Skip to Content

Муслиманинг дин китоби -3

БАЪЗИ МАҲРАМ СУҲБАТЛАР

Севгили қизим! Динимиз ҳукмларини яхши билиб олиш учун яна баъзи хос суҳбатларни ўтказамиз. Зеро, бунда ҳеч бир уят ё ёмонлик йўқ. Ҳазрати Оиша волидамизнинг олдиларига ҳам баъзи аёллар келишар, аёлларга доир саволлар билан мурожаат қилишар эди. Оиша онамиз: "Бу аёллар қандай ҳам яхши аёлларки, ҳаёлари уларни диний хусусда илм олмоқликдан тўсиб қўймаяпти" дея бу аёллардан мамнун бўлганликларини изҳор этганлар. Ҳа, қизим, илм ўрганишда уят йўқ. Муҳаққақ ўрганасан ва бошқаларга ўргатасан.

Севгили қизим. Никоҳ ўқилиб, шайтоний уйин-кулгу ва шайтоний ичимликлардан холи, шариатга мувофиқ базм ўтказилгач, бўлажак завж ва завжа гўшангага кирмасдан олдин икки ракаат намоз ўқийдилар.

 

Бу намоз даргоҳи илоҳийда жуда мақбулдир, иншаАллоҳ. Намоз сўнгида Раббил аъламийндан гуноҳларнинг авф ва мағфиратини, қурилажак оиланинг хайрли бўлишлигини, солиҳ фарзандлар ато этишлигини сўраб дуо қилинади. Муомаладан олдин: "Бисмиллаҳ. Ё Раббий, бизни ва биздан туғилажак фарзандимизни шайтондан узоқ қил..." дея дуо қилинса нур устига нур бўлади. Ахлоқсиз, ғайриинсоний яқинлашишдан сақланиш лозим. Бинобарин, суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аёлларга ғайри машруь томондан яқинлик қилганларга Аллоҳ таоло раҳмат назари ила қарамайди", деганлар. Яна бир ҳадиси муборакларида: "Умматимдан Лут қавмининг амалини бажариб вафот этган кишини Ҳақ таоло Лут қавми билан бирга жазолантиради, улар билан бирга ҳашр этади", дея марҳамат қиладилар.

 

Севгили қизим. Ўн беш кунда бир марта ё ҳеч бўлмаганда ойда бир марта қўлтиқ ости тукларни ва ёмон тукларни олиш мусулмонликка оид бир вазифадир. Бунга мутлақо риоя қилмоғинг керак.

Севгили қизим. Ҳайз ҳолида аҳли билан яқинлик қилган ҳам катта гуноҳ иш қилган ҳисобланади. Бундай ҳолда қаттиқ тавба қилиб, бу номақбул ишни такрорламасликка сўз бериш керак. Мабодо ҳайзнинг бошланғич кунларида яқинлик қилинган бўлса, бир олтин, охирида содир бўлган бўлса, ярим олтин миқдорда садақа берилади... Рўза кунлари саҳарлик тугагач, яъни тонг оқаргандан сўнг ҳайз ва нифоси тугаган аёл ўша куни рўза тутади. Тонг отгандан кейин тўхтагани сабабли еб-ичса, ўша кунги рўзасининг қазосини тутиб бериш лозим бўлади. Агар ўша куни тонг отгандан сўнгра, ҳатто ифторга бир-икки соат қолганда қон келса рўзани бузиш керак. Соддароқ тушунтирадиган бўлсак, бир аёлдан тонг отгандан кун ботгунга қадар ўтган вақт мобайнида (бомдод, пешин, аср, шомда) қон келса, бу аёл намоз ўқишдан, рўза тутишдан ва эри билан яқинлик қилишдан тўхтайди.

Зеро, ҳайз ва нифос пайтлари рўза тутиш, намоз ўқиш мамнудир, маън этилгандир. Агар қон уч кун ўтмай, биринчи ё иккинчи кун тўхтаса, яъни шом ва бомдодга йигирма дақиқа қолгунча, макруҳ вақт кирмасдан намоз ўқиладиган вақт қадар кутади. Бу вақт оралиғида яна қон келса, намозини ўқимайди, келмаса фақатгина таҳорат олиб намозини ўқийди. Бундай ҳолатда ғусл қилиш шарт эмас. Чунки, уч кундан аввал тўхтаган қон истиҳоза, яъни хасталик қонидир. Бироқ қон учинчи куни тўхтаса, ғусл олиш лозим. Фарз бўлган бир намозни ўқиш асносида ҳайз қони келса, ўша намоз фосид бўлади. Кейинчалик бу намоз қазо қилиб ўқилмайди. Бироқ бу ҳолат нафл намози ўқиётган пайтда содир бўлса, у аёлга ҳайз ё нифосдан поклангандан кейин бу намозни қазо этишлик вожиб бўлади. Ўн кундан кейин ошган қон мараз (хасталик) қони¬дир. Бундай ҳолатда ғусл олиб намозингни ўқийверасан. Бу қон таҳоратни бузади. Худди қон ё бурундан қон чиққанда таҳорат бузилгани каби. Инчунун, мараз қони намоз ўқиш, рўза тутиш ва жимони манъ этмайди. Нафосда, яъни кўз ёриганда ҳам хукм ана шундайдир. Яъни, нифос қони муддатидан олдин тўхтаса, ғусл килинади. Намоз ўқилади. Жимо қилинмайди. Қирқ кун тугагач эса, яна ғусл қилиб намоз ўқийди, қон оқса таҳорат олади. Кўзи ёригач аёлдан қон келмаса ҳам, унта ғусл вожиб бўлади. Қирқ кун тугаб қон оқса яна ғусл олиши лозим.

Бинобарин, шундан сўнг намозини ўқийди, унга жимо ҳалол бўлади. Боласи ўлик туғилган аёл, агар боланинг бир аъзоси аниқ бўлса, бутун бола кўргандай, нифос қони қоидаларига юқорида кўрсатилгандек амал қилади. Бир аёл ҳайз тўхтагач ўн беш кун ва яна кўпроқ вақт покиза турса, сўнг аъзоси аниқ билинмайдиган бир нарса туширса ва шундан кейин уч кун қон келса, бу ҳайз қонидир. Нифос қони эмасдир. Чунончи, бундай ҳолда ҳайз ҳукмларига риоя этилади. Агар бу аёлда қон уч кундан олдин тўхтаса ва ҳайз тўхтагандан бери ўн беш кун тўлмаган бўлса, у қон ҳайз қони эмас, ҳукми бурундан оққан қон кабидир. Бир аёлда қон тўхтагандан кейин ўн беш кун тўлмасдан яна келган қон ҳам ҳайз қони эмас. Бу қон намоз, рўза ва жимога моне бўлолмайди. Бир аёлдан ҳар кун ёки уч кунда бир марта қон келса, у аёл ўн кун ҳайз ва ун беш кун покиза ҳисобланади. У кунларда намоз ўқимайди, рўза тутмайди, жимо қилмайди. Беш кундан кейин ўн беш кун намоз ўқийди, рўза тутади ва жимо қилади.

Севгили қизим. Тўққиз ёшга кирмаган қиз кўрган қон ва суюқликлар ҳайз эмасдир. Бу мараз (хасталик) қонидир. Бу ёшдаги қиз қанчалик гавдали, дуркун бўлмасин, балоғатга етмаган бўлади. Балоғатлик аломати аник-равшан бўлмоғи керак. Эллик ёшдан ошган аёлларда кўринган қирмизи (тўқ қизил) қон, қорнида боласи бор бўлган аёлдан келадиган қон ҳам истиҳоза, яъни мараз қонидир. Зеро, ҳомиладор аёлнинг раҳми бекилади. Раҳм ичидаги бола ҳайз қони билан озиқланади ва пировардида ҳайз қони тўхтайди.

Севгили қизим. Бу баёнлар дин илмининг қизларнинг хусусий ҳолларига тааллуқли баёнлардир. Буларни яхши ўрганиб ҳамжинсларингизга билдириш вазифангиз ва иншоАллоҳ Аллоҳ ризолигидаги амаллардандир.

БОЛАЛАРНИ ТАРБИЯЛАШ

Севгили қизим! Саййидул Башар — Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси муборакларида шундай марҳамат қиладилар: "Ҳар бир фарзанд Исломий фитратда туғилади, сўнгра ота-онасининг таъсири билан яҳудий ё насроний ёхуд мажусий бўлади". Ҳа, боланинг яхши ё ёмон бўлиб етишиши ота-онага, фарзанд яшаётган муҳитга ҳам боғлик. Бинобарин, ота-онага оид энг катта вазифа болаларга яхши тарбия беришдир. Шу ўринда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларини ҳам келтиришни ўринли деб биламан. "Фарзандларингизни ўз орзуларига, ўз ҳолларига қўйманг, уларни гўзал тарзда тарбия қилинг. Ота-она фарзандига гўзал тарбиядан кўра фазилатли бир ҳадия қолдирмайди".

Севгили қизим. Бу муборак тавсияларга амал қилган ҳолда фарзандингга гўзал диний тарбия берасан; энг аввало унга бутун маҳлуқотларнинг яратгувчиси, Ҳолиқи Мутлақ бўлган Аллоҳни танитасан. Чунки Аллоҳни билмаган, тан олмаган кимса ҳайвонданда олчоқдир. Дунёнинг энг фазилатли кишиси Аллоҳни таниб, унга қулчилик қилган кишидир. Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу тавсияларини ҳам қўлоғингга сирғадек тақиб ол: "Фарзандингиз етти ёшга борганда унга "Намоз ўқи!" дея буюринг. Ўн ёшга кириб бу амрингизга итоат этмаса, енгилгина уринг. Уларнинг жойларини алоҳида қилинг, қиз ва ўғилни бир кўрпага ётқизманг".

НАМОЗ

Севгили қизим! Намоз ўқиш Исломнинг беш шартларидан бири, Яратгувчи меҳрибон Аллоҳнинг биз бандаларига амри, айни пайтда улуғ неъматидир. Намоз форсча сўздир. Қуръони карим лисонида намозга "солат" дейилган. Қуръони каримнинг бир неча оятларида намозга даъват, бу ибодатнинг юксак фазилатлари зикр қилинади. Келинг, улардан айримларини эсга олайлик. Шоядки бу баъзи "ҳужжатталаб" кимсаларга таъсир этиб уларни туғёнларидан қайтарса...

"Намозни тўкис адо қилинг, закотни беринг ва руку қилгувчилар билан бирга руку қилинг" (Бақара, 43).

"(Албатта у (намоз ўқиш) оғир ишдир. Магар ўзларининг Парвардигорларига рўбарў бўлишларини ва шубҳасиз, унга қайтажакларини биладиган шикастанафс зотларга (оғир эмасдир)” (Бақара, 46).

"Албатта у (намоз ўқиш) оғир ишдир. Магар ўзларининг Парвардигорларига рўбарў бўлишларини ва шубҳасиз, унга қайтажакларини биладиган шикастанафс зотларга (оғир эмасдир)" (Бақара, 143).

"(Эй Муҳаммад), иймон келтирган бандаларимга айтинг, намозни тўкис адо қилсинлар ҳамда олди-сотди ва ошна-оғайнигарчилик бўлмайдиган Кун (қиёмат) келиб қолишидан илгари Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қилсинлар" (Иброҳим, 31).

"Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни тўкис адо қилинг..." (Ал-Исро, 78).

"Аҳли-умматингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз ўқишда) чидамли бўлинг!" (Тоҳа, 132).

"Дарҳақиқат мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир” (Мўъминун 1-2 оят)

Улар (барча) намозларини (вақтида адо этиб қазо бўлишдан) сақлагувчи кишилардир” (Мўъминун, 9).

Яна қаранг: Бақара, 3, 83, 110, 152, 177, 238, 239, 277; Нисо, 77, 162; Моида, 12, 55, 58, 91, 106; Анъом, 72, 92, 162; Аъроф, 170; Анфол, 3, 35; Тавба, 5, 11, 71; Юнус, 87; Раъд, 22; Иброҳим, 37, 40; Марям. 31, 55; Тоҳа, 14; Анбиё, 73; Ҳаж, 35, 78; Намл, 3; Нур, 37, 56; Рум, 31, 39; Лўқмон, 4, 17; Аҳзоб, 33; Фотир, 18, 29; Мужодала, 13; Маориж, 22, 23, 34; Муззаммил, 20.

Муҳаммад алайҳиссалом бир муборак ҳадисларида "Намоз дининг устунидир. Намозини ўқиган динини барпо қилади, Уни тарк этган динини йиқади", дея марҳамат қилдилар. Яна бир ҳадисларида эса шундай дейдилар: "Қиёмат куни қул энг аввало намоздан ҳисоб-китоб қилинади. Агар намози дуруст чиқса у нажотга эришибди ва ютибди".

Севгили қизим. Кўряпсанки, намозни тарк этиш, ибодатсиз юриш ўта таҳликали ва мусибат экан. Демак, бу улуғ ибодатни сабр-тоқат билан бекаму кўст ўрганиш ва амал қилиш лозим.

Севгили қизим. Намознинг ичида ва ташқарисида билишимиз керак бўлган ўн икки шарт бор. Еттитаси намоз бошланмасдан олдинги шартдирки, улардан бири таҳоратдир, яъни покизаликдир. Нажосатдан вужудимизни сақлашдир. Бинобарин, нажосат теккан вужуд ва кийим билан намоз ўқиб бўлмайди. Иккинчиси, ҳадасдан покланишки, бу таҳорат олиш, агар лозим бўлса, ғусл қилишдир. Намознинг бошидаги шартларидан яна бири сатри аврат, яъни ўранган ҳолда иамозга киришишдир. Аврат - вужуддаги бекитилиши, номаҳрам эркакларга кўрсатилиши таъқиқланган жойлар демакдир. Аёл кишининт юзи, кўзи, қўлларининг билаклардан пастки қисмм, оёкларининг тўпиғидан пастидан ташқари жамики жойи аврат ерларидир. (Шу ўринда Ислом динимизда аёлларнинг ёпиниб юриши уларнинг эркинликларини бўғиб қўйиш учун эмас, балки уларнинг шарафини, иффатларини қўриш учун эканлигини таъкидламоқчимиз. - Тарж.) Намоз ўқилаётганда аврат жойлари "СубҳанАллоҳ" дегулик вақтгача очилиб турса, ўша намоз фосид бўлади (бузилади). Демак, ҳар намоздан олдин тоза-озода кийимларни кийиб, жойнамоз устига — Роббингизнинг ҳузурига чиқасиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда масжидга чиройли кийимлар билан киришликни буюрган.

Севгили қизим. Намоз ташқарисидаги шартлардан яна бири Истиқболи Қибла, яъни намоз ўқишдан аввал Қиблага — Макка томонга бурилишдир. Бу фарздир. Бир киши қибланинг қайси томондалигини суриштирмай на¬моз ўқиб бўлгач, қибла томонини билса, у намоз саҳиҳ (ҳақиқий) бўлмайди. Қиблани билиш мумкин бўлмаган бир жойда қибла деб гумон қилинаётган томонга бурилиб намоз ўқилади. Далада, йўл чеккасида намоз ўқишга тўғри келса, олдига (қибла томонга) бир сутра қўйилади. Сутра, олдиндан ўтаётганларнинг намозга халал бермасликлари учун тикилган, камида олтмиш сантиметрлик бир нарсадир.

Севгили қизим. Намоздан ташқарида билиниши лозим бўлган шартлардан яна биттаси Намознинг вақтларидир. Ҳар намоз ўзининг вақти кирганда ўқилади. Бомдод намози тонг отиб қуёш чиққунга қадар ўқилади. Бу орада ўқиёлмай қолса, қуёш чиқиб, икки найза буйи кўтарилгандан бошлаб пешингача қазосини ўқиб олади. Пешин намозининг вақти нарсаларнинг (масалан да- рахтнинг) сояси энг қисқа бўлган пайтдан бошланади. Соя нарсанинг (дарахтнинг) ўзидан икки марта узун бўлгунга қадар давом этади. Аср намозини пешин намози тугагандан қуёш ботгун- гача ўқиш мумкин. Шом намозининг вақти қуёш ботгандан кейин бош¬ланади. Қизил шафақ йўқолиб, осмонда юлдузлар кўрингунга қадар давом этади. Хуфтон намозининг вақти эса юлдузлар кўриниши билан бошланиб, бомдод намозининг вақти киргунгача давом этади. Ҳар намоз вақтида азон чақирилади. (Азонни фақат эркаклар чақиришади). Севгили қизим. Намознинг ичидаги фарз (шарт)дан бири Ниятдир. Қайси намозни ўқиётган бўлсанг, шунта кўра ният қиласан. Масалан, бомдод намозининг суннатини ўқимоқчи бўлсанг, қуйидагича ният қиласан: "Ният қилдим, Аллоҳ ризолиги учун Бомдод намозининг суннатини ўқимоқликка...”. Агар бомдод намозининг фарзини жамоат билан, имомга эргашиб ўқисанг "Ният қилдим, Аллоҳ ризолиги учун Бомдод намозини фарзини ўқимоқликка. Имомга иқтидо қилдим, эргашдим" дея ният қиласан. Бошқа барча намозларда ҳам худди шу тарзда ният қилинади. Фақатгина ўқилаётган намознинг номи (бомдод, пешин, аср, шом, хуфтон) ва унинг фарз, суннат, вожиб ёки нафл намози эканлиги қайд этилса бўлди. Ниятдан кейин "Аллоҳу Акбар" деб намоз ўқишга бошланади. Бу Тахрим Такбири ёки Ифтитоҳ такбири (Бошловчи такбир), деб ҳам айтилади. Таҳрим такбири ҳам намознинг шартларидан биридир.

Севгили қизим. Намознинг ичидаги билишимиз лозим бўлган шартлардан биринчиси Қиёмдир. Қиём тикка туриб қиблага томон туришдир. Тикка туришга монелик қиладиган жиддий касал бўлмаса, намоз пайтида қиёмга туриш фарз. Намознинг ичидаги фарзлардан яна бири Қироатдир._ Қироат намоз ўқиётган кишининг қиёмда Қуръони каримдан маълум оятларни ўқишлигидир. Руку намоз ичидаги шартлардан учинчисидир. Руку қиёмда Қурьондан оятларни ўқиб бўлгандан кейин эгилиш. Рукуда уч марта "Субҳанал Роббийал азийм” дейилади.

Севгили қизим. Намоз ичидаги тўртинчи шарт Сужуд (Сажда)дир. Саждада бурун, пешона, билак, тизза ерга тегизилиб, уч марта "Субҳанал Роббийал аъла" дейилади. Бешинчи шарт Қаъдаи охира, яъни намоз охирида "Аттаҳиййат" дуосини ўқийдиган қадар ўтиришдир. Намоз ичидаги бу шартлар Намознинг рукнлари ҳам дейилади. Севгили қизим! Намознинг юқоридаги фарз (шарт)ларидан ташқари, вожиблари ҳам бор. Вожиб тарк этилса гуноҳ бўладиган, қилиниши лозим бўлган амаллардир. Намознинг ҳар ракаатида Фотиҳа сурасини ўқиш, тўрт ракаатли намозларнинг илк икки ракаатида Фотиҳадан сўнг Қуръондан кичик зам сура ёки оятлардан ўқиш, имомларнинг бомдод, шом, хуфтон, жума намозлари фарзининг бир ва иккинчи ракаатида, ҳайит намозларида Фотиҳа ва зам сурани овоз чиқариб, пешин ва аср намозларининг фарзини овоз чиқармай ўқишлари, бу намозларда имомга эргашилганда Фотиҳа ва зам сура ўқимасдан туриш вожибдир.

Севгили қизим. Намознинг ичидаги биз санаб ўтган фарз (шарт) лардан биттаси адо этилмаса намоз саҳиҳ (ҳақиқий) бўлмайди. Вожиб амаллардан бири сахван (билмасдан) тарк этилса намоз сўнгида "Аттаҳиййату"ни ўқиб бир ёки икки томонга салом берилади ва қайтадан саждага борилади, саждадан бошни кўтариб ўтирган ҳолда яна Аттаҳиййату, Аллоҳумма солли, Аллоҳумма борик, Роббана дуолари ўқилиб икки томонга салом берилади. Бу САЖДАИ САҲВ дейилади. Саждаи саҳв билан намоздаги нўқсонлар тўлдирилади. Севгили қизим. Қиёмда, яъни намозда тикка турганингда кўзларинг сажда қилинаётган жойга қарасин. Рукуда эса икки оёқ орасига, сажда қилаётганингда бурун учига, қаъдада, яъни ўтирганингда қучоғинга қарайсан. Хуллас, намоз пайти уёқ-буёққа қараш мумкин эмас. Ибодат пайти ҳам жисминг, ҳам қалбинг билан Ҳаққа йўналишинг лозим. Намозда кўйлак, соч ва ҳоказо билан уйнаш, юзни қибладан буриш, бўйинни бўкиш, оёқни кўтариш, икки оёқ орасини кенг очиш тўғри эмас.

Севгили қизим. Намознинг муфсидлари, яъни намозни бузадиган ҳаракатлар ҳам борки, улар қуйидагилар: намоз пайтида гапириш, амали касир, яъни намозга тегишли бўлмаган иш билан машғул бўлиш, намозхоннинг ўзи эшитадиган даражада кулиши, йиғлаши. Агар ёнидаги эшитса, таҳорати ҳам бузилади. Бироқ Аллоҳ севгиси, Аллоҳдан қўрқиб гуноҳларига тавба қилиб йиғлаш намозни бузмайди. Шунингдек намозда "оҳ", "уф" дейиш, тишлар орасидаги нўхатдан катта нарсаларни ютиш, чангга ўхшаш нарсаларга пуфлаш, тирсаги билан ёндаги шеригини атай туртиш кабилар ҳам намоз¬ни бузади.

Севгили қизим. Қуёш чиқаётганда ва ботаётганда, тикка келганда намоз ўқиб бўлмайди. Бу макруҳ вақтлардир. Шунингдек бомдод намозининг суннатига улгурмай, фарзини имомга иқтидо қилиб ўқигандан кейин суннат ўқилмайди. Чунки бомдод намозининг фарзидан сўнг қуёш чиққунгача намоз ўқиш ҳам дуруст эмас. Севгили қизим. Энди беш вақт намознинг ракаатларини ўрганиб оламиз.

Бомдод намози 2 ракаат суннат, 2 ракаат фарздан иборат.

Пешин намози 10 ракаат бўлиб, илк тўрт ракаати ва сўнтти 2 ракаати суннати муаккада, яъни Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тарк қилмай ўқиганлари намозлар, 4 ракаати фарз намозидир.

Аср намози 4 ракаат фарздан иборат.

Шом намози 5 ракаатдир. Уч ракаати фарз, икки ракаати суннат.

Хуфтон намози 6 ракаат: 4 ракаати фарз, 2 раакати суннат.

Хуфтон намози ўқиб бўлингач уч ракаат витр вожиб намози ўқилади.

Севгили қизим. Шу нарсаларни ҳам эслаб қолгинки, аёллар азон айтишмайди, имомликка ўтишмайди, намозда эркаклар овоз чиқариб ўқийдиган оятларни овоз чиқармай ўқишади. Жума ва ҳайит намозларига боришмайди. Юқорида айтилгандек узрли кунларда намоз ўқишмайди. Имомга иқтидо қилишса эркаклар билан ёнма-ён туришмайди.

МУСОФИР ВА ҚА30 НАМОЗИ

Севимли қизим! Туя юриши билан уч кунлик бир жойга борилса йўлда ва у ерда 15 кундан кам муддатга қолинса, ёлғиз ҳолда ўқиётганинг тўрт ракаат фарз намозларини икки ракаатга қисқартириб бомдод намозининг фарзи каби ўқийсан. Бироқ уч ракаатлик шом намози ва витр вожиб намозлари қисқартирилмай тўлиқ ўқилади. Севимли қизим. Тоза кунларингда ўқиёлмай қолган намозларнинг фарзларини кейинчалик қазо қилиб ўқийсан. Ниятда "Ният қилдим ўз вақтида ўқиёлмаганим бомдод, пешин, шом ёки хуфтон намозининг фарзини ўқимокликка..." деб ният қиласан.

Дуо

РАМАЗОН РЎЗАСИ

Севикли қизим! Ўн икки ойнинг бири Рамазон ойидир. Динимизда муборак бир ой ҳисобланган бу ойга Рамазон исмини берган Аллоҳ таолодир. Қурьони карим бу ойда нозил бўла бошлаган. Бақара сурасининг 185-ояти каримасида: " (У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва Фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин", дея марҳамат қилинган. Аллоҳ таоло томонидан мақталган бу ойни Ўн икки ойнинг султони, десак янглишмаймиз. Расули Акрам севикли саҳобаларига шундай марҳамат қилган эдилар: "Сизга муборак бўлмиш Рамазон ойи келди. Аллоҳ таоло бу ойда сизга рўза тутишни фарз қилди. Бу ойда осмон эшиклари очилади. Дўзах эшиклари ёпилади, шайтонлар занжирбанд қилинади. Рамазон ичида шундай бир кеча борки, унинг файзидан маҳрум қолган, ҳар турли хайрдан маҳрум қолади". Ул зоти бобаракот яна шундай дейдилар: "Агар умматим Рамазони Шарифнинг файзини ва юксак шарафини билганларида эди, йил бўйи Рамазон бўлишини орзу қилишар эди".

Севимли қизим. Бу ойда ҳар турлик ёмонликлардан, кундузи ейиш-ичишдан ўзни тийиб, нафс тарбияланади. Бинобарин, бу ойга сабр ойи ҳам дейишади. Ҳа, рўза Аллоҳ наздидаги энг буюк ва севимли ибодатлардандир.

Севимли қизим. Рўза арабчада "савм" дейилади. Ал лоҳга ишонган мўминлар, ўн беш ёшдан юқори қиз ва аёллар тоза кунларида Аллоҳ ризолиги учун рўза тутадилар. Бироқ йўловчилар, беморлар, рўза тутолмайдиган даражадаги қари кишилар, эмизикли боласи бор хотин-лар, ҳомиладор аёллар рўза тутмайдилар ва тутолмаган кунларини кейинчалик муайян вақтларда тутиб берадилар. Бунга қазо дейилади. Рамазонда тутган рўзасини қасддан (била туриб) бузган киши, бир кун қазо, олтмиш кун жазо (каффорат), жами 61 кун кетма-кет рўза тутади.

Севимли қизим. Рамазонда рўза тутган қизлар, аёллардан қон келса, улар рўзаларини очадилар. Қон келиши тугаб, ғусл олингач, рўза тутишда давом этадилар.

Севимли қизим. Саҳарликда оғизни ёпаётганда: "Ал¬лоҳим, Сенинг ризолигинг учун Рамазон рўзасини тутишга ният қилдим. Менга қўлайлик ва сабр бер. Бу ибодатимни даргоҳингда қабул айла", деб ният қиласан. Ушбу муборак ой осмонда ой кўриниши билан бошланади. Шунинг учун шабон ойи охирги кунининг шом пайтидан осмонда ҳилолни қидириш вожибдир. Рамазондан олдинги кунга, "явми шак" дейилади, Явми шак: "Бугун рамазонми, рамазон эмасми?" — дея шубҳа қилинган кундир. Явми шак куни рўза тутилмайди. Севимли қизим. Рўзанинг фарзлари: ният қилиш, оғизни бекитиш ва очиш вақтларини билиш, саҳарликдан ифторгача рўзани бузадигаи амаллардан ўзини сақламоқликдир. Ейиш, ичиш, жимо этиш кабилар рўзани бузади. Рўза эканлигинг ёдингдан кўтарилиб бирор нарса есанг ё ичсант рўзанг бузилмайди. Оғзингни чайқаб рўзангни давом эттираверасан. Қасддан рўзанн бузган киши каффорат тўлаши лозим бўлади. Каффорат юқорида айтиб ўтганимиздек олтмиш бир кун кетма-кет рўза тутиб беришликдир. Рўзани бир неча марта очган бўлса, бир кунга олтмиш бир кун, қолганларига бир кундан рўза тутади. Олтмиш бир кун рўза тутолмаган кишилар олтмиш бир фақирни эрталабдан кечгача туйдиришади ёхуд ҳар фақирга 1457 грамм бўғдой ёки унинг қиймати миқдоридаги пул беришади. 2950 грамм арпа ёхуд унинг қиймати берилиши ҳам мумкин. Ойбоши ҳоллари бу ойда тўхтаса, дарҳол рўза тутишда давом этилади. Бу ҳолат, яъни қон келиши тонг отгандан кейин тўхтаса, ўша куни еб-ичмай, ният қилиб тутилади. Агар еб-ичса, ўша кунги рўзанинг қазосини тутиб беради. Тонг отгандан кейин қон келса, ўша куни еб-ичади. Бу қон саҳарликка турилган куннинг пешин ё аср вақтида, ҳатто шомга (ифторга) бир-икки соат қолган пайтда келса ҳам рўзани очиш лозим бўлади.

Севимли қизим. Қуйидаги ҳолларда рўза бузилмайди: рўза эканлигини унутиб еб-ичиш, кўзга сурма суриш, хожамат бўлиш, яъни қон олдириш, томоққа тутун, чанг, пашша, қўлоққа сув кириш, бурун ичидан келаётган оқинти (сув) ни, оғизга келган балгам, тупукни ютиш, ўзи хоҳламаган ҳолда бурунга тутун кириши, тишлар орасидаги саҳарликдан қолган нўхатдан кичик нарсани ютиш, рўзани бузишга ният қилиш. Оғиз тўлиб қусиш, қўсганни меъдага қайтариш, ўз хоҳиши билан тутунни ҳидлаш, оғизни юваётганда бўғизга сув кириш, тишлар орасидаги нўхатдан катта нарсани ютиш кабилар рўзани бузади. Бундай ҳолларда бузилган рўзанинг қазоси тутиб берилади.

Севимли қизим. Энди рўза давомидаги савоб амалларни баён қиламиз. Саҳарликда туриб еб-ичиш савобликдир. Зеро Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Саҳарликка турингиз, саҳарлик (емаги) баракатдир", дея марҳамат қилганлар. Ифторликка шошилиш, оғизни ўз вақтида очиш ҳам савобли амаллардандир. Сарвари коинот шундай дейдилар: "Уч нарса анбиё ахлоқидандир: ифторга шошилиш, саҳарликни тезроқ тугатиш, намозда ўнг қўлни чап қўл устига қўйиш”.

Севимли қизим. Оғизни очаётганингда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиганлари ушбу муборак дуони ўқигин: "Аллоҳим, Сенинг учун рўза тутдим. Сен берган ризқ билан ифтор қилдим. Дуоларимни қабул айла, сен эшитгувчи, бигувчи Зотсан”.

РЎЗА ТУТИШ ҲАРОМ БЎЛГАН КУНЛАР

Севимли қизим! Рамазон ҳайитининг биринчи куни, Қурбон ҳайитининг биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи кунлари, жума кунлари нафл (ихтиёрий) рўза тутиш ҳаромдир. Ражаб, Шаъбон ойлари ҳам муборак ойлар хисобланади. Аҳли иймондан кўпчилик савоб умидида бу ойларда ҳам нафл рўза тутадилар. Расули Акрам ҳар душанба ва пайшанба кунлари рўза тутганлар. Бу суннати сониййага эргашганлар Аллоҳнинг ажр-мукофитидан бенасиб қолмагайлар, ИншаАллоҳ.

САДАҚАИ ФИТР НИМА?

Севикли қизим. Садақаи фитр вужуднинг закоти демакдир. Бунга садақаи раъс, яъни бош садақаси ҳам дейилади. Садақаи фитр Рамазон ойининг охирида берилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу садақа ҳақида шундай марҳамат қиладилар: “ Хоҳ ҳур бўлсин, хоҳ тул бўлсин, хоҳ катта бўлсин, хоҳ кичик бўлсин, Рамазони шарифда рўза тутсин ё тутмасин, нисобга молик бўлган барча мусулмонлар бўғдой, хурмо, арпадан, бунга муқобил қуриган узумдан (майиздан) бир саьй, яъни бир ўлчов миқдорида садақаи фитр беришлари вожибдир". Садақаи фитрнинг миқдори икки килограмм бўғдой ё шу миқдордаги пулдир. Садақаи фитрни Рамазони Шарифнинг илк кунидан ҳайит намози ўқилгунга қадар бериш мумкин. Садақаи фитр ният қилиниб камбағал мусулмонларга берилади. Бир садақаи фитрни фақат бир кишига бериш мумкин. Бир аёл ҳомиладор бўлиб, ҳайит намозидан олдин қорнидаги боласининг қимирлаганини билса, қорнидаги бу ҳомиласи учун ҳам фитр садақаси берилади.

ЗАКОТ

Севимли қизим! Исломнинг беш шартидан бири закотдир. Закот арабча калима бўлиб, тозалик ва орттириш маъноларини ифода этади. Соддароқ тушунтирадиган бўлса, закот берган киши молини тозалаган бўлади. Инчунун, молни тозалаш, у молдаги фақирнинг ҳаққини бериш билан адо этилади. Мол-мулк Аллоҳникидир. Аллоҳ таоло бойларга мол бериб, бу молнинг муайян миқдорини камбағалларга беришни буюради. Демак за¬кот Аллоҳнинг бўйруғи, мол билан ўрнига келтириладиган ибодатдир. Ихлос билан Қуръон ўқишинг тил орқали бажариладиган ибодатдир. Намоз ўқишлигинг ҳам, тил ҳам вужудга оид бир ибодатдир. Ҳажга борган мусулмон ҳам вужуд, ҳам мол, ҳам тил билан ибодат қилган ҳисобланади. Молга оид бўлган закот ҳам Аллоҳ наздидаги севимли бир ибодатдир. Закотни бермаган киши бу дунёда молининг баракотини тополмагандек охиратда азобга мустаҳақ бўлади. Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келиб: "Менга шундай амал ўргатингки, уни бажарсам жаннатга кирайин", деди. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳни ягона деб бил, Унга шерик қушма, намозингни ўқи, закотингни бер, Рамазон ойида рўза тут", дея марҳамат қилдилар. Кўряпсанки, закот бериш ҳам жаннатга олиб борувчи йўллардан биридир. Бинобарин, моли нисобга етиб закотини бермаганлар жаннатнинг йўлини адаштириб қўядилар. Тавба сурасининг 34-оятида: " ... Олтин-кумушни босиб, уни Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмайдиган кимсаларга аламли азоб «хушхабарини» етказинг!", дея марҳамат қилинади. Ҳа, инсон бойликка муккасидан кетиб, молининг закотини бермай ўзини жаҳаннам азобига мустаҳақ қилиб қўяди. АЛЛОҲ асрасин.

ЗАКОТ БЕРИШ КИМЛАРГА ФАРЗ?

Севимли қизим! Балоғатга етган, аҳли бор, хур мусулмонлар йилда бир марта закот берадилар. Қуръони каримнинг бир неча оятларида намоз билан закот ёнма-ён зикр этилади. Бу эса закотнинг даргоҳи илоҳийдаги аҳамиятини билдиради: " Намозни тўкис адо қилинг, закотни беринг ва руку қилгувчилар билан бирга руку қилинг" (Бақара, 43).

" Намозни тўкис адо қилинг ва закотни беринг! ..." (Бақара, 110).

" Албатта иймон келтирган, яхши амаллар қилган ва намозни тўкис адо қилиб, закотни берган зотлар учун Парвардигорлари ҳузурида ажр бор. Улар учун ҳеч қандай хавф-хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар" (Бақара, 277).

" Закотни (ҳақдорларга) ато этмайдиган, ўзлари охиратга кофир бўлган мушрикларга эса ҳалокат бўлгай!" (Фуссилат, 7). "... Ва намозни тўкис адо этинглар, закотни (ҳақдорларга) ато этинглар ва (бечора мискинларга хайру саховат қилиш билан) Аллоҳга қарзи ҳасана беринглар! ..." (Муззаммил, 20).

Қуйидаги сифатга эга бўлганларга закот фарздир:

1) Мусулмон бўлган;

2) Ақлли бўлган (ақли жойида бўлмаганларга намоз, ҳаж каби закот хам фарз змас);

3) Балоғатга етган;

4) Ҳур (озод) бўлган, чунки ҳур бўлмаган бир киши молга ҳам эга бўлолмайди, у бировнинг қарамоғи остида бўлади;

5) Моли нисобга етганларга.

Нисобга эга бўлиш, бир мусулмон қиз ё эркакнинг эҳтиёжларидан ташқари кумушдан икки юз дирҳам, олтиндан йигирма мисқол миқдордаги пулга эга бўлиши демакдир. Уйи, ўзи ишлатаётган ашёси, оти, машинаси кабилардан ташқари, қарздор бўлмаган киши закот беради.

Севимли қизим. Бошқачароқ ифода билан айтадиган бўлсак закот бой мусулмонларнинг молининг қирқдан бирини муҳтож мусулмонларга беришидир. Закот бера олишликнинг шартларидан бири ҳавли ҳавалондир. Ҳавли ҳавалон ортиқча молнинг устидан бир йил ўтиши, бу молнинг бир йил ишлатилмаганлиги демакдир. (Аммо баъзи солиҳ зотлар бир йил ўтишини кутмасдан закот берганлар. — Тарж). Қирқ қўй ё қирқ эчкидан бир юз йигирма қўй ёки эчкигача бир қўй ё эчки закот сифатида берилади. Бир юз йигирма қўй ёки эчкидан икки қўй ё икки эчки закот тариқасида берилади. Молнинг сони ортиши билан закот миқдори ҳам орта боради. Чунончи, икки юз бир қўй ёки эчкидан уч юз қўй ёки эчкигача уч қўй ё эчки берилади.

Севимли қизим. Ҳавли ҳавалон, яъни устидан бир йил ўтган ўттиз сигирдан закот бериш бошланади. Ўттиздан қирқта сигиргача, икки ёшдаги эркак ё ўрғочи бир бузоқ закот учун берилади.

Севимли қизим. Олтин ёки кумуши бор кишилар икки юз дирхам кумуш, йигирма мисқол олтиндан закот беради. Икки юз дирҳам кумушга беш дирҳам кумуш, йигирма мисқол олтин учун ярим мисқол олтин закот фарздир.

Севимли қизим. Танга ва қоғоз пулларнинг қиймати олтин ёки кумушнинг нисобига етиши билан қирқдан бир қисми фақирларга закот тариқасида берилади. Бир киши тижорат учун уйини, дўконини ижарага берса ва ижарага берилган кундан бошлаб бир йил тўлса, ижара бадалидан қирқдан бири закот улароқ берилади. Деҳқончиликдан топилаётган маҳсулотларнинг ўндан биридан закот берилади. Бу маҳсулотнинг устидан бир йил муддат ўтиши кутилмайди.

Қуръони каримдаги Тавба сурасинннг 60-ояти каримасида қуйидаги саккиз тоифа кишиларга закот берилиши марҳамат қилинади:

1) фақирларга;

2) йўқсилларга;

3) закот йиғувчиларга;

5) асирларнинг озод этилишига;

6) қарздорларга;

7) Аллоҳ йўлида бўлганларга;

8) йўловчиларга. З

акотни фақир ақрабога беришдан бошлаш фазилатлидир. Қариндош уруғларнинг ичида фақирлари бўлмаса муҳтож бўлган мусулмон қўшниларига берилади. Ундан кейин, қарзини қайтаролмай юрган ҳақиқий қарздорлар¬га, йўловчиларга, Аллоҳ йўлида вақфи ҳаёт этган кимсаларга бериш яхшидир.

Севимли қизим. Закот мусулмончиликнинг асосий шартларидандар. Аёлларнинг олтин, кумуш тақинчоқларидан ҳам закот берилади. Бунинг учун Муборак Рамазон ойида бу каби молларнинг ҳисоб-китоби чиқарилади, туллар, етимлар ва қарздорларга, муҳтожларга закот берилиб улар қувонтирилади.

ҲАЖ

Севимли қизим. Шарт-шароити яхши бўлган ҳар му¬сулмон учун ҳаётида бир марта Ҳажга бориш фарздир. Ҳаж, Байтуллоҳни Аллоҳнинг амри ила зиёрат қилишга ниятдир. Бу улуғ ва муборак мақсаддир. Ҳажга муаййан вақтларда борилади, муаййан жойлар зиёрат этилади. Маҳсус дуолар ўқилади. Байтуллоҳ Ҳаж ойининг 8, 9, 10, 11-кунлари зиёрат қилинади. У ердаги хос зиёратгоҳ Маккадаги Байтуллоҳ ва Арафотдир. Тавоф қилинадиган жойларга келингач, ҳаж ниятида миқот дейилувчи ерларда дунё кийимларини ечиб эҳром дейилувчи кийимлар кийилади. Ҳажнинг фарзлиги Қурьони Мубийнда шундай билдирилади: " Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса (яъни Каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта Аллоҳ бутун оламлардан беҳожат бўлган зотдир” (Ол-и Имрон, 97). Дунёдаги бутун мусулмонлар бу муборак Уй атрофида тўпланадилар, бир-бирлари билан танишадилар. Оламларга раҳмат бўлган Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам шу муборак уй жойлашган Макка шаҳрида туғилганлар, Қуръони карим ҳам ама шу жойда нозил бўла бошлаган. Бугунги Байтуллоҳни Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг амри ила ўғиллари Исмоил алайҳиссалом билан бирга қуриб тавоф этишган. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга: " Ва одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чақиргин, улар сенга (яъни сенинг даъватингга жавобан) яёв ҳолларида ва йироқ йўллардан келадиган ориқ-ҳолдан тойган туялар устида келурлар. Улар ўзлари учун бўлган (диний ва дунёвий) манфаатларга шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (яъни Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келурлар). Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверинглар, бечора камбағалларга ҳам едиринглар", дея буюрган (Ҳаж, 27, 28). Иброҳим алайҳиссалом Жабали Чубайс (Чубайс тоғи) га чиқиб инсонларни муқаддас зиёратгоҳга даъват этганлар. Ҳажга борган ҳожилар ҳам Аллоҳ таолонинг бу амрига ижобат маъносида қуйидагича талбия айтишади:

"Лаббайк Аллоҳумма лаббайк лаббайк ла шарика лака лаббайк Иннал ҳамда ван-неъмата лака вал мулка, ла шарийка лак".

Маъноси:

"Эй Аллоҳим, Сенинг даъватингга "лаббай" деб жавоб бермоқдаман. Сенинг амр-фармонингга "лаб¬бай" деб жавоб бермоқдаман. Сенинг шеригинг йўқ. Сен ҳамду санога лойиқсан. Барча неьматлар Сендан. Бутун мулк Сенингдир. Сенинг ўртоғинг йўқ. Тоат-ибодатим ёлғиз Сенгадир".

Севимли қизим. Ҳажга қарзлари бўлмаган, ҳоли вақти жойида бўлган, соғлиги яхши бўлган кишилар боради. Кўрлар, соғлик ёки чўлоқлиги туфайли юришга қодир бўлмаганлар, беморлар бормайдилар. Йўл хавотирли бўлса ҳам ҳажга борилмайди. Маккада тўпланган ҳожи ва ҳожиялар Байтуллоҳни маҳсус дуолар ўқиб етти марта айланадилар, бунга тавоф дейишади. Кейин Замзам деб аталувчи муборак сувдан ичишади, дуо қилишади. Шундан сўнгра Ҳазрати Ҳожар югурган Сафо- Марва тепаликлари орасида етти марта югурадилар. Бу саъй дейилади. Саъй қилгандан кейин Одам алайҳиссалом билан Ҳавво онамиз танишишган ва Расулуллоҳ ҳам борганлари - Арафот жойига келадилар. Бу ер Каъбага анча узоқдир.

Бу жойда Жабали Раҳма дейилувчи кичик тоғнинг атрофида тўпланиб дуо ўқийдилар. Бу тўпланишга вақфа дейилади. Арафотдан Маккага қайтилади. Мино билан Макка орасида Машҳарул ҳарам дейилган жойда дуо ўқилади. Бу ерда, Минода шайтонга тош отиш учун тошлар йиғилади. Минога келиб шайтонга тош отилади, қурбонликлар суйилади. Сўнгра Маккага қайтиб келинади, Байтуллоҳ тавоф этилади. Пировардида, ҳожилик шарафига эришилади. Мадинада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари зиёрат этилади. Ҳаж мана шулардан иборатдир.

ҲАЖНИНГ ФАРЗЛАРИ

Севимли қизим. Ҳажнинг фарзи учтадир. Биринчиси, эҳромга киришдир. Эҳром бир лунги, сочиқдан иборат. Икки ракаат намоз ўқилгач талбия айтилади. Бинобарин, талбия ҳам ҳаждаги фарз амаллардандир. Талбия беш вақт намозда, йўлда айтилади. Бинобарин, талбия ҳам ҳаждаги фарз амаллардандир. Талбия беш вақт намозда, йўлда айтилади. Ҳаж қилишликка ният ҳам фарздир. Миқот дейилувчи Каъбага яқин жойда ҳожилар дунё кийимларини ечиб эҳромга кирадиган жойда ният қиладилар. Бу ерда ғусл қилинади, имкон торроқ бўлса таҳорат олинади. Аллоҳ ризолиги учун икки ракаат намоз ўқилади. Уч марта талбия айтилгач, қўлларни очиб ҳажга ният қилинади. Ҳажга ният уч хилдир: биринчиси, Ҳажжи қирон (Ҳаж билан умранинг эҳромини жаьм этмоқ, яьни иккиси учун бирдан эҳромга кириш. — Тарж.)га ниятдир. Ҳажжи қироннинг вазифалари оғир бўлганлиги учун, сен бундай ҳаж қилишликка ният қилолмайсан. Сен ҳажжи таматтуга ният қиласан. У қуйидагичадир: "Аллоҳим, мен шу онда ҳажжи таматтуга ният қилдим. Менга қўлайлик эҳсон айла. Қилаётган ҳажжимни даргоҳи иззатингда макбул ҳажлардан қил". Бу ниятдан сўнг ҳаж учун лозим бўлган амалларни бажарасан. Каъбани зиёрат учун Умрага ният қилиш ҳам бор. Умра зиёрати ҳаж кунларидан бошқа кунларда бўлади. Ҳажнинг учинчи фарзи Арафотда вақфа туришдир. Мино дейилувчи жойда қурбонлик моллари суйилгач, ҳожилар Байтуллоҳга қайтиб, уни тавоф этишади. Бу ҳам ҳаждаги фарз амалларидандир. Ҳаж амалларини бажарищда аёллар эркаклардан қуйидагича фарқ қиладилар. Эркаклар ҳажда бошларини очадилар, бироқ аёллар очмайдилар. Эркаклар талбияни баланд овозда, аёллар эса ўзлари эшитадиган даражада айтадилар. Каъбани тавоф қилаётганда, Сафо-Марва орасидаги жойларда, шайтонга тош отишда аёллар югуришмайди, сочларини олдиришмайди, фақат сочларидан бир парча кесиб олишади. Аёллар эҳромда кийим кийишган бўлишади. Ҳажда аёлларга тикилган (одатдаги) кийим кийиш, махси кийиш, рўмол ўрашга рухсат берилган. Аёллар Ҳажари Асвадни қўл суриб ўпмайдилар. Орқароқда туриб салом берадилар.

Севимли қизим. Ҳажга бораётган аёлнинг ёнида албатта маҳрами, яъни никоҳи ҳаром бўлган бир эркак бўлиши керақ. Аёл покиза бўлмаган кунларида Каъбани тавоф этолмайди. Аёлнинг маҳрами — унинг отаси, укаси, эри, куёви, эмизган ўғлидир. Булар билан аёл хажга бора олади. Ёлғиз ёки бошқа бир шерик билан асло бориши мумкин эмас. Бунга имкон бўлмаса, хажжул бадал тариқасида олдин хаж фарзини адо этган бировни ўз ўрнига пул бериб жўнатади.

ҲАРОМ НАРСАЛАР ВА ҲАРОМ АМАЛЛАР

Севимли қизим. Қуйида сенга динимиз ҳаром қилган амалларни санаб ўтмоқчиман. Булар: Аллоҳдан бошқасининг номига қурбонлик суйиш, ўз-ўзидан ўлган ҳайвон гўштини ейиш, Аллоҳдан бошқаси учун суйилган ҳайвон гўшти, зино, қимор уйнаш, ароқ, маст қилувчи бутун нарсалар, ёпиб юриш керак бўлган жойларни ёпмасдан юриш, мунажжимларга, коҳинларга, фолчилар-га ишониш, бировни ғийбат қилиш, ёлғон гапириш, бировга туҳмат қилиш, ҳеч қандай сабабсиз ажралиш, қалбларни ўлдирувчи ёмон ният, ноҳақ одам ўлдириш, камбағаллик қўрқуси, яъни боқолмасликка андиша қилиб ҳомилани олдириш, сеҳргарларга ишониш, ёлғондакам қасам ичиш, исрофгарчилик, молни кераксиз ўринда ишлатиш, ота-онага итоат этмаслик (улар куфрга, нощаръий йўлларга бошласалар табиийки итоат этмайсан. - Тарж), ўғрилик. Санаб ўтилган бу амалларни қилганлар гуноҳкор бўлишади.

Севимли қизларим, ҳаром амаллардан узоқ юринг, Аллоҳнинг буйруқларига итоат этинг. Шундай қилсангиз, Аллоҳ наздидаги энг суюкли, шарафли қуллардан бўласиз, дунёвий ва ухровий саодатга эришасиз, иншоАллоҳ. Бу гўзал илмларга амал қилаётган сизлардан ҳам бахтиер инсон борми дунёда!

32 ФАРЗ ИЙМОННИНГ ШАРТИ ОЛТИТА:

1) Аллоҳнинг ягоналигига ишонмоқ;

2) Аллоҳнинг фаришталарига ишонмоқ;

3) Аллоҳнинг китобларига ишонмоқ;

4) Аллоҳнинг пайғамбарларига ишонмоқ;

5) Ўлгандан кейин тирилишга ишонмоқ;

6) Тақдирга, яъни яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам Аллоҳ томонидан эканлигига ишонмоқ.

ИСЛОМНИНГ ШАРТИ БЕШТА:

1) Намоз ўқиш;

2) Рўза тутиш;

3) Закот бериш;

4) Ҳажга бориш;

5) Калимаи шаҳодат келтириш.

ТАҲОРАТНИНГ ФАРЗИ ТЎРТТА:

1) Юзни пешонанинг соч чиққан кисмидан ияклар остигача ювиш;

2) Қўлларни тирсаклар билан қўшиб ювиш;

3) Бошнинг тўртдан бир қисмини масҳ этиш;

4) Оёқларни тупиқлари билан қўшиб ювиш.

ҒУСЛНИНГ ФАРЗИ УЧТА:

1) Оғизни яхшилаб ювиш;

2) Бурунга ачиштиргунча сув тортиб ювиш;

3) Бутун вужудни бирор қуруқ жой қолдирмай ювиш.

ТАЯММУМНИНГ ФАРЗИ УЧТА:

1) Ният қилиш;

2) Икки қўлини тоза тупроққа уриб юзга суриш;

3) Қўлларини иккинчи марта тоза тупроққа уриб, билакларга суриш;

НАМОЗНИНГ ФАРЗИ ЎН ИККИТА:

Олтитаси намознинг ичида, олтитаси ташқарисида. Ташқаридагиларига шарт дейилади. Булар бажарилмай, намозни бошлаб бўлмайди.

НАМОЗНИНГ ОЛТИ ШАРТИ:

1) Таҳорат бўлмаса таҳорат олиш, жунуб бўлса ғусл олиш;

2) Вужуд, кийим, намоз ўқиладиган жойнинг тоза бўлиши;

3) Аврат жойининг беркитилиши. (Эркакларнинг ав¬рат жойи киндикдан оёқ тўпиқларининг остигача.) Аёллариинг юзи, оёқ тўпиқлари, билакларининг пастдан ташқари қолган бутун вужуди аврат (яъни беркитилиши лозим) жойлардир. Аврат жойидан уч бармоқ миқдорича кўринса, намоз саҳиҳ бўлмайди.

4) Қиблага томон бурилиш;

5) Намозни вақтида ўқиш;

6) Ўқиётган намозга ният қилиш;

НАМОЗНИНГ ОЛТИ РУКНИ

(ичидаги фарзлар):

1) Ифтитоҳ такбири;

2) Тикка туриш;

3) Қуръон ўқиш;

4) Руку килиш;

5) Сажда қилиш;

6) Охирги тахиййатда ўтириш (қаъдаи охир).

Аллоҳ Субҳанаҳу таолонинг ўн тўрт сифати бор. Олтитаси Сифати Зотийа, саккизтаси Сифати Субутийадир.

СИФАТИ ЗОТИЙАСИ ҚУЙИДАГИЛАР:

1) Вужуд (Борлиги);

2) Қадийм (Аввали йўқ);

3) Бақо (Охири йўқ);

4) Вахдонийат (Бирдир);

5) Мухолафатун лул-ҳаводис (ҳеч бир яратилмишга (маҳлуққа) ўхшамайди);

6) Қиём бинафсиҳи (Макондан муназзаҳдир).

СИФАТИ СУБУТИЙАЛАРИ ҚУЙИДАГИЛАР:

1) Ҳаёт (Тирикдир);

2) Илм (Билгувчидир);

3) Самиъ (Эшитгувчидир);

4) Басар (Кўрувчидир);

5) Ирода (Хоҳлатая ишини қилувчидир);

6) Қудрат (Ҳар нарсага кучи етувчи);

7) Калом (Сўзлайди);

8) Таквин (Бутун маҳлуқотларни яратгувчидир).

ТЎРТ МАЗҲАБ БОР:

(Тўрт шариат йўли)

1) Ҳанафий;

2) Ҳанбалий;

3) Шофиий;

4) Моликий.

МУСУЛМОН БОЛАЛАРИГА ДИНИЙ САВОЛЛАР ВА ЖАВОБЛАР

— Мусулмонмисан?

— Алҳамдулиллаҳ мусулмонман.

— Алҳамдулиллаҳ нима дегани?

— Ҳамд (мақтов) Аллоҳга хосдир, дегани.

— Қачондан бери мусулмонсан?

— "Қолу бало"дан бери.

— У нима дегани?

— Бу "Аҳди мисоқ"дир, яъни Ҳақ таоло руҳимизни яратганида уларга хитоб қилиб "Аласту бироббикум?" — Мен сизнинг Роббингиз эмасманми? — деб сўраган. Руҳлар эса "Бало", яъни Сен бизнинг роббимизсан, деганлар. Шундан буён мусулмонман, демакдир."

— Шу ҳолда кимнинг қулисан?

— Албаттаки, Аллоҳнинг қулиман.

— Аллоҳни қандан биласан?

— Аллоҳ бирдир, аввали ва охири йўқдир, азалий ва абадийдир, макони йўқдир.

— Кимнинг умматисан?

— Охирги пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг.

— Пайғамбаримизнинг нечта исмлари бор?

— Гўзал исмлари кўп, бироқ шу тўрттасини билиш лозим ва шартдир: Муҳаммад, Мустафо, Аҳмад, Маҳмуд.

— Пайғамбаримиз қаерда туғилдилар ва ҳозир қаердалар?

— Маккада туғилдилар. Эллик ёшларидан сўнг Мадинага кетдилар. Ҳозир у ердаги "Равзаи мутахҳара" дейилувчи жойдалар. Оталарининг исми Абдуллоҳ, оналариники Оминадир.

— Эътиқодда қайси мазҳабдасан?

— Аҳли суннат вал-жамоатдаман.

— Бу нима дегани?

— Пайғамбаримиз ва саҳобаларининг эътиқодлари буйича боришдир.

— Амалда мазҳабинг қайси ва у мазҳабнинг имоми ким?

— Амалда Имоми Аъзам Абу Ҳанифа мазҳабидаман. Бу киши Ҳанафий мазҳабининг имомилар. Асли исмлари Нуъмон. Оталарининг исми Собит.

— Шариатда далилим тўртта:

1) Китоб;

2) Суннат;

3) Ижмои уммат

4) Қиёми фуқаҳо, яъни шариатдаги ҳар қандай масала Қуръон ё ҳадис, асҳобнинг иттифоқи ё бутун дин олимларининг ижтиҳоди билан маълум бўлади, ҳал қилинади.

- Аллоҳ томонидан нечта китоб юборилди ва бу китоблар қайси пайғамбарларга келди?

- Тўрт илоҳий китоб қуйидаги пайғамбарларга келди. Забур – Довуд алайҳиссаломга, Таврот – Мусо алайҳиссаломга, Инжил – Исон алайҳиссаломга, Қуръон – Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламга.

МАҲР

Маҳр никоҳ аҳди ўтказилиши билан қиз эга бўладиган молдир. Қиз никоҳдан кейингина маҳрдан воз кечиб, уни эрига бағишлаши мумкин. Севгили қизим. Маҳрда аёлнинг қадрини юксалтириш, эҳтиёжларини қўлайлаштириш, истиқболини таъмин этиш ва сарполарини тайёрлашга ёрдам бериш каби фойдалар мавжуд. Маҳр эркакни қарзга ботирар миқдорда кўп ҳам, қизнинг қалбини ўкситадиган даражада кам ҳам бўлмаслиги керак.

ҚАЛИН

Ҳозирги пайтда ҳам қиз узатаётган оила турли сабаблар ва асосан қалин баҳонасида йигит томонидан пул олиш одати бор. Бу пулнинг ўлчовлари динимиз ҳукмлари доирасида қандайлигини билиб қўйиш фойдадан ҳоли бўлмас. Зеро, ушбу одат шаҳару қишлоқларга бирдай ёйилиб кетган. Агар бу пул маҳр бўлса, шубҳасизки, қизнинг молидир. Қизнинг отаси бу пулнинг бир чақасига ҳам эгалик қилишга ёхуд ундан фойдаланишга ҳаққи йўқ. Шунингдек бу пул қизни сотиш бадали ҳам бўлолмайди. Модомики, пулни қизнинг отаси оладиган бўлса, бу пул моҳият эътибори билан порага айланади ва у ҳаромдир. Мушук боласини еяётган пайтида уни ўзи ейишни орзу қилган бирор жонзотга ўхшатиб, кейин ер экан. Замонамизнинг айрим диёнатини йўқотган ва назари паст баъзи кишилари олаётган қалин пулларни маҳрга ўхшатиб, уни шариатга мослигини исботлашга уринишиб, аслида ҳаромни ейишмоқда. Ислом динига эътиқодда бўлган ота бундаё пулни қабул қилмаслиги, жоҳилият сабаби билан олдин билмасдан олиб қўйган бўлса, қайтариб бериши керак.

НИШОН

Ўлкамизда қадимдан одат тусига кирган "айтиб қўйиш", "белгилаб қўйиш", нишон, фотиҳа каби таомиллар никоҳ ҳисобланмайди. Узук тақилиши ва икки томоннинг бир-бирига турли совға-саломлар юбориши, келажакда оила қуришга ваъда бериш кабилар никоҳ ўрнига ўтмайди. Никоҳ, маълум шартлар доирасида, энг муҳими, таклиф ва қабулнинг гувоҳлар олдида эшитилиши билан ҳаққонийлашади. Ваъдалашиш — никоҳ дегани эмас. Чунки никохда қиз ёки йигитнинг номидан, уларнинг отаси, онаси ёки яқинлари гапиролмайди. Фотиҳаланганлар никоҳли бўлмаганлиги боис бир уйда қолишолмайди, қўл ушлашолмайди, бирга саёҳатга чиқишолмайди, тасодиф туфайли улардан бири вафот этса, иккинчиси унга ворис бўла олмайди. Шундай қилиб, йигит билан уйланишга ваъда берган қиз, у билан никоҳли бўлмагани учун ҳам, бошқа биров билан турмуш қуриши мумкин. Фотиҳаланганлар ёки никоҳдан ўтганлардан бири ни¬коҳдан воз кечса, никоҳдан олдин бирортаси қазо қилса, маҳр учун берилган нарсалар қайтиб олиниши мумкин. Ҳатто бу ашёлардан фойдаланилган бўлса-да. Ушбу фикрларни ўқигач, кўпчилик ёшларимизда, балки оила қурганларнинг баъзиларида турли эътирозлар туғилиши мумкин. Биз уларга шу нарсани айтмоқчимиз-ки, Аллоҳ ризолигидаги, Пайғамбаримиз суннатларига мос оила қуришга қўлимиздан келганича ҳаракат қилайлик. Агар билмасдан, баъзи хатоларга йўл қўйган бўлсак, Аллоҳдан хатоларимизга мағфират сўраб тузатишга киришайлик. Қолганига Унинг Ўзи мададкор. “Ким чиройли ва ҳақ суннатга амал қилса, жаннатга киради”, - дейдилар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло барчамизни ҳидоятга йўллаб, охират саодатига эриштирсин.