Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “ёлғон” сўзи – “ҳақиқатга зид, уйдирма, чин эмас, сохта, қалбаки” каби тушунчалар орқали изоҳланган. Туркийда “ўтрук”, форсчада “фириб”, арабчада “кизб” калималари ҳам айнан шу маънода бўлиб, луғат китобларида бу сўзларга “воқедаги нарсанинг хилофини хабар бериш” дея таъриф ёзилган.
Ҳозирги кунда кўпчиликка яхши таниш “алдамчи, фирибгар, айёр, ҳийлагар, найрангбоз, товламачи, қаллоб” каби сўзларнинг ҳам “ҳақиқатга зидлик, воқенинг хилофини хабар бериш, борни йўқ, йўқни бор қилиб кўрсатиш” маънолари мавжуд. Шунинг учун мазкур лафзлар нутқимизда “ёлғончи” деган сўзнинг маънодоши сифатида кенг қўлланади.
Ёлғон катта гуноҳлар жумласидан бўлиб, бу амални содир қилган киши динимизда қаттиқ қораланади. Дўзахга элтувчи бу гуноҳи кабиранинг даҳшатини жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай баён қиладилар: “Сидқ, албатта, яхшиликка, яхшилик жаннатга етаклайди. Киши токи рост гапирар экан, у Аллоҳ ҳузурида “сиддиқ” деган номга сазовор бўлади. Ёлғон, албатта, бузуқликка, бузуқлик дўзахта элтади. Киши токи ёлғон гапирар экан, Аллоҳ ҳузурида “каззоб” деб ёзиб қўйилади” (Муттафақун алайҳ).
Дарҳақиқат, бу дунёда ёлғоннинг “мукофот”и аччиқ ҳам, ширин ҳам бўлиши мумкин. Кимнингдир ёлғони шу дунёнинг ўзида очилади. Кимнингдир ҳаёти бошидан охиригача ёлғонларга чўлғанган бўлади ва у кўнгли тусаган барча орзу ҳавасларига даражама-даража эришиб бораверади. Лекин охиратда, Аллоҳ ҳузурида “каззоб-ёлғончи” деган ном олининг жазоси фақат аччиқ азоб. У азоб ва бадбахтлик олдида бу дунёнинг барча қийноқ ва шармандаликлари арзимас нарсадир.
Динимиздаги ёлғоннинг ҳукми оғир. Ҳатто, жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғонни куфрга яқин амал сифатида зикр қилганлар:
“Набий алайҳиссаломдан сўрашди:
- Мўмин қўрқоқ бўлиши мумкинми?
- Ҳа, - дедилар.
- Бахил бўлиши мумкинми?
- Ҳа, - дедилар.
- Ёлғончи бўлиши мумкинми?
- Йўқ, асло! – дедилар (Имом Молик ривояти).
Демак, имон билан ёлғон бир қалбда жамланмас экан, ёлғон гапириб, имондан ажраб қолмайлик.
Аллоҳ таоло барчамизни мўминлик мақомида собит қилсин.
Ёлғон турлари
Аллоҳнинг динига нисбатан ишлатилган ёлғон энг қабиҳ ёлғондир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Менинг номимдан гапирилган ёлғон бирортангизнинг номингиздан гапирилган ёлғондек эмас. Кимки атайин менинг номимдан ёлғон гапирса, ўзи учун дўзахдан жой ҳозирлайверсин” (Бухорий ривояти).
Чаламулла, жоҳил кишиларнинг фатвобозликлари, оммани бидъат ишларга тарғиб қилишлари ҳам айни ёлғон жумласидандир. Улар фақат ўзларигина сиғадиган тор қобиққа қамалиб олгани туфайли ҳам ҳақиқий борлиқни кўролмайдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг дини – назари етган жойгачадир.
Илдизи ёлғонга туташ айни таассуб ва жаҳолат сабабли омма барча замонларда ҳақдан чалғиган, пайғамбарларнинг ҳақиқий меросхўрлари бўлмиш уламо жса ҳурматсизликка учраган.
Ёлғоннинг яна бир тури муболағадир. Айниқса, маддоҳлар нутқида бу ёлғон яққол сезилади. Улар борни йўқ қилиб, йўқни бор қилиб кўрсатишда устаси фаранг!
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисда айтадилар: “Насронийлар Марям ўғли (Исо алайҳиссалом)ни мақтаганлари каби мени мақтаманглар! Мен бир бандаман. Мени – Аллоҳнинг қули ва расули, денглар” (Розин ривояти).
Аслида барча ёлғонлар замирида ўзини ўзи аддаш ётади. Аммо бу нозик жиҳат қуйидаги ҳолатларда янада нозиклашади. Масалан, “Мен ҳақ йўлга мойил бўлган ҳолимда, юзимни осмонлар ва ерни яратган зотга қаратдим ...» (Анъом сураси 79 оят), деб айтилса ва айни ҳолатда фикр-хаёл дунё орзу ҳаваслари билан банд бўлса! Бу ҳам ёлғоннинг бир тури. “Мен Аллоҳнинг бандасиман, мусулмонман”, десаю, бандаликнинг ҳам, мусулмонликнинг ҳам шартини адо қилмаса, нима деймиз? Сўзларинг росту, амалинг ёлғон, деймизми? Зинҳор ундай эмас! Токи амал билан тасдиқланмас экан, у сўз ёлғондир!
Ёлғоннинг ўрни
Ёлғоннинг улкан гуноҳ экани маълум. Аммо баъзан ҳаётда ростдан кўра ёлғон ишлатиш манфаатлироқ ҳолатларга дуч келинади. Хўш, бундай вазифтда бизга нима мезон бўлади?
Ҳар қандай вазиятда мусулмоннинг мезони шариатдир. Қачонки, яхши бир мақсадга рост гапириб ҳам, ёлғон гапириб ҳам эришишнинг имкони бўлатуриб, ёлғон танланса, мақсадга эришишнинг бу йўли ҳаром. Агар мубоҳ, яъни, қилиш ва қилмаслик қилувчининг ихтиёрига боғлиқ бир ишни фақат ёлғон билан амалга ошириш мумкин бўлса, бундай ҳолатда у ишни амалга ошириш ҳам мубоҳдир. Яъни қилувчининг ихтиёрига боғлиқ: хоҳласа ёлғон гапириб, ишни амалга оширади, хоҳламаса йўқ.
Агар қилинмоқчи бўлган иш вожиб, яъни, бажарилишини шарт амаллардан бўлса, бундай ҳолатда бу ишни амалга ошириш учун ёлғон гапириш ҳам вожибдир. Масалан, бегуноҳ бир мусулмоннинг жонини золимнинг зулмидан фақат ёлғон билангина омон сақлаб қолиш имкони бўлса, шундай ҳолатда ёлғон гапириш вожиб бўлади. Чунки, мазкур вазиятла рост сўз бегуноҳ жоннинг ўлимига, ёлғон сўз эса ноҳақ қон тўкилишининг олдини олишга сабаб бўляпти.
“Учта ўринда ёлғонга рухсат берилгани ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим, - дейди Умму Кулсум, - Орани ислоҳ қилиш мақсадида айтилган сўз, жангда (душманга ҳийла учун) айтилган сўз; (муроса учун) эрнинг хотинга, хотиннинг эрга айтган сўзи” (Муслим ривояти).
Ҳазрати Умар нега кулди?
Салафларнинг нақл қилишларича, ёлғон гапиришдан бошқа чора қолмаган пайтда маориз, яъни, бир неча маънога далолат қиладиган сўз, ибора ёки мажоз, истиора, рамз йўли билан вазиятдан чиқишнинг иложи бор.
Умарул Форуқ халифалиги даврида Муоз ибн Жабал закот йиғувчи бўлиб ишларди. Бир куни ишдан қайтгач, хотини у кишига:
- Ҳеч вақосиз қайтибсиз, ахир солиқ йиғувчилар уйига олиб келадиган нарсалар қани? – деди.
- Ёнимда кузатувчи бор эди, - деб қўя қолди Муоз.
- Ахир сиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ҳам, Абу Бакр Сиддиқ замонларида ҳам амин киши сифатида танилган эдингиз. Энди Амирул мўминин Умар сизга ишонмай қўйдими?! – деди Муознинг хотини. Кейин аёллар орқали шикоятини Халифага етказди.
Халифа Умарул Форуқ бу гаплардан хабар топгач, Муозни ҳузурига чақиртирди ва унга:
- Сенинг устингдан кузатувчи қўйганмидим? – дея ажабланди.
- Аёлимга шундан бошқа узрли сўз тополмадим, - деди Муоз.
Шунда Умар разияллоҳу анҳу кулиб:
- Мана буни ол, аёлингни рози қил, - деди ва Муозга нимадир узатди.
Саҳобалар ростгўйлик таълимини умрида ёлғон гапирмаган, ҳатто ҳазиллари ҳам чин бўлган Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганган эдилар. Ҳа, Аллоҳ расулининг дўсти Муоз ёлғон гапирмади, “Ёнимда кузатувчи бор эди”, дер экан, у бу сўзи билан барча нарсани кўриб кузатиб турувчи Зот – Аллоҳ таолони назарда тутган эди. Аллоҳ рози бўлсин, мўминлар амари Умар Муознинг бу оддий ва сирли сўзлари очтига яширин маъноларни нақадар англагинини кулиб изҳор қилган эди, валлоҳу аълам.
Ёлғоннинг умри
“Ҳар кимнинг сўзи ёлғон – ёлғони зоҳир бўлгач, уёлғон”, дейди Навоий бобомиз. Дарвоқеъ, ёлғон қачон зоҳир бўлади? Ёлғоннинг умри қанча? Модомики, ёлғон ҳақида гапирилаётган экан, бундай саволлар туғилиши табиий. Гарчи уларга жавоб бериш мушкул ва ноқўлай бўлса-да.
Ёлғоннинг қанча яшашини аниқлашдан аввал, “Ёлғон қандай ва қачон дунёга келади? Ёлғоннинг ҳаёт манбаи нима? Унинг интиҳоси қаерда?” деган саволларга жавоб излаб кўрсак. Балки шунда ёлғоннинг қанча умр кўриши ойдинлашар.
Ёлғон қўрқоқликнинг маҳсулидир. Ҳақиқатни айтишни қўрққан кишилар ёлғон сўзлайди. Қайси муҳитда ҳақни ошкор қилишдан чўчиш кучли бўлса, ўша ерда ёлғончилар кўпаяди. Бундай шароитда кимдир донидан, кимдир молидан маҳрум бўлишдан, яна кимдир обрў-мавқеидан ажраб қолишдан қўрқиб, ёлғон гапиради. Аммо иш шу билан тугамайди, ёлғоним очилиб қолмасин деб, ёлғонни ёлғонлар билан ўрайди. Бу бамисоли, аъзонинг юза қисмиддаги фасодни кесиб олиб, томирларга жойлагандек гап! Фасод қонга ёйилгач, жасад қулайди.
Ёлғон қанчалик болалаб, сафини кенгайтирмасин, бу “ғалаба” алалоқибат, ҳалокат билан ниҳояланади. Шунинг учун ҳам доимо ёлғонни юзи заҳил, боши эгик, кўзлари ҳеч қачон тик боқолмайди, фақат титрайди, қалтирайди. Негаки, шундоқ қаршисида уни ер билан яксон қилувчи енгилмас бир куч турибди. Ҳақиқат аталмиш бу кучнинг қудрати чексиз, ҳайбати улуғ!
Ҳа, ёлғоннинг титраши бежиз эмас, у сезади, ҳақ тез, жудаям тез қарор топади. Ёлғоннинг фош бўлишига сония, дақиқалар етар, балки ойлар, йиллар кетар. Нима бўлгандаям, сония ва дақиқалар соатга нисбатан, соатлар кунлару ойларга нисбатан, ойлар йиллару асрларга нисбатан оз муддатдир. Бу дунё эса, ибтидоси интиҳосига қадар охиратга нисбатан ҳечдир.
Ўлчов шу экан, биз ҳам салафларимиз айтанини такрорлаймиз: “Ёлғоннинг умри қисқа".
Абдурашид Зоҳид