ҳис қилади! Албатта, бу буюк суҳбат хушуъ билангина қалбда қадрини топади.
“Иҳёи улумиддин” асарида тиловат қилаётган киши ўзини қандай тутиши ҳақида қуйидагича талаб қўйилган: “Тиловат пайтида қалб Қуръонни Аллоҳдан эшитаётгандек ёки уни Аллоҳга ўқиб бераётгандек ҳолатда бўлиши лозим”.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида айтадиларки: “Биронтангиз намоз ўқишга турса, албатта, у Парвардигорига муножат қилади. Бас, Унга қандай муножот қилаётганига қарасин” (Ҳоким ривояти).
Оятларга жавоб бериш
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг рукуъдан қад ростлаганда: “Роббана ва лакал ҳамд, ҳамдан касирон тоййибан мубарокан фийҳ”, деб ҳамд айтганини эшитиб: “Ман шу калимага ўттиздан ортиқ фариштанинг шошиб келаётганини кўрдим”, деганлар (Ибн Касирнинг тафсиридан).
- Сажда оятларини тиловат қилганда сажда қилиш. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Агар одам боласи сажда оятини ўқиса ва сажда қилса, шайтон четлашади ва: “Ҳолимга вой, Одам боласи саждага буюрилди ва у сажда қилди, унга жаннат бўлди. Мен ҳам саждага буюрилдим, бош тортдим, менга дўзах бўлди”, деб йиғлайди (Имом Муслим ривояти).
Олимлар сажда ояти тиловат этилганда сажда қилишни вожиб дейишган. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай қилганлари ҳақида саҳиҳ ривоятлар мавжуд. Қолаверса, у зоти муборак айтганларидек, сажда қилган кишидан шайтон четлашар экан. Шунингдек, сажда қилиш хушуъни ҳам зиёда этади: “У зотлар йиғлаган ҳолларида юзлари билан йиқилурлар ва бу уларнинг хушуъсини зиёда қилур” (Исро сураса 109 оят), дейди Аллоҳ таоло.
Шайтоннинг ҳиёласига алданмаслик
Шайтон ҳеч қачон одам боласига дўстлик қилган эмас. У, айниқса, мўминнинг, намозхоннинг ашаддий душманидир.
Иблиси лаин, аввало, инсонни имон келтиришдан қайтаради. Имон келтирса, ибодатдан четлатишга, ҳар хил нарсаларни орзу қилдириб, намозини эсдан чиқаришга интилади, ибодатларни оғир кўрсатиб, бошқа ишлари чолиб кетишидан чўчитади. Шунда ҳам банда шайтоннинг бўйнига уриб, ибодатга турса, хаёлини чалғитишга, савобини камайтиришга, зеҳнини ўғирлашга ҳаракат қилади. Кўпинча, унутган бир нарсасини ёдига солади ё тополмай юрган матоҳининг жойини эслатади ёхуд орзу-ҳаваслар режасини кўнглига келтиради, нима бўлса ҳам, қалбини Аллоҳнинг зикридан машғул қилишга жаҳд этади. Хуллас, шайтон бир лаҳза ҳам макр-ҳийласини сусайтирмайди. Шундай экан, банда ўз мақомида сабр ила маҳкам туриши, зикр ва ибодатда зерикмасдан давом этиши ҳамда қандай зот ҳузурида турганини, шайтоннинг душманлигини, ҳужум қилаётганини унутмаслиги керак. Шундагина шайтоннинг макри таъсир қилмайди. “Шубҳасиз, шайтоннинг макри заиф бўлгувчидир” (Нисо сураси 76 оят).
Имом Ғаззалий намозда етти ҳолат шайтондан эканини айтиб ўтганлар: “Бурун қонаши, мудраш, васваса, эснаш, қашиниш, у ёқ-бу ёққа қараш, бирон нарсани ўйлаш”.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги ривоят қилиган ҳадисда шайтоннинг намозхонга ҳийласи ҳақида хабар бериб айтганларки: “Агар бирортангиз намоз ўқиш учун турса, шайтон келиб, фикрини чалғита бошлайди, ҳатто неча ракъат ўқиганини билмай қолади. Қайсингиз шу аҳволга тушса, икки марта сажда қилсин” (Бухорий ривояти). Бу сажда саҳв саждасидир. Фиқҳ китобларида у ҳақда батафсил ёзилган.
Демак, шайтонга қарши курашдан тўхтамаслик керак. Гоҳида бу кураш намозда янада авж олиб кетади. Аммо бу ишни намозгача қолдирмаган маъқул, Аллоҳнинг ҳузурида ҳар қандай васваса, тортишув ва курашлардан холи ҳолатда туриш улуғ ажр олишга сабаб бўлади. Уламолар намозда шайтонга ўзни, хаёлни топшириб қўйишни гуноҳи кабилар қаторида санаганлар.
Сажда ўрнига қараш
Ойша онамиз разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқисалар, бошларини эгиб, кўзларини ерга тикиб турар эдилар (Ҳоким ривояти).
Бошқа бир ҳадисда ривоят этилишича, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбага кирганларида то чиққунларича кўзлари сажда ўрнидан нарига ўтмаган (Ҳоким ривояти). Ташаҳҳудда ўтирганларида эса назарлари кўрсатгич бармоқларидан нари ўтиб кетмаган (Имом Аҳмад ва Имом Абу Довуд ривояти).
Фиқҳий китобларда бу масалалар батафсил ёритилган. Қиёмда турганда сажда ўрнига, ташаҳҳудда ўтирганларида кўкракка, сажда пайтида буруннинг учларига, рукуъда оёқлар орасига қаралади.
Шу ўринда бир масалага ойдинлик киритиш зарур. Кўпинча, киши кўзни юмиб намоз ўқиса, хушуъ кучайгандек, очса, намоздан чалғиётгандек бўлади.
Ваҳоланки, кўзни очиб намоз ўқиш суннатдир. Кўзни юмиш эса, кишини ана шу суннатнинг савобидан маҳрум қилади. Шунинг учун кўп уламолар бу ишни намозда макруҳ санашган. Бир тоифа олимлар эса, унга рухсат беришган. Масалан, агар кўзни очиб туриш хушуъга тўсқинлик қилса, қибла тарафда зеб-зийнат, безак ёки хаёлни чалғитувчи нарсалар бўлса, кўзни юмиб намоз ўқиш макруҳ эмас. Аммо кўзни очиб хушуъга халал бермаса, шуничи афзал, чунки бу суннат амалдир.
Энди хушуъга халал берадиган баъзи ҳолатлар ҳақида гапириб ўтсак:
Намоздан чалғитадиган нарсаларни нари қилиш
Қибла тарафда ҳар хил расмларнинг бўлиши намозхоннинг фикрини чалғитиши мумкин. Шу боис уларнинг намозхон олдида туриши кароҳиятлидир.
Анас ибн Молик ривоят қилишларича, Оиша разияллоҳу анҳо онамизнинг нақшли пардалари бўлиб, ҳужраларининг бир тарафига очиб қўйилган эди. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Буни ол, чунки унинг тасвирлари мени намозда кўп чалғитади”, деб олдириб ташлаганлар (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбага намоз ўқиш учун кирганларида у ерда эчкининг иккита шохини кўрдилар. Намозларини ўқиб бўлганларидан кейин Усмонга: “Сенга бу икки шохни ёпиб қўй, деб айтишни унутибман, уйда намозхонни чалғитадиган нарса бўлиши керак эмас”, дедилар(Имом Абу Довуд ривояти).
Мазкур ҳадисларга кўра, намозхоннинг олтомонида суврат ва шаклли ҳайкалларнинг бўлиши жоиз эмасдир. Агар бўлса, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, устига ёпинчиқ ёпиб қўйилади. Аммо орқа тарафда сурат ва нақшлиларнинг бўлиши намозга нуқсон етказмайди.
Шунингдек, намозхоннинг либосида расм ва нақшларнинг бўлиши ҳам хаёлни машғул этиши мумкин. Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам намозга турдилар, эгниларида чиўиқлар чизилган кўйлак бор эди, ўшанга қараб-қараб қўйдилар. Намозни тугатганларидан кейин: “Бу кўйлакни Абу Жаҳм ибн Ҳузайфага олиб боринглар ва анбижонияни (сидирға, гулсиз кўйлак) олиб келинглар, унинг белгилари намозда мени чалғитди”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Намозни таом ҳозир бўлганда ўқимаслик
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таом ҳозир бўлганда намоз ўқилмайди”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Чунки қорин оч, дастурхонда овқат тайёр турган ҳолатда фикрнинг бир чети ўша ёқда бўлади. Бир ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайсингиз олдига овқат қўйилса ва намоз ҳозир бўлса, аввал овқатдан бошласин ва ундан фориғ бўлгунча шошилмасин”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Хуллас, таом ва намоз баравар ҳозир бўлганла, олдин овқатланиб олиш суннатдир. Албатта, бунда намозни ўтказиб юборарлик даражага борилмайди. Мабодо, намоз қазо бўлиш хавфи туғилса, аввал намоз адо этилади.
Шу ўринда яна бир гап. Қоринни тўлдириб овқат ейиш, ҳамиша тўқ юриш, очқомасдан овқатланиш қалбнинг қотишига сабабчи бўлади. Бу фикрни ҳақиқатини билишни истаган ҳар қандай киши аввал оч қорин билан, сўнг тўлиб турган қорин билан намоз ўқиб кўрсин. Албатта, аввалги ҳолатида топган хушуъни кейин ҳолатида тополмас.
Ҳожатга зарур бўлиб турганда ҳам намоз ўқилмайди. Бу ҳолат хушуъга халал берган учун Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биронтангиз намоз вақти бўлиб қолганда холога боришни хоҳласа, аввал холога бориб келсин” (Имом Абу Довуд ривояти), деганлар. Ҳатто, намозни жамоат билан ўқишдан маҳрум қолса ҳам, аввал ҳожатини чиқариб келади. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам бир саҳобийни ҳожати танг турганда намозга қўймаганлар (Имом Ибн Можа ривояти). Яна бир ҳадисда айтганларки: “Таом ҳозир бўлганда ва уни (яъни ейилган таомни) икки хабас йўли ушлаб турганда намоз йўқдир” (Имом Муслим ривояти). Бу “ушлаб туриш” елга ҳам тегишлидир.
Намозни уйқу келганда ўқимаслик
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биронтангизнинг намозда уйқуси келса, ухлаб олсин, токи нима деб айтаётганини билсин”, деганлар (Бухорий ривояти).
Қуйидаги ҳадисда нега аввал ухлаб олишга тарғиб қилингани янада очиқ баён этилган: “Қайсингизни намозда уйқу босса, то уйқу кетганга қадар мизғиб олсин. Чунки мудраб намоз ўқиса, истиғфор айтаман деб ўзини сўкиб қўйганини билмай қолади” (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадисдар фарз намозларига ҳам тегишлидир, фақат вақтини ўтказиб юбормаслигига амин бўлсагина, намозхон шундай йўл тутиши мумкин.
Шунингдек, намоз одамлар ўтиб-қайтиб турган жойда, шовқин-сурон орасида, гаплашиб ўтирганлар олдида, хуллас, хаёлини чалғитадиган бошқа ҳолатларда ўқилса, хушуъ ўз-ўзидан камаяди. Демак, хушуъли ибодатни истаган киши холи жойда, хотиржам ҳолатда намозни адо этишга интилиши керак.
Намозда эснамаслик
Эснаш одобсизликдир, катталарга нисбатан ҳурматсизликдир. У ланжлик ва лоқайдлик аломатидир. Чарчоқни кучайтиради. Намозда эснаш эса, банданинг Парвардигори ҳузурида турганини ҳис этмаслик, Унга нисбатан беҳурматликдир. Шунингдек, бу хол шайтонга йўл бериш ҳамдир. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қайси бирингизга намозда эсноқ келса, қодир бўлгунича уни қайтарсин, чунки шайтон киради” (Имом Муслим ривояти). Яна айтадиларки: “Намозда эснамоқ шайтондандир. Қайсингизни эсноқ тутса, иложи юорича қайтармоққа уринсин” (Имом Термизий ривояти).
Уламолар намозда эснашни макруҳ санашган, ўзлари ҳам бу ишдан тийилишган.
Иброҳим Нахаъий эсноқни их-их деб қайтарар эканлар.
Қудури айтадилар: “Кўп марта синадик, киши Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаргиз эснаган эмаслар, деб кўнгилга келтирса, эсноқ қайтар экан”. Ибнул Обидин ҳам шу гапни айтганлар.
Назарни тийиш
Ҳаромдан йироқ бўлиш, пок юриш-туриш, ҳалол еб-ичиш Парвардигоримизнинг амридир. Илоҳий амрга итоат эса, ҳамиша яхшилик, манфаат келтирган. Жумладан, намозни Аллоҳ ирода қилганидек тўкис адо этиш учун ҳам ҳаром-харишдан тийилмоқ зарур.
Аллоҳ таоло Нур сурасида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам хитобан буюради:
“Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар!...” (30 оят).
Бу ояти каримага амал қилиш намозларимизга ҳаловат ва хушуъни қайтарадиган катта омиллардандир. Бу сўзнинг тасдиғи қуйидаги хабарларда яққол кўринади. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир мусулмон бир аёлнинг гўзалликларига назари тушсаю, сўнгра кўзини олиб қочса, албатта, Аллоҳ уни шундай ибодатга алмаштирадики, қалбида у (ибодат)нинг ҳаловатини топади” (Имом Аҳмад ривояти), деганлар. Ибн Масъуддан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда айтилади: “Албатта, (номаҳрамларга) назар солиш иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир. Ким Мендан қўрқиб, у (назар)ни тарк этса, бадалига бир имон бераманки, қалбида унинг ҳаловатини топади” (Табароний ривояти).
Улуғлардан бири Муҳаммад ибн Абдуллоҳ: “Ким ортиқча назарни тарк этса, хушуъга эришади”, дейдилар.
Шу хабарлардан хулоса қилиб, бугунги аҳволга назар солинадиган бўлса, нафақат ҳаётда, балки ҳаловат истаб қилинган намозларда ҳам хотиржамлик, хушуъ йўқлигининг сабабини англагандай бўламиз.
Хушуънинг шаъни, намоздаги ўрни ушба рисолада айтилгандан-да жиддийроқ ва улуғроқ, сабабларини саналганидан кўра кўпроқ ва муҳимроқ. Уни йўқотишлик мусибати ҳам биз аётиб ўтгандан каттароқ. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим, мен Сендан хушуъ қилмайдиган қалбдан паноҳ сўрайман”, деб бежизга илтижо қилмаганлар...
Хотима
Албатта, Аллоҳнинг тавфиқи ила қалбида хушуъ қозонган банда намозни қийинчиликсиз адо этади, унга завқ билан туради, сўнгра эҳсон қилади, яъни, ибодатини Аллоҳни кўриб тургандек, ҳеч бўлмаса, Аллоҳни кўриб турганини ҳис қилиб бажаради, намозни кўзининг қувончига айлантиради. Намозга бўлган иштиёқ бориб-бориб икки дунё саодатини қамрайди ва банда охиратда нажот топгувчи бандага айланади, Аллоҳ таоло: “Батаҳқиқ, намозларида хушуъ қилгувчи мўминлар нажо топадилар”, деб хабар берган тоифа қаторида ўзи учун жой тайин этади...
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бутун ҳаётлари давомида намозга жиддий эътибор бердилар. Раббилари ҳузурига рихлат этаётиб, умрларининг энг сўнгги дақиқаларида ҳам умматларига намозни маҳкам тутишни, уни зоеъ қилмасликни қайта-қайта таъкидладилар, “Намозни ушланглар, намозни ушланглар ва қўл остингиздагиларнинг риоясини қилинглар”, деб васият этдилар (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти). Яна бир ҳадисларида: “Исломнинг боғичлари битта-битта узилади. Қайси бир боғич узилса, одамлар ундан кейингисига ёпишади. Уларнинг аввалгиси ҳукмга бўйсунмаслик, охиргичи намозни тарк этишдир” (Имом Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти), дея огоҳлантирганлар. Албатта, бу тавсия ва таҳдидлар бежизга эмас. Ислом уммати бу ўгитларни ҳаргиз ёддан чиқармаслиги лозим. Чунки Аллоҳнинг ҳузурига салим қалби, салим ибодати, салим дини билан борган кишигина яхшилик топади.
Мана шу ёзилганлардан ҳурматли ўқувчиларимиз нафсларида заррача манфаат кўрсалар, албатта, бу Аллоҳ таолонинг марҳаматидандир, у зотга ҳамдлар айтамиз. Мақоладаги хато ва камчиликдар эса бизнинг илмсизлигимиздан, нафсимизнинг ёмонлигидан. Шундай бўлса-да, истардикки, ўқувчиларимиз дуоларида биз ожизни ҳам йўқласалар, шояд, қалбимизда хушуъ топсак, Аллоҳ таоло гуноҳларимизни афу этса...
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг аҳлига, саҳобаларга Аллоҳдан саловат ва саломлар ёғилсин, Оламлар парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Омин!
Абдуғофир ИСКАНДАР