Skip to Content

Гумон

 

Гумон нима?

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй Мўминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир!..” (Ҳужурот сураси 12 оят) дейиш билан мўминнинг бошқа мўмин ҳақида ёмон гумонда бўлишидан қайтарган.
Мавзунинг тушунарли бўлиши учун унга боғлиқ ваҳима, гумон, қатъий гумон, ишонч сўзларига изоҳ бериш лозим.

 

Ваҳима: Бир нарсанинг бўлиши ёки бўлмаслигига доир ҳеч қандай аломат, далил бўлмай туриб қалбга келадиган васваса.
Гумон: Мавжуд васвасани ҳам яхши, ҳам ёмон жиҳатдан таъбирлаш мумкин бўлса, бунга гумон дейилади. Бу гумонда кескинлик бўлмагани учун шубҳага сабабдир. Яхши томонга йўйиш ҳусни зан (яхши гумон), ёмон томонга таъбир қилиш суи зан (ёмон гумон)дир.
Қатъий гумон: Аломатлар кўп бўлса бунга қатъий гумон дейилади. Масалан, ёнимизга келган кимсадан ичкиликнинг енгил ҳидини сезсак, уни ичкилик ичган деган хулосага келиш қатъий гумондир. Ҳидни туйганимиз ҳолда яна гумон деяпмиз. Чунки у одам ичкилик ичмаган, аммо ичганларнинг ёнидан келаётган бўлиши мумкин.
Ишонч: Аломатларнинг кўплигига қараб ҳосил бўладиган, шубҳага ўрин қолдирмайдиган маълумот. Масалан, ичкилик ичаётган одамни кўрганда уни ичкилик ичди, деб ҳукм этиш.

 

Яхши ва ёмон гумон

Бир мусулмоннинг айтган сўзи, қилган ишини ижобий ёки салбийга йўйиш вақтида яхши гумонда бўлиш керак. Далил бўлмагани ҳолда ёмон гумонга бориш Қуръони карим ва суннат тарафидан таъқиқланади.
Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи васаллам: “Гумон яхши ҳам бўлади, ёмон ҳам”, деб марҳамат қилганлар. Агар ёмон гумон тўғри чиқса-ку, зарари йўқ, аммо янглиш бўлса, киши ҳаром ишга дахлдор бўлиб қолади.
Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу дейдилар: “Биродарингиз айтган яхшилик эҳтимоли бор сўзни ёмонликка йўйманг”. Шу мазмунда тобеин Саид ибн Мусаййиб разияллоҳу анҳудан бир ривоят бор: “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлган баъзи биродарларим менга бир мактубда шундай сўзларни ёздилар: “Биродаринг қилган ишни аксига далил топилмаган муддатгача энг яхши шаклда таъбир қил, чиройли гумонда бўл! Мусулмон кимсадан чиққан яхшилик эҳтимоли бўлган сўзга ёмон нуқтаи назар билан ёндошма!” (Байҳақий ривояти).
Имом Ғаззолий ёмон гумонни “Қалб билан қилинган ғийбат” деб таърифлайдилар. Бу билан қалбга келган дастлабки тушунчаларни эмас, балки қатъийлашган фикр (ҳукм)ни назарда тутадилар.
Имом Ғаззолий бадгумоннинг ҳаромлиги сабаби ҳақида шундай дейдилар: “Ҳар кимнинг қалбида нима борлигини Аллоҳ билади. Бирор кимса ҳақида кўзинг билан кўриб, қатъий маълумотга эга бўлмагунингча ёмон хаёлга боришга ҳаққинг йўқ! Кўзинг билан кўрмаган, қулоғинг билан эшитмаган хусусда қалбингга келган шубҳалар шайтондандир! Шайтон эса фосиқлар фосиғи бўлгани учун уни тасдиқлаш эмас, рад қилиш керак! Чунончи, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: Эй муминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда, бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!” (Ҳужурот сураси 6 оят).

Яхши ва ёмон гумон эгалари

Бир ўқитувчи ярми тўла, ярми бўш стаканни кўрсатиб, талабаларидан сўради: “Нимани кўраяпсизлар?”. Талабалардан бир гуруҳи: “Ярми бўш стаканни”, деб, иккинчи гуруҳ: “Ярми тўлган стаканни”, дея жавоб беришди.
Икки томон ҳам ҳақ бўлган бу ҳолатда қарашлардаги муҳим фарқ юзага чиқади. Чунончи, стаканнинг ярми бўшлигини айтганлар баднафс ва бадгумон кимсалар, “Ярми тўла стакан”, деганлар эса қаноат ва чиройли гумон эгаларидир. Стаканга бўлган қараш инсонларга баҳо беришда ҳам айни шаклда намоён бўлади.
Шундай тунд, оғзи танқиддан бўшамайдиган кимсалар борки, инсонлардан фақат камчилик ва қусур ахтарадилар (стаканнинг бўш қисмига қарагани каби). Яхши гумон қилиш мумкин бўлганда ҳам ёмон гумонни афзал кўрадилар. Ҳам ўзларининг, ҳам бошқаларнинг ҳаётини заҳар қиладилар.
Баъзи инсонлар эса ҳамма нарсани фақат яхшиликка йўядилар (идишнинг тўла қисмини кўрган сингари). Доимо кишиларнинг яхшиликларидан, гўзал фазилатларидан гапирадилар. Улар билан бирга бўлиш кишига роҳам бағишлайди. Чунки бундай инсонлар чиройли гумон эгаларидир.

Бадгумонга сабаб бўладиган ҳолатлардан сақланиш

Саффийа онамиз разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикофда ўтирган эдилар, мен тунда у зотнинг зиёратларига бордим. Бир мунча вақт суҳбатлашгач, кетишга чоғландим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мени ташқарига кузатиб чиқдилар. Шу аснода ансордан икки киши ўтиб қолди. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолиб, қадамларини тезлатишди. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: “Шошманглар, бу Сафиййа бинти Ҳуйайдур (яъни, бу ўзимнинг хотиним, тағин бегона аёл деб ўйламанглар)! – дедилар. Улар дейишди: “Субҳаналлоҳ, ё Расулуллоҳ (яъни, биз сиз ҳаққингизда ёмон гумон қилмаймиз)!”. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Шайтон инсоннинг томирларида юради, шу боисдан ҳам (шайтон) кўнглингизга бирор ёмон гап келтирмадимикан, деб хавотир олдим” (Маттафақун алайҳ).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни тўхтатиб, вазиятга изоҳ бериш билан уларни ёмон гумондан тўхтатдилар. Мусулмон одам бу борада шундай ҳушёр бўлиши, бадгумондан узоқ бўлиш билан бирга, ёмон гумонга сабаб бўладиган ҳолатлардан ҳам ўзини асраши зарур. Чунки нотўғри тушунилиши мумкин бўлган сўз ва ишлардан узоқ туриш ҳам ўзимиз, ҳам атрофимиздагилар учун яхшидир.

Бадгумондан сақланмоқ лозим

Оиша онамиз разияллоҳу анҳу ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қиладилар: “(Мўмин) биродаридан бадгумон бўлган одам аслида Аллоҳдан бадгумон қилган бўлади. Чунки Аллоҳ таоло кўп гумонлардан четланишни буюради” (Ибн Нажжор).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Жанобимиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганлари ривоят қилинади: “Бадгумон бўлманглар, бадгумонлик энг ёлғон сўздир. Гап пойламанглар, тирноқ остидан кир қидирманглар, бир-бирингиз билан баҳслашманглар, бир-бирингизга ҳасад қилманглар, бир-бирингизни ёмон кўрманглар, аразлашманглар. Ака-ука тутиниб, Аллоҳнинг (солиҳ) бандалари бўлинглар!” (Муттафақун алайҳ).
Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг Каъбани тавоф қилганларига ва (тавоф эснорсида) шундай деганларига гувоҳ бўлдим: “Сен қандай яхшисан, сенинг ҳидинг нақадар ёқимли. Сен Аллоҳ наздида нақадар буюксан, нақадар мубораксан! (Аммо) жоним қудрат қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ наздида мўминнинг моли, қони ва ҳаққи юзасидан фақат чиройли гумонда бўлиш фазилат бобида сендан юксак ва улуғдир!” (Ибн Можа ривояти).