.jpg)
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Барча ҳамду саноларимиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига бўлсин. Унга ҳамд айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз ва Унга истиғфор айтамиз. Аллоҳдан нафсларимизнинг ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Кимни Аллоҳ ҳидоятласа, уни адаштирувчи йўқдир. Кимни адаштирса, уни ҳидоятловчи йўқдир. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир. У зотга салом ва саломлар бўлсин.
Фарзанд ота-она гарданидаги омонат бўлиб, улар бу омонат ҳақида масъулдирлар. Фарзандлар тарбиясига эътиборсизлик улкан хато, омонатга хиёнат ва киши динининг нуқсонидир. Ота-она фарзандининг биринчи мураббийидирлар.
Бола мадраса ва жамият тарбиясидан аввал уй ва оила тарбиясида бўлади. Бинобаран, ота-она фарзандларининг бузилиб кетишлари олдини олишда улкан даражада масъулдирлар.
Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади:
- Қанча-қанча бахтсиз оталар борки, дунёда ўз жигарпораларининг тарбиясига бепарво бўлишади, уларга ҳар турли нопок йўлларда ёрдам беришади, сўнг яна уларни улуғ инсонлар қилиб тарбияладим деб даъво қилишади. Ваҳоланки, бу ишлари билан уларни хорлаган бўладилар. Уларга раҳм қилдим, деб даъво қиладилару, аслида зулм қилган бўладилар. Вақт эса ўтиб бўлган, дунё ва охиратдаги насибадан маҳрум бўлган эдилар. Фарзандларда қандай фасод кўринса, барини оталар касридан деб ҳисоблайверинг. Ушбу мақолада бола тарбияси ҳақида қуйидаги тартибда сўз юритилади:
- Бола тарбиясидаги нуқсонлар;
- Бола тарбиясидаги хатолардан огоҳ бўлиш;
- Салафлар фарзандлари тарбиясида гўзал намуналар;
- Бола тарбияси борасидаги тавсиялар.
Аллоҳдан Унинг гўзал исмлари ва олий сифатларини восита қилиб, бизнинг ниятларимизни ва зурриётларимизни ислоҳ қилишини, бизга ва фарзандларимизга Ўзи ёрдам беришини сўраймиз. Зеро, у ҳар бир ишга Қодир Зотдир.
Ва Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ва у зотнинг аҳлу асҳобига Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин.
Фарзанд тарбиясидаги нуқсонлар
Ота-онанинг ўз фарзандлари устида ҳақлари бўлгани каби, фарзандларнинг ҳам ота-она зиммасида ҳақлари бордир. Аллоҳ таоло бизга ота-онага яхшилик қилишни буюрди, шунингдек фарзандларимизга ҳам яхшилик қилишни буюриб, зиммамизга улар тарбиясини омонат қилиб юклади. Уларга яхшилик қилиш ва тарбияларига эътибор бериш омонатни адо қилишдир. Уларга бепарволик қилиш ва хулқларидаги нуқсонларга эътибор бермаслик улкан хиёнатдир.
Китобу-Суннатда бу хусусда кўп шаръий ҳукмлар келган. Улар фарзандларга яхшилик қилишга, улар хусусида омонатни адо этишга, улардан бепарво бўлиб қолмасликка ва ахлоқий нуқсонликлардан огоҳ бўлиб юришга амр этади.
Аллоҳ таоло айтади:
“Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига хиёнат қилмангиз ва билган ҳолингизда сизларга ишониб берилган нарсаларга (яъни, динга ва бошқа ҳар қандай омонатларга) хиёнат қилмангиз!” (Анфол, 27 оят).
“Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва ахли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, у (дўзах) устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур” (Тахрим, 6-оят).
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қилади:
“Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Ҳар бирингиз бошлиқдирсиз ва ҳар бирингиз ўз раияти (қўл остидагилар)дан сўралгувчидирсиз. Имом бошлиқдир ва ўзининг раиятидан масъулдир. Киши аҳлига бошлиқ ва ўзининг раиятидан масъулдир” (Бухорий ривояти).
Бола тарбиясининг масъулияти улкандир. Бироқ, кўп инсонлар бунга бепарво қарайди, бу хусусдаги шариат буйруқларига аҳамият бермайди. Ўз зиммасидаги раиятининг ҳақларига риоя қилмайди. Фарзандларини тергаб текшириб турмайди. Натижада, фарзандларининг йўлдан чиқию кетишларига сабаб бўлади. Улардаги ўзгаришни кўргач, шикоят қила бошлайди. Билмайдики, бу қайсарлик ва ўзгаришнинг сабабчиси аввало ўзидир.
Унинг бу ҳолати елкасидаги фарзандини қудуққа ташлаб юбориб, унга: “Сувга чўкиб кетишдан сақлан!”, дейишига ўхшайди.
Бола тарбиясининг издан чиқишига сабаб бўладиган нуқсонлар:
1. Болани қўрқитиш
Бола йиғлаганда уни юпатиш учун “Йиғлама, мелисага бериб юбораман”, “Дўхтир укол қилади”, “Ана бобов келаяпди”, “Ана бужи”, каби гапларни айтиш унда қўрқув ҳиссини пайдо қилади, натижада у ўз соясидан ҳам қўрқадиган бўлиб қолади.
Ёш бола қалбида қўрқинч-хавфни пайдо қиладиган энг ёмон нарса у йиқилиб тушиб юзи, қўли ёки оёғидан қон оқса, ваҳима қилиб: “Вой нима бўлди”, дея уни силаб сийпалашдир.
Аксинча, ана бундай пайтда табассум қилиб боладан қўрқувни кетказиши (ўзи қўрқиб кетган ҳолатда ҳам буни болага билдирмаслиги), бу арзимаган нарса эканини уқтириши лозим. Аск ҳолда, болани қўрқинч ва ваҳима босиб, ер депсиниб, дод солади, йиқилгани учун айбдор қидиради. Бундай бола бирор ҳодиса бўлса йиғлаб, дод-фарёд кўтарадиган бўлиб ўсади.
Қонни кўрганда ҳатто оғримаса ҳам уни қўрқинч, титроқ босади.
Кўп ҳолларда ота-она болани йиқилган (урилган) жойини кўрсатиб: “Урайми, шу ер сани оғритдими?”, деб ер тепиб қўйишади. Бу ҳам нотўғри, чунки бола ўзи йиқилган ҳолатида ҳам бошқа бировни айбдор қилиб ўсади. Бирор жойи оғриганда эса бировдан аччиғини олгиси келади. (Эътибор берсангиз йиқилган болалар, сени деб бўлди, деб ёнидаги умуман йиқилишига алоқаси йўқ кишига ҳам дуқ қилади).
Бола йиқилдими ёки бирор жойини уриб олдими ота ёки она: “Алхамдулиллаҳ алхамдулиллах”, дейишни ўргатишлари, ва кейинчалик бола тушунадиган бўлгач, бу сўзнинг асл маъносини унга тушунтирганлари яхши.
2. Фарзандларни талтайтириб юбориш
Фарзанларни бебош, эркатой қилиб тарбиялаш уларни манманликка ва бировларни камситишликка одатлантиради. Натижада тўкин-сочинликда талтайиб ўсган бола ўз ғамини еб бошқаларга парво қилмайдиган, мусулмон биродарининг ҳолатини сўрамайдиган, уларнинг хурсандчилиги ва ғам-қайғуларига шерик бўлмайдиган худбинга айланади. Бу бола табиятининг бузилишига, мурувват ва шижоат каби хислатларнинг йўқолишига сабаб бўлади.
Фарзандларимиз табиятига кичиклик пайтидан бошлаб, ўз дўстларига саҳоватли бўлишни, қўлидаги икки нарсанинг бирини шеригига раво кўриши лозимлигини сингдиришимиз керак.
3. Фарзандларга улар хоҳлаган нарсани олиб бериш
Баъзи ота-оналар болалари йиғласа, уларни овутиш учун хоҳлаган нарсаларини олиб беришади. Бу эса ота-онасидан бирон бир нарсани талаб қилганда олиб бермасалар, бола йиғлай бошлашига ва ўзи талаб қилган нарсасига етишмагунча додлайверишига сабаб бўлади. Ота-она фарзандига раҳми келиб, йиғисидан тўхтаса бўлди деб, ундан қутулиш учун талабини бажо келтиради. Бундай иш бола тарбиясидаги хатолик бўлиб, у болаларнинг бебошлигига ва заифлигига олиб келади.
Доктор Муҳаммад Сабоғ айтади:
Бир одам Молик ибн Набийдан янги туғилган фарзанди тарбиясини қачондан бошлаш ҳақида сўраб келди.
- Ёши нечада? – деб сўради ундан.
- Бир ойлик! – деди у.
- Вақт ўтибди! – деб жавоб берди.
Бу гап бир қарашда муболаға бўлиб кўринса-да, аслида бунинг остида чуқур ҳақиқат бор. Сабаби бола йиғлайди, унга онаси кўкрагини беради. Натижада боланинг нафси қонади. Қичқириб йиғлашлик хоҳлаган нарсасига етишиш учун васила эканини билади. Йиғи билан мақсадга эришаман, деб гумон қилади. Ваҳоланки, биз фарзандларимизни зўравонлар ҳузурида журъатли қилиб тарбиялашимиз лозим.
4. Болаларга машина олиб бериш
Баъзи ота-оналар ёш бўлсаларда, фарзандларига машина сотиб олиб беришади. Одатда ўсмир ёшидаги бола машинага жуда қизиқади. Баъзида эса оталар ишлари кўплигидан машинани фарзандига топшириб, ўзини уй юмушларидан хориж қилишни хоҳлайди.
Бола эса машина рулига ўтиргач, кўпинча ўзгара бошлайди. Уни кечаларда бедор бўлган ҳолатда кўрасиз. Борадиган жойлари кўпаяди. Ёмон суҳбат-мажлисларга бора бошлайди. Кўп ҳолатларда қатновининг кўплиги билан Аллоҳнинг бандаларига озор беради. Мактаб, мадрасага қатнашмайди. Охир-оқибат ота-онасига ҳам бўйсунмай қўяди. Машинасиз яёв юришни хоҳламайди. Бу нарса ота-онага зарар бўлиб фарзандининг бузуқ йўлларга кириб кетишига сабаб бўлади. Мана шу ўринда масъулиятимизни ҳис қилишимиз лозимдир.
5. Уларга нисбатан ўта қаттиққўл бўлиш
Болалар хато қилсалар, агарчи биринчи маротаба бўлса ҳам, қаттиқ уришлик ёки ўзгалар олдида унга танбеҳни кўпайтириш ёки бундан бошқа қаттиққўллик турлари бола тарбиясининг бузилишига олиб келади.
Баъзи ота-оналар фарзандларини зарурий эҳтиёжидан ҳам маҳрум қилади. Натижада бола кўпинча молни бошқа бирон йул билан топишга ҳаракат қила бошлайди, ўғирлик ёки тиламчилик билан ёки ёмон кишиларга қўшилиб, ҳар хил ҳаром-ҳариш йуллар билан пул топади. Муҳтожлик болани бунга мажбур қилиб қўяди.
6. Уларни меҳр-муҳаббатдан маҳрум қилиш
Болалар ота-онадан меҳр кўрмасалар, бу нарсани уйларида топмасалар, ташқаридан қидира бошлайдилар. Натижада оиладан узоқлашадилар.
7. Фарзандларга адолатсиз муносабатда бўлиш
Бу нарса бола тарбиясидаги нуқсонли кўринишлардан биридир. Баъзи одамлар фарзандлари ўртасини ажратади. Уларни тенг кўрмайди. Хоҳ моддий тарафдан бўлсин, хоҳ маънавий тарафдан, барибир.
Баъзи инсонлар борки, фарзандлари ўртасида совға-салом, ҳадяларии тенг тақсим қилмайди. Баъзи инсонларнинг эса эркалатиши бир хил бўлмайди. Натижада болалар ўртасида душманлик ва бир-бирини кўра олмаслик каби нохуш ҳолатлар пайдо бўлади.
Баъзи оталар фарзандларининг каттасига кўп маблағ ажратади, унга турли моддий ҳадялар тақдим қилади, уйлантиради, унга уй ҳам қуриб беради. Агар унга:
"Кичкиналарнинг насибаси нима бўлади?"-деб айтилса,
-Кичкиналар катта бўлса бир гап бўлар! Қизларни турмушга берамиз, куёвлар кифоя қилади,-дейди.
Шубҳасиз, бундай сўзлар фарзандлар ўртасидаги адолатга тўғри келмайди. Бу одам то фарзандлари катта бўлгунча яшайди деб ким кафолат бера олади?! Ким кафил бўлади мана шу бойлик доимий давом этади деб?!
Қизларнинг ҳам, гарчи турмушга чикиб кетсалар ҳам ҳақлари бор. Ота фарзандларидан биронтасига бирон нарса берса, бошқасига ҳам унга ўхшаш нарса бериши ёки унинг келажаги учун сақламоғи лозимдир. Ёки берадиган нарсани фалончига деб ёзиб қўйиши керак. Ёки ўзининг зиммасига қарз деб билиши, вафотидан сўнг меросдан улуш ажратиши лозим.
8. Қодир бўлатуриб фарзандни уйлантирмаслик
Баъзи ота-оналар қудратлари етса ҳам, фарзандларини уйлантиришга шошилмайди. Бу ишлари катта хатодир. Бу нарса фарзандларини бузилишига ва фитна-фасодга бурилиб кетишларига сабаб бўлади. Ҳар бир ишни ўз вақтида адо этишимиз фарзандларимизни бузилиб кетишидан сақлашимиз демакдир.
9. Қизлар ҳақида адолатсизлик
Бу иш хунук хатолардандир. Баъзи оталар қизини эрга беришни кечиктиради. Хусусан қизи бирон ўқув юртида ўқиётган бўлса ёки дунёвий бирон мансаб-вазифада ишлаётган бўлса бу ишдан маҳрум бўлишидан қўрқиб шундай қилади.
Баъзи ота-оналар эса қизларини бойроқ хонадонга турмушга беришни кутиб ўтиради. Бу эса қизлар ҳаққига бўлган жиноятдир. Кўп ҳолларда уларга келган совчилар ноумид бўлиб кетишади. Оқибатда вақт ўтиб, орзулари рўёбга чиқмай, қизларининг бахтига зомин бўлишади. Бу ишлари дунёда ҳасрат, охиратда надомат қилишларига сабаб бўлади.
Баъзи ота-оналар қизларини иймонли, хушхулқ бўлган инсонга беришга қизиқмайди. Балки мансабдор, молдор кимсаларга ёки бирон яқинига беришга қизиқади. Бу билан эса баъзан қизларнинг бахтига зомин бўлиш мумкин.
10. Қизларни ёмон куриш
Бу тарбиядаги хатолик бўлиши билан бирга ақидадаги хатолик ҳамдир. Аллоҳ таоло айрим одамларга қиз фарзанд берса, бундан хафа бўлиб сиқиладилар. Бу эса шаксиз, жоҳилият ахлоқидандир. Жоҳилият замонларида аёллар ойи тўлса, яъни тўққиз ойлик бўлиб, тўлғоқ тутса, тўғри саҳрога чиқиб, фарзандини дунёга келтирар эди. Агар қиз бўлса кўмиб, ўғил бўлса олиб келишарди.
Бу жоҳилият замонидаги воқеа, албатта. Ислом келгач, Аллоҳ таъоло бундай амалларни мазаммат қилиб оят туширди:
«Қачон бировларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазабга тўлиб, юзлари қорайиб кетар. Ва у (қизни) хўрлаган ҳолида олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг (яъни, қиз кўришнинг) “ёмон”лигидан (номус қилиб) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ булингизким, улар (бу қилмишлари билан) энг ёмон (яъни, ноҳақ) ҳукм чиқарурлар» (Наҳл: 58-59)
Ажабким, кечаги жоҳилият бугун ҳақиқатга айланиб турибди. Ҳозирда қай бир тўғруқхонага борманг, қиз кўрган кишиларнинг ҳолатларига эътибор берсангиз, мазкур оятдаги ҳолатга ажиб бир ўхшашликни ва Аллоҳ бизга ҳикоя қилган жоҳилона ҳолатларини кўрасиз.
Баъзи бир шифохоналарда ҳомилани текширтириб кўриб, ўғил бўлса хурсанд бўлиб, қиз бўлса олдириб ташлаганлари ҳақидаги хабарларни эшитасиз. Аллоҳ сақласин!
Қиз болани ёмон кўриш остида эътиқодга хатар солувчи бир неча ҳолатлар бор:
а) Аллоҳнинг такдирига қарши чиқиш;
б) Аллоҳнинг берган неъматига шукрона қилиш ўрнига куфр
келтириш. Бу иш билан Аллоҳнинг ғазабига гирифтор бўлинади;
в) Бу жоҳилият ахлоқидир;
г) Кишининг жоҳиллиги ва ақли заифлигига далолатдир;
д) Аёлга тоқати етмайдиган нарсани юклаган бўлади, зеро
айрим кимсалар аёлга қиз туққани учун ғазаб қилади;
е) Бунда аёлни хорлаш ва унинг қадрини топташлик бор.
11. Болаларни ёмон исмлар билан исмлаш
Бу фарзандларга нисбатан жиноятдир.
Фарзанд дунёга келгач, унга шаръий исм қўйиш отанинг вазифаларидандир. Мушрик, кофир ва ғайридинларнинг исмларини қўйиш шариатга мувофиқ эмас.
Қуйидагилар болани исмлашдаги хатолардандир:
♦ Уларга маън қилинган исмларни қўйиш:
Масалан Аллоҳга хос бўлган исмлар билан, мисол учун Аҳад, Раҳмон, Раҳим, Холиқ, Раззоқ ва хоказо исмлар билан исмлаш. Бундай исмлар қўйилганида олдига «Абд-банда» қўшимчасини қушиш шартдир. Масалан: Абдураҳмон (Раҳмон таолонинг бандаси), Абдулаҳад (Ягона Аллоҳнинг қули) каби.
Ундан ташқари Аллоҳдан бошқага бандалик ва ибодат маъносини ифодаловчи исмлар. Мисол учун Абдунабий, Абдулҳусайн, Абдурасул ва хоказо.
Яна Шоҳжаҳон, Шоҳсанам, Жахонгир каби ширкка далолат қилувчи исмлар.
Шунингдек яҳудий, насроний каби аҳли китобларнинг исмлари билан исмлаш ҳаром қилинган.
♦ Кулги-масхарага олиб келадиган ёки ҳаёсизликни
ифодаловчи исмлар билан исмлаш.
Мисол учун Бўрибой, Шерқўзи, Қўчқорбой, Арслонбек, Тешабой, Болтабой, Уроқбой, Тошболта, Ойбадоқ, Гулбадан, Оқбилак, Олмахон, Ширинхон, Мафтуна каби исмлар.
12. Хориж сафарларида узоқ юриш
Баъзи оталар ўз оилаларига бепарво бўладилар. Хоҳ иш билан, хоҳ бошқа сабаб билан бўлсин хорижда узоқ турадилар. Оналар эса бозор-учар, гап-гаштак меҳмондорчилик кабилар билан машғул бўлиб, бола тарбияси буткул издан чиқиб кетади.
Натижада болалар ота-она тарбиясидан махрум қолиб, ҳар хил фитналарга гирифтор бўладилар. Ўқишлари қолиб, ҳар хил ножуя ишлар билан шуғулланадилар.
13. Фарзандларни дуои-бад қилиш
Қанча ота-оналар борки, фарзандларини дуои бад қилишади, қарғашади. Баъзи оналар арзимас сабаблар билан фарзандни қарғаб: “жонинг чиқсин”, “кўр бўлгур”, “тилинг кесилгур”, “башаранг қургур”, “яшшамагур” каби қарғишлар билан ўз жигарпораларини қарғашади. Оталар эса болаларига “Оқпадар”, “бадбахт”, “лаънати” дейишади. Бу нарса уларнинг ҳақиқатан ҳам шунақа бўлишига сабаб бўлади.
Лекин аксарият ота-оналар бу дуолари бир соатга қолмасдан ижобат бўлиши мумкинлигини билишмайди. Дуо ўз ўрнига етади. Агар шу дуоларининг натижаси бўлиб қолса, айтган сўзларига пушаймон бўлишади.
Дарҳақиқат айтилганки: «Дуо отилган тошга ўхшайди. Улардан баъзилари хато бўлмасдан тегади».
Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Ўзларингни дуои бад қилманглар. Болаларингизни дуои бад қилманглар. Ходимларингизни дуои бад қилманглар. Молларингизни дуои бад қилманглар. Аллоҳдан ато этиш соатига тўғри келиб қолсангизлар, дуоингиз ижобат бўлиб кетади» (Абу Довуд ривояти)
14. Уларни ёмон сўз ва бўлмағур ишларга ўргатиш
Масалан: кофирларга тақлид қилиш, қизларни калта кийимлар кийишга ўргатиш, шунингдеқ уларнинг бузуқ иборалар ишлатишига бепарво бўлиш. Шу ибораларни кўп ҳолларда ота-оналарнинг ўзи ишлатади. Ҳар хил одобсиз лақаблар билан фарзандни чақиришади ва бу ибораларнинг маъносига эътибор бермай, ўрганиб қолишади.
15. Фарзандлар кўз ўнгида мункар ишларни қилиш
Масалан, ўғил-қизлар олдида сигарет тутатиш, куй-қўшикларни эшитиш, бузуқ киноларни кўриш, тинимсиз телевизор, видео кўриш, ярим-яланғоч қизларга қараш каби. Буларнинг барчаси фарзанд учун ёмон намуна бўлади.
16. Уйга мункар нарсаларни олиб кириш
Масалан: шармсиз газета-журналлар, беҳаё ва шаҳвоний китоблар каби. Булар бола тарбиясини бузувчи омил, ҳалокат воситаси, фасод сабаби, ақида ва ахлоқни йўқ қилиш василасидир. Фаҳш ишларни қилиш учун амалий тадбирдир. Буларнинг ҳаммаси оила тарбиясига салбий таъсир кўрсатади. Оила бошлиғи - ота фарзандининг қаердан бузилиб кетганлигига сабаб, восита излайди. Ўзининг қилган амаллари, очиб берган йулларини англамай бошқани айбдор деб билади.
17. Ота-она ўртасидаги низолар
Бу нарса болаларга ёмон таъсир кўрсатади. Фарзандининг олдида онасини урадиган ёки уни ёмон сўзлар билан ҳақоратлайдиган отанинг ўрни қандай бўлиши мумкин. Ёки отани беҳурмат қиладиган, у билан уришиб, оғзидан боди кириб, шоди чиқадиган онанинг қандай ҳурмати бўлсин?! Бола ота-онасининг
бир-бирига бўлган қупол муомаласини кўрса, унда нима кечинмалар кечади?! Шак-шубҳасиз, бу нарса бола қалбида ёмонликларни келтириб чикаради. Кин-гиналар юзага келади. Қалбидан раҳм-шаффат йўқолади. Қалбидаги мехр ўрнини адоват ва нафрат эгаллайди.
18. Сўзи бошқа, амали бошқа бўлиш
Ота фарзандини ростгуйликка, ваъдага вафо қилишга буюрса-ю, ўзи ёлғон гапирса, ваъдага вафо қилмаса, қариндошларга яхшилик қилишга буюрса-ю, ўзи қариндошларидан алоқасини узса, ўзи сигарет тутатиб туриб, болаларини ундан қайтарса, фарзанди тўғри тарбияли бўладими?!
Бу билан биз ота фарзандига насиҳат қилмасин, демокчи эмасмиз. Аксинча, ҳатто ўзи айтган нарсасига амал қилмаса ҳам фарзандига насиҳат қилиши лозим бўлади. Муддао шуки, сўзи билан амали ўртасида қарама-қаршилик бўлмасии. Йўқса насиҳати фойда бермайди.
19. Болаларга тарбиячи аёллар ёллаш
Бу жуда хатарли ишдир. Хусусан, агар ходима-тарбиячи динсиз бўлса. Бу иш боланинг тарбияси, ақидаси ва ахлоқи бузилишига сабаб бўлади.
20. Қизларни маҳрамсиз бозорга чиқариш
Шубҳасиз, бу катта хато ва омонатга хиёнатдир. Баъзилар қизларини бозорга жўнатади. Улар бозорда соатлаб йўколиб кетади. Сотувчилар орасида маҳрамсиз айланиб юради. Фитнага рўбару бўлиб, бошқаларни ҳам фитнага солади.
Агар: - Нима учун бирга тушмадингиз?- дейилса:
-У билаи бирга етаклашиб юришдан уяламан,- деб жавоб беради.
СубҳанАллоҳ,! Инсондан ҳаё қилади-ю, Аллоҳдан ҳаё қилмайдими? Чўпон ўз сурувини қаровсиз қолдирадими? Йўқ! Сабаби бўридан, ўғридан қўрқади.
Энди хулоса қилинг! Қизи қуйдан ҳам арзимасроқми?
21. Телефонга бепарво бўлиш
Баъзи ота-оналар - Аллоҳ уларни ҳидоятласин- телефонга парво қилмайди, уни ҳечам кузатмайди. Балки болаларининг ҳар бири учун алоҳида телефон олиб беради. Бу телефон болаларига салбий таъсир кўрсатишини билмайди. Улар қачон кимлар билан нималарни гаплашаётганидан ғофил бўлишади.
22. Ўқиётган нарсаларига бепарво бўлиш
Шубҳасиз, ўқиш фикрни кенгайтиради. Ўқувчига салбий ёки ижобий таъсир кўрсатади. Баъзи оталар бунга аҳамият бермайди. Болаларининг нима ўқиши ҳақида сўрамайди. .Уларни фойдали мутоолага йўлламайди (жалб қилмайди). Зарарли ўқишлардан қайтармайди.
23. Болалардаги шижоатни камайтириш
Жумладан:
♦ Агар гапирса, гапидан тўхтатиш ва уларнинг сўзларини
масхаралаш;
Бу нарса болада узига ишончсизлик, журъатсизлик ва фикри саёзликни ҳосил қилади.
♦ Aгap хато қилишса, уларни айблаш;
Бу уларда хижолатликни пайдо қилади. Айбини юзига кўп солса, отанинг ҳайбати йўқолади, фарзандига таъсири бўлмай қолади.
♦ Агар тақво талаб қилсалар, менсимаслик;
Бу энг катта камситишликдир. Баъзи бир оталар фарзандларида тақво, истиқомат ва ҳидоят кўрсалар, камситадилар. "Жуда тақводор бўлиб кетибсанми?" деб менсимай гапириб қўйишади. Бу сўзлар фарзандларнинг адашишига олиб келади. Бола бирдан орқага қайтади. Бундан кейин мункарни кўрса, қайтармайди. Натижада балолар келишига сабаб бўлади.
24. Хатони тузатишга имконият бермаслик
Баъзи бир оталар фарзандини хатоси, тойилиши учун кечирмай, бу хатосини эсдан чикармайди. Агар бола ўғрилик қилса ёки ёлғон гапирса, уни тўғри восита сифатида ишлатиб қолашга, ўнглангандаи кейин қайтиб унинг юзига солмасликка ҳаракат қилмайди. Аксинча, уни «ўғри» ёки «ёлғончи» дея чақиради. Натижада бу хатолар болага арзимас туюладиган бўлиб қолади. Бундай бола айбларидан қутулишга киришмайди. Бунга эътибор ҳам бермайди.
25. Фарзандлар табиатини тушунмаслик
Кўп оталар борки, болаларини тушунмайди. Характер - табиатларини билмайди. Болаларнинг табиатлари ҳар хил бўлади. Уларнинг баъзиси жаҳлдор, баъзиси хушчақчақ, баъзиси ўртача табиатли бўлади. Уларнинг табиатларини ҳисобга олмаслик тарбия соҳасидаги нуқсонлардандир.
Баъзи ота-оналар кап-катта болаларига ҳам ёш боладек муомала қилади. Бундай муомала болага салбий таъсир этади.
Баъзи оталар боласи бирон зиён келтирса, уни сўкиб ҳақоратлайди. Аҳли-аёлини унинг тарбиясига эътиборсизликда айблайди. Унга Аллоҳдан саломатлик сўраш, мана шу балодан офият сўраш ўрнига оиласини айбдор қилади. Қанча инсонлар борки, ўз сўкишлари сабабли фарзандларини адаштирганлар.
26. Ўқишларига эътибор бермаслик
Қанчадан-қанча ота-оналар борки, бу нарсага эътибор бермайди. Фарзанди ўқийдиган мактаб ҳақида, унинг дарслари, боласи билан ҳамдарс талабалар ҳақида сўраб-суриштирмайди.
Гоҳида муаллими ёки мактабдаги масъул шахс бола тарбиясидан шикоят қилиб келса, ота унга беписанд қараб, яхши муомала қилиш ўрнига аксинча, устозни айблай бошлайди. Фарзанди олдида унинг обрўсини тукади. Натижада бола қалбида мактабнинг ва муаллимнинг қадр-қиймати қолмайди.
Бу фарзанд тарбиясидаги нуқсонларнинг баъзи кўринишлари эди. Бундайа бепарволикдан кейин улардан нимани умид қилиш мумкин?
Бу фарзандларимизга нисбатан қилган очиқ жиноятимиздир. Бу - ҳаёт давомида улар билан нотўғри тарбия муҳитида бирга хамнафас бўлганимиз самарасидир. Фарзандларимизнинг ёмон томонга ўзгаришини, оқпадар бўлишини, саркаш бўлишини кўрган вақтимизда шикоятга шошмайлик. Бу бузилишнинг, оқпадар бўлишнинг, саркашликнинг экинларини экувчиси бизмиз, ахир!
Муҳаммад Рафиқ Камолиддин
Давоми бор ИншаАллоҳ